Тил муаммолари

“Dura lex, sed lex”

1. Бачканалик ва маданият

1992 йилда Озарбайжон президенти Абулфайз Элчибей Кремлда Борис Елцин билан учрашар экан, Кремлни ларзага солди. У русларнининг оғзини ланг очиб қўйиб, ўз она тилида гапира бошлади. Елцин аввалига нима бўлганини тушуна олмади. Кейин масалани англаб етди шекилли, мийиғида кулиб, атрофидагиларга қаради. Улар елка қисиб турардилар. Ўшандагина Кремл корчалонлари мустақил бир давлат раҳбари билан учрашаётганларини ҳис этгандилар.

Бир эслаб кўрингчи, бугунга қадар Ислом Каримов Кремл у ёқда турсин, ҳар бир лидернинг ўз она тилида гапириши қадрланадиган БМТ минбари ёки бирор бир олий даражадаги учрашувда ўзбек тилида гапирдими? Гапирган эмас. Гапирмайди ҳам. Доим рус тилида гапириб келди. Чунки у ўзбек халқини менсимагани каби унинг тилини ҳам менсимайди.

Конституцияда “Ўзбек тили-давлат тили” деб ёзиб қўйилган. Аммо мамлакатни қарийб 20 йилдан бери ишғол қилиб олган Каримов тўдаси Конституцияни оёқ ости этиб, рус тилини давлат тили сифатида сақлаб қолмоқда. Буни ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз

1991 йилнинг охирида Каримов Туркияга боришга тайёргарлик кўраётганди. Якшанба куни эди. Мени ҳам уйдан чақириб келишди. Икки фармон лойиҳасини ёзиб беришимни сўрашди. Кейин Каримов чақирди.

-Мана шу китобни олиб боринг деб менга беришди,-дея улкан турк шоири Юнус Эмронинг ўзбек лаҳжасига ўгирилган китобини кўрсатди. Кейин китобни столнинг устига отди. Бу менга оғир ботди. Шу боис китобни қўлимга олмаслик билан унга жавоб берган бўлдим. Шунда у:

-Нима дейсиз? Нима қилиш керак-ки, туркларни қойил қилиб қайтсак?,-деди.
Хаёлимга келган гапни айтдим:

-Уларга ўзбек тилида гапириш керак!

1988 йилда бир ой Туркияда бўлиб, у ердагиларнинг ўзбек тилига ошуфталикларини, улар биз Совет даврида турк тилининг бош бўғини ҳисобланган ўзбек тилини унутиб юборганмиз деб ўйлашларини сезган эдим. Буни ўша йили эълон қилинган “Ёпиқ эшикларнинг очилиши” туркум очеркларимда ҳам ёзгандим. Ҳар ҳолда “Ўзбек тилида гапириш керак” дейишимга шу сабаб бўлган бўлса керак. Лекин ўша кезда Каримов ўзбек тилида чала-чулпа гапириб, масхара бўлиб юргани маълум эди ва бундай гап унга қаттиқ ботишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дарҳақиқат, шундай бўлди. У бирдан қизарди ва:

-Бундай қилсак бачканалик бўлади,-деди.

Энди бу гап менга оғир ботди ва дарҳол жавоб қилдим:

-Ўз она тилида гапириш бачканалик бўлса, рус тилида гапиришни нима деймиз?
-Рус тили бўлмаганда биз одам бўлмасдик,-деди Каримов ва гапни “УзТАГ”нинг номини “ЎзА” қилиб ўзгартириш ҳақидаги таклифимга буриб юборди.

Ўшанда мен Каримов ўзбек тилини пухта билмагани учун жаҳли чиқди деб ўйлаган эдим. Бугунга қадар ўтган давр исботладики, у ўзбек тилида гапиришни бачканалик ва рус тилида гапиришни маданият деб билар экан ва бу нарса ўша кезда ҳам унинг шуурида турган. Шу боис ҳатто Истанбулда Туркий жумҳурятлар Зирвасида Назарбоев, Туркманбоши, Акаев ўз тилларида гапирганларида ҳам Каримов рус тилида нутқ ирод қилган ва Туркияда бу шармандалик дея баҳоланганди…

Ҳа, Каримов жаноблари, (Биламан сиз буни ўқийсиз ва ўзингиз хўжакўрсинга қонунлаштирган лотинда қийналишингизни назарда тутиб кирилга ҳам ўгирдим-ЖМ) сиз учун ўзбек тилида гапириш бачканалик, рус тилида гапириш маданият. Агар мен ўз хулосамда адашган бўлсам, Ислом Абдуғаниевич, буни тузатишингиз мумкин: Кремлда бир марта ўзбекча гапирсангиз олам гулистон, Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган бўласиз! Чунки тили мустақил бўлмаган миллатнинг мамлакати мустақил бўла олмайди!

2.Халқнинг тили ва хотиннинг тили

Бундан бир ҳафта олдин Оврўпо тадбиркорлар конфедерациясининг йиғлишида унинг раиси Эрнест Сейер француз бўлгани ҳолда инглиз тилида гапиргани учун президент Жак Ширак ўрнидан туриб, норозилик билдирди ва ўзи билан бирга Иқтисод ҳамда Ташқи ишлар вазирларини ҳам олиб, йиғилишдан чиқиб кетди. Буни кимдир эски рақобатнинг давоми деса, яна кимдир Ширакнинг ўжарлиги деди. Президент ўжар бўлиши керак. Аммо бу ўжарлик ўз миллатининг тилига ҳурматсизликка йўналган ўжарлик эмас, балки ўз миллатининг тилини юксалтиришга қаратилган бўлса, бу унинг хислатига айланади. Акс ҳолда бу унинг иллати бўлиб қолади.

Ўз тилини четга суриб, рус тилида гапиришни афзал кўрган одамнинг ўз халқи ҳақида қайғуришига сиз ишонасизми? Мен ишонмайман.

Яқинда АҚШдаги ёшлар билан учрашув ўтказдик. Негадир ҳамма рус тилида гапирар эди. Агар инглиз тилида гапирганда ҳам буни изоҳлаш мумкин эди. Ҳа, энди Америкага келган, шу ерда ўқиб, шу ерда қолиб кетишга қарор қилган ва фикрини инглиз тилида очиқроқ айтади дейиш мумкин.

Мен “Кечирасизлар, бироз миллатчиман” дедимда атайлаб ўзбекча гапирдим. Баъзиларга бу таъсир қилди ва баъзилар парво ҳам қилмай яна русча гапиравердилар. Айтишингиз мумкин, улар элитанинг болалари ва рус тилидаги мактабларни битиришган деб. Йўқ, улар бечора халқнинг болалари ва бу ерга бир бурда нон илинжида келганлар. Айб уларда эмас, айб режимда.

Демак, рус тилини давлат тилига айлантирган Каримов режими бечора халқнинг болаларини ҳам шунчалик руслаштириб юборибдики улар Америкага келиб ҳам шу тилда гаплашиб юрибдилар. Бу бизнинг энг катта миллий фожиамиздан бир шингил.

Бир пайтлар, кимдир, “Президентимиз халқнинг тилида эмас, хотинининг тилида гапиришни афзал кўради”, деган эди. Бу ҳазил гап эди. Аммо ҳақиқат шуки, Каримов ўз халқининг она тилини эмас, балки ўз хотинининг она тилини улуғлади.

Ўтган йилларда ўзбекнинг мамлакат ичида ва мамлакат ташқарисида ҳам болалари ўзбек тилида гапира олмайдиган ва ёза олмайдиган даражага тушдилар. Бу Каримовнинг “улкан хизмати”дир.

Ҳа, ўз тилини байроқ қилиб кўтара олмаган халқ кимнингдир ёки кимларнингдир қули бўлиб қолишга маҳкум. Бу гапнинг исботини бугун амалда кўриб турибмиз.

3.Ривоят ва ҳақиқат

Бир подшонинг уч ўғли бор экан. Ворис танлаш учун уларни синовга солибди. Катта ўғлини чақириб;

-Мана бу ҚОНУН,-дея бир китобни кўрсатибди,-унинг ҳар бир ҳарфига риоя қилишинг керак, агар риоя қилмасанг тахтдан, бойликларингдан айрилиб зиндонга кетасан, мана бу ҳам ҚОН+УН, яъни қон ва ун дебди,-икинчи томондаги нарсаларни кўрсатиб,- Қон зулм рамзи, ун бойлик рамзи. Танлаганинга қараб мен хулоса қиламан…

Ҳар уччала ўғил ҳам ҚОН ва УН ни танлашибди.

Подшо хафа бўлиб ўтирган экан, маслаҳатчиси:

-Хафа бўлманг, фарзандда бўлмаса ота нишони, унда бордур бировнинг қони, болаларингиз сиз танлаган йўлни танладилар,-дебди.

-Сен ҳали менга шундай дейдиган бўлдингми?-дея шоҳнинг жаҳли чиқибди.
-Чунки сиз тахтни бирор ақлли одамга эмас, ўз болаларингиздан бирига бермоқчисиз, ана у ўзингиз ёздирган ҚОНУНда эса тахт энг ақлли одамга насиб этгай деб битилган,-дебди.

-Мен сени дўст деб юрсам, душман экансан,-дея шоҳ ҚОНУНни бир четга улоқтириб, жаллодни чақирибди. Шунда маслаҳатчи:

-Мана кўрдингизми, яна ҚОНУНни эмас ҚОН+УНни танладингиз, мен эса ҚОНУНни танлагандим, майли мени ўлдиртиринг,-дебди.

Подшо ҳукмидан қайтмай маслаҳатчини жаллоднинг қўлига топширибди.

Шу зайл подшо ўлиб, ҚОН ва УН унинг авлодларига меърос бўлиб қолибди. Улар биринчи галда ўз оталарини гўрба гўр қилиб, кейин халқни талабдилар.

Айни шу вазиятни бугун ҳам кўриб турибмиз. ҚОН ва УН ни танлаган Каримов ўзи ёздирган ҚОНУНларни бир четга улоқтириб, тахтни ҳам ўзи каби зулмдорга қолдирмоқчи.

Ҳуқуқшуносликда қўлланиладиган лотинча бир ибора бор׃ дура лекс, сед лекс (Dura lex, sed lex), бу қонун қаттиқ, лекин риоя қилиш учун дегани. Риоя қилинмас экан, Конституция ва қонунларда ўзбек тили борасида нега бу қадар гаплар ёзилди? Бу энди мунофиқлик масаласи. Чунки ҚОН ва УН ҳукмронлиги учун мунофиқлик деган замин керак!

Ж.М.

12 Апрел, 2006 йил.

3 Responses

  1. Жуда ҳам тўғри муаммони ёритибсиз. Биринчи ўринда тилга эътибор қаратиш керак. Албатта бошқа ишлар ҳам керак, лекин бошқалари мева бергунча уларни ўз тилимиз билан ўзимизники қилиб қабул қилганимиз маъқул. Жуда ҳам таъсирли далиллар келтирибсиз. Афсус ҳозирда ҳам барча давлат ҳужжатлари деярли рус тилида қилинади. Кўпини ҳатто таржимасини топиш ҳам мушкул. Сабаби «арбоблар»имиз ўзбек тилида бирор нарса ёза олишмайди. Тўғрироғи таржимасини билишмайди. Аслида бир неча маъноли таржималарга эга бўлиши мумкин, қайси бири тўғри келар экан, деб бош қотираманми, русча ёзиб қўя қолай дейишади. Намуна сифатида аввал ёзилганлари ҳам рус тилида бўлган-да… Умуман бош қотириб, изланиш, маъсулият билан ёндашиб ишлайдиганлар жуда кам. Бу рус мактабларида ўқиганлиги учун эмас, аслида рус тилиши ўзбек тилини ўндан бирини билганчалик ҳам билишмайди. Кўп кузатганман. Ўзбекча ёзилган сўровномаларга ҳам рус тилида ёзиб тўлдиришади. Эшитилиши бўйича, хатога тўлдириб…. Бу «одилано сиёсат»нинг маҳсули. Тилга эътибор – элга эътибор дейишган доно халқимиз.
    Биринчи ўринда алифбони ўзбек бўлмаган КИРИЛЛ яратган бўлса ҳам, унга қайтариш керак.
    Иккинчидан, ҳозирги лотин алифбосида «нг»ни иккита белги билан ёзиладиган «ч», «ш» сингари битта ҳарф деб оммани чалғитмасдан, ҳарфлар билан ифодаланмадиган тилимиздаги товушларни белгиланишини ўйлаб топишимиз керак. Масалан, «келди», «олди» каби сўзларда ҳеч қачон охирида «и» талаввуз қилинмайди ўзбек тилида. Уни ифодалайдиган бошқа ҳарф қўлланилиши керак.
    Учиндан, янги алифбо ҳозирга копьютерда мавжуд босма ҳарфлардан ташкил топиши керак. Менинг шахсий фикримга кўра, бизга умуман «ь» белгисини керакги йўқ, «ц» ҳарфини ҳам. уларни юрорида айтилгандагидай товушларга бириктирилса бўлади.
    Тўртинчидан, «Давлат Атамалар Қўмитаси» ташкил этилиши керак, у русча-ўзбекча, инглизча-ўзбекча барча соҳаларни қамраб олган мукаммал изоҳли луғат чиқариши керак. Ва у доим фаолият олиб бориб, янги сўз ёки таржимаси бахсларга сабаб бўладиган сўзлар бўлса, таржима фалон тарзда қўлланилади деб, тасдиқлаб берадиган бўлиши лозим. Мустақилликнинг илк йилларидаги каби «Чой» сўзини руслар ўзбеклардан олган дейдиган чала муллалар «самолёт»ни «тайёра» деб ўгирадиган бўлмаслиги лозим. Мен ҳайрон қоламан, ҳали ҳам ҳарбий бўлинмалар русча номларда аталади. Наҳотки дунёга машҳур саркарда Амир Темур даврида унга эквивалент сўзлар бўлмаган?! Нега эскирган сўзлар деб Навоий ишлатган сўзлар ўрнига, маъноси ўз тилида ҳам бутунлай бошқача бўлган инглизчага ҳам, русчага ҳам бошқа тилдан кириб келган сўзларни ишлатишимиз керак. Мен четдан сўз кириб келишига қарши эмасман, лекин қабул қилишдан аввал сўз тарихини, келиб чиқишини ўзганадиганлар бўлиши керак. Ўзбекча маъносини берувчи сўз бўлса ундан фойдаланиб, жаргонларни аста-секин қувиб чиқариш керак. Халқ шуни ишлатяпти деб, ўзбек тилига ҳамма сўзни тиқавериш ҳам маъқул эмас. Ҳали ҳам одамлар талаффузга осон бўлса ҳам, «бекат» ўрнига «остановка» деб қўллашади. Лекин китобларга ёзилаверса, оммавий ахборот воситаларида айтилаверса, кейинги авлод ўзбекча сўзни қўллашга ўрганади. «Район» сўзини аввал «ноҳия» деб таржима қилинди, халқ уни қабул қилмади, аммо «туман» деган таржимаси оммавий қўлланилинди. Мен қадимги адибларимиз ёзган асарларинни унча-бунча ўқиганлигим боис уйғур тилини саксон-тўқсон фоиз, турк тилини етмиш-саксон фоиз тушумаман. Бошқа туркий тилларни ҳам камроқ гапирса мақсадини англай оламан. Агар бирор сўзни таржимасини айнан топа олмасак, улардан маъновий ўхшашини олиб, ўзбек тилида манашу ўринда ишлатилади деб қабул қилсак, ўйлайманки, ҳеч қайси қардош миллатларимиз муаллифлик ҳуқуқи талаб қилиб чиқмайди. Вилоятлар бўйлаб юриб чиқилса, шеваларда шундай сўзлар борки, энг бой деб ҳисобланадиган инглизча луғатда ҳам таржимасини топа олмай қолинади. Уларни ҳам эскилик сарқити деб улоқтириб, ўрнига инглизча ёки русча луғатда борини ишлатаверамиз демасдан, ўзимизникини оммалаштириш лозим.
    Бешинчидан, тилни қўллаш ва оммалаштириш бўйича қонунлар қабул қилиниши шарт. Унга мувофиқ барча расмий ҳужжатлар ўзбек тилида ёзилиши, расмий суҳбатлар ўзбек тилида олиб борилиши зарур. Фақат рухсат этилган вазиятлардагина, масалан халқаро аҳамиятга молик алоқаларни талаб қилинган тилга баён қилинилишига рухсат берилади. Ўзбек тилида ёзилган ҳужжатларга кўз югуртирганимда ундаги имло ва услубий хатолар кўплигидан, айниқча «ў»,«қ»,«ғ»,«ҳ» харфларисиз ёзилганлигидан одамнинг асаби бузилади. Ҳозирда Ўзбекистондаги ишлаётган энг эски копьютерда ҳам «Windows XP» ёки «Windows 2000» ўрнатилган ва уларда Американинг хсусий фирмаси барча ўзбекча шрифтларни (таржимасини билмайман, балки ота-боболаримиз хуснихат деб ишлатишгандир) киритиб қўйган. Расмий ҳужжатларда ҳар бир хато учун жарима белгилансагина, ундан фойдаланишни ўрганамизми?!

    Умуман олганда фикрлар кўп, тилшунос олимларни йиғиб уларга озгина моддий ёрдам ва кўпгина маънавий қувват берилса, ўзимиз учун, келажак авлодимиз учун улкан ишларга бир дебоча очган бўламиз. Мен тилшунослик соҳасига унча яқин эмасман, аммо адабиётга қизиқмайдиган одам бўлмаса керак. Қаердадир бир таъсирли шеър ўқиган эдим, эсимда қолганича, фикрларим (ҳозирча) сўнгида ёзиб қолдираман:

    Миллатни тан олиб қарашга,
    Тили бўлиш керак ярашган.
    Ўзек тилим қадрин тиклашга,
    Бир Навоий камлик қилмоқда.

    Яровчилар элнинг корига
    Ўзга юртда ишлаб хориган.
    Таъминлаш-чун чорлаб бoрига
    Бир атойи камлик қилмоқда.

    Олавериб ҳар нени четдан,
    Онгимиз ҳам ўзгариб кетган.
    Урфимизни чин англаб етган
    Бир садойи камлик қилмоқда.

    Ўз шахсига сарфлаб эл кучин,
    Унутмоқда арбоблар бурчин.
    Ўзбек халқи ўнгланиши-чун,
    Бир фидоий камлик қилмоқда

  2. […] Тил муаммолари борасидаги мақоламга куюнчак ўқувчининг жуда мазмундор муносабати […]

  3. Муттаҳамнинг парвози ёки TERRA EST ROTUNTA (Лотинчада ер думалоқ дегани).

    Ёшлигимда чет эл адабиётидан бир китоб қўлимга тушиб қолганди. Исми ҳам ажойиб “Муттаҳамнинг парвози”.
    Агарда жиддий эътибор берилса, бир қанча асарлар дунё юзини кўраркан уларда тасвирланган ҳолатлар ва воқеалар кейинчалик башорат каби чин ҳаётда содир бўлади ёки дунёнинг гардиши каби айланиб такрорланади.
    Бугунки кунда бир муттаҳамнинг парвозини деярли бургут, лочин, хумо қуши ёки ҳалқ тили билан айтсак семурғ ҳам геннес рекордлари сингари такрорлай олишмаса ҳа керак.
    Ҳа дарвоқе, нега айнан бу каби афсонавий қушлардан гапира бошладим?! Нима бўлди ўзи?
    Балким, Ҳусайн Бойқаронинг вазирларига айтган гаплари ёдимга тушгандир. Ҳусайн Бойқаро нимадан афсус қилганди?
    Бойқарони дўсти Мир Алишер Навоийдан ажратганларида жон чиқар ҳолатда бир ривоят айтганди. Унинг айтиши бўйича семурғ қуши бир кишини кўтариб осмону фалакка олиб чиқади. Учиб бораркан, семурғ чангалидаги одамнинг этини ейишни бошлайди. Қанча азоблар бўлсада ўша инсон ўз этидан семурғга беради аммо ўз юрагини бермаскан. Бойқаро эса афсус надомад билан айтадики, мен семурғга юрагимни бердим.
    Энди, кишини ўйлантириб қўядиган савол юзага чиқади. Ким у парвоз қилаётган муттаҳам аслида? Семурғми ёки унинг чангалидаги инсон? Ҳар иккаласи ҳам парвоз қилмоқдаку, ахир!
    Виждон, ор, номус… Булар бир бирига сингиб кетган тушунчалардир.
    Ўзбек ҳалқи нега бугунга келиб, ўз юраги тугул виждон, ор, номусини ҳам семурғга қўш қўллаб тутқазиб берди?
    Семурғ сиймосидаги муттаҳамларнинг эса парвозларининг юқорилиги айнан ўз чангалларидаги кишининг этидан узиб олиб қорин тўйдиришлари ҳисобидан бўлмаяптими?
    Мен адашиб кетдим… Ахир Ўзбекистонда Семурғ қушлари афсонаку. Бу ерда мусича каби беозор қушлар анчагина.
    Ер эса думалоқ. Ернинг қайсидир бурчакларидан учиб келаётган семурғ қушларига буюк афсона сингари талпинмоқдамиз. Ахир уларга бизнинг бахтимиз эмас, балки қонимиз ва этимиз керакку!
    Ўзбек халқининг томирида қон қолдими, танасида эти қолдими?
    Семурғларга бизнинг чирий бошлаган этимиз ёки айниб кетган қонимиз керак эмас албатта.
    Улар замонавий семурғлардир. Уларга олтин, нефть ва газ ҳамда шу каби бойликлар қизиқроқ.
    Бизлар эса семурғларни қон ва этимиз билан боқишга ўрганиб қолганмиз. Лекин юрагимизни бермаймиз. Қонимиз, гўштимиз ва борингки барчасини уларга беришга тайёрмиз. Ўз ўзимизни алдаймиз, юрагимизни бермаймиз. Меҳрсиз қолган юрак эса семурғнинг жиғилдонини вайнатиб иштаҳасини бўғишини асло ўйлаб кўрмаймиз. Семурғларнинг юракка бўлган қизиқишлари бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Аммо биз барибир ўзимизни овутамиз ва алдайверамиз. Юрагимизни бермаймиз…
    Мир Алишерларимиз эса кетиб қолишган… Улар ўзлари билан тилларини ҳам олиб кетишган.
    Бизга не керак эски туркий ёки ўзбек тили?! Русчалаб боплаб гаплашсак, русчада гаплашганимизда дунёни лол қолдирсак?!
    Агарда эътибор берсак афсонавий қушлар ҳам рус ва инглиз тилида гаплашмоқдаларку!!! Бизлар эса этимизни берарканмиз уларнинг тилида гаплашишимиз лозимда. Агарда уларнинг тилида гаплаша олмасак, биратўла бошимизни узиб олиб ейишса нима бўлади? Тилган билган ҳам яхшида.
    Лекин бора бора ўзлигимизни ҳам шу тилимизни унутаётганимиз каби унута борамиз. Бу тезда сезилмайди, албатта.
    Бизлар доим афсонавий қушларни кутамиз. Улар келишади, кетишади. Биз ўзбеклар эса ажойиб меҳмондўст халқдир.
    Афсонавий қушлар… Замонавий қушлар… Бизлар эса ҳамон уларга талпинмоқдамиз…. Биргалашиб осмону фалакларда учамиз…

    Мистер Қалампир 2012.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: