Дилдаги гаплар

Мустақиллик чинори

Америка мустақиллик байрами шу борада Декларация қабул қилинган кунда нишонланади. Ўзбекистондаги каби декларация 20 июнда, мустақиллик байрами 1 сентябрда эмас.

1776 йилдан буён 4-июл куни Америка халқи чин дилдан байрамга, сайлларга, томошгоҳларга чиқади.

Бу халқ-дунёнинг турли бурчакларида турли сабаблар билан ўз ватанига сиғмаган одамлар жамоаси.

Бу халқ-юзлаб тилларда гаплашадиган юзлаб элатлардан барпо топган воҳид улус.

Бу – ҳамма, ҳатто ҳақиқий америкаликлар деб айтиладиган қизил танлилар ҳам бошқа жойдан келган замин.

Маълумки, Америка Буюк Британия Қироллигини тарк этиб, ўзини мустақил ўлка деб эълон қилган. Шу кундан бери ҳеч кимга тобе эмас. Ўтган даврда дунёнинг юрагига айланди. Бу кимгадир ёқиши ёки ёқмаслиги бошқа масала. Факт эса факт. Уни ҳар қанча ёмон кўрганлар ҳам у билан ҳисоблашадилар.

Бу ерда зако, илм ва қудратнинг шажараси вужудга келган. Бу Бермуда учбурчаги эмас, балки бу Парламент, Ижро ҳокимияти ва Суд бошқаруви учбурчагидир. Бошқача айтганда халқ ҳокимияти, халқ бошқаруви-демократия замини.

Баъзи динни билмаган диндорлар демократияни ёқтирмайдилар. Ваҳоланки, демократик Америка дин энг эркин бўлган мамлакатдир. Бу ерда ҳақ дин ҳисобланган ҳар уччала динга берилган эркинликни ҳали дунёнинг бошқа бирор бир мамлакатида тополмайсиз. Ман ман деган Авропа давлатлари ҳам бу даражага етган эмас.

Американинг камчиликлари ҳам тиқилиб ётибди. Бироқ бугун байрам куни бошқа нарсалар ҳақида гапирмоқчимиз.

Ким нимага қизиқса ўшанга ишонади. Биз мўъжизаларга, ишоратларга ишонадиган халқмиз.

Америка мустақиллик тарихида ҳар кимга ҳар турли фикр берадиган жуда қизиқ ҳодисотлар мавжуд. Масалан, Мустақиллик декларациясини имзолашда қатнашган, асосий рол ўйнаган сиёсатчилар Жон Адамс ва Томас Жеферсон кейинчалик шу мустақил мамлакатга президент этиб сайланганлар. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Мустақиллик декларацияси қабул қилинганининг 50 йиллик юбилейида – 1826 йилда, яна ҳам қизиғи айни мустақиллик байрами куни жон таслим қилишган.

Кимлардир буни “Уларни шу муборак кунга етишдек муродлари охирги сонияларга қадар оёқда сақлади” дейишга ҳақлидирлар. Бошқа бировлар эса “Бунинг хосияти яхши эмас” дейишлари ҳам мумкин. Бу сўз эркинлиги. Америкада ўша кезда берилган сўз эркинлиги ҳалигача кучда.

Лекин биринчи фикр ҳақиқатга яқин. Чунки Жон Адамс ўлган пайтда 91 ёшда экан. Томас Жеферсон эса 83 ёшда. У пайтда бугунги каби умрни чўзадиган “дори-дармонлар” оз бўлган. Демак, уларни кучли бир умид шу байрамга қадар ушлаб турган. Бошқа бир президент – Жеймс Монро ҳам 4 июл куни жон берган. Фақат 1831 йилда, 73 ёшида. 1872 йилга келиб, бу силсилот бошқа томонга ўзгарди. Шу куни-4 июлда Американинг бошқа бир президенти Калвин Куллиж туғилган.

Кимдир буларни тасодифлар ҳам дейди. Бу ҳам бежиз эмас. Ўтган йилларда қанчадан қанча тасодифлар рўй бериши турган гап. Лекин биз илоҳий қудратга, унинг тарозиси тенглигига ишонамиз, воқеалар унинг измидан ташқарида рўй бермайди, деймиз, шундай эмасми?

Бошқа бир нокамтарона тасодиф ҳам бор. Камина Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси матнини парламентга тайёрлаган “бешлик”ка кирганман ва туғилган куним Ўзбекистон Мустақиллик кунига тўғри келади. Лекин ўз ватанидан қувилиб, дунё муҳожирлари ватани фуқаросига айландим. Энди келажакда муродни Мустақиллик декларацияси қабул қилинган куннинг катта юбилейларигами ёки Мустақиллик кунининг томошларигами, қайси бирига қараб тикиш ҳам савол остида. Дарвоқе, Ўзбекистонда савол остида бўлмаган нима бор?

Америкада мустақиллик чинори яна ҳам кучланиб, қучоққа сиғмай бормоқда, Ўзбекистонда-чи? Келажакда нима бўларкин?  Бу саволларга жавоб бериш кундан кунга оғирлашиб бормоқда.

Дарвоқе, байрам кунида бошқа мавзуларга ўтмаймиз дегандик, америкалик ўзбекларга байрам муборак бўлсин, қолган ўзбекларга Ўзбекистон мустақиллик кунини америкаликлар каби эркин, ҳур байрам қилиш насиб этсин!

ЖМ.

7 Responses

  1. “AMERICAN”ча ЧИНОР!
    Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Мени лол қолдиришда давом этмоқдасиз, аммо бу сафар сал берироқда!
    Мен олдин мирзо Улуғбекнинг муаммоси масаласида Валий тўғрисида сўраган эдим…
    Нима дегандингиз?..
    Улуғбекнинг асарларини сақлаб қолиш учун Али Қушчи бу асарларни Туркияга туяларга ортиб жўнаб қолди демаганмидингиз???
    Сизнинг асарларингизни интернетдан ола биламиз!
    Аммо фикрларингиз америка дунёсига ўралашиб қолибдику!!!
    Бир ажойиб адибнинг “БИРЛАШМАДИ ЎЗБЕКЛАР!” асарини ўқиб чиқишингизни тавсия этаман!
    “БИРЛАШМАДИ ЎЗБЕКЛАР” is UZBEKAN but not AMERICAN!!!
    Бир нарса ёдимга келди…
    Американ лагерида деярли америкалик бўлиб қолгандим…
    I said: A booom chiki booom? chiiki rocky chiiky booom!
    Ҳурмат билан…

    • Инсон ўз ҳаётини қутқарган, туз-намак берган, ўз ватанида, ўз ватани каби қабул қилган ўлкада бегонага айланган пайтда қучоқ очганга нонкўрлик қилмаслиги лозим. Бугунга қадар менга яхшилик қилганларга яхшилик билан жавоб қилдим. Буни кўролмаганлар туҳмат ёғдирдилар. Ҳисобимга кун кўриб, тағин безбетларча айбладилар. Начора, зеҳниятмиздаги яхшилик қилганга ёмонлик қил деган тушунча ўша қораловчилар, кимнидир қоралаб пул топишга уринганлар билан яшайверсин. Уларнинг тирикчилик учун бошқа йўллари йўқ.
      Ким нима деса десин, лекин Америкага душман бўла олмайман. 20 йил Ғарбнинг грантини еб бир куни уни сотадиганлар тоифасига кирмайман.Бир марта ҳам грантини олмаганим Америкада ҳалол меҳнат қилиб ҳалол яшаяпман. Шу имконият учун ҳам ундан миннатдорман. Сиз ҳам бунинг учун мендан нафрат қилсангиз, устимдан кулсангиз хафа бўлмайман. Чунки бир кун келиб гап нимадалигини тушинишингизга ишонаман. Ҳурмат билан ЖМ

      • Ҳурматли Жаҳонгир ака!
        Авваламбор мени кечирарсиз деган умитдаман.
        Олдинги мактубни ёзиб юборгандан кейин ўзимдан ўзим хафа бўлиб кетдим. Ёшлик ва аҳмоқлигимдан.. Аммо юборилган мактуб отилган ўқ каби кетди борди..Буган жавоб хатингизни ўқиб жуда хурсанд бўлдим…Ўйлагандимки, мендан жуда ва жуда хафа бўлсалар керак дея!. Аммо Сиз феълингизнинг кенглиги ва мушоҳадали бир инсон бўлганлигингиз сабабли бу каби қусурларни тўғри таҳлил эта оласиз..
        Балки ўз фикрларимни тўғри ифодалай оладиган даражада эмасман балки…
        Менга, биз ёшларга, бутун ўзбек халқига ҳам алам қиладида…
        Оддийгина айтганда бир киши яқин кишисидан, ўзи ҳақида қайғурган кишидан ажралиб қолса уни ғам босади, аниқроқ айтадиган бўлсак қайси режим бўлсада узоқлашиб бораётганидан афсусланади.
        “Бирлашмади Ўзбеклар” асари чинакам тарих ва келажак башоратидир!!!
        У бўлган ва доим шундай бўлиб қолса керак…
        У асарда айтиладики баъзи ўзбеклар ватан ва макон масаласида ўз туғилиб ўсган юртларидан борар бора узоқлашиб борадилар… Яна шу бир ҳолатни айтиш мумкинки, агарда уларга ватанга қайтиш масаласи олдиларига қўйилса уларнинг ватанга қайтиб келишлари эҳтимоли жуда кам.
        Бир кишининг саволига нисбатан шундай жавоб берган эдингиз…
        “Ким билан курашмоқчисиз?, юзи чўтир ёки ундан ҳам баттар биланми?, Бизларни ватанга боролмайдиган қилди. Ўлсак ўлигимиз бошқа юртларда қолиб кетадиган бўлди”
        Мана шу ерда, ўз асарингизни адиб эмас балки бошқа бир инсон сифатида ҳақиқат кўринишида ифодалаган эдингиз.
        Энди менинг фикримга эътибор беринг.
        Мен Сизни танишни бошладим.
        Ўғилларим Сизни танишлари учун қай ҳолатда бўладилар?
        Улар Сизни ва болаларингизни Америкалик деб ўйлайдилар.
        Сизнинг авлодингиз эса, “Қувғин” асарининг 1-қисмида атганингиздек тошбақани излаб унга ҳурмат кўрсатишни сиздек эплай олишмайди, Агарда улар ҳаётлари давомида тошбақанинг асли нималигини билсалар кам катта гап бўлади.
        Мен билан Сиз бир замонда яшаяпмиз. Афсуски, бир ўзбек олими бора бора “чистий”! американ бўлиб бормоқда..
        Бизга эса бу алам қиладида албатта!!!
        Бизнинг американ бўлолмаганимиз учун эмас албатта.
        Жаҳон Муҳаммад is Uzbekan but not American!!! Мана шунга куямизда…Шу учун йиғлаймизда…

        Ҳурмат билан…

      • Бугун дунё Ибн Синолардан Хоразмийга қадар барчасини араб деб билади. Гап уларни дунё ким деб билишида эмас. Гап уларнинг нима ярата олганларида. Бу ер билан осмонни солиштирган каби… Лекин Америкага 10 йил кечикиб келганимни айтаман доим. Агар келганимдан 10 йил олдин келганимда дунё учун бир нарсалар қолдира олардим. Афсус…

        Айзек Азимовнинг ота-онаси Фарғонадан чиқиб кетганида у болакай экан. Бугун бутун дунё ривожланишида унинг фантастик асарлари катта рол ўйнагани ва унинг асарлари асосида 14 та илмий лабаратория очилгани айтилганда мен хурсанд бўламан. Чунки унинг таржима ҳолида Фарғона деган сўз бор ва унинг “Фарғона маликаси” деган асари ҳам бор.

        Мен Ўзбекистонни ихтиёрий тарк этмадим. Ўзбекистонда қолсам бундан 20 йил олдин ўлдирилган бўлардим. Бугун ҳам оддий бир имкон туғилса, ҳалол меҳнатим эвазига яшаш имкони бўлса дарҳол қайтаман. Ҳозирча фойдага қолган умримни яшаб юрибман ва бу имкониятни Америка берди. Бу ерда мен эркинлик, ҳуррият ва энг асосийси мутлоқ камситилмаган инсонман.

        “Ўзбекистонда у қиламан, бу қиламан” деб бақиришим оддий халққа ёмонликдан бошқа нарса олиб келмаслигини 20 йиллик тажрибамда кўрдим. Миллатчилик кўринишини бериб қаҳрамон бўлиб юришни истамайман. Бу бугун жуда осон иш. Аммо виждон кўтарса.. Хато қилаётган бўлсам келажак кўрсатади.

        Американи англаш учун бу ерда кам деганда 10 йил яшаб кўриш керак.

        Америка, Америка халқи ва Америка ҳукуматини бир-биридан ажрата олиш даркор.Бу ҳақда кўп ва батафсиз ёзганман.

        Сизни ҳам тушунаман. 15 йил олдин айнан сиз каби фикрлар эдим. Кўзгуда ўзимни кўриб турибман ва шунинг учун асло ранжимайман. Сиз каби инсонлар кўпайишини ҳар кун, ҳар соат орзу қиламан.

        Ҳурмат билан ЖМ

  2. товарищ Қалампир, кўнгилни хотиржам қилинг,Жаҳонгир Муҳаммад ҳеч қачон американ бойга айланмайди. аллақачон стабил ҳолатда. видеоларни кўрган бўлсангиз керак,жайдари одам,жайдари ўзбек. Айрим ўзбекнинг Комиллари каби Русяга бориб Коля бўлиб кетмаган. Кўп гаплар бор,ёзаверсам ёзаверсам дейману,лекин одамлар тўғри тушунмасдан,Шавкат *пахтачи* экан деб ўйлаши мумкин.Менинг ҳам ёшим 50-60га борганда Жаҳонгир ака каби тилим ҳеч кимдан қисиқ бўлмай йўлнинг ўртасидан мағрур юриш насиб қилсин.

  3. […] ҚАЛАМПИР:(“Мустақиллик чинори”ни ўқиб). Ҳурматли Жаҳонгир ака! Мени лол қолдиришда […]

  4. […] QALAMPIR:(“Mustaqillik chinori”ni o’qib). Hurmatli Jahongir aka! Meni lol qoldirishda davom etmoqdasiz, ammo bu safar sal […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: