Китобхонлик

kitob21 йил олдинги китобга ёзилган сўнг сўз

ЎЗИМ ҲАҚИМДА

…Жуда ёш эдим, раҳматли Анбар бувимнинг уйларида қолардим. Неваралари кўп бўлса-да, негадир мени танлагандилар. Уйларида доим пишган нўхат борлигидан ҳам мени жуда севганларини тушунаман, чунки тилим чиққан кундан бошлаб “нанна” дер эканман, бу эса нўхат дегани.

Етти ёшда эдим, бувимни хастахонага олиб кетишди. Кўричак хасталигидан кўз юмдилар. Айрилиқ нима эканлигини ўшанда сезганман. Саҳарга қадар остонага термулиб ухлай олмагандим. Эшик билан остона орасида бир қарич очиқ жой бор эди.  Ерда ётардик. Шу боис кўзларим ташқарига қадалганди. Ташқаридан икки меҳрибон кўз қараб тургандек туюларди. Негадир бу манзарани унута олмайман. Балки илк маротаба ўшанда ташқарида фақат қўрқинч эмас, муҳаббат ҳам борлигини ҳис қилганимдандир.

Ақл-ҳушим кира бошлаган пайтда Мунаввар онаизоримни йўқотдим. Қабрлари нурга тўлсин. Орадан беш йил ўтиб аскарликка кетдим. Отамни ўлдиришди. Менга хабар етганда, қабр совуганди. Аллоҳ раҳмат айласин!

Шундан кейин бир инсоннинг саксон йилига оғирлик қиладиган азоб-уқубат, қийинчиликни бир неча йил ичида кўрдим.

Уйланганимдан сўнг умр йўлдошим билан йигирма маротаба кўчдик десам муболағаси йўқ. Аввалига уйсизлик, кейин қувғин, сўнг уйимизнинг ёниши, ундан кейин яна сургун ва Ватандан олисдаги кунлар.

Бошимга кўп нарса тилимдан ва қаламимдан келди. Ноҳақлик, адолатсизликни кўрсам, бўғзимга бир нарса тиқилиб “гуп” этиб портлайди, яъни бор гапни айтиб юборган бўламан. Шу боис мени шоҳдан тортиб, бирга кураш йўлига кирган сафдошларим ҳам севишмаса керак. Чунки уларнинг кимликларини орқадан эмас, юзларига айтганман.

Кейин эса бошимга кўп нарса ўжарлигим ва ўзимни ҳурмат қилишимдан келди. Фикримдан қайтмадим, ишонганимни исботлашга уриндим, қул бўлмадим. Хушомадгуйлик қилолмадим. Ваҳоланки, шоҳ ҳам, гадо ҳам хушомадни ёқтиради.

Учинчидан эса, ички бир ҳисдан кўп куйдим. Биров алдаётгани, ёлғон гапираётгани, ўйин қилаётганини сезиб қоламан. Сезиб, индамасдан чорасини кўриш гўзал. Аммо менда бу пайтда тилим ва қаламим ишга тушади. Нафратимни яшира олмайман…

Оқибат шуки, бу сатрларни Ватандан олисда ёзиб ўтирибман. Аммо пушаймон эмасман. Бири-биридан гўзал тўрт фарзандим бор. Умр йўлдошим билан ризқимиз, нонимиз бутун экан. Зор бўлмадик, бошимизни эгмадик. Лекин тинимсиз меҳнат қилдик.

Раҳматли онам “Болам, пешонанг тор, доим меҳнат қиласанми-я!” дердилар. Ҳа, меҳнатим енгил эмас. Кўзларимнинг нури билан нон топаман.

Бугунга қадар “Самарқандни титратган 525 кун” (қисса), “Кундага қўйилган бош” (публицистика), “Қотмаган қон” (қисса), “Қувғин” (роман), “Шаҳидлар мозори” (мансура), “Тонг” (очерклар), “Сўкағон раис”(ҳажвиялар), “99 нур” (Муножот), “Сарой ўйинлари” (кундаликлар) асарларини ёздим.

Ўжарлигимдан бўлса керак, кимгадир мақола ёзишни, кимгадир фелъетон қандай бўлишини, яна кимгадир ҳажвия қандай битилишини “кўрсатиб” қўймоқчи бўлиб, жуда кўп қоғозларни тўлдирдим. Қўлингиздаги китоб эса кимгадир эмас, ўзимга ва умр йўлдошимга ёзилганди. Аммо сизнинг ҳам “насибангиз” бор экан.

Ҳозирча сўйланадигани шу. Қолгани кейинги китоблар учун…

Кўришгунча.

Ашгабат – 1994.

“Ватан мансиз, ман ватансиз”
1994 йил, Туркия, Истанбул
“Турон” вақфининг нашриёти.

Advertisements
%d bloggers like this: