Тарих силсиласи бузилди

kirdikorgaБуюк бурилиш 

Яна бир сайлов келмоқда. Оқсарой буни муҳим тадбир қилиб кўрсатишга уринмоқда. Лекин ҳамма қўл силтаган. Нега? Чунки халқ ҳам, дунё ҳам бу Ислом Каримовнинг навбатдаги ўйини эканлигини тушунди.

Ҳа, минг йиллардир золимларга сиғиниб келдик.

Минг йиллардир тахтдагиларни одил дея олқишладик.

Минг йиллардир адабиётимиз халқ қонини ичганларни буюк деб англатди.

Минг йиллардир санаътимиз ҳукмдорларни мадҳ этди.

Тарих уларни ақл–заковатли, шон-шуҳратли, жаҳон подишоҳи, етти иқлим ҳукмдори, адолатпешаю саховатпеша, деб тушунтирди. 

Дин йўлида улар мачитлар, жомеълар қурган, элга қайишган моликул маликлар деб улуғланди.

Биз авом ҳаммасига ишондик. Қўлимиздан бошқа нима ҳам келарди?

Чунки тарихни, адабиётни, тафсирни улар ёздилар ёки ёздирдилар.

Ниҳоят бу силсила бузилди. Бугун дунё аҳли  Ислом Каримовни золим деб таниди.

Бугун барча халқаро ташкилотлар уни диктатор деб атайдилар.

У жаҳон минбарида тарихдаги ўзи каби золимларга қилинган ҳамду санолардан мосуво.

Бугун дунёнинг бирор бир мамлакатида уни одил деган ҳужжат тополмайсиз, ҳаммасида унинг золимлигидан сўз очилади.

Бугун дунёнинг бирор бир лидери уни халқпарвар, адолатпарвар дея айта олмайди.

Бир пайтлар Ленин деган “отахон”нинг ўзбек тилида чиққан 54 томлик китоблари бўларди.  Ҳамма жойда безак эди. Бугун тезак бўлди. Ҳатто ҳожатхонага ҳам арзимай қолди. Чунки ундан яхшироқ қоғозлар чиқди. Каримовнинг номидан ёзилганлари ва у ҳақда ёзилганлар ҳам жуда қисқа вақтда шу аҳволга тушади.

Бугун Ўзбекистоннинг ичидаги ҳолат ҳали ҳам эски тарихнинг давоми. Фақат фарқи шундаки, Ўзбекистон ҳудудларини ҳатлаб ташқарига чиққан одам бунинг ҳаммаси ёлғонлигини жуда тез англаб олмоқда. Чунки золимнинг золимлиги дунё тарихига жуда мустаҳкам қилиб михланди. У ичкарида ўз тарихини ёздиришга ҳар қанча уринмасин дунёда унинг асл тарихи бошқа. Келажак ўшани ўқийди.

Каримов ва унинг командаси кейинги 10-15 йилда ўзига хос сўз эркинлиги системасини яратишга интилдилар.  Бу икки асосли йўл.

Биринчиси, ҳаммани танқид қилиш мумкин, фақат Каримов истисно.

Иккинчиси,  Каримов шу халқнинг типик вакили, унинг ўрнига бошқа бўлганда ҳам аҳвол ўзгармасди деган догма. Бугунгача кўплар билиб-билмай бу мафкурага хизмат қилдилар.  “Халқ айбдор” деганлар ҳам бўлди, бор. “Каримов эмас, амалдорлар айбдор” деганлар ҳам топилди, топилмоқда.

Лекин бу икки усул диктатура йўлларини ойдинлата олмади.

Чунки унга диктатура бошида диктатор туради ва асосан жавобгар у деган ғоя зарба урди.

Буни ўзбекларнинг ўзи бажарди. Халқнинг ўзи бажарди. Халқнинг Каримовдан юз ўгирган бўлаги бажарди.

Ҳа, минг йилда илк бор бу халқ ўз тарихини ўзи ёзди.

Илк бор бу халқ анъанани бузди. Шу жиҳатдан 21 асрнинг аввали тарихимизда энг буюк бурилиш нуқтасидир.

“Сайлов-сайлов” ўйинлари бу бурилишга зарра қадар таъсир кўрсата олмайдиган, ўз зарарига ишлайдиган уринишлар, холос.

Жаҳонгир Муҳаммад

One Response

Comments are closed.

%d bloggers like this: