Эскирмаган мавзулар

onaЎЗБЕКНИНГ ОНАСИ
Ўзбекистонда ҳар йилнинг бир оти бор. Кейинги уч йил эса оналар номи билан боғлиқ эди. Бу йиллар оналарга нима берди? Ўзбекнинг онаси бир йил тугаб иккинчи йил бошланаркан қай аҳволда?

Қорлар тоққа эмас, бошингизга ёғди, Онам!
Дорлар ёвга эмас, болангизга боқди, Онам!
Умрингиздан яна бир йил кетаркан,
Торлар куйга эмас, нолангизга оғди, Онам!

Дунёда оналар ҳақида энг жўшқин ва энг ларзали, оташин ҳамда оҳанграбо сўзларни кўп айтганлар беллашуви бўлганда табиийки, Ўзбек ғолиб чиққан бўларди. Онаси ҳақида гап кетса, йўлларига поёндоз тўшашини, қўлларига гард юқтирмаслигини, егани олдида, емагани ортида каби шароит қилиб қўйганини гапириб кўкракка урадиган яна бошқа ким?

Шоири йўқки бу элнинг, онаси ҳақида шеърлар, достонлар битмаган бўлсин.
Ҳофизи йўқки бу элнинг, Онам деб дилўртар қўшиқлар куйламаган бўлсин.
Сиёсатчиси йўқки бу элнинг Она ҳақида жўшиб жўшиб гапирмаган бўлсин.
Ўғлони йўқки бу элнинг, Онам, деб мағрурланмаган бўлсин.

Ҳа, дунёдаги ҳамма яхши калималар ўзбек онасининг бошига қўнган.

Лекин субҳи косибдан кун тиғга келганда ҳам, оламлар Хуршиди ёнбошлаб шафақ қонталаш бўлганда ҳам пахта даласида, ғўзалар орасида эмаклаб қолгудек ҳолда букилган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Тандирига ўтин ташлаб, хамирига ун тополмай ноласини кўксига кўмиб, мардикор бозорига чиқиб кетган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Қиш чилласида совуқдан дилдираган, саратонда иссиқдан мўлтираган болаларига қараб эрта бир кун жаллод қўл уларни ҳам бағримдан узиб кетмасмикан, деб хун бўлган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?.

Боласининг қарашлари ва ёхуд ўзининг Аллоҳга инонгани, билиб билмай икки оғиз ҳақ гапни айтиб қўйгани учун зиндонбанд этилган, хокисор бўлган Ўзбекнинг онаси эмасми?

Дардлар исканжасида қолган Онаизор бу номард оламни тарк этгач, орқасидан заминни титратган каби уввос соладиган эса Ўзбекниг боласи эмасми? Аммо бу кечиккан садо Онаизорнинг лахта қонга айланган қалбига етиб борармиди?

Қабристонга югуриб мармар тошлар тиклаган, ҳар уч кунда бир маърака қилиб Онам, деб бўзлаган ҳам Ўзбекнинг боласи эмасми?

Шўролар даврининг емирилиш кунларида Ўзбекистон қишлоқларида яшаган оналарнинг 80 фоизи қамқон эди. Оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон дунёда сарбон эди. Хаста оналарни даволаш, болаларини асраб қолиш ҳақида ваъзлар айтилардию амалда бурчак бурчакларда бир мушт бўлиб ўтирган оналарни кўрар кўзлар кўр эди..

Бугун эса, бир пайтлар ошкор бўлган рақамлар ҳам сир. Оналарнинг хасталиги ҳам давлат сири. Хастахоналар эшигида юрагини ғижимлаб қолаётган, қўлида бир нарсаси йўқлиги учун жарроҳ амалиётга олмаганда умидлари тилим тилим бўлаётган, беш танга топмагани учун китобсевар боласи олийгоҳга киролмаганидан кўзларининг қорачиғи эриб сел бўлган, энг сўнгги чора ўлароқ ўз ўзини ёқиб юбораётган, даҳшатли кунларига исён сифатида ўз ўзини осиб қўяётган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Бангивор ташиб Деҳли қамоқхонасида ётган, олис Бангладешда ҳибсга олинган, Бирлашган Араб Амирликлари зиндонида изтироб чеккан, Руссияда оддий русларнинг остонасида қул бўлиб, чўрилик қилган, ўз боласи уйида қолиб Ғарбда болабоқарлик ёки кексабоқарлик қилган ҳам бугунги Ўзбекнинг онаси эмасми?

Поездларда темир устида ётган, сассиз сассиз ингранган, қўналғаларда тунларни тонгга улаб киприклари санчиққа айланган, изғиринда нимчасига ўралиб қалтираган, қорли қировли кунларда қордан ҳам оқариб кетган бошига баъзан боғлайдиган рўмолча ҳам тополмаган ҳам бугунги мустақил Ўзбекнинг онаси эмасми?

Тетапоя қилиб, минг азоб, минг уқубат ичида улғайтирган боласини “ҳа”, йўқ,”бе’ йўқ, миршаблар олиб кетса, уравериб ичакларини эзса, қовурғаларини синдириб, руҳини синдирса, тирноқларини сўкиб олса яна сим сим йиглайдиган Ўзбекнинг онаси эмасми?

Ўғлини уйли қилса “Келинимнинг олдида тили қисиқ бўлмасин”, деб ташвишини енг ичига оладиган, қизини узатса “Куёвимнинг қўлига қараб қолганда”, дея изтиробини ичга ютган, ўзи киядиган кўйлагидан ўқувчи боласига жилд тикиб берган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Бугун юртбоши маслаҳатчилари, ҳукумат вазирлари, вилоят ва туман ҳокимлари, сиёсатмадорлар орасида ҳам кўзга ташланмайдиган зот бу Ўзбекнинг онаси эмасми?

Олима бўлганлари олмонда сарсон, отина бўлганлари оламда сарсон. Динга ишонгани диёнат кўчасида хор, элга инонгани адолат сўқмоғида зор. Юраклари ҳил-ҳил, орзулари чил- чил, хаёллари мил-мил бўлган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Бир йил тугаб бораркан сариқликдан сарғайган, ночорликдан нотавон, нонини топса шакарини топмаган, ёғини олса, гўштини ололмаган, ишлаб ишлаб маошсиз қолган, қадриятига йиғлаб қадрига йиғлай олмаган Онаизор учун нима қилдик, деб бир ўйлаб кўринг-а? Баландпарвоз мақтовлар салтанатидан дардлар водийсига иниб юқоридаги каби саволларни бир такрорлаб кўринг-а, балки тош каби қотган қалбингизда бир нарса йилт этса?!

Ўрнингиз бошимиз устида дедик,
Оёқлар остида қолиб кетдингиз, Онам!
Жаннат оёғингиз остида дедик,
Жаҳаннам бағрида ёниб кетдингиз, Онам!

Жаҳонгир Муҳаммад

”Америка Овози” радиоси, 2001 йил, 30 Декабр.

(“Тарихни титратган кунлар китоби”дан.).

%d bloggers like this: