Савол-Жавоб

savollar“Қасосим бор тасодифларда!”

САВОЛ: Ҳеч эътибор берганмисиз Ҳусайин Бойқаро, Алишер Навоий ва Ислом Каримов, Абдулла Ориповлар орасидаги боғланишга. Ҳусайин Бойқаро 1438 йилда ва Алишер Навоий 1441 йилда туғилган. Ислом Каримов 1938 йилда ва Абдулла Орипов 1941 йилда туғилган. Ҳусаин Бойқаро ва Алишер Навоий замондош ва айни саройда фаолият кўрсатишган. Ислом Каримов ва Абдулла Ориповлар ҳам айни саройда. Орадан 500 йил ўтиб айни Турон ўлкасида зулмкор подшо ва маддоҳ шоир айни саройда пайдо бўлишибди. Бу шунчаки тасодифмикин? (Жавлон ).

ЖАВОБ: Дунёда тасодифлар кўп. Аммо бу тасодифларни изоҳлаб берадиган илм йўқ. Кимдир тасодифларни Худога боғлаб қўйиб, осон йўлини топади. Яна кимдир тасодифлар бежиз эмаслигини таъкидлаб сизни ўйга толдиради. Қайси бир шоир “Қасосим бор тасодифларда” деб шеър ҳам ёзган эди.

Маълумки, биз тарихимиз деб атаётган тарих уч марта ишловдан ўтган.

Аввал золим ҳукмдорлар тарафидан ёздирилган. Уларга ёққани бот-бот кўчиртирилган, китоб ҳолида қолдирилган. Бугунгилар кўзига суртиб юрибди. Ёқмагани йўқолиб кетган. Бугунгилар бехабар.

Кейин руслар томонидан ёзилди. Уларга ёққани, хизмат қиладигани қайта – қайта чоп этилди, ёқмагани ўзгартирилди ва бошқа тус берилди.

Мустақилликдан сўнг тарихимиз битта одамнинг авзойига қараб ёзилмоқда. Унга ёқса нашр этилади, ўқитилади. Унга ёқмаса қатағон.

Бу уч омил менга тарихимизга мутлоқ ишонмасликка асос беради. Тарихга ишонмасдан ҳам яшаш мумкинми дейишингиз мумкин. Баъзи одамлар Худога ишонмай яшашмоқда. Бунинг олдида тарихга ишонмаслик гуноҳ эмас. Айниқса, у сохта тарих бўлса.

Шу нуқтаи назардан Алишер Навоий ва Абдулла Ориповни ёнма-ён қўйганингизга ҳайрон бўлмайман. Чунки Алишер Навоий буюк ижодкор. Ким билсин, балки ўша пайда халқ орасида ундан ҳам кучлироқ ёзадиган ўша даврнинг Юсуф Жумалари бўлган эрса не ажаб?! Лекин биз бехабар! Хато фикрласам Худо кечирсин!

Ажабмас минг йилдан кейин Абдулла Орипов ҳам миллатнинг бобокалони дейилар? Чунки бугуннинг ўзида уни “бобокалон” деганлар ҳам йўқ эмас.

Лекин бугун тарих шоҳларнинг ҳукми юрадиган ҳудудлардан ташқарида ҳам ёзилмоқда.

Бугун тарих шоҳдан олтин танга кутган муаррихлар ва хаттотларгагина боғланиб қолмаган. Фарқ ана шунда.

Ҳусайн Бойқаро шоир бўлган, шоирдан золим чиқмайди дейдилар. Золимлардан шоир чиққанини, шоирлардан золим чиққанини бугун кўриб турибмиз. Чунки бу Интернет дегани бутун дунёни битта қутига солди. Ана шу қутида ҳамма нарсани кўриш мумкин. Фақат кўра олиш қобилиятини топсак, бас!

Хуллас, Ҳусайн Бойқародан Ислом Каримовга қадар зулмат ичидамиз. Аммо зулматнинг пардаси йиртилди. Энди бир амаллаб сочимиздан тирноғимизга қадар ўралган ўргимчак тўридан қутулсак, балки ўшанда тасодифларнинг сирини топмоқ имкони туғилар?!

Дунё тасодифлар гирдобида. Мустақиллик учун курашганлар зиндонбанд, дарбадар, мустақилликка қарши бўлганлар эса қаҳрамон, соҳиби замон бўлгани каби. “Қасосим бор тасодифларда!”.

2 – Март, 2006 йил

Жаҳонгир Муҳаммад,

“Қатағон” китобидан.

%d bloggers like this: