Журналист жуздони (7)

ЛАЁҚАТ

Радиода менга таҳрир ишлари топширилар экан, кўп йиллардан буён ўзбек бўлимида ишлаган бир киши “Бу ишларга кеча келган лаёқатсиз одамни нега тайинлайсизлар?” деб раҳбарият билан жанжал қилди.

Барибир бу ишни каминага юклашди. Бу иш ортиқча юк эди. Бошқа вазифаларимни енгиллатмаган ҳолда таҳрир ишларини ҳам юклашгани учун у эмас мен жанжал қилишим керак эди, аслида.

Аммо Ўзбекистондаги тингловчилар кўз олдимга келгани учун рози бўлдим.

Эртасига ўша одам таржима қилган бир хабарни кўрар эканман “Ўзбекистонда чеченларнинг лагерлари бўлиб, ки Россия бу жойларни тўп бўрон қилмоқчи” деган сатрни ўқиб, аввал ҳайратландим ва кейин “Ўзбекистон” калимасини “Афғонистон” қилиб тузатдим.

Бир неча дақиқадан сўнг у жанжал кўтарди.

-Мен бу одамни лаёқтасиз деган эдим, мана исботи, у нафақат лаёқатсиз, балки жосуслик ҳам қилмоқда,-деди.

Унинг қўлида хабарнинг инглизча матни бўлиб, унда ҳам “Ўзбекистон” деб ёзилган экан.

-Ёзган одам адашган,-дея вазиятни тушинтирган бўлдим унга.

-Сен инглизларни ҳали ахмоқ деб ўйлайсанми?- дея у шикоят қилиш учун чиқиб кетди.

Анчадан кейин аъло кайфиятда кириб келди.

-Тепадагилар (хабарлар бўлими тепадаги қаватда эди-ЖМ) ҳам дунёда нима бўлаётганидан бехабар. Оз қолсин бу хабар 52 тилда ўқиб эшиттириларди. Бир нечтасида берилибди ҳам. Москвадаги мухбирга телефон қилишди, у хатосини тан олиб, “Афғонистон” “Ўзбекистон” бўлиб кетганини айтди. Катта сиёсий хатони тўхтатиб қолдик. Ҳаммаси миннатдор бўлди,- деди гўё орадан ҳеч нарса ўтмагандек.

Лаёқат деб мана шунга айтилади.

Жаҳонгир Муҳаммад

 

%d bloggers like this: