Буюк сиймолар

nozimНОЗИМ ҲИКМАТ: Эшикларни урган менман

Кимлардир уни Ватан хоини дедилар.

Кимлардир уни динсизликда айбладилар.

Яна кимлардир унга коммунист деган тамғани урдилар.

Баъзилар эса уни турк эмас, юнонда туғилган юнон дедилар.

Ўзи севган ва ҳақида қайғурган Ватанида қадрига етмадилар.

Қувғиндан олиб, қувғинга солдилар.

Зиндонбанд эттилар.

Бундан 58 йил бурун уни фуқароликдан чиқариб, Ватангадо деб эълон қилдилар.

У Туркиядан қувилиб, гарчи Москвада яшаган бўлсада, умрининг сўнгги онларига қадар мен турк, туркчиман деб очиқ айтди ва доим Ватанини улуғлаб шеърлар ёзди.

У нафақат Туркияни, балки Озарбайжондан Ўзбекистонга қадар – Туронзаминни ҳам Ватан деб билди.

Мен ёнмасам, сен ёнмасанг ким ёнар, бу халқ, бу Ватан учун деб фарёд қилди.

У шеъриятда ўз мактаби ва ўз йўлини яратди.

Бир пайтлар мен ҳам унинг мактабидан илҳомланиб, унинг услубида баъзи қораламалар қилгандим.

Бугун шодман. Устозга Туркия ҳукумати унинг фуқаролик ҳуқуқини қайтарди. Уни айблаганлар унут бугун. Аммо у ҳаёт!

Буюк шоир Нозим Ҳикматнинг услубида ёзилган бу шеърларим унинг хотирасига бир таъзимдир.

ЎЗИМ

Қидириб тополмадим ўзимни,
Тупроқ кўчкилари остидан.
Ўзим қаерда?
Қаер…
Қай…
Тупроқ бўлиб кўчди ногаҳон?
Тушим-ми?
Туш…
Ҳушим-ми?
Ҳуш…
Жавобини топсам топаман ўзимни
Ўзим…
Ўз!

Истанбул, 1994 йил.

***

ШАПАЛОҚ

Шапалоқ тарсакига айланди,
Дунёнинг қизариб кетди юзлари
Юзлар…
Юз!
Мушт зарбидан зилзилалар уйғонди,
Уйғон…
Уй!
Осмон парчаланиб кетди,
Юлдузларга, юлдузчаларга,
Юлдуз…
Юл!

Истанбул, 1994 йил.

***

ТОШ МАРД

Тош мард
Осмон азоблари остида қолиб
Айланиб кетмайди уфоққа.
Сен эса,
Сен эса номард,
Қорин ташвишлари дастидан нолиб,
Қоришиб кетасан туфроққа.

Истанбул, 1994 йил.

КУТИШ

Кутасан
Нонга кетган отангни кутасан
Кут-а…
Кут!
Ютасан
Қотган нонни чайнамай ютасан,
Юта …
Ют!
Кутиш дунёнинг эри,
Ютиш- ўйнаши,
Сен эса ўгай боласан.

Истанбул, 1994 йил.

Ғазода юз бераётган воқеаларни муҳокама этиш учун Туркия Бош вазири Ражаб Таййиб Эрдўғаннинг аёли Аминахоним 2009 йилнинг 10 январ куни Яқин Шарқ лидерларининг умрйўлдошларини Туркияга чақирди.

Уларнинг ҳузурида нутқ сўзлаган Аминахоним турк шоири Нозим Ҳикматнинг бир пайтлар Хиросимада ҳалок бўлган етти ёшли қиз номидан ёзилган шеърини кўзда ёш билан ўқиди׃

”Сўзимни машҳур турк шоири Нозим Ҳикматнинг бир шеъри билан тамомламоқ истайман׃

Эшикларни урган менман,

Эшикларни битта

Битта…

Кўзингизга кўринмасман,

Кўзингизга кўринмайди ўликлар.

Етти ёшли бир қизчаман,

Ўсмагайдир ўлганлар.

Сочларим жизғанак бўлди,

Кўзларим ёнди, қоврулди,

Бир ҳовуч кулга айландим.

Эшикларни урган менман

Эшикларни битта

Битта…

Кўзингизга кўринмасман

Кўзингизга кўринмайди ўликлар”.

Бу ҳолатни оинаи жаҳондан кузатар эканман, бир ўзбек шоирининг ёзганлари ёдимга тушди У “Отаси шеърларимни писанд этмади, аммо бир кун сайлгоҳда бир йигит шеърларимни унинг қизига айтиб турганини кўриб қолдим” дегувчи эди.

Нозим Ҳикматни коммунист, марксист деб ундан юз бурганларга бу бир тарсаки бўлди. Бошларини ўраб олган диндор аёл, оддий бир аёл эмас, диндор Бош вазирнинг диндор аёли мусулмон дунёсига Нозим Ҳикмат тили билан хитоб қилмоқда. Хитоб қилганда ҳам шунчаки эмас, бутун вужуди билан, бутун самимияти билан йиғлаб хитоб қилмоқда.

Нозим Ҳикматнинг ярим асрдан авввал ёзган бир шеъри бугун Ғазодаги қизалоқнинг ҳам номидан айтилгани бу шоирнинг буюклигидан яна бир далолатдир.

ЖМ

Январ, 2009

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: