Ассассин (Тарихий-замонавий роман)

aravaТЎРТИНЧИ БОБ

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Ҳамидхон Қорабой акани кўндирганидан мамнун эди. Энди Отабекни ҳам синдирсам “иш битди” деб ўйлаётган эди. Зотан эртага эрталабки рейсда Тошкентга учиши керак, уни Бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг ўзи чақирган. Қайнотасининг айтиши бўйича Президент билан ҳам учрашиб қолиши мумкин. Шу боис кўнглида қилаётган ишидан ифтихор туяётган эди.
Ҳамидхон жуда камбағал оилада туғилди. Улар уч ака-ука эдилар. У ўртанча ўғил эди. Акаси ва укаси новча, кучли, аммо у семиз ва заиф эди. Отаси худди хўроз уриштирган каби уларни доим курашга туширарди. У акасидан ҳам, укасидан жуда осон енгилар эди. Улар уни гурсиллатиб йиқитиб, устига миниб олишар ва “бир қоп қум, гум-гум-гум!” деб мазах қилишар эди. У ҳар қанча кураш тушишдан қочса ҳам, отаси барибир уни чақирар ва йиқилганда унинг устидан куларди. Кейин;
-Сан ҳеч одам бўлмайсан, акангга қара, ёки укангдан ўргансанг ўласанми?-дерди. Continue reading