КУНДАГА ҚЎЙИЛГАН БОШ
ёки мустақилликнинг машаққатли йўллари хусусида сўз
МОЗИЙГА МУРОЖААТ
Сайхун ва Жайхун ўраб турган бу заминнинг “пешонаси шўр” экан. Нега дейсизми? Ахир қайси юрт бу қадар кўп азият чеккан, бу қадар кўп талофат берган, бу қадар кўп қони тўкилган? Уч карра тили, етмиш етти марта қўли кесилган бу юртнинг тақдири ҳақида ҳали ҳеч ким аниқ тасаввурга эга эмас ва ҳали бери бу қусур барҳам топмаслиги аниқ.
Кимлар босиб олишни орзу қилмади ва кимлар босиб олмади? Жангу жадалсиз ўтган йили борми бу юртнинг? Гоҳида Машриқ тарафдан, гоҳида Мағриб ёндан отлар дупури келиб турди, ўқлар ёғилди бошига. Баъзан Спитамен бўлиб кўкдан ёғилган ўққа кўксини қалқон қилди ўғлонлари. Баъзан Муқанно бўлиб ловуллаган оловга кирди жигарбандалари. Темур Малик бўлиб ёғийга ёпирилди. Жалолиддин Мангуберди бўлиб саманда сакради саркардалари. Соҳибқирон Темур ҳазратнинг ҳам кўксига қонли из бўлди ёвнинг шум ниятлари.
Бироқ олов ичида, жанг қуршовида, ўқлар остида юксалишдан тўхтамади бу юрт. Улуғ Сино бўлиб кўкарди, Беруний, Ал-Хоразмий бўлиб тафаккур дарахтига айланди, Ал-Фароб, Фарғоний ва Мирзо Улуғбеклар бўлиб дунё илмхонасига йўл солди, Мир Алишер, Заҳириддин Бобур бўлиб куйлади, Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Ат-Термизий, Хўжа Аҳрори вали бўлиб одоб – аҳлиқ салтанатини устувор этди. Чўлпону Усмон, Фитрату Қодирий бўлиб жонини жабборга берди бу юрт.
Нева соҳилида уйғонган Пётрнинг тушларига бу юртнинг олтинлари кирди. Екатеринадан тортиб, инқилоб қиличидан йиқилган Романовларга қадар ва сўнг Брежневгача ҳам, бу юртнинг тиллолари, бойликлари, маҳнат учун яралган “олтин қўллари” тинчлик бермади.
Биз бугун мустақиллик ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало, юртимизни кимлар ва нима учун босиб олишганини англаб етишимиз керак. Таассуфки, ҳали болаларимиз “ихтиёрий қўшилганмиз” дея сабоқ олишмоқда. Ҳали генерал губернатор Кауфманнинг “Элни тиз чўктириш учун унинг маданиятини яксон қилиш керак” деган “пурҳикмат” сўзларини фарзандларимиз билишмайди. Скоблев, Черняев деган зотларнинг қиличидан оққан қон доғлари тарихимизнинг чанг босган саҳифаларида кўринмасдан қолаётир. Регистон мадрасасида отиб ташланган талабалар руҳи қарийб бир асирдирки, осмонимиз узра чирқиллаб юрибди.
Эндигина Қодирий дафтарини очдик. Усмон мустақиллик учун занжирланганини билдик, холос. Бироқ, мозий узоқ ва яқин ўтмиш ҳали қоронғулик ичра мағлуб бўлиб турибди. Ҳали нур ёритган эмас бу кенгликни.
Мустақил жумҳуриятнинг фозилу-фузалолари илм нури ила бу оламни ёритажакларига ишончим комил. Шу боис ўзим “тишим ўтадиган” кунлардан сўз очмоқчиман. Зеро, бугун тўла мустақиллик ўзи келмаслигини ҳар биримиз идрок этишимиз ва ҳар биримиз у ҳақда ўз сўзимизни айтишимиз шарт.
ДОҲИЙ ДАҲОСИ
Кимки оламдан ўтмасин, уни ерга топширар эканмиз, қабристонда “У қандай одам эди?” деган савол берилади. Ҳамма “яхши эди” дейди. Бу улуғ ҳикмат. Чунки у дорил фанодан дорул бақога кетди. Энди уни қайтариб ололмайсиз. Уни ҳақорат қилсангиз бошингизга кулфат ёғилади. Уни сўроққа тутаман десангиз тилингиз тошга айланади. Аммо “Доҳий тирик!” деган гап қонимизга сингиб кетган. Қолаверса, жасадини ҳали ҳач ким ерга топширган эмас.
Мен Ленинни сўроққа тутиш ёки айблашдан йироқдаман. Фақат ошкоралик кунларида очиқча гапириш учун ул зотни эслаш жоиз деб ўйлайман. Негаки, бугун биз Октябр инқилобидан буён мустақиллик учун курашимизни яшириб келганимизни тан олмоқ учун ҳам уни эслаш зарур. Болаликдан тилимиз Ленин деб калимага келди. Ҳатто эр-хотин муносабатларида ҳам ленинча назариялар яратилди. Болалар Ленин руҳида тарбияланди. Унинг коммунизмга элтувчи асарлари хонадонларимиз бойлигига айланди. Шу даражага келдики, Ленин ролини ижро этган артистларнинг кўксига олтин нишон тақиш таомилга кирди. Бу зотнинг номи берилмаган маскан қолмади.
Бу унинг айби эмас. Бу бизнинг, қолаверса, бизни қулликда сақламоқчи бўлган улуғ ленинчиларнинг ишлари ва балки қилмишларидир. Ахир Лениннинг тўла асарлар тўплами ҳам чала бўлиб чиқди-ку?! Юртларни босиб олиш, мустамлакани кучайтириш хусусидаги “асарлар” шу пайтгача яшириб келинган экан-ку?! Яқинда ошкор этилган мана бу сатрларни бир ўқиб кўринг-а, таржима қилишга қўл бормайди:
“… Постараться наказать Латвию и Эсландию военним образом ( например “на плечах” Балаховича перейти где либо гранитсу хоть на 1 версту и повесить 100 – 1000 их чиновников и богачей) …”.
“Даҳо”нинг бу асарлари яқинда партия архивидан топилди. Ҳатто , Ҳиндистон, Корея, Афғонистон, Инглизистон, Эрон, Туркия, Гретсияда ҳам ана шундай йўллар билан ҳам қўзғолон кўтаришни башорат қилган эканлар. Мўғулистонга қўзғолон учун пул ва отряд жўнатиш ҳақида кўргазмалар берган, Фин тўполонларига 10 миллион сўм “ёрдам” юбортирган эканлар. Марказий матбуотда эълон қилинган бу ҳужжатларга разм соларканман, ҳозиргача улуғ доҳий васиятларига қанчалик содиқ қолингани ҳақида ўйлайман. Узоққа бормайлик. Паркент воқеаларини эсланг. Бу хусусда кўп гапирилган, аммо кам ёзилган. СССР Ички ишлар вазирлигининг махсус дивизияси вакили М.П. Салютин имзо чеккан бир ҳужжатдан мисол келтираман:
“1990 йил 2 март. соат 13.05. Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Волков СССР Ички ишлар қўшинлари раҳбариятига қўнғироқ қилиб Паркентга 100 ҳарбий машина юборишни, бу ерда учинчи март куни рухсат этилмаган митинг бўлиши эҳтимоли борлигини ва оммавий тартибсизлик бошланиб кетиши мумкинлигини айтди”.
Дарҳол қўшин Паркентга қараб йўл олди. ( Кейинчалик Ўзбекистон Олий Кенгаши комиссияси бу ҳаракат мутлақо нотўғри бўлганини аниқлайди. – Ж.М.). Бўкада оммавий қирғиннинг олди олинди. “Даҳо” васиятига содиқ, айни пайтда Ўзбекистонни қўлдан чиқариб юбормасликка аҳд қилган зўравонлар ташвишга тушдилар. Энди, нима бўлса ҳам Паркентда олов ёқиш керак эди. Бунга қандайдир даражада эришдилар ҳам. Аммо кутилган натижа бўлмади. Ўзбекистон ёнмади. Сўнг каттароқ оператсияга киришилди. Энди иш Ўшда бошланди. Бу сафар Ўрта Осиёга олов қўйилиши керак эди. Охир оқибатда тағин уларнинг режалари барбод бўлди.
Бугун “мустақиллик ўзи келмайди, унинг учун курашиш керак” деган гапларни кўп эшитамиз. Ҳа, курашиш керак. Биз нафақат курашдик, балки бу йўлда қон ҳам тўкдик. Фарғонада йиқилган йигитлар, Қўқонда ўққа тутилганлар, Паркентда шаҳид бўлганлар, Ўшда жон берганлар – булар мустақиллик учун қурбон бўлганлардир. Мустақиллик майдонида қад кўтаражак “Озодлик” ёдгорлиги ана шуларнинг ҳаммасини мужассам айламоғи керак.
Энг даҳшатлиси шундаки, Ленинниг куч ишлатиш ҳақидаги башоратлари КПСС Марказий Комитетининг иккинчи одами, Бош котиб ўринбосари Ивашконинг иш столидан ҳам топилди. Мана сизга жумбоқнинг калити. Бу ёғини тушуниб олиш учун донишманд бўлиш талаб этилмайди.
АДАШГАНЛАР, АДАШМАГАНЛАР
Сафар учрашувларида кекса бир отахон қизиқ савол бердилар:
– Болам, оз эмас, кўп эмас, саксонни қоралаб қўйдим. Сен менинг саволимга фақат тўғри жавоб бер. Чунки сен эшитган, ўқиган, мен эса барини кўрганман. Қани айтчи, инқилобдан нима орттирдик?
Ўйланиб қолдим. Ҳеч нарса дейишга ҳаққим йўқ. Чунки қаршимда тирик тарих, гувоҳ турибди. Кўп нарса йўқотдик, деганларнинг гапини такрорласаммикан? Балки орзуларимиз етти етим бўлиб қолганини гапирсамми? Бир лаҳзада ҳаёлимда ана шу сингари ўн саккиз минг савол айланди. Жавоб эса юракда экан.
– Сайлаш ҳуқуқини орттирдик. Аммо шуни ҳам баъзан раҳбарнинг алдов-қалдовига алмаштирдик, баъзан лоқайдлик йўлига қурбон қилдик, баъзан кимгадир, нимагадир сотдик…
Ана шунинг учун ўнгланмаяпмиз. Чунки бу ҳуқуқ ўзимизнинг қисматимиз, онамизнинг тақдири, отамизнинг армони, боламизнинг истиқболи эди. Биз эса буни гоҳ англаб, гоҳ англамай топтадик. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон эди. Ўзимиз уни менсимасдик, қўш қўллаб манфаатпарастларга топшириб қўйдик…
Жавобим чўзилиб кетди. Аммо отахон индамай қўлини фотиҳага очди:
– Илоё худо менинг гуноҳларимни авф этсин. Мен энди ким учун, нима учун овоз беришимни биламан. Фақат менинг овозим билан Ўзбекистон ўнгланармикан? Тангридан ўтинчим шуки, менга ўхшаганларнинг кўксига Ўзбекистон учун овоз бериш ҳукмини солсин!
Бу қуруқ ва қизил гапларга ўхшайди. Йўқ, бу оддий ҳақиқат. Халқимизнинг кўзини боғлаб қўйишган, тилини “қўрғошинлаб” ташлашган эди. Шу боис унга оқ ҳам қора рангда кўринар, дилидаги гапи ўзининг шахсий мулки бўлиб қолаверарди. Унинг яккаю ягона эрки – сайловдаги овозини юлиб олиб катта минбарлардан гапирадиган ўғил – қизлари ҳам гунг ва кар эдилар. Улар гапирардилар, лекин асосан ўргатилган , ёзиб берилган, тўқилган, ўйлаб топилган бўларди бу гап. Улар эшитардилар, бироқ халқ дардини, аламини эмас, кўпгина юқоридаги тўраларнинг “ҳикматларини”. Аммо бугун халқнинг кўзи очиқ, дилидагини гапиряпти. Зеро, қаердаки сўз тирик экан, демак ўша ерда ҳали ҳаёт бор.
Аммо отахоннинг “Фақат менинг овозим билан” деган титроқ саслари, ҳамон қўлоқларим остида. Бу жумбоқ замиридаги маънони Ўзбекистон Олий Кенгаши биринчи сессиясида англадим. Жумҳурият тақдири муҳокама бўлаётган чоғда “Фақат икки дақиқа сўз беринг, Ўзбекистон тақдири билан боғлиқ таклифим бор!” дея раисга хат ёздим, сўз ололмадим. Нима демоқчи эдим.
“Азиз дўстлар! Биродарлар фақат бир ёқлама мустақиллик ҳақида ўйласак, хато қиламиз. Аввало бизга иқтисодий мустақилликни эркин фикрлашимиз учун, мафкуравий, маънавий, ахлоқий мустақиллик зарур. Шу боис ҳам иккаласини ёнма-ён муҳокама қилайлик. Бизнинг қадриятларимиз, маданиятимиз, пок аҳлоқимиз бўронга учраб таназзулга юз тутмоқда. Қачонгача мажбурий “тарбия” таъсирида бўламиз? Бугун мафкуравий бўрон йўлларини ёпайлик…”.
Раислик қилувчи сўз бермагандан кейин депутатларга мурожаат қилдим.
– Фақат бир дақиқа сўз беринглар, жумҳурият тақдири билан боғлиқ таклифим бор!
“Вақт кетяпти”, “ Бу аҳволда қачон уйга қайтамиз“, “Йўқ бермаймиз…”. Шу дақиқада халқ билан юзма-юз бўлмаган, бир мавзедан фақат ўз номзодини қўйиб, одамларни танловсиз сайловга рўбарў қилган ва сайлов эмас, сийлов нашъасини сурган “фарзандлар” нафасини сездим.
Индамасдан кета олмас эдим. Президент ҳузурига бордим. Таклифимнинг маъносини шарҳлаб бердим:
– Нега олдинроқ менга айтмадингиз, – деди у.
Гап шундаки, шу нафас сессия охиригача ҳукмронлик қилганди. Исташса, муҳокамага чек қўйишди, исташса, саволларни бўғишди. Ниҳоят, сессия якунланаётган кунда бу яна ҳам ёрқинлашди.
Бир кун аввал жумҳурият дарди – ҳарбийга чақирилувга доир масала элни титратди. Кимдир ёниб сўзлади, кимдир тутаб, кимдир йиғлаб гапирди, кимдир лоқайдлик билан. Қарор ҳеч кимни қониқтирмқди. Шу сабабдан эрталаб яна шу масалага қайтиш зарурати ўртага қўйилди.
Ким учундир темир тобутларнинг ичида ётган жасадлар бегона, аммо даладаги иш муҳим! Ким учундир тинч кунларда армиядан кўз қароси, жигарбанди – ўғлининг ўлигини олиб келган отанинг, онаизорнинг бўзлашлари ҳеч нарса эмас, аммо далага бориб буйруқбозлик қилиш зарурат.
Рим файласуфи Эпиккетнинг сўзлари ёдимга тушади: “Одам пулсиз, уйсиз, ер-мулксиз қолса садқаи сар – буларнинг ҳаммаси унга тегишли эмас. Инсоннинг ўз ҳақиқий мулки – қадр-қимматини йўқотиши ачинарлидир”. Ҳа, бу мулкни сақлаб қолиш керак. Бунга эришмасак “ адашганлар” сафига қўшилиб кетамиз. Юрт дарди, эл-улус дардидан йироқ қоламиз. Ҳаёт эса барибир ўз ҳукмини чиқаради.
Аммо ана шу адашганлар қисқа вақтда мустамлакадан мустақиллик эълон қилишгача йўлни босиб ўтдилар. Уларга ишонгим келади. Уйғонаётган юртга; уйғонаётган ўғлонларга ишонгим бор. Фақат улар энди яна кўзларини юммасликлари, юрт тақдири ҳал бўлаётганда пинакка кетмасликлари зарур. Акс ҳолда буюк мустақиллик, эндигина кўкара бошлаган демократиямиз, ҳали бугун кўзи очилаётган булоқ – ошкоралик қўлимиздан кетади. Буни истамайдиганлар кўп. Ўзбек элини манқуртлар элига айлантириш умидида жон фидо қилаётганлар оз эмас.
Шу пайтгача кўп адашдик. Энди адашиш – ҳалокат. Бугун – синов, тарихий синов даври. Синов даврида адашганлар дўзахнинг анг оловли ҳилқатларига тушган каби азоб чекишлари аниқ. Худо ўзи асрасин адашмоқдан!
“КУЧ АДОЛАТДАДУР! “
Яқинда ўзини дунёга устун деб юрган сиёсатдонлардан бири “Россия суверенитет ҳақида ҳаракат бошлади-ю, ҳамма унга эргашиб қолди” деб ёзди. Бироқ мустақиллик учун бизда кураш бошланганда шу зот туғилмаган эди. Намоз Ботирдан тортиб чўлу биёбонларда, тоғу- тошларда жон берган минглаб Мадаминбеклар нима учун жон бердилар? Тўғри, ҳали биз ўзимиз уларни англай олмаяпмиз. Бироқ бу бор, бўлади!
Кейинги йилларда дардимиз ичимизда эди. Илк марта сайловлар арафасида камина ҳам очиқчасига гапирдим. Сайловолди дастуримнинг биринчи талаби этиб, халқ иродасини ифодалаб Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш масаласини қўйган эдим. Етилган масалалар – жамият чириб битгани, эл-улус қулга, манқуртга айланиб қолаётгани, дунёнинг энг мазлум ўлкаси бизнинг юрт экани ва хуллас, жамики дардларимиздан фақат мустақиллик туфайли халос бўлишимизни ёзгандим.
Юқорида айтганимиздек, Олий Кенгашнинг бирирнчи анжуманида мустақиллки деган сўз кўпларни чўчитиб юборди. Аммо ўша чўчиганларнинг юраги ҳам мустақиллик, деб тепаётгани юзларидан аён эди. Сўнгра бу муҳим масала Олий Кенгаш Раёсатида кўтарилди… . Кўплаб депутатлар Ўзбекистон Олий Кенгашининг II сессиясида “Мустақиллик декларатсияси” қабул қилиниши учун қаттиқ турдилар. Унга эришиш учун олиб борилган жанг алоҳида ёзилажак катта мавзу… .
(Мазкур мақоламга бош муҳаррир Расул Раҳмонов томонидан қуйидаги сатр қўшилган׃“Маълумингиз, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг розилиги ва қўллаб қувватлаши билан “Мустақиллик декларацияси” II сессияда эълон қилинди” . Бу сатр бутун мақоланинг руҳига зид ва ҳатто қўшилган жойи ҳам жуда ўринсиз эди.-ЖМ).
Тасаввур қилинг, қанча асаб торлари узилди, қанча юрак-томирларида тугун пайдо бўлди. Шундан кейин ҳам мустақиллик ўз-ўзидан келди, деб айтишга асос қоладими?
Назаримда асосий кураш ҳали олдинда.
Зеро, етмиш йиллик давр тафаккуримизни заҳарлади, фикримизни занжирбанд айлади, шу боис бугун икки дарё оралиғидан чиқиб жаҳонни лол қолдира олмаяпмиз. Шу сабаб ҳали ҳам бандага бандамиз.
Етмиш йиллик давр қўлимизга кишан солди. Шу боис маънавияти юксак, санъаткор, меъмор халқнинг қўллари фақат “оқ олтин” яратишга ярайдиган бўлиб қолди. Самарқанд, Хива, Бухоро орзуга айланди. Жаҳон бозорини ҳайратга соладиган маҳсулотимиз ҳам йўқ ҳисоби. Ҳали кишан парчаланмаган, ҳали қўллар ўз ҳолига қайтмаган.
Етмиш йил оёғимиз боғлаб қўйилди. Оқибат дебсинишни ўргандик. Юриш, югуриш ёдимиздан чиқди. Жойимизда айланиб турибмиз, ҳайҳот!
Етмиш йил… еримиз ўлди, ҳаво заҳарланди, сув ифлос бўлди, вужудимиз камқонли бўлди, сариқ касаллиги миллат хасталигига айланди, Орол қуриди, обидалар емирилди, санъат сайқал топмади, ахлоқ айниди, диёнат, имон, эътиқод унутилаёзди… . Мана бизга истиқлол кунида қолган мерос. Мана бизнинг яқин келажагимиз, мана бизнинг кураш, жанг майдонимиз.
Ҳа, ҳали бошимиз кундада. Бошни даст кўтариш учун ана шу ваҳий, оғир мерос – қонли қилични синдирмоқ керак. Бу эса куч талаб қилади. Ҳазрат Темур “Куч адолатдадур!” дегандилар. Демак, энг аввал адолат йўлини, ҳамжиҳатлик йўлини танлашимиз, зарур экан. Ўшандагина бошимиз узра ярақлаб турган қилични улоқтирамиз.
ЖАҲОНГИР МАМАТОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
Ушбу мақола “Ўзбекистон овози” 1991 йил 5 ноябр сонида “Нуқтаи назар” рубрикаси остида чиққан .
Leave a Reply