“Туркистон”
Ўзбекистон телевидениесига раҳбар бўлиб келишим билан бир неча янги дастурни бошлатдим. Шулардан бири “Туркистон” сиёсий-оммабоп ахборот дастури эди. Буни олдиндан орзу қилгандим. Шу йўл билан Туркистон халқларини бир-бирига яқинлаштириш, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқчи эдим.
Дастурни дарҳол йўлга қўйиш учун Ахборот бўлимидагиларга фикрларимни айтдим. Уни жонли равишда узатишни лозим топдик.
Туркистон халқлари ҳаёти билан боғлиқ жуда қизиқ ва жуда долзарб хабарлар, видеотасмалар тўпланди. Уларни тартибга келтиришди. Дастур чизмаси тайёрланганини айтишгач, машқ вариантини кўрмоқчи бўлдим.
Қарасам, диктор Раъно Толибова оддийгина кийимда. Унга атлас кўйлакда чиқишни таклиф этдим. У бир жилмайдида:
-Уйга бориб келсам майлими?-деди.
-Бор йўғи икки соaт вақтимиз бор, агар зарур ишингиз бўлса, марҳамат, лекин ҳар эҳтимолга қарши қизлардан бирини ҳам тайёрлаш керак бўлади,-дедим.
-Ўзим чиқаман, бу менга жуда катта ишонч. Айниқса, бу дастурни бошқа давлатлардаги ўзбеклар ҳам кўришларига ишонаман.
-У ҳолда нега уйга кетмоқчисиз?
У нимадир демоқчи, аммо истиҳола қилаётган эди. Гап нимадалигини сўрасам эшик томонга қаради. У томонда бугунга қадар телевидениега раҳбарлик қилиб келган киши турган экан.
У мендан ниманидир сўрамоқчи бўлиб қидириб юрибди экан. Унга жавоб бериб юборгач, Раъно Толибовадан нима гаплигини сўрадим.
Телевидениеда дикторлар учун кийим йўқ ва сиёсий дастурларда дикторларга миллий кийимда кўриниш мумкин эмас экан.
-Шахсий пулимизга олган кўйлакларимизни кийиб чиқамиз,- дер экан Раъно Толибова ўзини ноқулай ҳис қилаётганди.
-Сиз уялманг, бошқалар уялиши керак бунга!-дедиму бу соҳани ҳам тузатиш кераклигини ўйлаб қўйдим.
Шунда Раъно Толибова нега уйга бориб келай деганини тушундимда, дарҳол хизмат машинасини чақиртириб уни жўнатдим. У бошида дўппи, эгнида атлас кўйлак билан келганда баъзилар унга:
-Сиз жиддий дастурни “Адабиёт гулшани” билан алмаштираясиз,- деб киноя ҳам қилишибди.
Аслида улар Раъно Толибовага киноя қилишганда нишонлари камина бўлган. Лекин “Туркистон” дастури экранга чиқиши билан ҳукумат идоралари ва президент девонидан, ижодкорлар жамоаларидан ўнлаб казо-казолар телефон қилиб, бу катта одим эканлигини айтишган эди. Кетганимдан кейин номи қолди, руҳи йўқолди, бошқа дастурларим сингари аста-секин бу дастурни ҳам “ўлдиришди”.
1994 йил Измирда Турк дунёси қурултойида Туркистоннинг буюк тарихнависи Боймирза Ҳайит билан суҳбатлашар эканмиз, у киши 1992 йилда Ўзбекистонга борган кезларида кўриб қолганлари бу дастур ҳақида гапирдилар.
-Ҳайратда қолдим… Номи “Туркистон”! Олиб борувчиси Туркистон гўзали! Кўриб кўзимга ёш келди. Қандай қилиб Каримов бу дастурга йўл берибди?
Боймирза отага бу дастур тарихини айтиб берганимда ўринларидан туриб қучоқлагандилар.
Чунки у киши Туркистон байроқдори эдилар.
Туркистон тарихда қолди, аммо “Туркистон”чи? У қайтармикан?
Жаҳонгир Муҳаммад
Filed under: Jurnalist juzdoni | Tagged: Jahongir Mamatov |