Журналист жуздони (11)

ШОҲНИНГ ҒУЛОМИ

Tалабалик йилларимда “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлар эдим. Бир куни лифтда олифта одамни кўриб қолдим. У яп-янги костюмини елкасига ташлаб олган, қўллари чўнтагида эди. Лифтга икки-уч аёл чиқди. У улардан бирини бағрига босиб эркалата бошлади. Елкасидаги костюми эса тушиб кетди.  Эгилишга ўргатишмаган эканми, йигитлик ғурурими ёки унинг қизларга суюқлиги ёқмадими, ҳар қалай “тарбиясизлик” қилдим, костюмини олиб бермадим.

Бир менга, бир костюмига қаради-да новча бўлса ҳам аранг эгилиб, костюмини йиғиштириб олар экан:

-Қаерда ишлайсан?- деди сенсираб, камситган оҳангда.

Бу маданиятли кўринган маданиятсиз одамга “Сен-чи?” демоқчи эдиму лекин тилим айланмади. Ким билади, “КГБ –МГБ” ми деб ўйладим.

Кейин билсам, “Ёш ленинчи” газетасининг муҳаррири, ҳаммани сенсирар экан. Ўшанда қаерда ишлаганимни айтгандан кейин, индамай қўйганди. Унинг фақат бизнинг муҳаррир Аҳмад Исмоиловга “тиши ўтмаслиги”, қолганларни эса оёғининг учида кўрсатишини эшитдим.

У муҳаррир бўлган йилларда “Ёш ленинчи” дунёдаги энг ўлик газета эди. Акаси Ислом Шоғуломов Ўзкомпартия Марказий Комитети босмахонасининг директори бўлгани учун унинг пичоғи доим мой устида, эркатой муҳаррир эди.

Лекин бир кун улар Раъно Абдуллаеванинг домига илиндилар ва ишдан олиниб, “урилдилар”.

Дунёнинг ишини қаранг, Абдуллаева Қашқадарёга борганда у ерда биринчи котиб бўлган Каримов билан соғлиқни сақлаш масаласида тортишиб қолди. Ўзкомпартиянинг Москвадан “тозалаш” учун юборилган иккинчи котиби Анишчев Абдуллаеванинг “оёғини кесишга” уриниб юрган пайт бўлгани боис буни эшитиб, Каримовни ишга солди. “Наврўзнинг кушанадаси” деб  ном олган  Абдуллаева “ўртадан кўтарилди”.

Каримов Ўзкомпартияга биринчи котиб бўлиши билан Абдуллаева ишдан олган одамларни вазифасига тиклади. Улар қаторида Рустам Шоғуломов ҳам бор эди.

Шундан кейин Рустам Шоғуломов унга хизмат қилиб, Ўзбек матбуотининг ўқ илдизларини йўқ этди ва халқнинг маънавий қашшоқликка итқитишда золимнинг ўнг қўли, ғуломи бўлиб ўн уч йил ишлади. Бу даврда бутун ўзбек матбуоти у муҳаррири бўлган пайтдаги “Ёш ленинчи”га айланди-ўлди.

Жаҳонгир Муҳаммад.

 

Advertisements
%d bloggers like this: