Мулоҳза

jm1993Одамшумул ҳодиса  

Газетада ишлардим. Бош муҳарриримиз сайлов участкасидан репортаж қилишга юборди. Бир қишлоққа бордим. Турнақатор одам. Ҳамманинг қўлида беш-олтитадан сайлов варақаси. Кекса отахонга яқинлашдим.

-Отахон, сайловга келибсизда?-дедим унга.

-Нимага келибман?-ажабланди отахон.

-Сайловга…

-Э… уйда ўтиргандим. Кампирим қўярда-қўймай “Mана шу қоғозларни олиб бориб ташласангиз, бир пачка чой бераркан” деганди,  ҳаққимизни олиб кетишга келдим.

Сайлов аслида инсоннинг ўз ҳаққини талаб қиладиган жой. Лекин отахон бутун оиласининг овозини бир қадоқ чойга сотгани узоқ йиллар ёдимдан кўтарилмади. “Қанақа халқмиз?” деб ўзимни қийнаб юрдим. 

Орадан йиллар ўтди. Туркияда яшардик. Сайловлар Рамазонга уланиб қолди. Отатурк Туркиясида Рамазон худди Советнинг сайлови каби шов-шув қилинадиган, ҳамма ўзини кўз-кўз этадиган палла эди. Ҳукуматнинг тепасига чиқаман деганлардан бири халққа бепул нон тарқатиб қолди. Телевизордан томоша қилиб ўтириб, ҳангу манг бўлдим. Қорни тўқ, эгни бут одамлар битта текин нон учун оёқлар остида қолишди. Болаларни, аёлларни босқилаб, уларнинг устидан юриб нон олганларини кўриб,  “Қанақа халқ-а?” деган гап ўтди хаёлдан.

Америкада барча сайловлар ноябр ойининг бошида бўлади. Ой охирида Шукрон байрами бор. Байрам қилмаган одам йўқ.  “Индюшка” сўйиш одат. Шу паллада дунёни “қал-қал товуқ” босади. Нархи тўпроққа тенг бўлиб қолади.

Бир кун телевизорда биттасининг текинга курка тарқатганини кўрсатиб қолишди. Шунақа ур-йиқитки, заифроқ одам оёқ остида қолса, ўзи “индюшка”га айланиб кетиши ҳеч гап эмас…

Тушундимки, бу битта халққа хос эмас,  одамшумул-оламшумул ҳодиса экан.

Тушундимки, арзонга сотиладиган одам дунёнинг ҳамма жойида бор…

Жаҳонгир Муҳаммад

%d bloggers like this: