Бугунги тарих

Umrning davomi kitobdir.

Umrning davomi kitobdir.

Дилдаги вулқоннинг тафти

САВОЛ: Сиз билан ғойибдан бўлса-да дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Аввалига жуда узоқ ўйладим. Менинг ёшимда, менинг жинсимда, умуман мен сиёсатга бу қадар шўнғишимга, сизга мактуб йўллашимга наҳот шунчалар эҳтиёжманд бўлсам? Арзимаган умрим давомида фақат ва фақат бир нарсани орзу қилдим, мақсад деб билдим: Мен бу дунёда ҳеч бир мақсадсиз ва ҳеч бир ишсиз ўтиб кетадиган инсонлар сирасига киришни истамайман, ҳеч бўлмаса ўлимимдан сўнг мени инсон қилган(Оллоҳ ўзи шунга етказсин)халқим эслаб қолиши керак!

Биламан, гапларим бироз ғализ ва ёки баланд парвоз туюлиши мумкин. Бироқ бундан уялмайман! Сабаби, мен шуни хоҳлайман. Деярли ҳар интернетга ташрифимда бу сайтга кираман ва дилимни оғир юк, ғижимлик билан тарк этаман.

Наҳот ҳаёт шунчалар ёлғон, шунчалар чиркин бўлса? Наҳот инсон ўзи истаганидек, ҳалол, пок ва виждон билан яшаб ўтиши шунчалар қийин бўлса? Наҳот ота деган номи бўлган – халқ ўзининг “фарзанд(лар)”идан калтак еса, бироқ уни бартараф қилиш, унга бир сўз айтишга ёки оқ қилишга-да мажол тополмаса?

Эрта 5 дан кунни бошлаб, кетмонини кўтариб, бели майишиб, саратонда 40-га чиққан далада қўлининг қадоғи, умрининг адоғи бўлган меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат қилса-ю, кўнглини кўтаргулик, ҳаётини яхшилагулик бирор рўшнолик кўрмаса? Қани ҳақиқат? Қани адолат? Дилим ачишади…Юрагим оғрийди…

Бир вақтлар шахсан “Катта”нинг ўзига қарсакларга тўлган мактуб йўллаш урф бўлиб кетганди. Деярли ҳар ҳафта Твда ёш йигит-қизларни хат ёзгани учун уйларига келиб, совға тарқатиб, яна буни матбуотда, Твда эълон қилишган эди. Ўшанда онажоним мени ҳам ёзишга ундагандилар. Лекин ёзмаганман! Нима учунлигини айтайми? Агар мен хат ёзсам, мениям уйимга келиб тақдирлашади, “менинг бобожоним” эса мени совға дардида, машҳурлик дардида хат ёзган деб ўйлайдилар деган андишада ёзмагандим.

Қаранг-а, қанчалик софлик, виждоним, ўй-у фикрларимнинг болаларча андишаси. Лекин қани энди бу софлик? Менга ҳозир буни ким қайтариб беради? Агар ўша пайтда яна 2 йилдан кейин менинг фариштам – иблис деб айтишимни билганимда осиб юборсалар ҳам ишонолмасдим. Қачонлардир менга сени бу гапларинг учун отишади дейишганди. Энди бунга шубҳа ҳам қилмай қолдим. Лекин унгача ҳали яшайман, то умрим борки, ҳақиқат учун тикаман, ваҳоланки, буни ҳозирги замонамиз ақллилари фойдасиз деб билсалар-да.

Биламан, ҳақиқат, адолат учун ҳеч бир кураш изсиз кетмагай, бир-бирини занжирдай тортади, ақалли ўндан бирига бўлса-да, эришилади. Ахир сиз ҳам шунча ишда ҳам умидни узганингиз йўқ-ку! Курашда давом этаяпсиз-ку!

Ҳа, жуда кўп ватандошларимнинг четда туриб сайрашади, деган гапларини эшитаман. Манинг учун бунинг аҳамияти йўқ. Гап қаерда, қай ҳолатда айтилганида эмас, гап ниманинг айтилганида! Жуда кўп тенгдошларим икки йўл орасида, саросар, нимага ишонишни билмайдилар. Сиз айтган фактларни ўқиб, ҳаётга солиштириб, унинг исботини топиб туриб ва яна бу ердаги тинимсиз бир хилда чалинадиган, меъдага теккан, бироқ қулоқ ўрганган куйга мухлис бўлишга мажбур бўладилар.

Сизга бир саволим бор: Қилаётган ишларингиз, сўзларингиз, умуман ҳаётингиз бесамар кетмаганига қай даражада ишонасиз? (А.Салиҳ).

ЖАВОБ: Аввало юрак тубидан қуйилган мактубингиз учун раҳмат. Дилдагини сатрларга бундай дард билан тўкиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Сизда шундай қобилият бор экан, буни ишга солишингиз ва сўзингиз билан курашга киришмоғингиз керак. Бугун бунга эҳтиёж катта.

Чунки бутун бир мамлакатнинг қудрати ана шу курашнинг қарши жабҳасида. Сиз таъкидлаган каби ТВлардан рўзномаларга, Интернетдан маҳалла мажлисларига қадар ҳамма жойда сўз жанги бормоқда.

Қурол вужудни чил-парчин қилиб юбориши мумкин. Лекин кучи дилларга, шуурларга, авлодларга, асрлардан асрларга ета олмайди. Бунга фақат сўз мушарраф. Сўз бўлганда ҳам дилдан қуйилган, шуурдан тўкилган, асрлардан асрларга ўлмасдан келган ҳақ сўз бўлиши керак.

Биз курашнинг ана шу жабҳасида бўлганимиз учун ҳам бахтиёрмиз ва ҳамда масъулиятлимиз. Бахтиёрмиз шунинг учунки, умримиз зое кетмаётир. Буни кўриб турибмиз ва бу чексиз бахт. Масъулмиз шунинг учунки, ана шу бахт қарзини қайтармоғимиз керак. Бу эса биздан ҳар лаҳза, ҳар дақиқани ишга солишни талаб қилади.

Биламан, таваккал қилиб, бир ном танлаб шу билан мактубингизга имзо чеккансиз. Келажакда сизнинг ўз номингиз билан ёзишингизга ҳам ишонаман. Чунки дилингизда дарднинг вулқони бор. Бу вулқон сизга тинчлик бермайди. Агар унинг тафтини чиқармасангиз портлаб кетади, ёндириб юборади. Сатрлар билан чиқса ором топасиз, таскин топасиз, юрагингиз олов тоғидан ором гулшанига инади.

Бу кураш майдонига хуш келибсиз! Ҳозирдан ишонч билан айта оламанки, сизнинг ҳам ҳаётингиз бесамар кетмайди. Бунга ўша юракдаги дард йўл бермайди.

Бу дунёда агар бир кишининг дилига заррадек ёғду етказа олсангиз, демак умрингиз бесамар ўтмаётир.

5 Март, 2006 йил

Жаҳонгир Муҳаммад,

“Қатағон” китобидан.

%d bloggers like this: