Сиёсий сатира

sapojnikОқсаройнинг сўз ўйинлари

30. Сапожник

“Катта” меҳмондан қайтаётганди. Ёшликдаги қадрдони сапожник Муллоқанднинг дўконига бош суқди:

-Ҳорманг ока тўра,-деб унга қўл узатди.

Этикдўз қўлидаги компютерини бир четга қўйиб, ўрнидан сакраб турди:

-Хуш келдингиз, сафолар келтирдингиз. Акун, қулни осмайсиз, бу тамонга поча босмайсиз, деб ўйлардим. Кичик кўрмайдиган, кучук ҳурмайдиган бўлиб қолгандик. Одами дигар дигар ҳаст, моли жигар жигар ҳаст. Қaдами ҳасанот, пойабзали тожи сар!

-Ишлар қалай?

-Раҳмат, акамулло… Қаранг-а, неча йиллар гузашта бўлопти?

-Аммо ўша-ўша ўзгармабсиз,-деди “Катта” деворга осиқлик суратга қараб.

-Хайрияти калон, иззати салонки бирга расмга тушгон эканмиз, тикила-тикила илҳомланиб кетаман. 20 йил олдин ҳам ҳозиргидек бўз йигит эдингиз. Қадди расо, на ҳожати ҳассо!

-Ҳассога қолган кун қолмасин, акамулло!

-Овмин, бизга ҳам етказсун! Аммо вақтни қаранг, акамулло, “Волга”дек оқмоқда.

-“Мерседес”дан ҳам тез десангизчи?

-“Волга” дарёсини айтопмман… Чўмилганимиз эсдаму?

-Эсимдан чиқадими, ман чўмилсам сиз сувга тушмай туфлимни ялтиратиб ўтирардингиз.

-Дуконимга келгонлар бу расми олия, чашми солияни кўриб, оғзи дарвозаи чилангардек ланг очиларди. Киссасидаги мирини ҳам ташлаб кетарди. Нима бўлди, билмайман, ҳаммасининг почаи қадами кесилди.

-Кейинги пайтларда сапожниклар кўпайиб кетди. Сири бу ёқда экан-ку? Бу ерга кирганларнинг орзусини қитиқлаб қўйгансизда бу сурат билан. Лекин тепадаги ҳаёт бошқа. Ҳар кун янгисини кираман, сапожникка ҳожат йўқ.

-Одами гўсалa буни билмайди. Тепанинг тепадай гаплари бор. Хўш, хўш, акамулло, қандай хизмат етаклади бу томонга?

-Интернетга қарaсам, “Хотироти  этикдўз” деган нарса ёзаётган экансиз. Одамлар пахтага ҳам чиқмай, ўшани ўқиётган экан.

-Ана… ана… Сиз ҳам Фейсбук ўқийсизми? Валлоҳи аълам, мулки қалам! Нима қилай, акамулло, дуконга касе келмай қўйди. Ўғлим зерикиб қолманг, деб компютер олиб берди, хонадони тортанак экан. Йўғ-е замонавий чойхона.. Чойхонада топмаганингизни ҳам Фейсбукда топасиз.. Ҳангомани демайсизми…. кирган-чиққан дўстлар билан. Дил очилади. Ҳамма бир нарса ёзади. Ман ҳам тиқ-тиқ тиқиллатиб ётибман-да. Кўпга келган кўпкари…

-Аммо зўр ёзаяпсиз, акамулло!

-Ҳай.. ҳай.. Қуллуқ! Ҳар гулнинг ҳиди бошқа, ҳар каснинг диди бошқа! Локин сизни акамулло десам ярашади, сиздан кичикман! Арпага ўрим, буғдойга кўриб дебдилар!

-Гапни ҳам тешиб қўясиз-а… Аслида сизга раҳмат айтишга келдим. Кўриб турибман, атрофимдагиларнинг биттаси ҳам самимий гап ёзмайди, бу дунёдан кетганимдан кейин тиллари очилади, балчиқдан олиб балчиққа урадилар. Булар ҳам дўсти Фесйбукона! Мана, фақат битта сиз қилган буюк ишларимни, раҳматли ота-онамни, ака-укамни самимий ёдлаб ёзибсиз. Ҳамма соҳиби туфлиларни эслабсиз. Кўзимга ёш келди. Сиздан жуда ҳам миннатдорман.

-Э.. қулллуқ акамулло, кам бўманг! Таканинг так-таки, шоҳнинг яктаги, деганлар. Бизники игназони. Лекин эрга ёқибдими, элга ёқибди.

-Ҳа, тарих ҳам тарихчиларга эмас, сапожникларга кўпроқ ишонади.

Этикдўз ниманидир англагандек бош силкиди. Кейин “Катта”га қараб самимий тарзда гапира бошлади:

-Арслон қариса, қуйруғидан қўрқармиш. Аммо сиз қўрқманг, тарихингизни ҳам мойлаб, туфлингиздек ялтиратиб қўяман! Дейдилару, харни тойласанг йўлдан адаштирар, ғарни мойласанг кўзни қамаштирар!..

Нофизий.

%d bloggers like this: