”ХУДОГА ТОПШИРДИМ !”
Бирор кишидан ва ёки бирор нарсадан жиғибийрон бўлсам, раҳматли Анбар бувим: “Болам шу гапга ҳам ота гўри қозихонами, Худога топширдим, деб қўй. Раббим ўзи чорасини кўради” дердилар. Шу боис бировдан бир ёмонлик келса, “Худога топширдим” деб қўярдим.
Америкага келганимдан кейин радиода ёши саксонга қараб бораётган афғонистонлик ўзбекдан шу гапни эшитиб, гарангсираб қолдим. У хайрлашиб кетар экан, “Худога топширдим!” деди.
Унга нима ёмонлик қилдим экан, деб ўйлаб юрдим. Эртасига ҳам шу гапни такрорлагач:
-Устоз, кечирасиз сизга бирор ёмон гап айтиб қўймадимми?- деб сўрадим.
Бу сафар энди у гарангсираб қолди.
Бувимнинг гапларини айтиб бердим. У эса ажабланиб “Бизда бу гап яхши маънода айтилади” деди.
Ҳа, демак у “Аллоҳга aмонат”, маъносида ишлатган экан.
У киши студияга кирган кунлари баъзан шу гап эфирга ҳам кетарди. Дастур охирида “Худога топширдим” деб қўярдилар.
Биз маданиятлар ўртасидаги фарқлар ҳақида кўп гапирамиз. Бу эса, Жайхуннинг у соҳилида улғайган ўзбек билан бу соҳилдан келган ўзбекнинг англайишдаги фарқлари эди.
Ундан ҳар сафар “Худога топширдим” деган иборани эшитсам, гарчи у буни ижобий маънода ишлатган бўлсада, кўнглимда бир оғриниш сезардим.
Шуни айтсалар керак, ғалвирнинг минг тешиги, ҳар уйнинг ўз эшиги бор, деб.
Жаҳонгир Муҳаммад.
Filed under: Jurnalist juzdoni | Tagged: Jahongir Mamatov |