Бугунги тарих

senat“Ўт ўчирувчи”лар

САВОЛ: Шарифхўжаевни Сенат раислигидан олган Каримов унинг ўрнига Собировни тайинлашида бирор мақсад борми?(Воҳид).

ЖАВОБ: Сиз “олган”, “тайинлаган” деган сўзларни жуда ўринли ишлатгансиз. Кўринишда Каримов Мурод Шарифхўжаевнинг истеъфосини қабул қилишни Сенатдан сўраган бўлсада аслида унга қадар уни бўшатиб қўйганди. Элгизар Собировни ҳам Сенат мажлисидан икки кун олдин тайинлаб улгурганди. Қолгани хўжакўрсинга.

Каримов тайинлаш пайтида “устозим” дегани Шарифхўжаевни энди “кексайиб, ишга ярамай қолди” деб бўшатди. Агар кексайиб қолиш асос бўладиган бўлса унинг ўзи нега тахтдан тушмаяпти деган ҳақли савол туғилади. Жавоб шуки, уни ишдан оладиган йўқ.

Саволингизда жон бор. Каримов Хоразм-Қорақалпоқ минтақасида вужудга келган кучли норозиликдан безовта. Айниқса, Ўзбекистон Кремл билан яқинлашгандан бери Путиннинг номига бу минтақадан шикоятлар тўлиб-тошиб кетган. Уларда Ўзбекистондан ажралиш, Россияга қўшилиш, мустақил бўлиш каби масалаларда очиқ-ойдин гап борган. Кремл уларни “кўриб чиқиш” учун Каримовга юбормоқда ва Каримов Олий Мажлисга юбормоқда. Самарқандлик Баҳодир Матлубов Ички Ишлар вазири этиб тайинлангандан бери бу минтақада нафақат оддий одамлар орасида, балки режим кадрлари орасида ҳам норозиликлар пайдо бўлган. Амударёда сув музлаши натижасида пайдо бўлган тошқин таҳликаси, Орол бўйидаги вазият ҳам жиддий.

Вужудга келган аҳвол ҳақида кучишлатар идоралари ҳам Каримовга махсус ҳисобот тақдим этганлар. Каримов “тозалаш” ўтказишдан олдин ўзининг бу минтақага хусумати йўқлигини кўрсатмоқчига ўхшайди.

Каримов битта ўқ билан икки қуённи уришга ўрганиб қолган. Шу билан Думадан ҳайъат келган кунлари “грипп” бўлиб қолган Шарифхўжаевдан ҳам қутулган бўлди.

Маълумки, Совет даврида кадрларни минтақаларга қараб танлашар ва шу зайл “баланс” сақлаяпмиз деган хулосага келишарди. “Кадрларни танлаш ва жойлаштириш” деган сиёсий харитада Ўзбекистон тўртга бўлинган ва қуйидагича номланган:

1.“Зарафшон” (Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё)

2.“Фарғона” (Фарғона, Наманган, Андижон)

3.“Тошкент” (Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Сирдарё)

4.“Хоразм” (Хоразм, Қорақалпоғистон)

Биринчилик ва иккинчилик “Зарафшон” ҳамда “Фарғона” орасида алмашиб турарди. Учинчиликни “Тошкент”га беришарди ва тўртинчи даражадаги лавозим “Хоразмга” қоларди.

Элгизар Собиров Хоразмнинг Қўшкўпир туманидан. У Мудофаа қўмитасида ишлар экан, Каримовни “ёшулли” деб мурожаат қилиши билан ажралиб турган ва “ўзини “ёшулли” деб чақиришидан Каримов мамнуният ҳис этар экан. Уни Россия ҳарбийлари билан яқин алоқада эканлиги ва Хоразмда ёғоч мафиясининг етакчиси деган гаплар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам Собировни номи улуғ, супраси қуруқ жойга тайинлаш билан Каримов хоразмликлар ва Қорақалпоғистон аҳлини яна бир бор лақиллатмоқчи.

Бу программа минумим, программа максимум эса сув сокинлагач, Собиров “салтанати” чўктирилади, ўрнига бошқа жойдан бошқа “ўт ўчирувчи” олинади.

25 Феврал, 2006.

Жаҳонгир Муҳаммад,

“Қатағон” китобидан.

%d bloggers like this: