Китобхонлик (21)

jm_2014-05Қарашлар

У
Саҳна томоша маркази …
Саҳна -ўз қиёфасини яширишга мажбур ўзга қиёфалар машваратгоҳи …
Саҳна – дунёнинг кичрайтирилган кўриниши …
Саҳна – улуғ истеъдод соҳиблари ва буюк маккорларнинг даргоҳлари …
Саҳна – ҳамма ўз-ўзини фош қилувчи сарҳадсиз минбар.
Бу саҳнага не-не подшоҳлар чиқмадилар, Рамзесдан Ислом Каримовга қадар!?
Ўз қиёфаларини яшириб, ўзга қиёфада яшадилар.
Олқишлар ва қарсаклар йиртиб юборди сохта қиёфаларини.
Бу саҳнага қанча-қанча фозилу олимлар чиқмадилар!?
Олқишларсиз ва қарсакларсиз қайтиб тушдилар олқишлар ва қарсаклар уммонига.
Бу саҳнага қанча-қанча бечоралар, косиблар чиқмадилар!?
Олқишлар ва қарсакларсиз тарк этдилар саҳнани.
Бу саҳнада бугун ҳам улуғ томошалар рўй бермоқда.
Умримиз томоша билан кечмоқда.
Қўлларимиз қарсак урмоқдан яра, тилимиз олқишламоқдан лол бўлиб қолмайди.
Биз ўзимиз ҳам саҳнадамиз.
Фақат бизга қарсак урмоқ вазифаси юклатилган.
Шунисига ҳам шукур, бош ролни ижро этиш топширилганда нима қиладик?
Нима қилардик?
“Ўйнайверардик”, дейди балки  У.  Ваҳоланки, У шундай ҳам бош роллардан бирини ўйнамоқда эди.
Фақат қарсак урувчилар орасидаги бош ролни.
Буни билдирмасликка уринади. Саҳнанинг асосий талаби ҳам шу.
Демак, У орамиздаги энг истеъдодли ўйинчидир.

ҲАЙДАЛИШ
Ҳайдалган кетади.
Кетмаслиги мумкин ҳайдалиш учун яна.
Ҳайдалган қайтиб келмайди.
Келиши мумкин ҳайдалиши учун яна.
Ўзбекистон мустақиллиги масаласини кун тартибига қўйганимизда бизни халқ душманлари дейишди.
Орадан йил кечиб Жумҳуриятлар Иттифоқидан ҳайдалдилар.
Аразлаб кетишди ҳайдалганлар.
Кўп ўтмай Мустақил Давлатлар Ҳамкорлиги баҳонасида қайтишди.
Яна кўп ўтмай Иқтисодий Иттифоққа бирлашишди. Ҳатто мустақилликни бериб ҳам рубл “ҳовли”сида яшашни исташди.
“Чаққон” Ўзбекистон эди.
Лирик чекиниш: Пойтахт Шошнинг “Наврўз” кошонаси. Президент Ислом Каримов янги Конституцияга бағишлаб зиёфат берди.
Сўзга ёзувчи Саид Аҳмад Ислом Каримовни кўкка “кўтариб” қўйганларидан сўнг дедилар:
“Мен ҳам мустақиллик учун курашганман. “Келинлар қўзғолони”да ўн беш жумҳуриятнинг марказга қарам бўлганини акс эттирганман. Вақт оғирлиги учун мақсадимни ўраб – чилмаб айтганман”.
Даврада ўтирганлардан бири:
– Ўзбекистон ким экан-а? – деб қолди.
Мен секингина “Соттихон” деган эдим, кулгу кўтарилди: “Фақат “Ўзбекистон” деган калимангиз ўрнига Ислом Каримов десангиз тўғри бўлғай”.
Ҳамманинг нафаси ичига тушди. Жимлик. Жимликни “Жимжитлик”нинг муаллифи бузганларича алланарсаларни гапирардилар…
Дарвоқе, ҳайдалиш ҳақида: қайтиб келганлар бирданига “рубл” ҳовлисидан яна ҳайдалдилар…
Ҳайдалишлар халқнинг азоб-уқубати, хор-зорлиги йўлига айланди.
Шу орада президентлар Каримов ва Назарбоев Олмаотада учрашиб Баёнот беришди:
“Ҳамма гапга қарамай, Биз Россия билан иқтисодий Иттифоқда қоламиз”.
“Ҳамма гап” ибораси бироз янглиш, “Ҳайдалиш” бўлиш керак эди.
Ҳайдалганлар қайта-қайта қайтиб келаверишлари мумкин яна ҳайдалишлари учун.
Агар қачондир ўз юртлари, ўз Ватанлари, ўз ҳовлилариданда ҳайдалишни бўйинларига олган бўлсалар …
Балки ҳайдалишнинг ҳам лаззати бордур?!

Жаҳонгир Муҳаммад

“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан

%d bloggers like this: