Муносабат

Шоҳона таклифлар

Тил муаммолари борасидаги мақоламга куюнчак ўқувчининг жуда мазмундор муносабати

Жуда ҳам тўғри муаммони ёритибсиз. Биринчи ўринда тилга эътибор қаратиш керак. Албатта бошқа ишлар ҳам керак, лекин бошқалари мева бергунча уларни ўз тилимиз билан ўзимизники қилиб қабул қилганимиз маъқул. Жуда ҳам таъсирли далиллар келтирибсиз. Афсус ҳозирда ҳам барча давлат ҳужжатлари деярли рус тилида қилинади. Кўпини ҳатто таржимасини топиш ҳам мушкул. Сабаби «арбоблар»имиз ўзбек тилида бирор нарса ёза олишмайди. Тўғрироғи таржимасини билишмайди.

Аслида бир неча маъноли таржималарга эга бўлиши мумкин, қайси бири тўғри келар экан, деб бош қотираманми, русча ёзиб қўя қолай дейишади. Намуна сифатида аввал ёзилганлари ҳам рус тилида бўлган-да… Умуман бош қотириб, изланиш, маъсулият билан ёндашиб ишлайдиганлар жуда кам. Бу рус мактабларида ўқиганлиги учун эмас, аслида рус тилиши ўзбек тилини ўндан бирини билганчалик ҳам билишмайди. Кўп кузатганман. Ўзбекча ёзилган сўровномаларга ҳам рус тилида ёзиб тўлдиришади. Эшитилиши бўйича, хатога тўлдириб…. Бу «одилано сиёсат»нинг маҳсули. Тилга эътибор – элга эътибор дейишган доно халқимиз.

Биринчи ўринда алифбони ўзбек бўлмаган КИРИЛЛ яратган бўлса ҳам, унга қайтариш керак.
Иккинчидан, ҳозирги лотин алифбосида «нг»ни иккита белги билан ёзиладиган «ч», «ш» сингари битта ҳарф деб оммани чалғитмасдан, ҳарфлар билан ифодаланмадиган тилимиздаги товушларни белгиланишини ўйлаб топишимиз керак. Масалан, «келди», «олди» каби сўзларда ҳеч қачон охирида «и» талаввуз қилинмайди ўзбек тилида. Уни ифодалайдиган бошқа ҳарф қўлланилиши керак.

Учиндан, янги алифбо ҳозирга копьютерда мавжуд босма ҳарфлардан ташкил топиши керак. Менинг шахсий фикримга кўра, бизга умуман «ь» белгисини керакги йўқ, «ц» ҳарфини ҳам. уларни юрорида айтилгандагидай товушларга бириктирилса бўлади.

Тўртинчидан, «Давлат Атамалар Қўмитаси» ташкил этилиши керак, у русча-ўзбекча, инглизча-ўзбекча барча соҳаларни қамраб олган мукаммал изоҳли луғат чиқариши керак. Ва у доим фаолият олиб бориб, янги сўз ёки таржимаси бахсларга сабаб бўладиган сўзлар бўлса, таржима фалон тарзда қўлланилади деб, тасдиқлаб берадиган бўлиши лозим. Мустақилликнинг илк йилларидаги каби «Чой» сўзини руслар ўзбеклардан олган дейдиган чала муллалар «самолёт»ни «тайёра» деб ўгирадиган бўлмаслиги лозим.

Мен ҳайрон қоламан, ҳали ҳам ҳарбий бўлинмалар русча номларда аталади. Наҳотки дунёга машҳур саркарда Амир Темур даврида унга эквивалент сўзлар бўлмаган?! Нега эскирган сўзлар деб Навоий ишлатган сўзлар ўрнига, маъноси ўз тилида ҳам бутунлай бошқача бўлган инглизчага ҳам, русчага ҳам бошқа тилдан кириб келган сўзларни ишлатишимиз керак.

Мен четдан сўз кириб келишига қарши эмасман, лекин қабул қилишдан аввал сўз тарихини, келиб чиқишини ўзганадиганлар бўлиши керак. Ўзбекча маъносини берувчи сўз бўлса ундан фойдаланиб, жаргонларни аста-секин қувиб чиқариш керак. Халқ шуни ишлатяпти деб, ўзбек тилига ҳамма сўзни тиқавериш ҳам маъқул эмас. Ҳали ҳам одамлар талаффузга осон бўлса ҳам, «бекат» ўрнига «остановка» деб қўллашади. Лекин китобларга ёзилаверса, оммавий ахборот воситаларида айтилаверса, кейинги авлод ўзбекча сўзни қўллашга ўрганади. «Район» сўзини аввал «ноҳия» деб таржима қилинди, халқ уни қабул қилмади, аммо «туман» деган таржимаси оммавий қўлланилинди.

Мен қадимги адибларимиз ёзган асарларинни унча-бунча ўқиганлигим боис уйғур тилини саксон-тўқсон фоиз, турк тилини етмиш-саксон фоиз тушумаман. Бошқа туркий тилларни ҳам камроқ гапирса мақсадини англай оламан. Агар бирор сўзни таржимасини айнан топа олмасак, улардан маъновий ўхшашини олиб, ўзбек тилида манашу ўринда ишлатилади деб қабул қилсак, ўйлайманки, ҳеч қайси қардош миллатларимиз муаллифлик ҳуқуқи талаб қилиб чиқмайди.

Вилоятлар бўйлаб юриб чиқилса, шеваларда шундай сўзлар борки, энг бой деб ҳисобланадиган инглизча луғатда ҳам таржимасини топа олмай қолинади. Уларни ҳам эскилик сарқити деб улоқтириб, ўрнига инглизча ёки русча луғатда борини ишлатаверамиз демасдан, ўзимизникини оммалаштириш лозим.

Бешинчидан, тилни қўллаш ва оммалаштириш бўйича қонунлар қабул қилиниши шарт. Унга мувофиқ барча расмий ҳужжатлар ўзбек тилида ёзилиши, расмий суҳбатлар ўзбек тилида олиб борилиши зарур. Фақат рухсат этилган вазиятлардагина, масалан халқаро аҳамиятга молик алоқаларни талаб қилинган тилга баён қилинилишига рухсат берилади. Ўзбек тилида ёзилган ҳужжатларга кўз югуртирганимда ундаги имло ва услубий хатолар кўплигидан, айниқча «ў»,«қ»,«ғ»,«ҳ» харфларисиз ёзилганлигидан одамнинг асаби бузилади. Ҳозирда Ўзбекистондаги ишлаётган энг эски копьютерда ҳам «Windows XP» ёки «Windows 2000» ўрнатилган ва уларда Американинг хсусий фирмаси барча ўзбекча шрифтларни (таржимасини билмайман, балки ота-боболаримиз хуснихат деб ишлатишгандир) киритиб қўйган. Расмий ҳужжатларда ҳар бир хато учун жарима белгилансагина, ундан фойдаланишни ўрганамизми?!

Умуман олганда фикрлар кўп, тилшунос олимларни йиғиб уларга озгина моддий ёрдам ва кўпгина маънавий қувват берилса, ўзимиз учун, келажак авлодимиз учун улкан ишларга бир дебоча очган бўламиз. Мен тилшунослик соҳасига унча яқин эмасман, аммо адабиётга қизиқмайдиган одам бўлмаса керак. Қаердадир бир таъсирли шеър ўқиган эдим, эсимда қолганича, фикрларим (ҳозирча) сўнгида ёзиб қолдираман:

Миллатни тан олиб қарашга,
Тили бўлиш керак ярашган.
Ўзек тилим қадрин тиклашга,
Бир Навоий камлик қилмоқда.

Яровчилар элнинг корига
Ўзга юртда ишлаб хориган.
Таъминлаш-чун чорлаб бoрига
Бир атойи камлик қилмоқда.

Олавериб ҳар нени четдан,
Онгимиз ҳам ўзгариб кетган.
Урфимизни чин англаб етган
Бир садойи камлик қилмоқда.

Ўз шахсига сарфлаб эл кучин,
Унутмоқда арбоблар бурчин.
Ўзбек халқи ўнгланиши-чун,
Бир фидоий камлик қилмоқда

Шоҳи Жаҳон.
(Изоҳлар бўлимидан)

4 Responses

  1. Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Ўзбек тилининг буюклигини не қилайликки, ўзимиз, шу жумладан барчамиз хор этиб келмоқдамиз.
    Сиз бир изоҳингизда туркий қавмлар ҳақида таъкидлар экансиз, чиғатоймизми ёки бошқа деган мавзуни кўтарган эдингиз.
    Сизнинг фикрингиз менга маъқул келганди. Бунга сабаб чет эллик оғайнимга оғиз кўпиртириб Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Беруний, Абу Али ибн Сино, Фаробий, Амир Темур каби буюк шахсларимизни мақтаганимда унинг ҳайрон қолиши эди. Мен буни унинг авзойидан сезгандим. Негадир мен айтган буюк шахслар унинг фикрича менга бегона эди. Буни қарангки, у бошқа миллат ўлароқ менинг тарихимни ўзимдан кўра жуда кучли биларкан. Тўғри мен тарихчи эмасман. Бунга даъвоим ҳам йўқ!
    Тарих масаласи ўлароқ, тил масаласи ҳам шу жумладандир.
    Бироз вақт ўтиб Сизнинг изоҳингизни ўқигач унинг(чет элликнинг) ҳақ эканлигига амин бўлдим.
    Дўстимиз ШоҳиЖаҳон тил масаласи бўйича жуда долзарб масалани кўтарган. Қани энди бу каби инсонлар Ўзбекистонда кўпайса ёки борлари ҳам бироз ўзларини намоён этсалар. Лекин Ўзбекистонда буни кутиш афсонавий қуш бўлмиш семурғни кутиш билан баробар!!!
    Жаҳонгир ака! Қулайликларни бошқаларга маъқул келганлигини унитиб қўйиб уларни бекорга айбламаяпмизмикин? Олдин рус тили қулай эди communicate қилишга, энди эса хитой тили “крутой” бўлиб қоляпти. Ким бизни бундай ҳолга солди?
    Буни биласизми?!
    Унда Жаҳонгир ака, сизга балки нотаниш бўлган ажойиб адиб Жаҳон Муҳаммаднинг “Ўзбеклар ва ўзбеклар” асарини ёки “Бирлашмади ўзбеклар” асарини ўқиб чиқишни тавсия этаман.
    Ҳозирча унинг шогирдидан тил масаласидан бир лавҳа:

    МУТТАҲАМНИНГ ПАРВОЗИ ёки TERRA EST ROTUNTA (Лотинчада ер думалоқ дегани).

    Ёшлигимда чет эл адабиётидан бир китоб қўлимга тушиб қолганди. Номи ҳам ажойиб “Муттаҳамнинг парвози”.
    Агарда жиддий эътибор берилса, бир қанча асарлар дунё юзини кўраркан уларда тасвирланган ҳолатлар ва воқеалар кейинчалик башорат каби чин ҳаётда содир бўлади ёки дунёнинг гардиши каби айланиб такрорланади.
    Бугунки кунда бир муттаҳамнинг парвозини деярли бургут, лочин, хумо қуши ёки халқ тили билан айтсак семурғ ҳам гиннесс рекордлари сингари такрорлай олишмаса ҳам керак.
    Ҳа дарвоқе, нега айнан бу каби афсонавий қушлардан гапира бошладим?! Нима бўлди ўзи?
    Балким, Ҳусайн Бойқаронинг вазирларига айтган гаплари ёдимга тушгандир. Ҳусайн Бойқаро нимадан афсус қилганди? Уни нима қийнаганди?… Балки, туркий тилни улуғлаётган бир инсонни йўқотиб қўйишдан ҳадиксирагандир?! Бойқарони дўсти Мир Алишер Навоийдан ажратганларида жон чиқар ҳолатда бир ривоят айтганди. Унинг айтиши бўйича семурғ қуши бир кишини кўтариб осмону фалакка олиб чиқади. Учиб бораркан, семурғ чангалидаги одамнинг этини ейишни бошлайди. Қанча азоблар бўлсада ўша инсон ўз этидан семурғга беради аммо ўз юрагини бермайди. Бойқаро эса афсус надомад билан айтадики, мен семурғга юрагимни бердим. Балки, бу билан ўша даврда Бойқаро тил масаласини олдинга сургандир?! Тўғри Алишер Навоий давлат арбоби эди аммо тилни улуғлаган ҳам ўша эди.
    Энди, кишини ўйлантириб қўядиган савол юзага чиқади. Ким у парвоз қилаётган муттаҳам аслида? Семурғми ёки унинг чангалидаги инсон? Ҳар иккаласи ҳам парвоз қилмоқдаку, ахир! Бойқаро нега азоб ўтида қолди? тахт учунми ёки миллат тили учун ёндими? Бунинг аниқроғи барчага қоронғу!!!
    Виждон, ор, номус… Булар бир бирига сингиб кетган тушунчалардир.
    Ўзбек ҳалқи нега бугунга келиб, ўз юраги тугул виждон, ор, номусини ҳам семурғга қўш қўллаб тутқазиб берди?
    Семурғ сиймосидаги муттаҳамларнинг эса парвозларининг юқорилиги айнан ўз чангалларидаги кишининг этидан узиб олиб қорин тўйдиришлари ҳисобидан бўлмаяптими?
    Мен адашиб кетдим… Ахир Ўзбекистонда Семурғ қушлари афсонаку. Бу ерда мусича каби беозор қушлар анчагина, аммо Чиябўрилар анчагина…
    Ер эса думалоқ. Ернинг қайсидир бурчакларидан учиб келаётган семурғ қушларига буюк афсона сингари барчамиз талпинмоқдамиз. Ахир уларга бизнинг бахтимиз қизиқ эмас, балки қонимиз ва этимиз керакку уларга! Буни бироз ўйлаб кўрдикми бугун? Йўқ!…
    Бугунки кунда, ўзбек халқининг томирида қон қолдими, танасида эти қолдими?
    Семурғларга бизнинг чирий бошлаган этимиз ёки айниб кетган қонимиз керак эмас албатта.
    Улар замонавий семурғлардир. Уларга олтин, нефть ва газ ҳамда шу каби бойликлар қизиқроқ.
    Бизлар эса семурғларни қон ва этимиз билан боқишга ўрганиб қолганмиз. Лекин юрагимизни бермаймиз. Тилимизни бермаймиз. Қонимиз, гўштимиз ва борингки барчасини уларга беришга тайёрмиз. Ўз ўзимизни алдаймиз, юрагимизни бермаймиз, тилимизни бермаймиз… Меҳрсиз қолган юрак эса семурғнинг жиғилдонини қайнатиб иштаҳасини бўғишини асло ўйлаб кўрмаймиз. Семурғларнинг юракка бўлган қизиқишлари (бизнинг тилга бўлган қизиқишлари)бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Аммо биз барибир ўзимизни овутамиз ва алдайверамиз. Юрагимизни бермаймиз…Тилимизни бермаймиз…
    Мир Алишерларимиз эса кетиб қолишган… Улар ўзлари билан тилларини ҳам олиб кетишган…Улар бизни кўр ва сақов қилиб бу дунёни тарк этишди.
    Бизга не керак эски туркий ёки ўзбек тилида “communicate” ёки “разговор” қилиш?! Русчалаб боплаб гаплашсак! Русчада гаплашганимизда дунёни лол қолдирсак, бизнинг иқтидоримиз эмасму бу?!
    Агарда эътибор берсак афсонавий қушлар ҳам рус ва инглиз тилида гаплашмоқдаларку!!! Бизлар эса уларга этимизни берарканмиз уларнинг тилида гаплашишимиз лозимда. Агарда уларнинг тилида гаплаша олмасак, биратўла бошимизни узиб олиб ейишса нима бўлади? Тил билган ҳам яхшида.
    Лекин бора бора ўзлигимизни ҳам шу тилимизни унутаётганимиз каби унута борамиз. Бу тезда сезилмайди, албатта.
    Бизлар эса доим афсонавий қушларни кутамиз. Улар келишади, кетишади. Биз ўзбеклар эса ажойиб меҳмондўст халқмиз.
    Афсонавий қушлар… Замонавий қушлар… Бизлар эса ҳамон уларга талпинмоқдамиз…. Биргалашиб осмону фалакларда учамиз…Муттаҳамларнинг парвози бу….

    Ҳурмат билан Мистер Қалампир….

  2. Мен тилшуносликдан узоқ бўлган соҳа мутахассисиман. Лекин миллатим ўзбек ва Ўзбекистонлик бўлганлигим учун ўзбек тилининг ривожланишига, у ҳақда чиққан мақолаларга бефарқ қарамасликка ҳаракат қиламан. Албатта ҳамма мақола ва китобларни ўқиб чиқишга ҳар доим ҳам вақт бўлавермайди. Имконим етгунча ўқийман ва фикр билдиришим мумкин.

    Ўзбек алифбосининг охирги 100 йилликда неча марта ўзгарганлигини олдин қисқача эслаб ўтайлик. Адашмасам (бу ерда аниқ саналар эсимда йўқ) XX асрнинг 20 йилларида илк бор араб алифбосидан лотин алифбосига ўтган. Кейин 30 йиллар охирида лотин алифбосидан кирилл алифбосига, 90 йилларда яна араб алифбосига ўтказиш ҳақида кимлардадир ғоялар бор эди шекилли, ҳамма ўрта макабларда эски ўзбек алифбоси ўқитилиб қолинди. Ўшанда бизлар ҳам араб ёзувидан озми кўпми бохабар бўлганмиз. Кейин бирданига лотин алифбоси мактабларда ўргатила бошлади. 94-95 йилларан бошлаб 1-синфга келган ўқувчилар 100% лотин алифбосида ўқитилди. Уларнинг кўпчилиги ҳозир университетларни битириб мутахассис бўлиб ишламоқда. Кўпчилиги кирилл алифбосида ёзилган китобларни ўқий олмайдиган даражада. Мактабда рус тили ўтилади кирилл ёзуви ўша вақтда ўргатилган дейиш мумкин. Лекин ҳозир мактабни битирган ўқувчиларимизнинг ҳаммаси ҳам рус тилида ҳаттоки ўқишни билади дейиш қийин. Лотин алифбосига ўтгандан кейин ҳам бу алифбо ўзбек тилига бир неча марта мослаштирилди. Мактабда ўқиган давр эсимда аввал туркча ҳарфларга ўхшаш ҳарфлардан фойдаланди. Кейинги йил ўзгартириш киритилди деб яна бир-иккита ҳарфлар қайтадан ўргатилди. Адашмасам бу ҳолат 2-3 марта такрорланди ва хуллас ҳозирги вақтда қўлланилаётган ўзбек тилидаги лотин алифбосига тўхталди.

    Мен бу билан нима демоқчиман? Юқорида Шоҳи Жаҳон , “Ш”, “Ч” деган ҳарфларни соддалаштириш, яна баъзи бир ўзгартиришлар киритиш керак деб ёзибди. Шундайига ҳам неча марта ўзгартирилди бу ҳарфлар. Энди етар деб ўйлайман. Менинг фикри ожизимча бу икки ҳарф билан ўзбек тилидаги лотин алифбоси мураккаблашиб қолмайди. “Ц” ҳарфи аллақачон лотин алифбосида ишлатилмай қўйилган. Мисол учун “Fransiya”, “Sirk” деган сўзларни олайлик. “НГ” ҳозирги лотин алифбосида алоҳида ҳарф билан ёзилмайди, яъни “ng” шаклида ёзилади. Буни жуда ҳам тўғри деб ўйлайман. Мисол учун “Mening”, “Sening”. “Олди”, “келди” деган сўзлардаги “и” қисқа унлисининг ўрнига бошқа ҳарф ўйлаб топиш керак деган гапингизга мутлақо қўшилмайман. Бу ҳеч кимни шу пайтгача чалғитмаган, бундан кейин ҳам чалғитмаса керак. Менинг фикримча агар сиз айтгандай қилса чалғитиш мумкиндир. Ёзилганда бошқача, ўқилганда эса бошқача бўлган сўзлар деярли ҳамма тилларда бор. Мисол учун, инглиз ва француз тиллари бу бўйича биринчи ўринда турсалар керак. Инглизчадаги “enough”, “through”, “genre” ёки немисчадаги “deutsch”, “tschüss” деган сўзларни олайлик. Бошқа тиллардан ҳам бунақа мисоллардан юз минглаб келтириш мумкин. Бизнинг энг катта камчилигимиз ҳам ўзгартиришга мойиллигимиз жуда ҳам кўплигида деб ўйлайман. Нега бу ҳалқлар минг йиллардан буён ўзгартирмайди, қийин бўлса ҳам ўрганади. Инглиз тилида деярли ҳамма сўзлар сиз айтгандай ёзилиши ўқилишига тўғри келмайди. Лекин ҳамма ўрганади. Шу билан инглиз тили жаҳон тилини даражасига кўтара олди. Вазирликда, Президент девонида ўтирган ҳар бир мансабдор тушунса тушунмаса ўзбек тилига, ёки ҳужжатчиликка ўз ҳиссаси” ни қўшишга ҳаракат қилади. Чунки уларга ҳам ўсиши учун “ҳисобот” га ёзадиган мавзу керак. Тарих зарварақларида чиройли фамилиялари қолиш керак. Шунинг учун 21 йилдан буён фақат ўзгартириш билан оворамиз. Лекин бир қатъий қарорга кела олмаяпмиз.
    Яқинда ютубда ўзбек тили ҳақида маълумотларга қизиқиб АҚШдаги қайсидир университетда ўзбек тилидан дарс бераётган икки ўзбекнинг дарсини кўриб қолдим. Унда “Х” ҳарфини “kh” деб ўргатяпти. Демак, лотин алифбоси ўзбек тилида ҳамма жойда ҳар хил ёзиляпти. Афғонистонда араб алифбосида, Марказий Осиё давлатларида кирилл алифбоси, Ўзбекистонда ҳам лотин, ҳам кирилл. Менимча яна кирилл алифбосига қайтадиган бўлса энг катта хатога йўл қўйган бўламиз. Энди фақат тўлиқ лотинчага ўтишимиз керак. Чунки қарийб 20 йилдан буён ёшлар лотин алифбосига кўникиб бўлди.

    Ўзбекистонда йўлда юрсангиз ҳар қадамда шиорга дуч келасиз, шиор бўлганда ҳам имло хатоларга тўла шиорлар. Бу нимадан далолат? Аввало халқимизнинг саводи пасайиб бораётганидан менимча.
    Ҳукумат одамларининг русча гаплашишига келсак, энди уларни тузатиб бўлмайди. Улар учун рус тили энг бой ва буюк тил. Бутун дунё руслардан узоқлашишга ҳаракат қилаётган вақтда улар русчани улуғлаб ўз тилини камситаяпти ва шу билан фахрланаяпти. Уларнинг тушунчаси, дунёқараши ва даражаса, умуман бўлгани шу. Айбини бетига айтсангиз қаматади. Бу аниқ. Булар тузалмас руспарастлик касаллигига йўлиққанлар. Букрини гўр тўғрилайди. Ҳозир ҳукумат тепасига келадиган ҳар бир раҳбар ватанга ҳисса қўшаман деб эмас, ўз шахсий манфаати учун ишлайди. Ватанга ҳисса қўшаман деганлар мансабдор бўлолмайди. Улар учун йўллар берк. Бу ҳукуматга фақат буйруқни бажарувчи роботлар, зомбилар, товламачилар, хушомадгўйлар керак. Уларни миллат, халқ манфаатлари умуман қизиқтирмаслигига 100% амин бўлганман. Фақатгина вақт ўтиб ҳозирги ҳукуматни бошқараётган авлод ўтиб кетсагина бир янгилик бўлишига умид қилса бўлади. Ёки қандайдир кутилмаган тарихий воқеалар натижасида.

    Умуман, буларнинг ҳаммаси менинг шахсий фикрларим. Агар хато ёзган бўлсам узр сурайман. Юқорида ёзганимдек бу тилшуноснинг эмас оддий бир ўзбекнинг фикри эди. Алижон

    • Ассаламу алайкум, Alijon, Мистер Қалампир, Жаҳонгир ака ва бошқа барча ўқувчилар.
      Алижоннинг мен ёзган фикрларга баъзи муносабатларини таҳлил қилмоқчиман. Ростдан ҳам лотин ёзувига ўтилгандан сўнг бир неча бор қайта ўзгартирилди ва ҳали ҳам тўла тадбиқ бўлгани йўқ. Ҳа деб ўзгартиравериш умуман керак эмас. Шунинг учун етук ўзбек тилшуносларини тўплаб бир неча йиллик музоракаю муҳокамалардан сўнг ўзгармас қилиб қабул қилиниши лозим. Мен нима учун «олди», «келди» сўзларидаги охирги товушни ифодаловчи ҳарф қўшилиши керак дедим, сабаби ўша товуш баъзан тилимизда битта ўзи ишлатилади. Уни ночорликдан «А?!» каби ёзишга тўғри келади. Бу ҳайратни англатади ва умуман «а»га яқин эмас. Тасдиқни билдириш учун умуман оғизни очмаган ҳолда «ҳм» дейилади, инкор этиш учун эса юқорида келтирилган товуш қисқа қилиб бир ёки икки марта қўлланилади. Уни сизнингча қандай ёзиш керак?! «аэ» кабими?! Шунинг учун ҳам кўпгина нозик ҳис-туйғуларимизни тўғри ифодалай олмаймиз. Барибир мен кириллча ўқиганим учун эмас, лотинча ҳозирги ёзувимиз жуда ноқулай бўлганлиги учун ҳам у оммалашмайди деб ўйлайман. «Ў», «ғ», «ъ» лар билан бирга тиниш белги ишлатавериш одамни асабига тегади, унинг устига лотинча «и», «ж» каби ҳарфлар бошқасининг пинжига кириб кетади. Шундай экан барибир алифбони ўзгартириш керак деб ҳисоблайман. Овозга қўйилса, чин овоз тўпланса, бу фикрга қўшиладиганлар ғолиб чиқади деб ўйлайман. Шундай экан кириллга қайтганимизда баъзи ўзгаришларни ҳам бир йўла амалга оширсак бўлаверади. Лотин алифбосига ёшлар кўниккан бўлишлари мумкин, лекин илм ўрганаман дейишса, лотин ёзувида ўзбек тилида ёзилган китоблар деярли йўқ. Мен Ўзбекитондалик пайтимда ҳам лотинча ёзилган дарслик ва ўқув қўлланмалардан бошқа бирор асар кўрмаганман лотин ёзувида. Аслида ўзбек тилида ёзилган илмий китоблар ҳам жуда кам, бадиий китоблар эса ҳозир ҳам кирилл ёзувида чиқади.
      Нари борча ўттиз кишидан иборат гуруҳчалар ҳозирда шундай ўйинлар яратмоқдаки, ҳайратласа бўлади. У ерда ҲАЁТни қандайдир қолиплаштирган ҳолда вертуал дунёга кўчиришяпти, «яшаш» қонунларини шу жумладан ТИЛ ҳам, АЛИФБО ҳам ўйлаб топишяпти; бор-йўғи бир ўйин учун. Шундай ўйинларни кўрган, ўйнаганлар бордир. Йўқ бўлса, энг кўп пул тўплаган Жеймс Камероннинг «Аватар» киносини кўрганлар бордир, унда «нави» тилида гаплашишади. Кинода битта-иккита гапни ўйлаб топгандир-да дейишингиз мумкин, аммо ўйинда бутун бошли тил ва алифбо яратилган ва ҳеч бир мавжудларидан шунчаки кўчирма олинмаган. Бизнинг ўттиз миллионлик халқимиз алифбонинг ўзини эплаб олмайди. Бу жуда ҳам оғриқли нуқтамиз.
      Муҳокамага киришган эканмиз, бир-биримзнинг фикрларимиздан ранжимаймиз, тўғри қабул қилмиз деб ўйлайман. Ёзганларимга, умуман ЎЗБЕК тилига бефарқ бўлмаганларингиз учун миннатдорчилик билдираман.

  3. […] бу билан нима демоқчиман? Юқорида Шоҳи Жаҳон , “Ш”, “Ч” деган ҳарфларни соддалаштириш, яна баъзи […]

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: