Ўзгармаган мавзулар

МУВОЗАНАТ НУҚТАСИ

Америка Конституциясига назар солсангиз, давлат тизимининг маълум бир нуқталар устига мустаҳкам ўрнатилгани ва мувозанат сақланганини кўрасиз.

Болалик йилларимизда ўқитувчимиз геометрия дарсида Самарқанднинг Регистон майдонига олиб келиб мувозанат тушунчасини англатганди. Регистон майдони дарё оқиб ўтган қумлик жой бўлгани учун бу ердаги мадрасалар шундай қурилганки, худди тарозининг паллалари сингари мувозанат сақлаган ҳолда бир-бирини тутиб туради. Шердор, Тиллақори ва Улуғбек мадрасалари ер остидан бир-бирига боғланган.

Мувозанат уларни асрлардир довуллардан, зилзилалардан ва бошқа офатлардан асрамокда. Агар меъморлар ўрнатган мувозанат бироз бўлса-да бузилганда бугун қаршимизда фақат вайроналарни кўрган бўлардик. Америка конституцияси ҳам ана шундай мувозанатга қурилган. Бу мувозанат инсонларнинг воз кечилмас ҳақ ва эркинликлари поймол этилишини ва иқтидорни суистеъмол қилишнинг олдини олишга қаратилган.

Худди Самарқанд меъморларидан ўрнак олингандек, конституциянинг уч мадрасаси, яъни уч йўналиши бор. Ижро, қонунчилик ва суд ҳокимияти. Учаласининг орасидаги мувозанат жуда нозик нуқталарга таянган бўлса-да, мана қарийб 200 йилдирки ҳеч ким бу нуқталарни оёқ ости қилишга интилмайди. Чунки оқибат вайрона эканлигини яхши англашади.

Гарчи Америка президентлик бошқарувига асосланган ва Президентга ниҳоятда кенг ваколатлар берилган бўлса-да, қонунчилик ҳамда суд тизимлари Президентни мувозанат талаби даражасида назорат этадилар.

Иккинчи томондан ижро тизимининг ичида ҳам шундай мувозанат ўрнатилганки, жилов нафақат Президентнинг қўлида, балки иккинчи томоннинг ҳам жиловни тортиш имкониятлари бор. Масалан, Адлия вазирини Президент танлаб тайинласа-да, унинг зарурият туғилганда, Президент устидан ҳам тергов бошлатиш ҳуқуқи бор.

Худди Оқ уйда ишқий можаролар ҳақидаги иддаолардан кейин Клинтонга жуда яқин бўлган Адлия вазирининг ўз Президенти устидан тергов бошлатгани каби. Бундан шундай хулоса чиқадики, Америка конституциясининг тамал нуқталаридан бири конун олдида ҳамманинг: шоҳу гадонинг, бирдай эканлигидир. Бу хулосанинг силсиласи ўлароқ яна бир нуқта кўзга ташланади. У ҳам бўлса қонунларнинг шартсиз ва қайтсиз ҳаётга тадбиқ этилишидир. Ана шу занжирлардан биттаси узилса, мувозанат ўз ўқидан чиқиб кетади ва ҳуқуқий давлат тушунчаси қоғоз мулкига айланади.

Парламентдаги бир қатор комиссиялар ижронинг, яъни Президент раҳбар бўлган ҳукуматнинг фаолиятини назорат қиладилар. Америка Конгрессида ҳукумат фаолиятининг ипидан игнасига қадар кўз олдида тутиш ва текшириш йўлга қўйилган. 538 кишилик АҚШ конгрессида 35 мингдан зиёд киши ишлаганини тасаввур қилсак, бу масалага нақадар муҳим эътибор берилганини кўрамиз. Бу 35 минг инсон бекчи, чой ташувчи, ёки қоровул деб ўйламанг. Улар конгресс аъзоларининг ҳар бирига боғлик махсус гуруҳларда, турли комиссияларда фаолият кўрсатадиган юксак малакали инсонлардир. Қисқаси ижронинг жиловини тутиб турадилар.

Баъзилар қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятларини ажратар эканлар, улар бир- бирларининг фаолиятларига аралашмасликлари керак, деган ақидани урғулайдилар. Масалан, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин унинг парламенти ҳукуматнинг фаолиятини назорат қилиш механизмини ишга туширганда, катта тортишувлар келиб чиққанди. Охир оқибатда барчага шундай фикр сингдирилдики, парламент қонунлар чиқаради, ижро ҳукумати эса уни мустақил равишда бажаради.

Ҳукумат маъқул топган тақдирда, парламентга ҳисоб беради. Содда қилиб айтганда, ўзбек парламентининг бевосита назорат механизми ўлдирилди. Ҳатто миллатвакиллари бюджетнинг жуда кўп соҳаларида маблағ қаерга сарфланаётганидан мутлақо бехабардирлар. Америка Конгресси эса ҳар бир центнинг, яъни ҳар бир тийиннинг сарфланиш ўрнига қадар ўрганади ва бевосита текширув ўтказади.

Ўзбекистон парламентининг ҳатто аниқ шикоятларни текшириш ваколати қўлидан олиб қўйилган. Яъни келган шикоятларни ҳукуматга юбориш билан почталонлик хизматини бажаришга бўйсундирилган.

(15 март 1998 йил).

Жаҳонгир Муҳаммад.
“Ўзлигим” китобидан

%d bloggers like this: