САВОЛ: “Шарқ демократияси” деган тушунча асли борми ёки бу ҳам манфаатлар учун ўйлаб чиқарилганми? Сизнингча Ўзбекистондаги ва АҚШ даги демократия бир хил бўладими? (Баҳром).
ЖАВОБ: “Демократия” дегани бу лотинчадан таржима қилганда “Халқ бошқаруви” деганидир. Агар кимдир демократиянинг “Шарқ усули” деб гапираётган бўлса, демак у халқ бошқарувини инкор этиб, диктатурани тарғиб этмоқда.
Инкор этиб бўлмайдиган бир ҳақиқат бор. Демократиянинг камчиликлари кўп, аммо бугун мавжуд режимлар орасида инсон манфаатларига энг яқини шу.
Демак, нима учун мавжудлари орасида энг мукаммалроғи бўлганини инкор этиб, бошқа нарсани тавсия қилишмоқда?
“Қурт еган олма ширин бўлади”, деган аҳмоқона гап бор. Ваҳоланки дўконга борган бирор киши ҳалига қадар яхши олмаларни четлаб айни пулга қурт еган олмани олган эмас. Аслида юқоридаги гап “Олманинг яхшисига қурт тушади” деган иборани ҳамма олмани ўзи ейишни мўлжаллаган биттаси ўзгартирган варианти бўлса не ажаб?! Яъни демократия ва “Шарқ демократияси” дегани каби.
Қонунлар олдида ҳамманинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сайлов, сўз эркинлиги, митинглар, кўча юришлари кафолатланиши, мулк дахлсизлиги, адолат устиворлиги ва шу каби бошқа қадриятларнинг Ғарбга ёки Шарққа хослиги, мослиги деган гап йўқ. Булар инсон учун! Ҳамма жойда инсон инсондир! Қаердадир, кимдир инсонни ҳайвон деб тушунса, бу унинг нуқси, инсонларнинг эмас.
Ғарб демократияси Ўзбекистонга кириб келса отасини полицияга топширишга тайёр болалар чиқади, каби гапларни Каримов кўп такрорлайди. Ваҳоланки, Шарқда минглаб Абдулатифлар отасини полицияга топшириш, суд қилиш у ёқда турсин тўғридан-тўғри ўлдиртириб юборган ва ўлдиришмоқда.
Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки ўн йилида оила жиноятлари олдинги шу даврга нисбатан 67 фойизга ўсган. Демак, отаси ёки онасини ўлдирганлар “Шарқ демократияси” пайтида камаймабди.
Ўзбекистондаги демократия АҚШдаги билан бир хил бўладими, деган гапга эса қисқа қилиб шундай жавоб беришим мумкин. Демократиянинг аниқ чизиб қўйилган расми ва қоидаси йўқ. Халқнинг талаби, истаги унинг расми ва қоидасидир. Демак “Шарқ демократияси” деб кўкрагига ураётганлар халқни ана шу ҳуқуқдан маҳрум қилиб, демократиянинг расмини ўзларига мослаб чизмоқчилар.
Деҳқончасига содда қилиб айтганда “Шарқ демократияси” муаллифлари халққа “Сиз ўзингиз истаган овқатни эмас, биз сизга берадиган нарсани ейсиз” дейишмоқда.
“Оқсарой сирлари”-2004 йил.
Filed under: Savol-Javob |
Leave a Reply