Оқсаройнинг сўз ўйинлари

aldarkusa1Сиёсий сатира

23. Қоровул

-Ҳамма жойга қоровул қўйибмизу тилга қоровул қўйишни унутибмиз,-деди “Катта” маслаҳатчига.

Маслаҳатчи  “Катта”нинг ташвишига шерик бўлиб:.

-Ҳа, халқ ҳам сўрамоқда. “Нега йўлда ҳуштакчи бору тилнинг ҳуштакчиси йўқ?” дегувчилар кўпаймоқда,-деди.

“Катта”нинг юзини араз руҳи қоплади:

-Ундай бўлса, халқнинг айтганини қилмайсизми, ука?

-Ҳамма соҳанинг лидери ўзингиз. Бош қўмондон, Бош муҳандис…

-Мухандис дегани нимаси?

-Бош архитектор…

-Ҳм…

Маслаҳатчи давом этди:

-Бош мусиқачи, Бош ўйинчи…

-Стоп! Стоп! Сиз мани ўйинчи деяпсизми? Теннис ўйнамай қўйганимга ўн беш йил бўлмадими, ука?!

-Ўйинчи деганда артистни назарда тутгандим…

-Ундай бўлса, сиз тилга қоровул, ман Бош қоровул бўламанми?

-Албатта-да, сиз бош бўлмасангиз бош ҳам ишламайди!

-Ҳм… Бош қоровулнинг вазифаси нима бўлади?

-Ҳуштак чалиб турсангиз бўлди. Қолганини биз бажарамиз,-деди маслаҳатчи қўлини кўксига уриб.

-Ҳуштакни қаердан оламан?

-Ҳуштакнинг кераги йўқ. Икки қўлдан тўртта бармоқни жуфтлаб оғизга тиқилса, ҳуштак вазифасини ўтайди.

-Ҳақиқаттан ҳам тилимиз бузилиб кетибди, ука, қоровул қўймасак бўлмайди. Манa сиз ҳам маслаҳатчи бўла туриб, тўртта бармоқ, деб турибсиз. Тажрибангиз йўқ-да. Бизда болаликдан бери тўпланган тажриба бор. Тилимизда тўрт бармоқни оғизга тиқиш деган гап йўқлигини биламиз. Беш бармоқ деймиз?

Нофизий.

%d bloggers like this: