Ҳар йили 1-сентябрда мустақиллик куни тантаналар билан нишонланади. Одатдагидек, Мустақиллик майдонида ва Алишер Навоий хиёбонида маърузалар ўқилади, қўшиқлар айтилади, томошалар кўрсатилади, атроф ёруғ нурга кўмилади. Бу тантаналарга расман таклиф этилганлар орасида ўн йиллардир совет тузумини, коммунистик ғояни тарғиб этганлар, куйлаганлар, мустақиллик тарафдори бўлиб майдонга чиққан алпомишларни таъқиб этганлар, ўзбек тилини жаҳолат тили, рус тилини эса саодат тили деганлар табассум сочиб ўтирадилар. Ҳатто орденлар, медаллар, мукофотлар оладилар ва кечаги кунларидан асло ва асло уялмайдилар.
Шу нуктаи назардан қараганда, Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган инсонлар бу расмий минбарларда ўрин олмаганлари табиий ҳолдир. Расмий минбарлар нари турсин улар бу майдонларга яқин ҳам келолмайдилар. Чунки баъзилари сургунда, айримлари зиндонда, қолганлари эса уйларидан ташқарига чиқа олмайдиган вазиятдадир. Менга қолса бу тантаналарнинг тўрида, мустақиллик қаҳрамони нишонини таққанларнинг ёнида бугун қамоқда ўтирган собиқ халқ депутатлари Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраевни кўришни истардим. Нега Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраев?
Маълумки, Совет ҳокимияти бу КПСС, яъни Совет Иттифоқи Коммунистик партиясидан иборат эди. Ҳатто ошкоралик ва қайта қуриш замонида ҳам ҳамма нарсани танқид қилишингиз мумкин эди. Аммо КПССни айблаш жиноятга кирарди. Лекин ана шу жиноятни ўз бўйниларига олган ва ундан қўрқмаган миллий озодлик ҳаракатлари нафақат уни танқид қилдилар, балки унга қарши бош кўтардилар. Болтиқбўйи жумҳуриятларида, Озарбайжон, Гуржистонда 1990 йилга келиб КПССнинг бошланғич ташкилотлари унга қарши исён сифатида бирин-кетин тарқатилиб юборилар экан, Ўзбекистонда эса у катта куч эди.
Ўзбекистон коммунистларининг 1990 йилдаги 22-конференциясига келган КПСС Марказий комитети секретари, сўнгра ГКЧПнинг бошида турган Янаев «Совет Иттифоқида ҳамма Ўзбекистондан ибрат олсин. Бу ерда коммунистлар бир бутундир ва ҳеч ким бу бутунликни, бу интизомни бузолмайди», деганди. Лекин Ўзбекистонда бу бутунликни бузадиганлар ўртага чикди.
Ўзбекистон халқ депутати Самандар Қўқонов Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги нефтни қайта ишлаш заводида коммунистик партия бошланғич ташкилотини тарқатиб юборди. Ўшанда бутун дунё матбуоти, жумладан Озодлик радиоси ҳам Самандар Қўқоновни ўз ватанининг мустақиллиги йўлида мисли кўрилмаган иш қилди, дея кўз-кўз этишди. Самандар Қўқонов бунинг билан чегараланиб қолмади. Кейинчалик корхонасидаги 500 киши билан бирга «Эрк» партиясига аъзо бўлди. «Эрк» партиясининг Чиноз район қўмитасини тузди.
Шундан кейин, унинг боши дарддан чиқмади. Қайта-қайта текширувлар, босимлар, тазйиқлар, фельетонлар, сохта телекўрсатувлар, хуллас охир оқибатда уни порахўрга чиқаришди. Бу орада Ўзбекистон мустақилликка эришди, аммо ҳокимиятда ўтирган собиқ коммунистлар ўз ўйинларини охиригача етказдилар ва 22 йилга ҳукм бериб уни зиндонга солдилар. Қамокда соғлигини йўқотган Самандар Қўқонов оғир исканжаларга тутилмокдa. Мустақиллик учун курашган бир фидойининг қисмати ана шундай…
Иккинчиси эса, ўша кезда Қашқадарё вилоятининг Муборак шаҳар кенгашининг раиси бўлган Ўзбекистон халқ депутати Мурод Жўраев. Мурод Жўраев биринчи бўлиб Совет Иттифоқи Коммунистик партиясига Ўзбекистонда исён этган киши.
Бугун биз мустақилликни коммунистик партиядан қутулиш деб баҳолаётган бир пайтда Мурод Жўраев ҳам қамоқ исканжасини тортмокда. У Муборак шаҳар совети қарори билан Прокуратура ва Ички Ишлар бўлимини деполитизация этганда, яъни сиёсатдан холи ташкилотлар, деб эълон қилганида уни халқ душмани, дейишди. Чунки ўша пайтда халқ бу коммунистик партия, партия эса халқ демакдир, шиори кучда эди.
Орадан йиллар ўтиб, Мурод Жўраевнинг ташаббуси Ўзбекистон конституциясига кирди ва бир қатор қўрумлар, яъни ташкилотлар сиёсатдан холи деб эълон қилинди. Бу пайтда Мурод Жўраев раиси бўлган шаҳар кенгаши тарқатиб юборилган, унинг ўзи эса деразасидан отилган ўкдан, яъни суиқасддан тасодифан қутулиб, қувғинликка маҳкум этилганди.
Бўйи билан тенг бўлган ўғли хастахонада сирли равишда ўларкан, Мурод Жўраев Олмаотада қон йиғлаб ўтирарди. Ўғлининг ўлим маросими куни атрофни қуршаб олган миршаблар уни пойлашди. Мурод бу тузоқни кўргани учун яна бир марта қутулиб қолди. Бунга чидай олмаган ҳукумат уни қўшни давлатнинг ҳудудига миршаб юборди. Мурод Жўраев яшаётган уйнинг эшигини синдириб киришди ва калтаклай-калтаклай қопга солиб Тошкентга олиб келишди. Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраевнинг ҳам соғликлари жуда оғир эканлиги, улар ғайриинсоний шароитларда сақланаётгани, исканжаларга маъруз қолаётгани ҳақидаги хабарлар қамоқ туйнуклари оша элга ёйилмокда.
Ана шу пайтда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги барча сиёсий маҳбусларнинг ана шундай шароитларда сақланаётгани мустақиллигимизга соя ташлаб турибди.
Ҳа, 1-сентябрда Тошкентдаги мустақиллик майдони тантаналар марказига айланади. Лекин бу тантаналарда Совет Иттифоқи Коммунистик партиясига қарши илк маротаба бош кўтарган ва Ўзбекистон мустақиллиги учун катта ҳисса қўшган собиқ халқ депутатлари Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев ва Ўзбекистон мустақиллигини ҳукуматдан олдин эълон қилган юзларча, мингларча фидойилар кўринмас экан, бу тантаналарга юз бор йиғилинса ҳам унинг совуқлиги жамиятни қақшатиб тураверади.
1996.
Жаҳонгир Муҳаммад.
“Ўзлигим” китобидан.
You must be logged in to post a comment.