Мулоҳаза

jm_pochtakeldi2Тил ҳам инсон каби тирик жондир

Ўзбекистон конституциясига “Ўзбек тилининг алифбоси ҳеч қачон алмаштирилмайди” деган қоида киритиш зарур.

Ўзбек тили, Ўзбек тилининг имло ёзувлари ҳақидаги ўнлаб фармону қарорларга қўл қўйган президент нега уларга амал қилмайди?

Тилим тилимизни йўқотишга хизмат қилса, бу тилимни тилим-тилим қилганим яхши!

Бир миллатнинг тили ҳам худди оилага ўхшайди. Ота-она ўрнига фарзандлар келади, янги чақалоқлар туғилади, асранди фарзанд олиш мумкин, ўгай болага ўгай кўз билан қараш ҳоллари бўлади. Бу табиий жараён. Табиатда ҳам, жамиятда ҳам бундай  прогресснинг минглаб мисоллари бор.

Тил ҳам инсон каби эркинликни севади. Давлат, ҳукумат мавжуд тилни назорат қилиши  бу севгини ўлдиради. Шунинг учун тил эркинлиги учун кураш ҳар доим зиёлиларнинг юмуши бўлган. Улар ўзлари билган-билмаган ҳолатда бу эркинлик учун курашганлар.

Бугунга келиб ана шу кураш бошқачароқ тус олди.  Халққа илм-маърифат билан ибрат бўлиш ўрнига кўча-куйдаги хато ёзувларни, кириб келган янги сўзларни танқид қилиш биринчи планга чиқди. Чунки бундан осон нарса йўқ. Қолаверса, ҳукумат бу танқидга диққат қилса, хато ёки бошқа тилда ёзган тадбиркорларни “жазолайди”- киссасига шерик бўлади. Ваҳоланки, қуш уясида кўрганини қилади. Яъни ўзбек тилидан яхши билим ололмаган одамни ҳар қанча танқид қилинг, у барибир хато ёзади. Демак, гап билим бериш  масаласига бориб тақалади. Маориф тизими эса дабдала. Шу ҳақда кўпроқ гапирсак бўлармиди?

Янги сўзлар эса кириб келаверади. Тил атрофдан келган сўзлар билан бойийди. Бугунга қадар шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай давом этади. Тилни иҳоталаб бўлмайди.

Дарвоқе, мақсадни мавжуд тилни бузаётганларга қаратган тақдирда қизиқ аксиомани кузатамиз. Оддий тадбиркорни тилимизни бузмоқда, деб  айтган ҳолда Ўзбекистон президенти 25 йилдан буён бу тилни бузиб гапиради, деб айтолмаймиз.

Қизиқ, нега тилимизни ўйлайдиганлар Ислом Каримовнинг ҳар кунги гапларини таҳлил қилиб, хатоларини юзига урмайдилар? Ўзбек тили, Ўзбек тилининг имло ёзувлари ҳақидаги ўнлаб фармону қарорларга қўл қўйган президент нега уларга амал қилмайди, деб савол бермайдилар? Чунки масалани бу қадар катталаштириш таҳликали, аммо битта-иккита сўзни бузадиган оддий одамни “уриш” осон. Албатта, хато ёзганларнинг хатосини ҳам кўрсатиш муҳим. Фақат демоқчи бўлганим, муаммонинг илдизи бошқа жойда.

Кўп мамлакатларда асосий тилга давлат тили мақоми берилмаган. Лекин аксар омма шу тилда равон гапиради, хатосиз ёзади. Чунки мактабда яхши ўргатилади, ҳамма иш шу тилда юритилади, президент қўл қўядиган ҳужжатлардан тортиб, ҳукуматнинг барча протоколлари шу тилда. Бундай мамлакатда тил халқ билан бирга яшайди. Уни ҳукумaт ёки ҳукумат тузган қўмиталар бошқармайди. Белгилаб қўйилган қонунлар доирасида университетлар, институтлар, илмий марказлар, жамиятлар тилнинг қоидалари, фитрати бўйича фаолият кўрсатаверадилар. Агар янгилик яратсалар бу маориф тизимига тавсия этилади ва болаликдан бошлаб ўргатилади.

Демак, танқид қилмоқчи бўлсак, биринчи галда Ўзбекистонда маориф тизими ишдан чиққанлигини танқид, таҳлил қилишимиз керак. Она тилининг ўқитилиши қандай, муаллимлар етарлими, уларга яхши шароит яратилганми,  лотин ва кирил ўртасидаги саҳрода қачонгача саргардонлар…?

Гап кўп, таклиф кам деймиз. Шундан келиб чиқиб, шахсий қарашларим асосидаги таклифларимни ҳам айтмоқчиман.

Келгусида ўзбек тилининг ривожи учун нима қилиш керак дейилганда, тилни қуйидан-болалар боғчаси, мактаб, олий таълим занжири бўйлаб дастаклаш доктринасини белгилаш зарур. Шу асосда тилнинг ривожи билан олимлар, мутахассилар, зиёлилар-халқнинг ўзи шуғуллансин. Ҳукумат калтак кўтариб уларнинг бошида турмасин.  У ҳолда оддийгина луғатлар ҳам сиёсий китобга айланиб кетади ва ҳеч ким ўрганмайди.  Ҳукумат мавжуд тилга қоровул бўлдими унинг қўмита-сўмиталари тилнинг ривожини тўхтатади.

Иккинчидан, имкон қадар сунъийликдан қочиш керак. Бугун ўзбек тилининг уч кўриниш мавжуд.

А) Протокол тили. Расмий тил.

Б) Адабий тил

В) Халқ тили

Буларни бирлаштириш яна маориф тизимига бориб қадалади, илм-маърифат беришга қадалади. Бугун зиёлилар орасида она тилини билувчилар бўлса, мактабга бориб дарс беришларини йўлга қўйиш ҳақида ўйлаш балки яхшидир? Маориф тизими уларни рағбатлантира олсагина бу нарса амалга ошиши мумкин.

Учинчидан: лотинми кирилми?  Узил-кесил ҳал этиш лозим. Бу халқ қачонгача аросатда қолади?

Ўзбекистон конституциясига “Ўзбек тилининг алифбоси ҳеч қачон алмаштирилмайди” деган қоида киритиш зарур.

Ва ниҳоят Ўзбекистонда ҳам ноҳукумат мактабларга  йўл очиш пайти келди. Мактаблараро рақобат бўлса, илм бериш ҳам кучаяди.

Мана бу мисолни кўп такрорлайман. Бундан бир неча  йил олдин Бразил-Амазон гуруҳига кирувчи Суруваҳа тилида гаплашувчилардан саккиз киши она тиллари ҳимояси учун заҳар ичиб, ўз жонларига қасд қилишган. Улар бу тилда охирги гаплашувчилар бўлган ва шу билан бу тил йўқолди. Умидки, биз ҳам тилимизни ҳимоя қиламиз деб уни йўқотувчиларга айланиб қолмасак, бас.

 Хаёлимда доим бир гап айланади, мулоҳазаларимни шу гап билан якунламоқчиман׃ Тилим тилимизни йўқотишга хизмат қилса, бу тилимни тилим-тилим қилганим яхши!

Жаҳонгир Муҳаммад

21.10.2014

%d bloggers like this: