Журналист жуздони (12)

Домла

“Қишлоқ ҳақиқати” (“Қишлоқ ҳаёти”) газетасига масъул котиб ўринбосари бўлиб ишга ўтдим. Журналистика куллиётининг 19 ёшли талабаси учун жумҳурият миқёсидаги нашрда бу каттагина лавозим эди. Лекин ўша пайтда буни чуқур идрок этмаганман. Оддий иш, деб ўйлардим.

Бир кун тушликдан қайтаётсак, Очил Тоғеав деган домламиз чиқиб кетаётганларини кўриб қолдим. Домлани жуда ҳурмат қилардим. Тўғри сўз, “танка” билан кирган талабаларни ёқтирмайдиган, билимга қараб баҳо қўядиган олим эдилар.

У кишига пешвоз чиқдим.

-Бу ерда нима қилиб юрибсан?-дедилар.

Дарсларида очерк ёзиб, мақтовларини олгандим. Аммо эсларида қоламан, деб ўйламагандим.

-Шу ерда ишлайман домла,-дедим.

-Корректормисан?-дедилар. Жуда кўп талабалар  нашрларда корректор(мусаҳҳиҳ, тузатувчи) бўлиб ишлашарди, жумладан камина ҳам бир йил шу мактабни ўтадим.

Домлага, “Қишлоқ ҳақиқати”да масъул котиб ўринбосари эканлигимни айтдим.

-Сенга яхши баҳо қўйгандимку, нега алдаяпсан? – дедилар. У кишининг шартта-шартта гапирадиган одатлари бор эди.

-Домла бу алдайдиган масалами?-деб юборибман.

-Ўзинг ҳақингда ёзган очеркингга ишонгандим, етим бола ўз кучи билан ўқишга кирган, деб юрардим. Сан ҳам орқасида “танка”си борлардан экансан-да,-дедилар.

Домлага “Тошкент ҳақиқати”да тузатувчи бўлиб ишлаб юрганим ва янги газета очилганда чаққон экан  деб бу ёққа таклиф қилишганини айтдим.

-Газетингга битта мақола бергандим.  “Катта” деб орқага суриб қўйишган экан. Қўлингдан келса, чиқариб юбор,-дедилар.

-Индинга ўқийсиз,- дебман керилиб.

-Катта гапирма!-дедилар домла.

Жим бўлдим. Лекин бу қўлимдан келадиган иш эди.  Домланинг мақоласини топиб, кейинги кун макетига киритдим.

Мақола чиқди. Домла телефон қилиб қолдилар. Севиниб кетдим. Ким-ким, донғи достон профессор Очил Тоғаев ўзлари телефон қилаяптилар.

-Ука,-дедилар салом аликдан кейин,-узоққа кетмайсиз!

Нафасим ичимга тушди. Нима дейишимни билмай қолдим. Бир томондан сенсирайдиган домла сизлаб қолдилар. Иккинчи томондан жиддий оҳангда бундай деяптилар.  Балки хато кетиб қолдими?

-Нимага домла, хато кетибдими?

-Хато кетмаган, лекин таниш-билишчилик қилган одам узоққа кетмайди,-дедилар.

Яна нафасим ичимга тушди. Ростдан ҳам бу томонини ўйламабман. Хокисор ва тўғри, ҳақиқатгўй ва чўрткесар домламизнинг кўнглини олмоқчи эдим.  Қолаверса, бу ҳар кунлик ишимиз. Мақола барибир чиқиши керак.

Бирдан домла хахолаб кулдилар ва:

-Энди мендан яхши баҳо ололмайсиз, ука, яхши баҳо қўйишга виждоним йўл қўймайди,-дедилар.

-Майли домла, майли,-дедим бу сафар “ука” деганларига севиниб.

Домлани қийин вазиятга солмаслик учун дарсларига мунтазам қатнашиб, жиддий тайёрланиб юрдим. Лекин муносабатлари барибир ўзгарди. Бир икки марта:

-Мана талабам аллақачон республика газетасида катта лавозимда ишлаяпти,-деб орқадан мақтаганларини эшитиб қолдим. “Матбуот уйи”га келганларида эса бир кириб ўтардилар.  Баъзан ҳазил қилаятиларми ё киноями, билолмай, индамай турардим.

Ёшим бир жойга етганда тушундимки, домла ҳазил, киноя билан ҳам илм улашган эканлар. Руҳлари шод бўлсин!

Жаҳонгир Муҳаммад.

Advertisements
%d bloggers like this: