Ҳаёт сабоқлари

ЖЎМРАК ва ЖАМИЯТ

АҚШда ўз уйинг бўлмаса бир ташвиш, ҳар ой катта миқдорда ижара тўлайсан. Ўз уйинг бўлса, яна бир ташвиш. Банкдан олинган қарзни тўлайсан. Бир-икки ой тўламасанг, уйингдан ажраласан. Тўлаган тақдирингда ҳам ташвишлар битмайди. Йиллар ўтавериши билан эса ташвишлар ортаверади.

Уйимиз янги. Бугунга қадар муаммо чиқмаган эди. Аммо энди баъзи кичик ташвишлар чиқмоқда. Масалан, яқинда ҳаммомхонадаги қўл ювадиган жўмракнинг остидан сув оқа бошлади. Ишхонамиздаги бир жувоннинг гапини эсладим׃

-Бундай ишларга мен пул бермайман. Дўконда жуда арзон туради, оламан, ўрнатаман, усталар эса ўн баравар қилиб олишади,-деганди у.

Дарҳақиқат, бу соҳа усталари Америкадаги энг бой тоифа ҳисобланади. Яъни энг кўп пул қилишади. Битта жўмракни алмаштириш учун 200-300 доллар олишади. Ваҳоланки, бу ишни беш дақиқада бажаришади.

Мен жўмракни ўзим алмаштиришга қарор қилдим.

Шанба куни эрталаб чаққон бўлиб ишга киришдим. Эртароқ бошладим, чунки болалар уйғонгунга қадар битириб қўйишни режаладим-да.

Уйимиз уч қаватлик. Бузилган жўмрак учинчи қаватда. Сувни бекитадиган жой эса, биринчи қаватда. Сувни бекитиб, теппага чиқсам, калитлар тўғри келмайди. Бир амаллаб очишга қарор қилдим. Бўлмади. Кейин Home Depoт деган хўжалик моллар дўконига бориб жўмракнинг янгисини сотиб олдим. 42 доллар экан. Қайтиб келиб, ўрнатаман десам тўғри келмади. Эскисининг номини ёзиб олдимда, дўконга қайтиб бордим ва 42 долларликни топширдим.

Хайриятки, дўкон уйимизга яқин ва ҳамма нарсани қайтиб олаверади. Дўконни айланиб бизникига ўхшаганини топдим. 79 доллар экан. Олдингисидан чиройлироқ.

Шу пайт дўконда саволларга жавоб бериб юрадиган киши келиб қолди. У билан гаплашсам׃

-Буларнинг ҳаммаси стандарт,- деди.

Шунда мен олдингисини олиб келиб топшириб хато қилганимни тушундим. Фақат иккита қўшимча боғловчи қувурчалардан олсам иш битар экан. Лекин қўлимдаги ёқиб қолганди ва уни олиб келдим. Эскисини очаман десам калит етишмади. Битта калит учун яна дўконга бораман-ми дедим-да, куч ишлатдим. Девордаги пластик қувурга уланган жойдаги босим жиҳози синиб кетди.

Уни очиб олдимда шишаларга солиб сотиладиган Starbucks кофедан ичиб, асабимни жиловлаб, яна ҳалиги дўконга бордим. Баъзи нарсаларнинг отини билмасангиз ҳам қийин. Шунинг учун менга керакли Х-жиҳозни ўзим билан олиб келгандим. Бирор киши унинг нималигини билмади, десангиз. Охири дўконнинг бош иш юритувчисини чақиртирдим. У билағон экан׃

-Бундай нарса бизда бўлмайди,-деди у.

Мен ҳамма нарса бўлади дея мақтаб юрганим бу дўконда ҳам бўлмайдиган нарса бор экан-а, дея ажабландим. Ҳалиги одам менга бундай нарсаларни қаердан сотиб олишни айтди ва яқиндаги шундай дўконнинг адресини берди. Мен илгари фақат автомашиналар қисмларининг махсус буюртма дўкони бор деб ўйлар эканман, буни қаранг-ки ҳатто жўмрак қисмларининг ҳам махсус дўкони бор экан. У ерга келсам, буюртма оладиган киши қўлимдаги жиҳозни ярим соат десам муболаға бўлади, аммо 10 минут томоша қилди.

-Вов,-деди кейин.- Бу нима экан ўзи, номини биласизми?

-Тақсир номини билганимда ўзини олиб келармидим?

-Мен шу ерда 15 йилдан бери ишлайман, аммо бунақа нарса кўрмаганман. Бу қаерга ўрнатилган экан?

Унга тушунтириб берсам׃

-Сиз “Пулте” қурган уйларда яшасангиз керак. Улар ҳатто ҳамма жиҳозларни ҳам ўзлари яратадилар. Бу ҳам бизнес. Сизни ўзларига боғлаб қўядилар. Уларга ёзинг, юборишади,-деди.

Ҳафсалам пир бўлиб машинамга ўтириб, Озоданинг “Ойдай тўлин-тўлин..” қўшиғини тинглаб, ўйга ботдим. Сувни бекитганман. Қувурлар очиқ. Қандай қилиб 2-3 ой кутаман. Уста чақирсаммикан?

Шунда ёдимга биринчи қаватдаги хонага душ ўрнатган асли афғонистонлик Абдуманннон ака деган танишим келди. У ўшанда пластик қувурлар чиққани зўр бўлгани ва уларни бир-бирига елимлаш жуда қулайлигини роса мақтаганди. Иш жуда осон битганини ўзим ҳам кўргандим.

Шунинг учун қувурдан бошлаб бу ёғига ҳамма нарсани алмаштираман, деган қарорга келдим. Ортга қайтгим келмади ва бошқа кўчадаги Lowes деган каттароқ хўжалик моллар дўконига бориб, пластик елим ва унга боғланадиган босим жиҳозини сотиб олдим. Қиммат эмас, 12 доллар бўлди. Қайтиб келиб иш бошласам, елим ушламади. Унинг қўлланмасини ўқиб чиқдим. Унда қувурга елимдан олдин дастлабки тозалагич модда суртилади дейилган экан. Аламимни яна қўшиқдан олиб, баландлатиб қўйиб, дўконга қайтиб бордим. Ҳалиги нарсани олиб қайтиб келсам, мен асли елимнинг бошқа турини олган эканман. Яна қайтиб боришимга тўғри келди. Керакли рангли елимни топиб, касса ёнига келсам ҳамён уйда қолиб кетган экан. Падарига лаънат!

Бу орада болалар уйғонган ва вақт тушдан ўтиб бўлганди. Икки марта эски жўмракни ўрнатиб, ҳар нарсага тўлдириб сув олиб қўйдиргандим.

Умр йўлдошим болаларни олиб, озиқ овқат дўконига кетишганди. Телефон қилсам, хайрият қайтиб келишибди. У ҳамёнимни олиб келди ва кичкина бир қутидаги рангни иккита машина билан олиб келган бўлдик.

Ҳамма ишни битириб жўмракни ўрнатаман десам боғловчи қувур калталик қилди. Яна бориб келдим, десангиз. Ташқарида қоп қоронғу бўлган бир пайтда ишни битирдим. Сувни очишга юрагим бетламади. Чунки эрталабдан бери неча марта очган бўлсам доим ҳар томонга сув отилиб кетаверди-да.

Хуллас, сувни очдим. Ташқарида қоронғу, менинг дилим ёруғ. Уйда байрам. Ҳамма мени қутлай бошлади.

Бажардим!

Жўмракка қараб туриб׃

-Беш минутлик иш экан,-дедим.-Шунга 12 соат сарфлабман-а?

Уйдагилар менга жилмайиб қарашди.

Лекин зарар қилмадим. Ҳам иқтисодий ва ҳамда маънавий фойда қилдим.

Бундан кейин бундай юмушни беш дақиқада бажараман. Чунки энди нима қилишни биламан-да!. Ўргандим. Ҳатто кейинги шанба куни ҳамма жўмраклардан уй қурувчилар ўрнатган босим жиҳозларини олиб ташлаб, дўконларда бўлганини қўяман. Бу ҳам мустақиллик!

…Жўмрак бузилса, уста чақирмай ҳам бир амаллаб тузатиш мумкин, аммо жамият бузилган бўлса-чи? Тузатиш осон бўлмайди. Бунинг устига бу жамиятга бегона эсангиз, ҳеч қачон ҳукуматда ишламаган ва бошқариш нима эканлигини билмасангиз, тажрибасиз бўлсангиз вой ўша жамиятнинг ҳолига. Айниқса бу жамият устабузармонлар қўлида хонавайрон қилинган бўлса?

ЖМ.
2007.

11 Responses

  1. Жаҳонгир ака,нотаниш ишни бошлашдан аввал бир компни очиб гугллатинг.Фойдаси бор. Илк сауна обшивкамни гугллаб гугллаб ўрганганман. 2 хафтада 280 ақш сўми олгандим.Ҳозир 4 кунда битираман. Америка сантехниклари бир жўмрак алмаштириб 200 олса,мен борадиган ерлар экан. Ҳукуматни роботлаштириш керак. Пора олмайди,Ҳар йили коттеж солмайди,дам олмайди. минг минглаб паразит амалдорлардан эконом қилганимизни бошқа соҳага сарфлаймиз.Майли,ишимни давом эттирай, бугунги планни бажарай.Саломат бўлинг.
    пост скриптиум: кайси онлайн мессенжерда топсам бўлади сизни?

    • Facebook sizning ma’lumotlaringizni sotib pul qiladigan joy, sizni manipulyatsiya qiladi, Odnoklasniki FSB va SNBning kontrol markazi-boshqaruv joyi. Sizni boshqarishadi. Massanjerlar bularning asl basharalarining kseriokopiyasi. Shunday ekan bu joylardan meni topolmaysiz. Eng yaxshisi elektron pochtamga yoki ushbu saytimga “prosto” yozishdir.
      Uzr, nima qilamiz, “shunaqa zamondan” orqada qolgan, konservativman.

  2. Гапларимни сал жиддийроқ қабул қилибсиз,охирги гапингиздан маълум. Савол:**** Бунинг устига бу жамиятга бегона эсангиз, ҳеч қачон ҳукуматда ишламаган ва бошқариш нима эканлигини билмасангиз, тажрибасиз бўлсангиз **** ўринли эътироф,айнан ҳукумат ишларини тушунмайдиган,аммо фидокор ва ватанпарвар одамлар жуда кўп. Булар қандай йўл тутиши керак? иккинчи савол: Сиз танқидни (ҳар қандай кимсадан ва ҳар қандай кўринишда) кўтара оласизми? Узоқ ўйлаб ҳаққоний жавоб беринг. Масалан мен ўзимни настояший танқидхўр деб билардим яқин кунларгача,аммо кибрдан тўлиқ қутулмаган эканман,бир танқид(асосли) эшитиб(кўнгилга яқин кишидан)бироз каловланиб юрдим.
    учинчи савол:Асарларингизда айрим шахсларнинг хоинлиги ҳақда ёзгансиз фактларга асосланиб.Уларам ўз навбатида сизни айблашади.Балким уларам ҳақдир.Сиз ҳам идеал инсонмассиз,бирор жойда била туриб хато(хиёнат ва ҳк)қилганмисиз?
    Ҳозирча шу,саволлар пайдо бўлса мурожаат этаман.

    • -Ҳар қандай гап ҳам жиддийдир, ҳатто ҳазил ҳам, сатира ҳам жиддийдир.
      -Консервативлигимни англаганингиз учун раҳмат.
      -Ҳукумат ишларини тушунмайдиган,аммо фидокор ва ватанпарвар одамлар жуда кўп дебсиз. Марҳмат майдон уларники. Камина бир неча йил олдин “мухолифат”дан “пенсияга” чиққанман. “Мухолифат” аъзоси бўлмасликка ҳаққим борми ёки бундан ҳам маҳрумманми?
      -Асосли танқидни кўтаролмаганимда бу майдонда 40 йилдан бери турмасдим. Қачонлардир пақирнинг жойи панада бўларди.
      Мухолифлик ҳеч қачон каминага яшаш манбаи бўлмаган. Худога шукур сиз каби бошқа касбим бор. Нонимни ҳаром сиёсатдан эмас, сиз каби ҳалол меҳнатимдан топаман. Агар танқид деб асоссиз туҳмат қилишса, сўкишса жавобсиз қолдирмайман.Бир “мушт”га икки “мушт”. Муттаҳамларгина туҳматларга қўл силтайди.
      -Тўғри идеал инсон эмасман,хатоларим ошиб-тошиб ётган оддий бир инсонман. Лекин ҳеч қачон миллат ва мамлакатга хиёнат қилмадим. Аслида хиёнат қилиш мумкин бўлган вазифаларда ишламаганман. Хизмат қилиш қийин бўлган вазифаларда миллат ва мамлакатга бор кучим билан хизмат қилганман. Бу кимгадир мақтаниш бўлиб кўринар, лекин қалбимни, иймонимни кўтариб юрган катта ҳақиқатим бу.
      Мақтовкутарларни мақтай олмаслигимни хиёнат дегувчилар бор. Нима қилай, арзиганларида мақтардим. Мақтаганларим ҳам кўп. Уларнинг аксарияти шунга лойиқ деб биламан. Баъзиларида адашдим ҳам. Мақтовкутарларни бундан кейин ҳам мақтай олмайман. Улар ўзларига “пахтакор”лардан дўст қидирсинлар. Зотан шундай бўлиб келган ва шундай бўлмоқда ҳам.

  3. ВАҚТ ЎҒРИСИ КИМ?
    Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Шавкат Муҳаммаднинг “ТУРОНЗАМИН”да ёзганларини ўқиб, унга тан бериб изоҳ ёзган эдим.
    Шавкат Муҳаммад- бу Жаҳонгир Муҳаммаднинг ўғли эмасмикин дея кўпдан бери савол ҳам юбормоқчи эдим….
    Шавкат Муҳаммаднинг ҳажвлари жуда ҳам ажойиб унга тан беришдан бошқа чорам йўқ!
    Аммо мен билган лидерлардан бири бўлмиш бу каби инсонни оддий нарсаларга эътибор бермагани мени ҳафсаламни пир қилди!
    Жаҳонгир ака!
    Шу кунларда “Қувғин” асарининг 2- қисмини тугатдим.
    Мен биринчи қисмда уни қисмларга бўлиб ўқишга мажбур бўлдим. Чунки бир инсоннинг ва унинг атрофидаги инсонларнинг ҳолати ҳар бир кишини истасада ёки истамаса кўзига ёшлар келишига сабаб бўлиши аниқдир!
    Иккинчи қисмга ўтар эканман, роса ичак узди ҳангомалар бўлгани худди Афанди ҳазратларининг олдига бориб улардан суҳбат олганим каби бўлди…
    Биринчи қисмда ачинган бўлсам, иккинчи қисмда кулдим!!!
    Кейин ўйлаб кўрсам, мен ўзбек халқи устидан ва ўз устимдан кулаётган эканман…
    Адиб ёзган асарнинг иккинчи қисми чиройли ёзилган ва унда ҳақиқатлар очиб берилган.
    Мен эса шу ҳақиқатлар сабаб кулган эканман!!!
    Иккинчи қисм менинг тўлиқ бир кунимни олди…
    Бунга эса автор сабабчи..
    Автор бир кунимни йўқотиш эвазига менга меҳмон бўлишига қарздор!!!
    Учинчи қисмни ўқишни бошласам, унда неча кун ёки неча йил ёхуд неча аср авторнинг қарздорлигини айтишим мумкин бўлади!…
    Тўғри! Қўпол қилиб айтсак бу ҳаёт аслида жўмрак ва жамият экан… Уни алмаштирадиган усталар кўп!!!
    Улар ҳам ўз жўмракларини қуриб бизни ўзларига “боғлаб” қўядилар. Бу дегани кимни лидер қилиш аслида “ЖЎМРАКЧИЛАР”нинг ишидир.
    Бизлар эса эски жўмрак ва жўмракчилардан қутилишимиш лозим деб ўйлайман…
    Вақт ўғриси аслида жўмракчилар экан….
    Ҳурмат билан…

    • -Гап жўмрак ва жўмракчида эмас, гап сувнинг келиб келмаслигида. Вақтингиз беҳудага кетмади. Ҳеч бўлмаганда вақтни бекорга йўқотмасликни ўргандингиз. На илож сохта ватанпарварлик қилиб сизни алдай олмайман. Эртага инқилоб қиламан деб ҳам алдамайман, ўзгаришлар остонада, кутинг деб ҳам алдамайман. Чунки кўпчилик алдовни кутсада сиз ҳақиқатни кутишингизни биламан. Ҳақиқат эса аччиқ. Бир неча йил олдин айтган галаримдан баъзиларини йиллар ўзгартирди.
      -Шавкат Муҳаммад ҳақиқатдан ҳам зор қалaмкаш, Қаламнинг пири!

  4. -Ҳукумат ишларини тушунмайдиган,аммо фидокор ва ватанпарвар одамлар жуда кўп дебсиз. Марҳмат майдон уларники. *****мен аниқ жавоб кутгандим…
    Саволим шунчаки енгил елпи эмас. Сизда тажриба бор.Тажрибангизга асосланиб аниқроқ жавоб берсангиз.Сиз фаол сиёсатдан пенсияга чиқдим дедингиз,лекин ҳодисаларни кузатишда давом этяпсиз. Менинг саволим сизга масъулият юклайди,шунинг учун жавобдан қочманг. ва сиздан келиши эҳтимоли бор *қалбингизга қулоқ тутинг *деган чиройли жавобларни қабул қилмайМИЗ. қайси йўлдан кетишни билмаганлар кўп.
    Жавобни истасангиз шу ерда қолдиринг ёки почтамга юборишингиз мумкин.

    • -Тажрибларим, Ўзбекистон қайси йўлдан кетиши ҳақидаги мулоҳазаларимни қайта-қайта бир неча марта ёзганман. Ҳаммаси сайтда турибди.
      -Бугунгача саволдан қочмадим, бундан кейин ҳам шундай бўлади.
      -“Пенсия” масаласида бир пайтлар “Нега ёшларга йўл бермайсизлар?” деб бот-бот танқид қилишганда танқидни қабул қилиб,марҳамат деб фаол сиёсий ишни ёшларга топширгандим. Ўшани назарда тутгандим.
      -Агар кимда-ким маслаҳат сўраса ва қўлимдан келса, албатта бундан чекиниш йўқ.
      -Сиз каби ўзбек демократ ёшлари орасида янги бир ҳаракат тузиш нияти борлигини эшитиб қолдим. Улар агар истасалар ва лозим бўлса ёрдам беришга ҳозирман. Истамасалар ҳам ортдан қўллайман. Чунки бугун Ўзбек ҳукуматига қарши алтернатив демократик сиёсий куч йўқ. Бу битта менинг фикрим эмасю дунё жамоатчилиги ва ҳатто ҳукуматлари ҳам шу фикрда. Шунинг учун ҳам Каримовни қўллашдан бошқа йўллари йўқлигини баҳона қилмоқдалар.
      Дарҳақиқат майдон бўш ва демократ ёшлар бу бўшлиқни тўлдирсалар мамлакат келажагини бугунгиданда даҳшатли кунлардан қутқариб қолган бўладилар.
      Ҳурмат билан ЖМ

  5. Айтганча,Жаҳонгир ака ва Мр.Қалампир,мен ҳақдаги ёқимли фикрларингиз учун катта раҳмат.Мен шунчаки бекорчиликдан ёзиб юрган ёзувларимга эътиборла баҳо берибсиз,ташаккур Сизга. Бундан кейин ёзадиган ёзувларимга масъулият билан қарайман.

  6. […] МУҲАММАД: (“Жўмрак ва Жамият“ни […]

  7. […] MUHAMMAD: (“Jo’mrak va Jamiyat“ni […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: