Китобхонлик (20)

JM_2015Қарашлар

ИМЗО
Инсоннинг шахсий қонуни, қилмиши ва ҳукми имзодир.
Имзо – инсонни бошлаб ва қувиб юргувчи гувоҳ.
Имзо – тақдир манглайига тортилган хат…

САВОЛ
Кафан учун эҳтиёж ошиб кетавергач, бу қадар кўп пахта эка бошладиларми?
Бу қадар кўп пахта эка бошлаганларидан сўнг кафан учун эҳтиёж ошиб кетдими?!

БОЗОР
Бозор – пулнинг одамдан ҳам, неъматлардан ҳам қадри ошиб кетадиган жой …
Бозор – дунёни барпо қилган ва яксон ҳам қилгувчи куч …
Бозор – диёнат ва алдов, омонат ва хиёнат, қадр ва манфаат харид қилинадиган ва сотиладиган қўшма корхона…
Пули бор ҳам боради бозорга, пули йўқ ҳам.
Уларни бозор дарров фарқлайди.
Пули борлар неъматларни тутиб, ажратиб кўрадилар. Пули йўқлар узоқроқда туриб нархини сўрайдилар. Гуё нархни харид қилишга келгандай…
Дунё ҳам бозор гуё. Пули бор ҳам келади, пули йўқ ҳам.
Пули бор дунёнинг яқинига боради, унга эгалик қилади.
Пули йўқ эса олисдан нархини суриштириб ўтиб кетади.

АЛДАНГАНЛАР
Бу дунёда алданмаганлар борми? Бор. Улар алдовчилардир.
Демак, икки қутб – алданганлар ва алданмаганлар.
Учинчи қутб ҳам мавжуд: ҳам алданиб, ҳам алданганлар. Буларга ҳам ачинасан, ҳам раҳминг келади.
Шунинг учун ачинасанки, улар алданишдан роҳатланиб бошқаларни ҳам алдадилар.
“Менинг оғам рус бўлур” деб ёзган улуғ шоиримиз мана бу сатрларни ўқиган, балки ёд билган десам хато қилмайман:
“1881 йилда руслар Амир Темур томонидан Қутбу Чордаҳум мозори устида солинган кошинкор гўзал ва юксак бинони милтиқ дориси билан тубидан учиртириб буздилар ва қабр ерини Тупроққурғон деб аталган қалъага киргиздилар”.
Буюк Қутбнинг суяклари сочилиб қолди…
“Россия, Россия менинг Ватаним” деб ёзган шоиримиз Самарқандда ўқиб юрган кезларидаёқ, мана бу сатрларни билар эди:
“Руслар Самарқандни босиб олар эканлар генерал-губернатор “Халқни, миллатни йўқотиш учун унинг маданиятини оёқ ости қилиш керак” дея амр берди. Мадрасалар қулай бошлади. Регистонда мадраса ичида таҳсил олаётган 26 талаба жойида отиб ташланди”.
Ў, бундай мисоллар, таққослар қанча кўп. Ёзаверсанг қўлинг қалтирайди, дилинг эзилади, асабларинг чатнайди.
Ғафур Ғулом …
Ҳамид Олимжон …
Абдулла Қаҳҳор …
Ойбек ва бошқа ўнлаб муаллимлар, устозлар, ақли арконлар сизни Тангри раҳмат қилсин! Сиздан ранжимайман, сиздан ранжимоқ ўзимдан ранжимоқдир.
Фақат сизнинг тақдирингиз замондошларимга дарс бўлмагани мени ранжитади.
Улар ҳам алданиб, алдамоқдалар миллатни.

Жаҳонгир Муҳаммад

“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан

%d bloggers like this: