Хотира

ЭЪТИРОФ

Истеъдодли ва заҳматкаш журналист Аҳмад Исмоиловнинг сўнгги иш жойи “Тошкент ҳақиқати” газетаси эди. У оламдан ўтганда жуда кўп журналистлар қатори мен ҳам кўзимда ёш билан уни мангу йўлга кузатиб қолганман.

1974 йилда Тошкент Давлат университетининг Журналистика факултетида ўқиган пайтимда, иқтисодий шароитим оғирлашиб, иш қидириб қолдим. 17-18 ёшли, тажрибасиз йигитни ким ҳам ишга оларди? Сарсон бўлганимни ва қийин шароитга тушганимни кўрган мен яшаётган уйнинг эгаси Илёс ака қўшни маҳаллада истиқомат қиладиган журналист Расул Раҳмонов билан таништирди. У менга эртага туш пайти Навоий театри ёнига боришимни уқтирди. Эртасига борсам у бир ўрта бўйли, кулча юзли, ҳайли семиз одам билан фаввора ёнида гаплашиб турган экан. Салом бериб, узоқроқда тўхтадим. Расул ака у одамга бир нарсалар дегандан кейин у менга яқинроқ келиб:

-Битта савол бераман, жавобинг ёқса, ишга олиндинг, бўлмаса ўзингдан кўр,-деди.

Шошиб қолдим. Бунинг устига Расул ака:

-Бу киши Аҳмад Исмоилов бўладилар, эшитган бўлсанг керак,-деди.

Аҳмад Исмоилов номини кўп эшитганим, ҳар куни “Тошкент ҳақиқати” газетасининг тўртинчи саҳифасида унинг номига кўзим тушиб тургани учун довдираб қолдим.

-Қани айт-чи, журналист дегани ўзи ким?-деди Аҳмад ака.

Ўқишга кирган йилим биринчи дарсда домламиз Мухтор Худойқулов шу мавзуга яқин эркин иш ёздирган эди ва мен “Журналист-давлат арбоби” деб ёзганим ёдимга тушди ва шундай дедим.

Аҳмад ака бироз ўйлаб турди-да, кейин Расул акага қараб:

-Кўрдингиз-ми, ёшларнинг фикри хазина бўлади,-деди ва менга юзланиб:

-Бориб Эътибор опангга айт, сени ишга олдим, иш соатларингни ўқишингга мослаб, режалаб қўйсин,- деди.

Эътибор опа газетанинг Корректура бўлимида раҳбар экан. Шу билан “Тошкент ҳақиқати”да ишлай бошладим. Бу масканда Соат Мусаев, Назармат, Эргаш Муҳаммедов каби жуда кўплаб журналистлар, адиблар ҳам худди Аҳмад ака каби менга қучоқ очиб, иш ўргатишган.

Аҳмад ака чапақай эди. У бир қарашда мақоланинг қандайлигини билиб оладиган маҳоратга эга эди. Чап қўллаб, қизил қалам билан қўйган сарлавҳалар ҳаммани ҳайратга соларди.

Бир куни у мени чақириб:

-Ёшлардан бирортаси билан корректурада ўтириб тур, бироздан кейин Шароф ака келадилар, у киши ўзлари гап қўшмагунча гапирма,-деди.

Биз ишлаётган кўп қаватли бино янги бўлиб, Шароф Рашидов зиёратга келаётган экан. Биз 14 қаватнинг йўлак бошидаги хонада-корректурада гранкаларни ўқиб ўтиравердик. Рашидов ва ҳамроҳлари бизнинг хонага киришди. Биз бош кўтармасдан ишимизни қилавердик.

-Ассалому алайкум,-дея Рашидов келиб бизлар билан кўришди ва бино ҳақида сўради.

Рашидовни кузатиб қўйишгач, Зариф ака деган ҳазилкаш журналист келиб, бизнинг қўлимиздан ўпди ва:

-Қани ҳамма бу олтин қўллардан ўпсин!,-дея ҳазил қилди.

Орқадан Аҳмад ака келиб қолди ва:

-Давлат арбоблари ҳам шунақа ҳазил қилади-ми?-деди.

Мен унинг киноясини тушунмадим. Кечга томон у мени чақириб:

-Табриклайман, мана бунга қара!-деди.

Биринчи саҳифанинг хомакисида “ЖУРНАЛИСТ-ДАВЛАТ АРБОБИ” деган сўзлар катта ҳарфлар билан ёзилганди. Кейин билсам, ўшанда Расул Раҳмонов билан Аҳмад ака Шароф Рашидовнинг нутқи ҳақида гаплашаётган ва менинг гапим уларга маъқул бўлгач, нутққа қўшишган экан. Рашидов журналистлар даргоҳини зиёрати баробарида мажлисда бу нутқни ирод қилгач, ҳамма газеталарда бу гап сарлавҳага айланиб кетди. Аҳмад ака доим шу ҳақда гапириб юрди.

Унинг бир одати бор эди. Ёшларга катта пул бериб, кичик бир нарса олиб келишни буюрар эди ва қайтимини олмас, “Эртага бошқа нарса буюрман” дер эди. Эртага эса бошқа пул берарди.

У ёшларнинг ғурурига тегмайин, деб шу йўл билан уларни иқтисодий жиҳатдан дастаклар эди. Умуман у ёшларни жуда қўллайдиган одам эди.

Айтишларича, Шароф Рашидов “Қизил Ўзбекистон” газетасида бош муҳаррир бўлганда, Аҳмад ака масъул котиб экан. Ўшанда Рашидов у кишини “Пулнинг қадрига етмайдиган одамсиз” деганини эшитганлар бор экан. Лекин ҳаммада ҳам ана шундай хислат бўлавермас экан, у пулнинг қадрига етмаса ҳам одамларнинг қадрига етадиган журналист, давлат арбоби эди.

“Тошкент ҳақиқати” газетаси Аҳмад Исмоилов бош муҳаррир бўлган йиллари Ўзбекистондаги энг ўқимишли, энг саводли нашр эди. Буни барча журналистлар чин дилдан эътироф этишарди.

ЖМ.

2 Responses

  1. Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Газета бу ҳақиқатдан ҳам барча маълумотларни намоён этадиган ойнадир.
    Бугунки кунда Ўзбекистонда барчага маълумки, умуман олганда барча газеталар “рамка”нинг ичида. Мустақил бир газета йўқ. Номи мустақил бўлиши мумкиндир, аммо ўзи мустақил эмасда барибир!
    Сизнинг фикрингизча Ўзбекистондаги бир “ажойиб режимда” газетани ҳақиқатдан ҳам мустақил қилиш мумкинми?! Ўзим ҳам биламан, бу иш умуман мумкин эмас!
    Аммо, Сизда ажойиб ғоялар яшириниб ётибди!!!
    Ҳурмат билан…

    • Айтганингиз каби бугун мумкин эмас.Ҳатто 1990-1991 йилларда қийин бўлганди. “ИАК”нинг “Юзма-юз” бўлимида бунга мисол бор.
      Бугун эркин электрон газеталарни электрон манзилларга йўллаш мумкин. Лекин уни ҳам очишмайди. Самоцензура қарор топган.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: