31. Пулхўрор
“Катта”нинг оилавий хазинабони тушумлар озайганидан шикоят қилди. У биринчи бўлиб суҳбатга прокурорни чақирди:
-Ука, сизга меҳр қўйиб, прокурор этиб тайинлаган эдим.
-Қуллуқ, бир умрга миннатдорман, эгилган қулингизман. Ўл десангиз ўламан, қол десангиз қоламан.
-Бу ишга ўтиш арафасидаги қарзларингизни ёпдингизми?
-Ёпдим отахон, ҳаммасини текисладим.
-Уй-жойни нима қилдингиз?
-Уй-жойларнинг ҳаммасини битказдим.
-Кўздан узоқроқми?
-Ҳа, анча узоқда, Болтиқ бўйида…
-Пуллар ҳам ўша ёққа кетятими, дейман. Бизнинг совет даврида Пулхўрорлар олган порасини холасиники ёки аммасиникда сақларди. Машинаси ҳам уларнинг отида бўларди. Уй-жойи ҳам. Сиз пулларни қаерга тиқиб қўяпсиз?
-Отахон ўзингиз ошкора бўл, ошинг ҳаром бўлса ҳам кўчанинг ўртасида ич, деганингиздан кейин ошкораликка ўтганмиз…
-Тилим айланиб кетиб ҳалолни ҳаром деган бўлсам, шуни қилаверaсизми?
-Айтганингиз биз учун қонун, отахон. Тилингиз айланса, тилингизга қўшилиб биз ҳам айланамиз.
-Ҳм… демак пулкўрор эдингиз… кейин пулхўрор бўлдингиз, шундайми, ука?
-Шундай деса ҳам бўлади, отахон, идорамиз Прократура эди “Пул кўр, тўра” бўлди. Келган одам кўрманага пул олиб келади. Олмасангиз кўз ёш қилади. Зорланади. Пули кўп. Халқимиз бойиб кетди. Бу ҳам сизнинг шарофатингиздан…
-Демак, сиз ҳам бойиб кетибсизда-а?
-Шундай, отахон, шундай, сизнинг даврингизда юртда фақир-у фуқаро қолмади?
-Юртда фуқаро қолмаган бўлса, дўллар кўпайиб кетгандир? Ўзингизда ҳам….миллион-миллион дегандай…?
-Ҳа, албатта, ҳаммаси сизнинг соянгизда.
-Нима? Ақлингиз жойидами ука, бунақа нарсани сояга қўядиларми?
“Катта” шундай деб орқасига, ён верига қаради.
-Қани?-деди кейин,-Пул деган жониворни сояга эмас, мана бу столнинг устига қўйиш керак, ўшанда ошкоралик бўлади, ука!
-Бўлди… бўлди тушундим, отахон, ҳаммасини олиб келайми?
-Олиб келинг… ҳаммасини олиб келинг. Унутманг-ки, сиз пулхўрор бўлсангиз, биз пир кўрор! Пирингизни ҳам кўриб ўтирамиз…
– Аммо… ҳаммаси четда эди… Агар бирор мамлакатга олиб кетадиган бўлсангиз, балки ўша ёққа трансфер қилиб қўя қолай… Айтсангиз бўлди, қаёққа олиб кетасиз?
-Гўрга олиб кетаман!- деди “Катта”нинг жаҳли чиқиб.
Нофизий.
Filed under: Оқсарой ҳангомалари | Tagged: Oqsaroy |
You must be logged in to post a comment.