Ўзбекни тижорат эмас, сиёсат қутқазади

МАМЛАКАТГА СОҲИБЛИК

Ўтган йил охирлари эди. Тожик тилидан дарс берадиган одам керак бўлди, самарқандлик бир тожик танишимга айтдим. У׃

-Ака, уйда тожик тилида гаплашамиз. Лекин қолган жойда ўзбекча. Чунки ўзбекча ўқиганмиз. Шунинг учун ўзбек тилида бўлса бажараман,-деди. У билан қачон суҳбатлашсак, “Адашиб исмимни ёзиб қўйманг”, дейди. Негалигини сўрасам׃

-Ўзбекистонга қайтиб сиёсатга кираман, ҳукуматга ишга ўтаман, Ташқи ишлар вазири бўлиш орзуим бор, мен тожик бўлганим билан ота-боболарим Самарқандда яшаб келганлар ва менинг ҳам келажагим шу юрт билан боғлик,-деб Тожикистонга боришни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Ўзбек тилини бурро гапиради ва чиройли мақолалар ёзиб ҳам туради.

Бир куни эса Америкада сиёсий илмлар фанидан таҳсил олаётган ўшлик бир ўзбекка׃
-Қирғиз тили бўйича лойиҳа бор экан, одам қидиришаяпти, яхши ҳақ беришар экан, бормайсизми шунга?-дедим.
-Ака, мен қирғиз тилида оз-моз гаплашаману лекин лойиҳа бажарадиган ҳолим йўқ,-деди.

Бундан ўн йил олдин ёзганим “Ўзбеклар ва ўзбеклар” китобида ҳам шу масалани кўтаргандим. Афғонистон ва Туркия орқали Америкага келган ўзбеклар ўзларини асосан тижоратга урганлар. Болалари ҳам уларнинг дўконидан чиқмай қолган. Бугун энди Ўзбекистондан келган ўзбеклар ҳам кўпайиб кетди. Мақсадлари нима қилиб бўлса ҳам пул топиш. Бошқа гап йўқ. Тез-тез тўйларига бориб турамиз. Айтадиган гапим аниқ׃

“Болангизга билим беринг ва ўзингиз яшаган мамлакатда мардикор эмас, саркори сиёсатга айланинг. Агар илм берсангиз, қўлласангиз болаларингиз орасидан Обамалар чиқади ва илм бермасангиз олиб сотарликдан, қуруқ гапдан нарига ўтмайсиз. Мамлакатга соҳиблик бу ўз тақдирига соҳибликдир”.

БОЙ БЎЛИНГ, ЛЕКИН…

Тижорат-жасорат деб келинади. Бу тўғри. Лекин тижоратни бошқарадиган сиёсатдир. Узоққа борманг. Яҳудийлар ҳаётини ўрганиб кўринг. Улар минг йиллар давомида тижорат билан шуғулланганлар. Энг катта савдогарлар ва энг катта бойлар шулардан чиққан. Лекин улар бундан 60-70 йил аввал, масонлар клублари, яҳудийларнинг конгресслари каби ташкилотларни тузганларида, яъни Иккинчи жаҳон урушидан кейин сиёсатни биринчи ўринга олганлар. Болаларини шу йўналишда ўқитганлар ва уларга кучли илм берганлар. Тарих учун жуда қисқа бўлган вақтда улар дунёнинг информация қудратига ва дунёни бошқаришга соҳиб бўлдилар. Улардан ўрганиш керак.

Ушбу мақолани ёзаётиб, дунёдаги энг кучли нуфузга эга бўлган яҳудийлар рўйхатига қарадим. Катта бойларнинг номи рўйхатнинг охирида. Рўйхатнинг бошида эса Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу, АҚШ сенатори Жозеф Либерман, АҚШ Федерал резерв тизимининг раҳбари Бен Бернанке, Нью Йорк мери Майкл Блумберг ва Гугл(Google) асосчиси Сергей Бринларнинг номларини кўрдим. Майкл Блумберг катта бой бўлган. Аммо сиёсатга кирмагунига қадар уни ҳеч ким танимас ва таъсир кучи ҳам ҳаминқадар эди. Гугл (Google) асосчиси ҳам бугун катта сиёсатчидир. Кечаю кундуз яҳудийларни сўкадиганлар ҳам бугун унинг хизматидан фойдаланиб, унга хизмат қилиб беришади. У истаса дунёнинг сиёсатини у томондан бу томонга буриб юборадиган информацион кучга соҳиб.

Кимдир бундан бой бўлманг, деган хулоса чиқармаслиги керак. Бой бўлинг. Баракангизни берсин. Фақат пул топиш билан чекланманг. Топганингизни болаларингиз илмига ҳам сарфланг демоқчимиз, холос.

Тижоратни ташламанг. Лекин сиёсатга аралашинг, болангизни сиёсатга аралаштиринг. Сиз сиёсатни қўлга олмасангиз, сиёсат сизни қўлга олади ва  истаган куйига солаверади.

ҚИРҒИН САБОҒИ

Қирғизистонда қон тўкилди. Бу биринчиси ҳам, шу кетишда охиргиси ҳам эмас. Ҳозир Ўш ва Жалолободда содир бўлган қирғиндан чиқарилаётган хулосаларга разм солинг.

Айбни ҳамма бир-бирига юкламоқда.

Ўзбекистон айбдор, чунки армия киритмади, деганлар ҳам топилди.

Кимдир бунинг ортида руслар турибди, дейди.

Кимдир тинмай учинчи куч ҳақида гапиради.

Руслар эса қирғзиларнинг миллатчилигини исботлашга киришиб кетдилар.

Газеталардан бунга мисоллар ҳам топдилар.

Яна бир гуруҳ орага тожикларни ҳам суқиб, жанг майдонини кенгайтиришга уринди..

Муваққат ҳукумат бунда эски ҳукумат ва унинг раҳбари Бақиевнинг қўлини кўрмоқда ва зўр бериб шу идеологияни ўтказмоқда.

Жанжални ўзбеклар бошлади деганлар ҳам бор.

Фарғона воқеалари арафасида бир кишини ўлдириб, ўша куниёқ суратларни Ўзбекистон бўйлаб тарқатилгани каби Ўшда ҳам бир куннинг ичида аланга ёқиб юборилди.

Ҳамма вақт ҳамма халқнинг миллатчи экстремистлари бўлган. Бугун ҳам бундай кучлар бўлмаган мамлакатнинг ўзи йўқ. Лекин жамиятлар ва ҳукуматлар-сиёсат бу кучларни назорат қилиб, қонун билан уларнинг ҳаракатларини чеклаб туради.

Бугун реклама даври. Беш долларга маҳсулот сотиладиган бўлса, олдиндан икки долларлик реклама қилинади. Бозор қидирилади. Нефт қазувчи бензин сотиладиган бозор топиш ва яратишни ўйлайди. Дори чиқарувчи ва сотувчи касалликлар кўпроқ тарқалишини орзу қилади. Буни айтмайди ва билдирмайди. Аммо ҳар куни ўнлаб янги касалликлар чиқаверади. Битта дори иккинчи касалликни туғади ва ҳоказо.

Шундай экан дунёда бугун энг катта ва энг кучли индустрия бу қурол ишлаб чиқариш саноатидир. Қуролни сотиш учун уруш майдони керак. Ироқ, Афғонистон, Яқин Шарқ торлик қилмоқда. Энди яна бир бозор қидирилмоқда ва яратилмоқда. Агар Марказий Осиё халқлари буни тушунмасалар келажакда улар қурол бозорининг қон оқадиган дарёси ичида қолишлари ҳеч гап эмас.

СИЗ БОШҚАРМАСАНГИЗ, СИЗНИ БОШҚАРИШАДИ

Агар сиз сиёсатни бошқармасангиз, сиёсат сизни бошқаради, деган азалий гап бор.

Шу мантиқдан келиб чиқсак, бугунгача Ўш ва Жалолободдан нега маркази Бишкекда бўлган партия раислари, вазирлар, ҳукумат мулозимлари, хавфсизлик идоралари раҳбарлари, ҳарбий қўмондонлар, хуллас мамлакатни бошқарадиган сиёсатчилар етишиб чиқмади?

Кимдир бу ҳам дискриминациянинг оқибатидир дейиши мумкин. Дунёда дискриминация бўлмаган жой борми?

Ҳали 1960 йиллар бошида АҚШда қора танлиларни автобус бошқаришга қўйишмаган. Бугун эса улар мамлакатни бошқаришмоқда.

Акаев даврида эркинлик бор эди. Ҳатто ўша қаттол Бакиев даврида ҳам Қирғизистон бошқа қўшниларига нисбатан эркинроқ эди. Нега Бишкекда ўзбек газеталари чиқмади? Нега умуммиллий ўзбек телеканаллари ишга туширилмади? Нега сиёсий партиялар тузилмади? Нега дискриминацияга қарши курашилмади? Бундай саволларнинг давоми йўқ.

Жавоб эса аниқ. Бундан кўра тижорат осонроқ. Ташвиш камроқ. Бишкекка бориб сиёсат қилиш учун қирғизча гапиришга тўғри келади, пул сарфлашга тўғри келади. Нима кераги бор?

Бу гаплар аччиқ, кимгадир қаттиқ тегиши мумкин. Лекин ўзбеклар сиёсатни қўлга олганларида эди, шунча бегуноҳ одамлар ўлмаган бўлармиди!? Чунки ўша Ўшнинг мери ҳам, Жалолободнинг раҳбарлари ҳам, милиция бошлиқлари, ҳарбий раҳбарлар улардан чиққан бўларди. Хуллас, бугунгача бўлмади. Бугунги воқеалар кўзларни очиши ва сабоқ бўлиши лозим. Болаларингизга илм беринг, нафақат ўзбекчани, балки қирғизчани ҳам бирдек ўрганишсин. Рус ва инглиз тилларини ҳам билишсин. Бишкекка юборинг, сиёсатни қўлга олинг. Сизнинг келажагингиз, она заминингиз ва уй-жойингиз, энг муҳими ҳаётингизни қўриқлайдиган ва қутқарадиган нарса ана шу.

Ўзбек ўз қобиғидан чиқадиган пайт келган ва ўтиб ҳам кетмоқда.

Ж.М.

jahonnoma.com. 22 июн, 2010 йил.

5 Responses

  1. Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Кўряпсизки, изоҳлар мавзусида бошқалар ҳам ўзаро фикр алмашишга ўтишмоқда. Бунинг яхши томони ҳам бор албатта!
    Балки, бу Сизга малол келмас.
    Ҳурматли Рустам!
    Сизнинг фикрингизга қўшиламан. Сиз айтган Туркистон бирлиги масаласини бир неча йиллардан бери Жаҳонгир ака ўз асарларида ёзганлар, суҳбатларда урғу бериб ўтганлар, турли давраларда тушунтириш ишларини олиб борганлар ва ҳали ҳануз бу тўғрисида таъкидлаб келмоқдалар. Бу масала ҳақиқатдан энг эътиборга лойиқ долзарб мавзудир. Туркистонинг қаерида туғилмайлик унинг тақдирига ҳеч биримиз бефарқ қололмаймиз.
    Бу сайтга изоҳ ёзишимнинг сабаби эса ушбу сайтдаги мавжуд асарларни ўқиб ва Жаҳонгир ака билан суҳбатлашиб ўз саволларимга ҳаққоний тарзда мукаммал жавобларни топа олганим ва ўз билим савиямни ошираётганлигимдир. Бошқа сайтлар ҳам бор аммо менинг “ошқозоним” ушбу сайтнинг “овқатларини” иштаҳа билан “ҳазм” қилмоқда. Бошқача бўлганда бу ерда Сиз (Рустам) мени кўрмаган бўлардингиз.
    Сизга савол билан мурожаат қилмоқчи эдим.
    8 июнда берган изоҳингиз асосида Сиз ватан учун буюк ишларни қила оламан демоқдасиз.
    Сиздан илтимос! Ўша режаларингиз билан ўртоқлашсангиз. Режаларингизни таҳлил қилармидик?
    Ҳурмат билан Мистер Қалампир.

  2. Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Китобингизни олишга иштиёқим жуда кучли аммо уни Ўзбекистонда олиш жуда амримаҳол, аниқроғи иложи йўқ!
    Агар Сизга малол келмаса, Мен Россияда туриб ўша китобларни қабул қилиб олсам. Китобнинг пулини Western Union пул ўтказмаси орқали Сизнинг номингизга юборсамда, вақтингизни аямай китобларни почта орқали Россиядаги бир адресга юбора оласизми?
    Билишимча, китоблар сотилиб тугай деб қолган. Менга етмай қолса-я деб қўрқмоқдаман.
    Ҳурмат билан…

    • Amazon.com ning quyidagi adresi orqali Rossiyadan ham olish mumkin. Ular garantiya bilan siz aytgan adresga yetkazib beradilar. Bu dunyodagi eng kuchli internet-kitob do’konidir. Agar o’zingizda internet uchun ishlatadigan kard bo’lmasa tanishingizga naqd berib u ishlatib olsa ham bo’ladi. Bu juda muhofazalangan va xavfsiz sayt. Agar bu imkoningiz bo’lmasa nachora siz aytgan kabi qilish mumkin.

  3. Tushunib yetganingiz uchun raxmat.
    Endi albatta men sizga qulay invistitsion muhit yaratish,ishlab chiqarish va ILMIY TEXNIKA INQILOBINI ISHLAB CHIQARISHGA NIHOYATDA TEZ JORIY QILISH,ular orasidagi mukammal hamkorlik,”moslashuvchan”(xitoyga xos.)lik,Umuman muxtasar ARALASH iqtisod ko’rinishidagi faoliyatni aytsam bo’ladi.
    Shubhasiz,millatni yagona mafkura ostida birlashtirish(buyuk Temur davridagi qudratini qayta tiklash,yagona Turkiston birligi,til,tarix,hudud,an’analar…biz uchun yagona yo’l-IMTEGRATSIYA. YIH,ga o’xshagan,NATOga o’xshagan tashkilotlar tuzib O’rusiya, Xitoyga qarshi turish k-k.Ittifoqchilarimiz Kimligini sezdingiz.
    Dushmanimni dushmani-do’stim.
    Xo’sh nega barcha yuqoridagi yo’lni ma’qulaydi(jumladan-J.Muhammad)chunki bu yagona to’g’ri yo’l.
    Umuman qisqacha shular lekin barchamiz buni qilishga bel bog’lasakkina maqsadga erishiladi. Yo’qsa quruq gapdangina iborat safsatadan farqi qolmaydi.

  4. Ҳурматли Жаҳонгир ака!
    Сиз орқали Рустамга жавобим қуйидагича.
    Ҳурматли Рустам!
    Сизнинг фикрларингизни ҳурмат қиламан албатта! Шу жумладан менинг фикрим мутлоқ тўғри деб ҳам оёқ тирамайман.
    Бизнинг давлат Сиз айтган иқтисодий ҳолатга келиши учун бироз “ўсиши” лозим. Тўғри, баъзи бир иқтисодий ишлар олиб борилмоқда, аммо буларнинг бари хўжакўрсинга қабиласидадир.
    Бизлар бир неча йилларни привитазация яъни хусусийлаштириш ишларида ва кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш масаласида жуууда оқсаб қолдик. Бор имкониятлардан ўз жиғилдонимизга кўра фойдаландик. Хусусийлаштирган биноларни лиққа ютиб юбордик.
    Мен Бу ерда Ислом Абдуғаниевични айбламайман. Уни айбласам ғирт аҳмоқдан ҳам баттар бўлсам керак.
    Биз ўзбек халқи кўрмаганни кўргани қурсин қабилида иш қилдик.
    Агарда ҳалиям, кичик ва ўрта бизнесга эътибор қаратарканмиз ва ялпи ички миллий махсулотларни ўз имкониятларимиздан фойдаланиб яратарканмиз шу жумладан ташқи вальютани ўринли ишлатарканмиз, демак омад бизнинг қўлимизда.
    Генри Форд айтаркан: “Кимки, ўз товарини энг кичик нархда сота олса, билингки бу инсон қайси соҳада бўлмасин ривожланишнинг олдида бўлади”.
    Менинг фикримча Сиз айтгандек душманимнинг душмани менинг дўстим қабилидаги ишлар бугунги шароитга тўғри келмайди. Жаҳонда нимаки бўлса уни ўрганиш ва ислоҳ қилиш зарур деб ўйлайман. Шунда Хитой ҳам кейинчалик бизга ўргатган нарсасини биздан сотиб олса ажабмас.
    Бу ерда Сизнинг ҳозирги кунга мос келадиган режангизни кўрмаяпман, узр!
    Жаҳонгир аканинг айтган гапларини бироз мушоҳада қилишингизни тавсия қиламан.
    Ҳурмат билан…

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: