Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни маънавий жиҳатдан ҳам йиқитиш одат тусига кирган. (Хабарлар оқимидан).
1980-йилларда Ўзбекистон телевидениесининг Москвадаги мухбири бўлиб ишлаган Раимжон Султонов Шароф Рашидовнинг сўнгги кунлари ҳақида шундай ҳикоя қилганди׃
-Шароф Рашидович кутилмаганда Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонасида бир неча кун туриб қолди. Ҳеч кайфияти йўқ эди. Билишимча, ҳар куни эрталаб Андроповнинг қабулхонасига телефон қиларди. Кейин у ердан кун бўйи жавоб кутарди. Бир ҳафта ана шундай ўтгандан кейин у қабулга боролмай Тошкентга қайтди. Аэропортда Ҳиндистонга кетаётган Ҳайдар Алиев билан учрашди. Кейин Хоразмга борди. У ердан Қорақалпоғистонга ўтиб, ўша ерда ўлиб қолди…
Ислом Каримовга устозлик қилганлардан бири Ғафур Ғуломнинг куёви Қудрат Ахмедовдир. 1990 йилларнинг бошида у Сайлов комиссиясининг раиси эди. “ИАК” да ёзганимдек, бир кун Каримов ҳужжат юритувчи, асосий ёрдамчиси Равил Абдуқодировга׃
-Равил, бу қарияни инфарктгача олиб бор!-деганига гувоҳ бўлганман.
Шундан кейин Каримов Ахмедовни қабул қилмай қўяди ва у юрак хуружидан вафот этади…
Мустақиллик декларцияси қабул қилинганда Олий кенгашга раис бўлган Мирзаолим Иброҳимов сессиянинг эртаси куни кабинетида ёмонлашиб қолди. Маълум бўлишича, Каримов телефон қилгандан кейин у юрак хуружига учраган…
“Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторовни журналистикадан четлатган Каримов унга ҳеч қаердан иш берилмаслигини буюрган. Ҳаётини журналистикасиз тасаввур қила олмайдиган бу одам қийналиб юриб, мияга қон қуйилишидан вафот этди…
Убайдулла Абдураззоқов Каримовга энг астойдил хизмат қилганлардан бири. 1993-1994 йилларда Туркияда элчи эди. Ташқи ишлар вазири вазифасидан элчиликка бадарға қилинганди. Кутилмаганда уни Тошкентга чақиришди. Учқичдан тушиши билан дипломатик паспортини қўлидан олиб қўйиб, ўзини Ташқи ишлар вазирлигига оддий бир ишга тайинлашибди. У Каримов қабулига кираман, деб кўп уринган, аммо қабул қилинмаган. У ҳам Каримовга чин дилдан хизмат қилиб маънан йиқилиб оламдан ўтган…
Каримовнинг командасида бўлиб, кейин маънан йиқитилганларнинг сон-саноғи йўқ. Озгина ёқмай қолса ёки биров бир гап етказса тамом, ўша одам учун Каримовнинг эшиклари ёпилади.
Каримов нафақат ўзининг атрофидагиларни балки мухолифатдагиларни ҳам маънан йиқитиш чораларини кўрди. Уларга иш бермаслик, агар мустақил иш қилсалар, тинимсиз текширавериб тинкаларини қуритиш, ҳар нарсани баҳона қилиб терговга тортиш… шу йўллар билан ўзгача фикрловчиларни жамиятдан, одамлардан узоқлаштиришга уринди ва бунга муваффақ ҳам бўлди.
Ўзгача фикрловчиларнинг ўзлари-ку ўзлари қанчадан-қанча яқинлари ҳам маънан йиқилдилар.
Бизнинг оиламизга қилинган зуғумлар, умр йўлдошимни судга тортиш, доимий тазйиқлар, айрилиқ уқубатларини кўтара олмай қайнонам, истеъдодли олима Саломат Қодирова 1995 йилда 58 ёшда юрак хуружидан оламдан ўтдилар.
Мухолифатчилар ва режимдан куйганларнинг ана шундай маънан йиқитилган ота-оналари, қариндошлари озми? Буни ўйлаб ҳам кўрмаймиз ва бунга парво ҳам қилмаймиз.
Бу аслида халқимизнинг асрлар давомида маънан йиқитилгани билан ҳам боғлиқдир. Саҳрода ялпиз ўсарми?!
Таёққа мансаб бериб қўйсангиз, ўшанга ҳам эгилиб, салом беришади.
Халқ ҳақида ёниб-куйиб, мансабидан айрилган одамни халқ ўша куни тарк этади.
Халққа қарши туриб, бойлик тўплаб, кейин мансабдан кетганларнинг эса зиёфатини, ошини еб юраверади.
Пул ва мансаб унинг учун Тангридан ҳам баландроқ туради. Албатта, сўзда эмас, амалда.
Каримов ана шу нуқсдан усталик билан фойдаланди ва фойдаланмоқда.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, қишлоқда кимнингдир тўйи эди, тўйни очиш учун “оғзи катта”лардан бирига сўз беришди. Ўшанда КГБдан чиққан Андропов СССРнинг раҳбари бўлган пайт эди. “Оғзи катта” мамлакатга ана шундай қаттиққўл раҳбар кераклигини айтиб, уни узундан узоқ дуо қилишдан гап бошлаганди.
Шунчаки сиёсат бўлса керак, деб ўйлагандим. Орадан кўп ўтмай Андропов ўлди. Ҳалиги “оғзи катта” уни кўзда ёш билан эслаб юрди.
Кейинчлик шу одамнинг Усмонхўжаев “латта”, Нишонов “лапашанг”, мана Каримовга ўхшаган қаттиқўл раҳбар керак, деганини ҳам эшитдим.
У менга ҳам дашном бериб, Каримовга қарши чиқма, оилада ота маҳкам бўлмаса, болалар талтайиб кетади, оила барбод бўлади, деганди. Яқинда эшитсам, ўша “оғзи катта”нинг болалари чет элларга кетиб қолишган, у бир ўзи ғариб, бечораликда яшаб, ўлганини ҳам бир неча кундан кейин билиб қолишибди…
ЖМ.
“Каримовнинг кирдикорлари” китобидан.
Filed under: Kundalik |
Leave a Reply