Иккинчи қават
Ғайбулла ака матнни олдида биринчи саҳифасига назар ташлаб, стол четидаги чизғични сатрлар устига босди. Ҳар бир сатр устига битта эмас, иккитадан чизиқ торта бошлади.
Бошимда бир нарсалар “бижир-бижир” қилди. Кейин нимадир “бақар-буқур” қайнади. Ортидан совуқ тер босди. Гўё ер ёрилдию кириб кетаяпман. Аммо кўзим сатрларим устида. Ўлаётган сатрларим.
Хайриятки, студияга чақиришди. Кўнглимни босган қора булут қарийб бир соат давомида “миқ” этмай эзиб турди. Қайтиб келсам Ғайбулла ака ҳали ҳам чизиқ тортмоқда. Бир жумлам, биз сўзим ҳам қолмабди. Хўрлигим келди. Ортидан жаҳл ўрлай бошлади.
Унинг хатига кўзим тушди. Ҳарфлар моҳир уста тиклаган девордаги ғиштдек терилган. Ёппирай, бу қадар чиройли. Ҳуснихат бобида унга етадиган одам бормикан? Бу худди зулматнинг ичидаги митти учқунга қиёс. Ҳозиргина сатрларимга мотам тутиб тургандим, бирдан ҳуснихат диққатимни ўғирлади…
Ўшанда газетадан Ўзбекистон радиосига ишга келган кунларим эди. Каминани таклиф қилган раис ўринбосари Расул Раҳмонов:
-Қишлоқ хўжалик бўлимида адабий-ижтимоий-мусиқий дастурлар тайёрласак… ,-дедилар.
Хурсанд бўлиб ишга киришдим. Бўлимда анчагина одам. Энг ёши камина. Кейинчалик Шодиёр деган йигит келди. Унгача ҳали тоққа, ҳали боққа-югур югур. Ўзимнинг ишимни қилишга аранг вақт топаман. Шунга қарамай дастурнинг биринчисини тайёрлаш учун уйқуни сағир, масъулиятни кабир қилдим. Матн ҳозир бўлди. Уни бўлим мудири, бош муҳаррир кўриб чиқиши керак экан. Бўлим мудири Эркин Неъматов сафарда. Бош муҳаррир Ортиқали Тиловбердиевга олиб борсам:
-Ғайбулла ака кўрсин,-деди.
Ғайбулла Асадуллаев узоқ йиллар радиода ишлаган катта муҳаррир. Жуда мулойим, кулиб туриб жонингизни жағингизга бойлайдиган одам. Аммо хати чиройли. Ҳуснихат бобида унга етадиган бошқа одам кўрмадим.
Агар ўшанда студияга чақириб қолишмаганда Ғайбулла ака билан ёқа-мушт, кўйлаквайрон бўлардик. Ёшлик-қизиққонлик. Барибир жаҳлим бир томчи терга айланиб, бурнимнинг учига сизиб чиққанини кўрган Ғайбулла ака:
-Ука, бу ер адабий дастурлар бўлими эмас. Пафосли гаплар уларга хос. Биз қишлоқ хўжалик бўлимида ишлаймиз. Давлатимизнинг қишлоқ хўжалик сиёсатини халққа етказишимиз керак, холос,-деди.
Шунча меҳнатим, ёзган шеърларим, тўқиган ривоятларим – ҳаммаси “пуф” этиб йўқ бўлди. Радиони газетадан осон деб ўйлабман. Демак, бу ерда ишлай олмайман.
Бош муҳаррирга борсам:
-Буни қайтадан машинка бюросига беринг, мен қандай ўқийман?- деди. Ваҳоланки, Ғайбулла ака машинкадан ҳам чиройли қилиб ёзганди.
Ҳозир ҳаммасини йиртиб ташлайману чиқиб кетаман, деб ўйладим. Кейин хотира учун турсин дедимда тўртинчи қаватга “хайр-хўш” ҳам демай пастга қараб юрдим. Иккинчи қаватда тўхтаб қолдим. Кунлардир қайта-қайта ёзганим, меҳнатларимга ачиндим ва елкамдаги “жилд”, қўлимдаги жуздон билан Расул Раҳмоновнинг қабулхонаси томон бурилдим.
Дилбар деган дилбар котиба “Кираверинг” деди. Расул акага матни кўрсатдим ва газетага қайтаман, дедим. Расул ака хушмуомала, эҳтиёткор инсон.
-Ука ёшсиз, келишиб ишлаш керак,-дедилар.
-Ҳамма нарсанинг устига қалам тортилса, қандай қилиб келишиш мумкин?
Тарс-турс гапимдан Расул ака кулдилар ва:
-Дастурни ўз матнингиз бўйича магнит лентасига ёзаверинг, шу акаларингиз билан бирга келасиз ва кўплашиб эшитамиз,-дедилар.
Хафақон кўнгилда яна қуёш кўринди. Келган йўлимга қайтдим. Югуриб-елиб дастурни тайёрладим. Расул ака нима деган, нима қўйган билмайман, кўпчилик бўлиб иккинчи қаватда дастурни эшитдик. У киши “Браво!” деди. Қолганлар ҳам бир бошдан мақтaй бошлашди. Айниқса, Ғайбулло ака чиройли табассум билан, фавқулодда яхши дастур бўлганини айтди.
Шундан кейин ёзганларимга чизиқ тортилмайдиган бўлди.
Жаҳонгир Муҳаммад.
Filed under: Jurnalist juzdoni | Tagged: Jahongir Mamatov |