Изоҳга ҳожат йўқ

“ҚАЛЪА ИЧИДАН ОЛИНАДИ”

-ОДАМЛАР, эл-улус дардидан кўз юмган ўғил – оқпадар, юрт шаъни учун бош кўтармаган ўғил – сотқин, хоин, бахти қаро, волидаси, миллатига хизмат қилмаган ўғил – қўлсиз, оёқсиз, гунг, кар, кўр, қалби сўқир- мажруҳдир!…

-Одамлар, эл-улус дардини англаб, юрт ташвишини тушуниб, онаизор аламини англаб, миллат қайғусини кўриб курашга отланишга ожизлик қилган, ўзида куч топа олмаган ўғил эса ўлик, яъни тирик мурдадир!…

-Инсон дунёга бир марта келади. У яшаб ўтгач, ким бўлганлигини сағана тошидан билиш мумкин. Бу тошда ё саккизта рақам ва унинг исми – шарифи, икки қатор айрилиқ сатри, нари борса , бир шеър битилар. Аммо одамлар қалбида, юрт дафтарида унинг таржимаи ҳолига ажратилган ўрин анча каттароқ ва кенгроқдир. Бу ерда тоштарош ёки марсия ёзувчи шоир ҳам ожиз. Чунки қалб дунёсининг қаерида кимнинг жойи бўлиши жумбоқ . Юрт дафтарининг қайси саҳифасида ким ҳақида ёзилажаги сир. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳақиқат ёзулгусидир. Таассуфки, жуда кўп жой ва жуда кўп саҳифа бўш. Демак, қанча – қанчамизга фақат совуқ сағаналар тарих, холос…

-Одам нима учун туғилади-ю, нима учун ўлади ва у нима учун яшайди? Буни англаб етган зот пайғамбардир, англаб етмаган зот эса одамдир! КУНДАЛИКЛАРДАН.

УЧИНЧИ ОЛОВ

Бирлашмаган халқ, миллат оломонга айланади, бўронлар остида қолади, шунда ҳам бирлашмаса, ёлғиз кимсаларга айланади, бўрилар қўршовида қолади, шунда ҳам бирлашмаса, у йўқолиб, йўқ бўлиб кетишга лойиқ.

ШУ сатрларни ёздим-у ўйланиб қолдим. Кўз ўнгимдан олис тарих Ўта бошлади. Минг йил нари ва минг йил берида ҳам бирлашганлар омон қолишган. Қанча – қанча элатлар тарқоқлик туфайли йўқ бўлиб кетганлар. Агар одамлар уят жойларини ёпишни ҳали англаб етмаган ўша ибтидоий жамоа даврида бирлашмаганларида бугун ер юзида фақат ҳайвонлар яшармидилар?!

Мен тарихнинг илк саҳифасидан бошлаб варақламоқчи эмасман. Фақат бугунги мустақилликка дахлдор кунларига бир лаҳза назар солгим келади, Улуғ Темур даврида ўлкамизга келган юрткезар Клавихо, Шайбонийхон кунларида ташриф буюрган инглиз савдогари Женкинсонларни бир ёққа қўяйлик. Гарчи мустақил юртимизга уларнинг ҳайрат тўла битиклари туфайли совуқ назарлар тушган бўлса-да! Имомқулихону Иван Хохловнинг ҳам гўрларига ғишт қалаб ўтирмайлик. Гарчи бирлари ўрислар подшоси Михаил Фёдоровичга бизга вакил юборинг, деб илтимос қилган ва иккинчиси 1619 йилда Хива, Бухоро, Самарқандга келиб икки йил ахборот тўплаган бўлса-да. Ҳатто Пётрга совға – саломлар йўллаб, “Бизни қўшиб олинг!” дея ялинган Шоҳниёз хоннинг руҳини чинқиратмоқчи эмасмиз. Бундайлар бўлган. Кеча ҳам бор эди. Бугун ҳам топилади. Эртага ҳам уруғига ўт тушмайди.

Фақат шуни айтиб ўтишим шартки, ўша замонларда ҳам миллат қайғуси, юрт дарди билан ёнган одамлар бўлган. Қанча бобокалонларимиз юртимизга ёт кимсалар кириб келиши олдини олишган. Шу сабаб ҳам, руслар бир неча юз йил давомида бу “чегара”ни бузолмадилар. Сўнг инглизлар бузмоқчи бўлдилар. Бирин – кетин айғоқчию элчилари юртимизга қатнай бошладилар. Бёрнс деган зот Бухорода пайдо бўлди. Эббот деган капитан Хивага келди. Майор Вольф ҳам Бухорога йўл олди. Стоддарт, Конолли деган “меҳмонлар” билан бирга қолганлари ҳам зиндонга ташланди, ўлимга рўбарў қилинди. Айримлари қочиб қутулдилар.

Мустақил юрт, озод заминга жирканч ўйлар билан қадам қўйганлар ўз жазоларини олдилар. Тарихимизнинг бу саҳифалари ҳақида ҳали кўп ёзилажак. Шундан кейин рус давлатининг қанчадан-қанча олтинтопарлари тақдир биёбонларида жон бердилар. Юрт туйғуси баланд бўлган ана шундай даврда нега бирдан чекиниш, зил кетиш, таслим бўлиш юз берди? Назаримда, рақиб бизнинг энг нозик жойимизни топган кўринади. Яъни қалъани ичидан олиш осонлигига имон келтирган бўлса керак. Ахир Искандар Зулқарнайн қандай қилиб Самарқандни олганини эсланг, Муқанна нима учун олов даҳшатига ўзини урди?!

Тоғлари олтин , боғлари кумуш, замини кон, юрти кучга макон жойни нима қилиб бўлса-да олиш керак эди. Очкўз ва очофат генерал Черняевнинг Тошкентга кириб келишини биласизми? Ўрис подшо бу шаҳарни куч билан эмас, ҳийла билан олиш керак деб буйруқ берган эрса-да, генерал иккаласини ҳам ишлатди.

Тошкент сарҳадида ўттиз минг сипоҳий турарди. Жанг деярли бўлмади. Зангота, Ниёзбек, Чинозда дарров таслим бўлишди. Душманнинг аскари икки минг нафарга ҳам етмас эди. Черняев шаҳарга йўл олди. Бу орада Туркистоннинг ўзида ҳам ички курашлар бошланиб кетганди. Тошкент шаҳри ёшлари жангга отланишганда оқсоқоллар орага тушишди. Ўз фарзандларини, келажакни боғлаб беришди улар.

Ана шу даҳшат, ана шу мерос бугунгача давом этаяпти. Эсингиздами, мустақиллик дея бирлашган юртсеварларга, мустақиллик тарафдорларига қанча оқсоқоллар панд-насиҳат ўқигандилар. Икки – уч йил аввалги рўзномаларни варақласак қанча-қанча ношондорлар, казо-казолар бош эгишга даъват қилишганини ўқиб оласиз. Мустақиллик дея чиққанда уларга отилган тошлар-чи? Охир оқибатда улар андишага боришмагани, оқсоқолларга қуллуқ қилиб чекиниб кетишмагани ўзини оқлади.

Туркистон қон ичида, олов ичида қолган ўтган асрда қанча боболаримиз эшиклар очиб берилиши учун хизмат қилдилар. Туркистонни қиличдан ўтказган генерал – губернатор К.П.Кауфманнинг “яшин тезлиги”да Самарқанд, Каттақўрғон, Зирабулоқ, Бухорони босиб олишини ёдга келтиринг. Ахир амир Музаффариддин ҳимояга отланиш ўрнига Кауфман билан тил бириктирмаган эдими? Бечора халқдан қанча-қанча ўлпон териб беришда жонбозлик қилмадими? Бухоро, Хива, Қўқон…

Хайриятки, Абдураҳмон офтобачи сингари улуғлар атрофига бирлашган ғазавотчилар ҳақида ўйласанг, дилинг таскин топади.

Инқилобдан кейин Туркистон иккинчи марта олов ичида қолди. Яна ўша шаҳарлар, қишлоқлар вайронага айланди, ёниб кул бўлди. Энди фақат Кауфманнинг ўрнида Фрунзе ўзининг қонхўр ўтмишдоши сингари тез босиб ололмади юртни. Ҳар қадамда, ҳар сонияда қаршиликка учради. Шунда у ҳам қалъани олиш учун ичкаридан ҳаракат қилиш “қоида”сини ишга солди. Сотқинлар қаҳрамон бўлдилар, қаҳрамонлар сотқин! Юрт эса вассал, мустамлака! Миллат вакилларинининг озодлик учун йигирма йиллик курашлари, бирлашолмаганлари туфайли жуда чўзилиб кетган курашлари талофот билан, офат билан, замоннинг ақли янчиб ташланиши билан тугади.

Негадир биз бугун ана шулардан хулоса чиқариб оломаяпмиз. Фарғона воқеалари илдизига қарамадик. Паркент фожеасига юзаки муносабатда бўлдик. Кейин Ўшдаги оловнинг гулханини ёққанларга сўзимизни айтмадик. Ҳали ҳам бу чўғ ўчган эмас, у тутаб турибди. Нохосдан ловуллаб кетиши ҳеч гап эмас.

Ҳа, мен “учинчи олов”дан хафдаман. Негаки, биз мустақилликни ҳимоя қилиш, асраб қолиш учун бирлаша олмаяпмиз. Тарқоқлик кимларгадир қўл келиб қолишидан чўчийман. Орамиздан чиқиб қолмасин дейман мустақилликнинг кушандалари…

Наҳотки, наҳотки ҳаммаси ўтмишга юз тутса, наҳотки тарих чархпалаги тағин аввалгидек айланса?! Наҳотки орзуларимиз орзулигича қолади?

АЛҲАЗАР !

“…Ўзбекистон мустақил бўлиши керак! Ўшандагина кун сайин емирилаётган, чўкиб қолаётган тоғларимизнинг она заминимизнинг армонини англаймиз! Ўшандагина менинг ғарибгина сайлов мавзеим – Жомбой деҳқони, заҳматкаши ўз мулкига, ўз сўзига эга бўлади. Ўшандагина Жомбойнинг қолган 80 фоиз жойи ҳам газлашади. Ўшандагина Жомбой болалари бир сменада ўқийдилар. Ўшандагина Жомбойда замонавий ҳаммомлар, истироҳат боғи, маданият саройи қурилади. Ўшандагина жомбойликлар дўконлардан истаган нарсаларини топадилар, болалари чойга нон ивитиб ейишдан холос бўладилар. Ўшандагина ҳаётдан бевақт кўз юмган онаизорлар , ота-онасининг умиди бўлиб туғилган ва армони бўлиб жон берган гўдаклар ҳаётини сақлаб қолишга имкон бўлади. Ўшандагина ногирон волидалар, бемор – бечоралар дардига малҳам топилади. Ўшандагина…” (Сайловолди дастуримдан, 1989 йил)

ОЛИЙ КЕНГАШНИНГ саккизинчи сессияси ишини тамомлади. Менинг эса на уйқумда ҳаловат, на ишимда натижа, на ўйларимда тиниқлик бор. Қалбимда ғашлик, кўнглимда адолатсизликка, бебурдликка, виждонсизликка, имонсизликка қарши ғалаён Юрагим гоҳида санчади, гоҳида ғижимланади, гоҳида муштга айланади. Гоҳида хаёллар гирдоби ғарқ айлайди, гоҳида умидсизлик уммони оёғимдан тортади, гоҳида илтижо нидоси бўғзимга тиқилади.

“Алҳазар!” дейман, юртни сотганлар, элни сотганлар, қутлуғ заминни сотганлардан алҳазар!

“ Алҳазар!” дейман, зимдан, орқаваротдан иш тутганлар, дунёни писир-хисирларга, миш-мишларга кўмганлар халқ дардини ўз манфаати учун қурбон қилганлардан алҳазар!

“Алҳазар!” дейман, оғзининг боғичини йўқотганлар, орият, диёнат, имон, эътиқоддан бебаҳра қолганлар, падару волидаси, устозу шогирдини оёқ ости қилганлардан алҳазар!

“Алҳазар!” дейман, кўзингга лўқ термулиб ёлғон сўзлагувчи, борлиғини бўҳтон мағзавасига ботириб олган, одам эканлигини унутган умрини туҳмат йўлларига сочган кимсалардан алҳазар!

Ҳа, қалбим тўфон, вужудим тўфон! Қалбим олов, бу олов ичида борлиғим ёнди. Туҳматдан, бўҳтондан, бу балои азимни ўйлаб топган бахти қарога нафратдан ловуллаб ёнди вужудим.

Худога минг карра шукур қиламан, мени рост сўзлаш, дилимдагини яширмасдан, қўрқмасдан, қалтирамасдан, ялтоқланмасдан бор гапни кишининг ортидан эмас, юзига айтиш туйғусидан бенасиб қолдирмаганига.

Биз Олий Кенгашнинг VII сессиясига тайёргарлик кўрар эканмиз, ғаразлик, фитна ва иғво деган чаёнлар кўнглимиздан, йўлимиздан узоқда эди. Мақсад – ошкоралик. Мақсад – қувғинлар, “деди-деди”ларга чек қўйиш. Мақсад – мустақилликни асраб қолиш. Кимлардир ана шу соф туйғуларда аждахо комини кўрдилар. Қалъамизнинг ичига нифоқ уруғини сочмоқчи бўлдилар. Ҳали сессия бошланмасдан олдин марказий ойнаижаҳон орқали “Ўзбекистонда Олий Кенгаш ишлаяпти. Депутатлар Президент истеъфосини талаб қилишмоқда” дея хабар тарқалганда юрагим шув этди.

“Бизга қарши уюштирилган фитна бу!” – Кўнглимдан ўтган ана шу фикрни Олий Кенгаш раисига ҳам, депутат биродарларимга ҳам айтдим. Кечга томон ойнаижаҳон орқали кечирим сўрашди. Ёлғонга зарба берилди.

Аммо орадан уч кун ўтиб, сессиямиз иш бошлаганда гап чиқиб қолди: “Ойнаижаҳонда бу хабарнинг пешонасида 30 сентябрь куни берилсин, деган кўрсатма турган экан!” Ҳамманинг фиғони кўкка ўрлади. Демак, кимлардир ўта ғаразли мақсадни кўзлашган. Бироқ кейинчалик комиссия ҳам, марказий ойнаижаҳон раҳбарияти ҳам иқрор бўлишича, ўша хабар “манглай”ида ҳеч қандай белги йўқ экан. Даҳшатли жойи шундаки, марказий ойнаижаҳон раҳбари имзоси билан келган хат комиссия аъзолари ўртасида ғойиб бўлди.

Оқибатда VIII сессияда тағин шу гап такрорланди. Кўраяпсизми, қандайдир мантиқ бор бу ерда. Охиригача етмаган масала сессияга олиб чиқилса, тағин ҳужжатлар ғойиб бўлса, сўнг одамларни қўзғаган аввалги гап такрорланса…Томошанинг муаллифи ким бўлса ҳам жуда усталик билан ишлаган.

Бу томоша эмас, дегувчилар топилади. Хўш, унда айтингчи, нега бўлмаса тўйдан олдин ноғора чалиниб депутатларнинг қулоқларига “Эшитдингизми, ҳалиги хабарни фалончи берган экан” деган гап тарқатилди? Бир киши эмас, ўн киши эмас, юзлаб ноибларга ана шу иғво етказилди. Ўша муаллиф бир кишини бадном қилиш баҳонасида жанжал чиқариши керак эди. Улар тағин қалъа ичида ур-йиқит бошламоқчи эдилар. Бунга кечагина кўкрак кериб юрган казо-казолар дастёрлик қилган бўлишса ажаб эмас. Улар қанча одамларни ёмонлайвериб, “қулатиб” ғолиблик шарбатини ичган эдилар. Бирдан тарих чархпалаги чаппа айланди. Президент “Мен ёлғиз эканман, суянган тоғим йўқ экан, атрофимдагилар пусиб қолишди” деб очиқ айтди. Энди чўрткесарлар Президент атрофига келишса, уларнинг кўйлаклари чокидан сўкилиши ёки йиртилиши мумкин, яланғоч зот эканликлари аён бўлади. Ётиб қолганча отиб қолиш керак! Ана шу ният шимол ва шарқни бирлаштирганга ўхшайди.

Бу не даҳшат?! Шахсий манфаат йўлида юртни қурбон қилишгача боришади. Бу иллат қачонгача бўйнимизга илон бўлиб ўралади?!

Назаримда, ҳаммасига – қўл силтаб кетишдек одатимиз сабабчи. Бир масаланинг ечимини топмай, охирига етмай бошқасига тармашамиз. Виждон билан, имон билан иш юритиб, оқни оққа қорани қорага ажратиш керак.

Ўшанда нафақат туҳматчи ўз жазосини топади, балки Ўзбекистонга, юртимизга доғ тушираётган, ўз элини, миллатини сотаётган кимсалар номи ҳам аён бўлажак!

Ўшанда эл кимга “Алҳазар!” дейишини яна бир карра англаб олажак!

Ўшанда бу ўйин ортидаги кимсаларнинг мақсадлари фош этилажак!

МУНОСАБАТ

“Кишига “Сен улуғ!” деган гап қайта-қайта уқтирилса, у ўз улуғлигини нафақат англайди, балки улуғликка муносиб яшашга одатланади. Агар кишига “Сен ахмоқсан!” деган гап қайта-қайта уқтирилса охир оқибат у ахмоқ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳа, кўп нарса муносабатга боғлиқ”. (КУНДАЛИКДАН).

Мактабда бир муаллимимиз “Карл Маркс кўп тилларни билган, аммо араб тилини ўргана олмаган. Уни тилсим деб атаган” дерди. Ўқитувчимиз бу билан араб тилига обрўйига обрў қўшаяпман, деб ўйлаган бўлса ажаб эмас?!

Негадир болаликда эшитганим, – бу сўзлар менга тинчлик бермайди. Чунки, Маркс арабларни ҳурмат қила олмас эди. Бунга унинг ҳаётий, тарихий зарурати, унинг асл миллати, авлодларининг асрий орзулари йўл бермасди. У арабларга қаҳр-ғазаб билан қарашга маҳкум эди. Унинг мафкураси ана шундай ҳукмронлик қилар эди. Шу сабабли унда араб тилига беписандлик руҳи яшарди.

Маълумки, киши ҳурмат қилмаган, тан бермаган, севмаган тилини ўрганиши жуда оғир кечади.

Рўзнома таҳририятида бўлган йиғилишда узоқ йиллар давомида ўзбек матбуотида ишлаган рус аёли луқма ташлади:

– Бу ерда нима гаплар бўлаяпти, менга қоронғу…

Шоиримиз Эркин Воҳидов ўз таъбирлари билан айтганда, буни андавалаб ўтолмадилар.

-Мана мен олти ойдан бери инглиз тили тўгарагига қатнаяпман, – дедилар. – Ҳозир икки киши инглиз тилида сўзлашса, унча-мунча илғаб оламан. Энди ўзбек тилини ҳам ўрганишга чинакам киришилса, қоронғулик йўқоладию қолади…

Назаримда давлат тили ҳақидаги қонунимизда белгиланган саккиз йил ҳам ана-мана демай ўтади, лекин кўплар ўз тилларида гапираверадилар, биз ҳам уларга ўз тилларида жавоб қиладиганга ўхшаймиз. Чунки тилимизга ҳам, ўзимизга ҳам беписанд қараш ўларнинг қонунларига сингиб кетган.

Уч-тўрт йил олдин фирқа қўмиталарида асосан рус тили куллиётларини битирганлар ишларди. Ақл-идрок, тафаккур, қобилият, ташкилотчилик эмас, тил билиш асосий мезон эди. Оқибатда жумҳуриятимизда қобилиятли кишилар четга чиқиб қолдилар. Мустамлака учун худди шу керак эди. Айтилган гапни ўйлаб кўрадиганлар эмас, индамай бош силкитадиганлар, қўл кўтарадиганлар сулоласи шу зайл пайдо бўлганди.

Эсингиздами, сал бош кўтарсак, қанча дашномлар эшитардик. “Биз инқилоб қилганмиз!” , “Биз маданият олиб келдик!”, “Биз..”.

Хайриятки, бугун инқилобнинг мақсадлари очилиб қолди. Бироқ ўша “Биз…” руҳи ҳали-бери сўнадиганга ўхшамайди.

Тилимизга муносабат ҳам ана шундан. Қонун қабул қилингандан буён икки йил ўтибди аллақачон. Ўзбек тилини биладиганлар кўпайиш ўрнига камайиб кетмоқда.

Олий Кенгашда ишлаганимда “Оммавий ахборот воситалари ҳақида” қонун лойиҳасини ўзбек тилида ёздим. Бу Олий Кенгашда ёзилган биринчи қонун лойиҳаси эди. Уни рус тилига ўгириш бир йилга чўзилди. Шунда ҳам на маъниси, на мазмуни қолди. Оқибатда лойиҳа ланж, дея бошимизда қанча калтаклар синди.

Яқинда муҳим бир ҳужжатни ўзбек тилида тайёрладим. Рус тилига ўгириш керак бўлиб қолди. ЎзТАГ (қачон ўзгарган бу ном?) директори Эркин ака Ҳайитбоевга мурожаат қилдим.

Кечга томон бир аёл кириб келди.

– Машинка, машинистка борми, икки минутда ўгириб ташлайман, – деди у.

Хурсанд бўлдим. Шоша -пиша айтганларини муҳайё қилдим. Икки дақиқа икки соатга чўзилди.

– Нима гап? – дедиму, балога қолдим.

– Бу ҳужжат тили эмас, – бақира кетди у. – Рўзномада ишни уддалай олмаган одамлар мана шунақа идораларга кириб олиб, ҳаммани сарсон қилишади…

Котиба қиз ҳайрат ва ҳайронлик билан жилмайиб турарди. Менинг ҳам кулгим келди. Тилимизнинг хазинасидан икки – уч сўзни ҳужжатга қўшгандим. Таржима қилолмай ҳалак бўлди. Икки саҳифалик нарса ўн олти саҳифага айланди. Аммо паст тушгиси йўқ.

Эрталаб Эркин акага “раҳмат” айтдим. Унинг ярасига туз сепиб қўйибман шекилли, машаққатларидан “ бир бош” тинглашга тўғри келди.

Кейин рўзномалардан бирида ишлайдиган таржимонга топширдик. У хамирдан кесак қилиб берди. Охир – оқибат ўзимизнинг қўлбола тилмочлар ишга киришдилар.

Ана шундай аҳвол ҳамма жойда бирдек, десам муболаға бўлмайди. Албатта, бу билан тилни ўрганишга жиддий киришган уч-тўрт кишини ҳам битта қанорга солиб юбормоқчи эмасман. Умуман гап бошқа ёқда.

Бугун Ўзбекистоннинг энг олий даргоҳларидан тортиб, энг қуйи идораларигача тўла ўзбек тилига ўтиш керак. Бугун биз ўзимизнинг бирлигимиз, сўзда қатъийлигимиз, мустақилликка содиқлигимиз билан ўша “Биз… ” деган муносабатни синдиришимиз лозим.

Ҳеч қачон дўқ-пўписа, мушту калтак билан бир нарсага эришиб бўлмайди. Жанжаллару ур-тўполонлар ҳам ҳеч вақо бермайди. Фақат фикран тан олиш, қойил қилиш, ҳурмат қилиш тўфайли тилимизни ўрганишлари тезлашиши мумкин.. Уларда беписандлик муносабати пайдо бўлиши шахсий айблари эмас. Бу “олий ирқчилик” мафкурасининг, ленинча мафкуранинг асоратидир!

“…Кейинги йилларда республикада “тозаловчилар” кўпайиб кетди. Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам муҳим жойлар уларнинг қўлида. Самарқанд вилоят партия комитетида, вилоят ижрокомида, вилоят халқ назорати комитетида, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармасида шундай “меҳмонлар” бошқарув калитларини ушлаб турибдилар. Уларнинг “шарофатлари” билан Самарқанд вилоятида кадрлар тизими ишдан чиқди.. Жиноятчилик пасаймади, аксинча ўсди. 1987 йилда содир қилинган жиноятлардан 314 таси, 1988 йилда 639 таси, ўтган йили эса мингдан зиёди очилмасдан қолди. 1987 йилда бедарак йўқолганлардан 79 киши, 1988 йилда 93 киши, ўтган йили юздан зиёди топилмади. Улар ана шундай “тартиб” ўрнатдилар.

Савол туғилади: наҳотки ерли халқ орасидан бирор ҳалол прокурор ёки халқ назорати комитети раиси топилмаса? Ё улар бошқа республикаларга кетиб қолдилармикан?! Эҳтимол, Арманистон пойтахти прокуратураси, Гуржистон пойтахти ички ишлар бошқармасини бошқараётгандирлар?!” (Сайлов олди дастуримдан, 1989 йил).

Бизга мустақиллик нима учун керак бўлиб қолганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Жумҳурият миқёсида мисоллар том-том китоб бўлар. Мен мақола сўнгида ўзим сайланган мавзега доир саккизта рақамни келтирмоқчиман. Бу халқимиз бошида чақилган “ёнғоқ”ларнинг миллион-миллион халтасидан бир ҳовуч, холос.

Жомбой ноҳиясида қайта қуриш бошланган, 1984 йилда бир гектар ердан 29,9 сентнер пахта олиш режа қилиб қўйилган. Амалда 20,2 сентнер бўлди. Ҳа, одамлар қамалиб кетишди, режа эса қолди. У тағин қамоқхоналарга даъват бўлиб яшайверди. 1985 йилда озгина пасайди – 28,5. Амалда 19,8. 1986 йилда тағин ошириб қўйишди – 29,2. Халқ қийналиб, аранг 19,4 га етказди. 1987 йилда 29,2 – 19,4; 1988 – 25,5 – 22,4, 1989 – 27,3 ва ҳоказо. 1991 йилда режа етмиш фоиз атрофида қолди.

Даҳшатлиси шунда эдики, экилган навнинг толадорлиги 28-29 бўлгани ҳолда, 31-32 қилиб режа қўйилди. Бу халққа қарши жиноят эди. Уни моҳирлик билан “ижро” этишда ўзимизнинг дастёрлардан фойдаланишди. Ниҳоят мусатақилликка эришганимиздан кейин, Жомбойни, унинг заҳматкаш элини бу азоблардан халос этиш ҳақидаги депутатлик сўровимга имзо чекилди. Энди Жомбойда ҳам ўзгаришлар бўлажак, энди Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлажак!

Фақат, қалъани ичидан олишга интилаётганлардан худо сақласин. Улар ҳар нарсага қодир, улар пасткашлик, жиноят, маддоҳлик, қабиҳлик… мактабларини ўташган. Қалъанинг ташқарисида кимнинг кимлиги аён. Ким билан жанг қилиш ҳам аниқ. Ичкарида эса…

Жаҳонгир Маматов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

“Халқ сўзи” газетасининг 1991 йил 10 декабрь 238-сонида “Мустақиллик қисмати ҳақида сўз” рукнида чоп этилган.

Муаллифнинг 14 йилдан кейин – 2005 йилги изоҳи:

Бу мақолани ёзганимда Ўзбекистон президенти ва халқ депутатлари орасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўлимининг раҳбари эдим. Ўшанда ёзганларим бугун учун ҳам кечарли ҳолда тургани ҳаётимизда ўзгариш бўлмаганининг исботидир.

Фақат икки ўзгариш бор:

1. Менинг Жомбой қишлоқ хўжалиги ҳақидаги депуталик сўровим юзасидан ҳукумат қарорига Мирсаидов имзо қўйган ва кейин Каримов ҳам розилик берганди, унга ҳам бечора халқнинг азобини тушунди дея раҳмат айтгандим. Аммо орадан бир йил ўтиб буни менга ўз вазифасини(!) суиистеъмол қилган ва Мирсаидов билан тил бириктирган деб айб қилиб қўйишди.

2.Ўша кезда Ўзбек тилини ўрганиш ҳақида ваъз айтиб юрган Эркин Воҳидов эса бугун Россия тилининг буюк аҳамиятидан гапирмоқда ва сенатда Ўзбекистон ва Россия яқинлашувининг меъморларидан биридир.

ЖМ.

7 Responses

  1. ОРЗУЛАРНИНГ ОРЗУЛИГИ!!!
    Ҳурматли жаҳонгир ака!
    Изоҳга ҳожат йўқ деб ёзган бўлсангизда нималардир менинг ўй хаёлимни банд этди. Бу учун узр!
    Мен бугун ноқис ақлим билан тушунганимнинг натижасини сабаби шуки, бу менинг аҳмоқлигимнинг чегара билмаслиги дея тан ола бошлаганимдир…
    Биз нега бирлашмадик?!
    Бирлаша олмаймиз ҳам!!!…
    Дукчи эшонни ҳаммамиз бугунги кунда “мустақиллик” учун курашган кишилардан биридир деб ўйлаймиз.
    Нега энди инсон эмас балки “киши”???
    Агарда у киши нимадандир ҳалқдан ортиқ билган бўлса фақатгина ўз манфаати йўлида ишлатди.
    Бирор бир нарсани миллатни ўсиши учун ўргатдими??? Йўқ!!!
    Жиҳод деб тулки терисини ёпинганлар нима қилишмоқда???
    Булар бугунги кунда айтаётганимиз миллат қаҳрамони “Кўр Шермат”нинг набирали ёки авлодларидир…
    Биз ҳозир ардоқлаётган “миллат қаҳрамонлари”аслида ким эдилар???
    Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Файзулла Хўжаев, Фрунзе, Алишер Навоий, Бобур, Пётр-1??? Бу рўйхатни жудда узун қилиш мумкин!!!
    Улар аслида бугуннинг Мухолифатларидир…
    Нега улар миллатнинг рамзи бўлдилару лекин асл ўғлони бўла олмадилар??
    Барисининг сабаби уларнинг ўз оиласини ўйлагани, ўз манфаати исканжасидан чиқа олмагани ва токи қиёматгача ўз йўлларига кимларнидир эргаштириш дардида куйиб ёнганларидир…
    Бу эса бошқаларга жуда қўл келган эди ўшанда..
    Улар нима қилган бўлсалар фақатгина ўз мафаатлари й ўлида бировларга хизмат қилдилар.
    Шунинг учун такрор келаётган миллий тарихимизнинг асл фидоийлари бўлмаган ва бўлмаса ҳам керак!!!
    Ёки мен ақли ноқисга тенг келадиган “доно” бўлмаган?!
    Агар Мирзо Улуғбекни айтсангиз, у бечора ҳам “миллат фидоиси” бўлиш орзусида ўз жонини Хўжа Ахрори Валийнинг манффатларига зид келгани учун “падаркуш” номини ўз ўғли Абдулатифнинг бўйнига юклаб, кимларнинг қўлида ўйинчоқ бўлиб японча айтадиган бўлсак тақдир йўлида “КАМЕКАДЗЕ” бўлгани бугун барча ўзбек учун иснод бўлиб қолди….
    Бу каби инсонларни ҳозир ҳам ватан дея жар солаётган инсонлар орасидан топиш мумкин.
    Лекин бариси ўз жиғилдонининг ва манфаатининг қули ўлароқ яшамоқдалар.
    Ҳурмат билан….

    • Bu jumlangizda Ulug’bekni ayblayapsizmi yoki Abdulatifnimi?
      Агар Мирзо Улуғбекни айтсангиз, у бечора ҳам “миллат фидоиси” бўлиш орзусида ўз жонини Хўжа Ахрори Валийнинг манффатларига зид келгани учун “падаркуш” номини ўз ўғли Абдулатифнинг бўйнига юклаб, кимларнинг қўлида ўйинчоқ бўлиб японча айтадиган бўлсак тақдир йўлида “КАМЕКАДЗЕ” бўлгани бугун барча ўзбек учун иснод бўлиб қолди….
      Agar Ulug’bek haqida bo’lsa qanday qilib o’ldirilgan odam aybni tirikning bo’yniga yuklaydi? Ulug’bek haqida fikringiz slbiy bo’lsa Ali Qushchining yozganlarini topib o’qishni maslahat qilgan bo’lardim. Agar bu ham Sovet davri asari desangiz Ali Qushchi yozganlarining asl nusxasi Istanbul muzeyida. Menimcha bu masalada aybni jaholatdan qidirmoq kerak.

      Ilova: Inson aslida жиғилдонининг ва манфаатнинг қули o’laroq yaratilmaganmikan? Och qolsa o’ladi, manfaatsiz yashay olmaydi. Demak, inson mukammal yaratilmagan. Bugunga kelib shu haqda o’ylay boshladim. Qarang, siz bitta ham odamni topolmaysizki u qorni va manafaatini o’ylamasdan ish tutsin. O’ylab ko’ring, hatto siz ham shu aylana ichidasiz.
      Balki kelajakada qorinsiz va manfaatsiz robotlar yaratilar? O’shanda biz insonning qorin va manfaat dardi bilan yaratilishi aslida mukammal bo’lgan deb qolarmiz? Kim bilsin?
      Lekin bugun Vatan deganda butun Yer sharini tushuna boshladim. Bu buyuk vatan. Uning chegaralarini kishi zoti chizgan emas. Qolgan vatanlarnng chegaralarini diktatorlar chizib berganlar va qullarni bu chiziqlarni himoya qilish ucun o’limga yuborganlar.Bu endi juda katta masala va kelajkada buni tortishamiz.

  2. Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Сизнинг фикрларингиз жуда теран!
    Нега сизга изоҳлар ёзаман, нега сизнинг фикрларингизни, асарларингизни ўқийман?! Ўзингиз айтганингиздек менда ҳам манфаат бор. Маънавий озуқа ва ақлан ҳақиқатларни англаб етиш.
    Бу ерда Мирзо Улуғбек тўғрисида менга ким қўйибдики, уни айблай олсам?!
    Мирзо Улуғбек нафақат менинг севимли инсоним балки бутун башариятнинг севимли инсони ва олими.
    Унинг аянчли тақдири менинг ҳам қалбимни ларзага солади.
    Унинг тақдири масаласини “айлантириб” бир ўрнак каби келтирмоқчи бўлдим.
    Биламизки, тарихда шоҳларда кўп хотинликлар ва ўзаро оға иниларнинг бир бирига бўлган хусумати жуда кўп бўлган.
    Мирзо Улуғбек жаҳонга танилган олимларни яратди, уларга устозлик қилди.
    Лекин, ўз пушти камари бўлган Аблулатиф томонидан бошқаларнинг манфаати туфайли қатл этилди. Буни балки, Абдуллатифнинг ўзи ҳам тўғри англаб етмагандир..
    Ҳусайн Бойқаро ўз набираси Мўмин мирзони қатл эттирганда ким айбдор эди? Албатта яна кимлардир. Биз туркий миллатни ким бу кўйга тушурди. Тўғри бошқа қавмлар, аммо шу ерда манфаат илинжида бўлган ўз қавмизнинг кишилари уларга думларини ликкилатмадиларми?!
    Нега бизнинг боболармиз ёзган китоблар бошқа давлатларнинг музейларида сақланяпти?! Бориб сўрангчи бу менинг бобомнинг китоби деб. Ушлаб кўришга ҳам қўйишмайди. Баъзи бетини ўқишга ҳам. Бу китобларни кимдир совға қилди. Кимдир уни сақлаб қолиш учун олиб кетди.
    Бизнинг диёрда олиб кетти совға кетди ва бало кеттилар жуда кўп бўлди.
    Ўлган одам қандай қилиб бировга айбни тўнкай олади?!
    Бу ерда Улуғбекнинг айби борми???
    Бу ерда Сизнинг айбингиз борми?
    Бу ерда Каримовниг айби борми?
    Бу ерда менинг айбим борми?
    Барча саволларга “йўқ” деган жавоб бор холос!
    Ҳа энди, ҳеч ким айбни бўйнига олмагач айбдор Мирзо Улуғбек бўладида.
    Бу масалани кўтарганим шу эдики, ҳозирда ҳамма ўз манфати йўлидадир ва барчаси менинг айбим йўқ дейди.
    Хўш! барчанинг менинг айбим йўқ дейиши натижасида бир қараб кўрингчи қай кунларга келиб қолдик?!
    Бу ерда ҳам ҳеч ким айбни ўзига олмайди.
    Бу кунларга келишимизга аниқроқ айтадиган бўлсак мана шу Мирзо Улуғбекдир айбдордир. Айбсиз айбдордор бўлган- Мирзо Улуғбек. У шу учун ҳам айбдорки, жаҳолат даврида туғилди. Шунинг учун ҳам айбдорки ўғли падаркуш бўлди. Шунинг учун ҳам айбдорки……….
    Нега шундай, нега бундай каби саволларнинг асл жавоби эса “ўзи шундай” бўлади.
    Камчиликларни ҳар инсон қилмасада қайсидир жиҳатдан бунга ўзини айбдор ҳис этадиган бўлса ўшанда жамият бошқача кўринишга келармиди балки?
    Ҳурмат билан…

    • Favqulodda kuchli fikrlar.
      Bunga boshqalar nima deyisharkin?
      Menimcha javob ham, izoh ham ortiqcha.
      Mana shunday kuchli fikrlaydidigan insonlarga zor qolmoqda dunyo!

  3. ЧАЛА МУЛЛАНИНГ ДАРДУ ҲАСРАТЛАРИ.

    Россиянинг оппоқ қори, изғирин шамоли ва аёзли кечалари жуда ёмон бўларкан. Бугунги кунга атаб олган ноним ярим кунга ҳам етмасая?!
    Ёшлигим, талабалик йилларим ёдимга тушиб кетди, айниқса токчадаги чанг босиб бегонага айланиб улгурган, мени кўзи тўрт бўлиб кутаётган “жонажон” дипломим…

    2-ҚИСМ (Тошкент.1999 йил. Магистратура. “Ўз уйингни ўзинг асра!” шиоридан илҳомланганим)

    ДАВОМИ…

    6.
    Ўшанда мени таажжубга солган ҳолат шу эдики, катта лавозимда ишлайдиган юзи чўтир бўлиб кетган, семиз кишининг мен каби оддий бир талаба билан декан хонасидаги учрашуви эди….
    Мен чиқиб кетаркан бошқа бир талаба деканнинг кабинетига киришга изн сўради.
    7.
    Зинадан тушарканмиз Алиш дўстим бошлиққа ёқиб қолганимни қистириб ўтаркан мени маҳалла посбони ва кейинчалик “котта” ишларга ўтқазиш истаклари борлигини тушунтира кетди. Менинг эса эсимга жуда олдин эшитган бир лофнамо, латифа сингари ҳангома келди…
    8.
    Колхозда бир тракторчи тракторини тариллатиб юраркан. Усти боши доим кир, тоза бўлишига минг уринсада эртаси куни албатта яна чиркин бўладиган, мойга ботиб умр ўтказаётган бир ҳолатда экан, бечора!
    Кунлардан бир кун тракторчининг хотини унга айтибди:
    -“Адаси! Хотинлар айтишяпти сизни колхозда бригадир қилишар экан!”
    Умри трактордан бошқа нарсани билмаган бу киши аччиқланиб хотинига ўдағайлабди.
    -“Сен сочи узун, ақли калта нималар деб валдираяпсан, келиб, келиб мени бригадир қилишадими?! Мени устимдан куляпсанми?”
    Бироқ, бир неча кунлардан кейин эса шу тракторчи ҳақиқатдан ҳам колхозда бригадир бўлиб сайланибди.
    Кунлар ўтиб хотини яна эрига ўз хонишини айта бошлабди.
    -“Хўжайин! хотинлар айтишяпти, Сизни колхозда раис қилишаркан!”
    Тракторчи бундан ҳайрону лол қолиб, хотинига дашном бера бошлабди.
    -“Эй сен! Сочи узун ақли калта. Хотинларнинг гапини уйга ташима. Уларнинг ақли ҳам сенинг каби калта!”.
    Худонинг қулга бергани рост каби кўп ҳам кўп ўтмай тракторчи колхозда раис бўлиб сайланибди.
    Тракторчининг уйида тўкин сочинчилик бошланиб кетибди. Катта давралар. Катта гаплар. Катта раҳбарлар билан учрашувлар….
    Кунлардан бир кун бу каби давралардан сармаст бўлиб келган тракторчига хотини эски ашуласини бошлабди.
    -“Хўжайин!, дадажониси… хотинлар айтишяпти, Сизни “Сельсовет”га раис қилишаркан!”
    Умри давомида тракторни тариллатиб юрган киши бу қадар омадни кутмаган эди, албатта!
    Яна хотинини бу каби аҳмоқ гапларни уйга ташимаслигини, бирор бир ҳолатда ғийбатга аралашмаслигини қатъий тайинлабди.
    Кунлар шу зайил ўтаверибди.
    Бечора тракторчи ўзи билмаган ҳолда “Сельсовет”га раис ҳам этиб сайланибди.
    Аммо томдан тараша тушгандек, тракторчининг хотини яна ўз ашуласини бошлабди.
    -“Хўжайин! Сизни яқинда районга ҳоким қилишаркан!”
    Бундай гапларга бора бора кўникиб келаётган тракторчи сўрабди.
    -“Ким айтди буни сенга?”.
    Хотини эса жавоҳирларга бурканган ҳолда нозу карашмалар билан дардини достон қилибди.
    -“Хотинлар айтишди!”
    Ол қулим деганларидек кўп ўтмай Оллоҳнинг инояти билан ҳақиқатдан ҳам бечора тракторчи ҳоким бўлиб сайланибди.
    Ол, бер, бер, ол…Кайфу сафолар…
    Бу каби муносабатлар тракторчининг “тинкасини қуритиб” қамоққа тушиб қолибди.
    Қамоқда ўз ҳаётининг аччиқ қисматини кўраётган тракторчини ўз хотини сўраб келибди.
    -“Жоним, хўжайиним, адаси! Бошлиқлардан, раҳбарлардан ва барча катталардан сизнинг бу қамоқдан қутулиб кетишингизни ёзма равишда илтимос қилдим. Улар сизнинг фидокорана ишларингизни улуғлаб яқинда қамоқдан озод қилишларини ваъда беришди.”
    Шунда ҳафсаласи пир бўлган тракторчи дебди:
    -“Бошлиқларни қўй! Хотинлар нима дейишяпти? Мана шулардан гапир!”- деган экан .
    Кулгим келарди. Менга Алиш дўстим тракторчининг хотинидек ваъдалар берар эди.
    Ноқулай суҳбатдан сўнг Алиш дўстим билан жума куни соат 10.00 да унинг “даргоҳида” учрашишни келишиб хайрлашдик.
    Негадир кўнглим бу учрашувнинг оқибатини тушуна олмас эди.
    9.
    Мени бугунки кун жуда “мажруҳ” қилганди.
    Китоб, қаламлар сотиладиган расталари орасидан ўтиб борарканман, мени яна бир “қувончли” ҳолат ўзига тортди.
    Ўзимдан беш қадамларча нарида Алиш қирқ биринчи калиш деганларидек, Андижонлик Мамарайим дўстим милиция формасида менга жилмайиб турарди…
    10.
    Мамарайимнинг кабинети.
    Эй,худо! Нима, милиция формасини кийганлар доим шунақа бирдан ўзгариб ўзларини кучларини намойиш этарканлар-а?
    Алишдан фарқинг қолмабди…
    Алишниг хонаси каби тор бир хонада мени кучли бир нохушлик ўзининг бағрига тортиб турарди.
    Хонанинг ташқарисидаги ҳаво нақадар тоза ва мусаффо…
    Аммо Мамарайим дераза ойнасини очаркан, хонага баҳор ҳавоси кириб келгандек бўлди.
    Мамарайим олдин умуман бошқача эди чамамда.
    Ўрнашиб оларканмиз, менга ароқми ёки коняк дея мурожаат этди.
    Мени кулгимни келтирган бу саволга коняк ҳам, ароқ ҳам деб жавоб бердим.
    Мамарайимнинг хонаси ароқнинг бадбўй ҳидидан анқиган бўлсада Алишнинг хонасидан фарқли бўлиб чиқди.
    Менинг кайфим оша бошлади.
    Мамарайимнинг ҳам кайфи оша бошлагандир балки?!
    Мамарайиб деворда осилган плакатлардаги суратларни кўрсатаркан менинг бу тўғридаги фикримни билмоқчи бўлди.
    Энди эътибор бера бошладим.
    Бу плакатлар Алишнинг хонасидаги каби бир хил эди.
    Баъзи бир қидирувда бўлганларнинг ёши 30-40 ёшли кўриниб, соқол мўйлови бобомнинг соқолидан ҳам узун эди чамамда.
    Баъзи бирлари она сутлари оғзиларидан кетмаган 15-22 ёшлардаги болалар эди.
    Ҳар бирининг нега қидирилаётгани кишининг расми остидаг Жиноят Кодекси моддалари бўйича изоҳланган эди.
    Менга жуда қизиқ ва ҳайратланарли бўлган бу ҳолатни Мамарайим бузди.
    Буларнинг кодекс асосида нега қидирилаётганини биласанми дея мени таажжубга солиб савол бера бошлади.
    Мен ҳуқуқ ва бу каби моддаларни билмаганим учун елка қисиб қўя қолдим.
    У эса маст бўлиб қолганди…
    Нималардир деб менга тушунтирмоқчи бўлди, аммо тилининг ғулдираши менга аниқ бир тафсилотни айтишига тўсқинлик қиларди…
    У айтган гаплардан хулосага келинса, унга милиция хизмати бегона эканлигини тушунса бўларди.
    Балки, мендан гап олиш учун шундай йўл тутаётгандир?…
    Аммо, у ҳақиқатдан ҳам маст бўлиб қолганди.
    Мен билган Мамарайим маст бўладиган бола эмасди…
    Эҳ, алкаш!, Мен билган дўстларимнинг ичидаги энг билимли бола…. Фавқулотда гений бола… не кунларга тушиб қолдинг?!…

    ДАВОМИ БОР…

  4. Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Ҳурматли Рустам!
    Барчага авваламбор ўзимнинг ташаккуримни изҳор этаман!
    Рустам ака! Мен бугун жуда хурсанд бўлдим. Нега?!
    Менинг номимни ҳурматли Жаҳонгир аканинг номлари ёнига яқинроқ қўйиб ўзганингиз учун.
    Истардимки, бир кун келиб ҳақиқий исмим билан доимо шундай инсонлар орасида исмимни баралла айта олсам!
    Не ажабки, ҳали бу афсона кабидир.
    Сиз ҳозирда мухолифат сайтлари ва “JAHONNOMA” сайтлари орасидаги фарқларни кўра олганингизга шубҳам йўқ!
    Фарқлар нимада акс этмоқда???
    Ўзаро ҳурмат ва ўзаро чинакам фикр алмашинуви. Буни бошқа сайтларда кўра оляпмизми? Йўқ, албатта!
    Сиз менга Рустам исмли бир дўстимни ёдимга солмоқдасиз.
    Мен ушбу сайтдаги барча изоҳлар ва асарларни такрор ва такрор ўқиб чиқдим, аммо “ҚУВҒИН” асарини ўқишга мадорим қолмади. Бунга ҳали тайёр эмасман деб ўйлайман, кучим ҳам етмаса керак!
    Сизнинг изоҳингизни тўлиқ ўқиб чиқмоқдаман.
    Агардан Лев толстойнинг “ИҚРОРНОМА” асари ва машҳур “КАЛИЛА ВА ДИМНА” асарларини ўқиб чиқиб тўғри таҳлил қила олсангиз унда Дарвин ёки САРВИН ҳам керак бўлмайди сизга.
    Жаҳонгир аканинг асарлари эса мен айтган асарларнинг мукаммал ҳолатидаги бугуннинг ўша асарларидир. Буни бутун дунё ҳам тасдиқлаяпти. Фақатгина талаби шуки, уни тўлиқ англаб етиш учун такрор ва такрор ўқиш лозимдир…
    Сизни қийнаган саволлар шу ердадир…
    Ҳурмат билан дўстингиз Мистер Қалампир.

  5. O’zbekcha dars 1-Bob. Zigfred Lensdan ilhomlanganim..
    Ushbu kitob o’zbekning o’tmishi,buguni,kelajagi haqidadir.
    Ushbu asar og’ir o’qilsada anchayin faktlarga boy.Ayrim javobsiz savollarga kalit bo’lsa,kelajakga yo’l ochsayam ajabmas.
    Asardan ko’zlangan maqsad ham shu(muallif).

    Hozir Ikrom qarshisidagi ikki yo’ldan birini tanlashi kerak yo ataylab asir tushish yoki..
    Ikkinchisi odamni lohas qiladi,hatto shu haqda o’ylaganda meni hech kim sezib qolmadimikin deb atrofga bir qur nazar tashlab oladi.
    Odam baribir zo’r yaratilganda,negaki uni nima o’ylayotganini hech kim bilmaydi! Ana shunisi zo’r!
    Ayniqsa frontga birinchi kelganida bu haqda o’ylasa ichidan xursand bo’lib qo’yardi.
    Hozir esa to’g’risidagi plakatga nazar tashlagancha shular haqda o’ylarkan,negadir undagi yozuvni o’qimagan ekan:
    “Dushmanni ayovsiz qirishga va’da beraman!”
    Qo’lida miltiq tutgan qizil askar xuddi esnayotgandek og’zini katta ochib turibdi..
    ‘Ura’ deb bo’kiryapti shekilli?!
    Bunaqa matohlar fronda tiqilib yotibdi,har qaraganda asabing buzilsin “xalq dushmani”deganda!
    Shu payt yerto’laning yog’och zinasini ingratib Poltoratskiy kirib keldi.
    Ikrom sakrab turdi dokladga og’iz juftlagandiyamki “bekor” buyrug’ini olib bo’shashib turib qoldi.
    -Kak ti? U tirjaydi. Xuddi maymun kulayotganga o’xshardi.
    -Nu,potexonichka poydyot tovarish komandir.
    -(ruschalab) Ahvol og’ir..ertaga barcha chiziqlarda hujumga o’tisharkan ablah fritslar!
    -Biznikilar metindek, lekin ularga yevropadan qurollar quyilyaptida shunga..
    -Bizda qurol kam deysanmi?
    -Albatta kam emas lekin mana ko’p zavodlar bir haftada yo’q bo’lib kettida..
    -To’g’ri aytasan lekin orqangda vatan turibdi,O’rtoq Stalin bor ekan sovetlar oxirgacha..
    shu yerda yerto’la bezgak tutgandek qimirlab ketdi,tuproq quyilib chang bo’ldi atrof.
    Poltoratskiy bo’ralab so’kindi..

    Yerto’ladan otilib chiqqan Ikrom komandiriga ortiqcha gapirib qo’yganini darrov sezdi.

    Motor ovozi Ikromni hushyor qildi.
    Ana uchta “Messershmitd” ko’rindi.
    Beixtiyor o’zini yerga otib boshini qo’llari bilan yopti.Samolyot xuddi boshiga bomba tashlayotgandek ovoz ham yaqindan eshitila boshladi.
    Xayriyat birinchisi uzoqda yorildi,kalima qaytarib qo’ydi Ikrom.
    Tanklariniyam tashasa kerak.Hozir piyodalar hujumi boshlanadi…

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: