Журналист жуздони (6)

Алифбо

“Америка овози” радиосига келганимда дастлаб ҳайратга солган Ўзбек бўлимида қўлланилган алифбо бўлди. 1998 йилнинг охири эди ва Ўзбекистонда ҳали кирил алифбоси кучда. Аммо лотин ҳам чучмомо каби ўсиб чиқаётган кунлар. Радиода эса, учинчи бир алифбони кўрдим. Дунёнинг бирор жойида бунақа алифбо қўлланилмас эди.

Ўзбек бўлими очилганда бу антиқа алифбо ўйлаб топилган экан. Яъни бу ердаги 8-9 ҳарф туркчада ҳам ва эски ўзбек алифбосида ҳам йўқ. Нега, нима мақсадда бундай қилинганини ҳеч ким изоҳлаб беролмади. Аммо тахминлар кўп. Алифбони “ясаганлар” эса, аллақачон оламдан ўтишган.

Бўлим мудирига:

-Ўнгимизда учта тўғри йўл бор. Ўзбекистонда қўлланилаётган кирил, янги қабул қилинган лотин ёки Туркиядаги алифбо. Нега шулардан бирини танлаш мумкин эмас?- дедим.

-Кирилни бу ерда ҳеч ким билмайди,- деди у,- Янги лотин эса ҳозиргача уч марта ўзгарди. Яна ўзгариши мумкин. Туркия алифбосини қабул қилолмаймиз, чунки бўлимимиз ўзбек бўлими!

Унинг важлари тўғри. Лекин радиодаги антиқа талаффуздан қутулиш учун ҳам алифбони ўзгартириш керак эди. Масалан, радио алифбосида “Олма”, “Алма” деб ёзилади. Яъни “О” ҳарфи ўрнида “А” ишлатилади. Рус сўзлари қўлланилганда эса, “О” ҳарфи “Ў” ўрнида қолаверади. Шунинг учун ҳам ўқиганда “О”-ни “А”деб ўқиб кетилади. Натижада “бошқа”сўзи “башқа”, “шоҳид” калимаси “шаҳид” “бўлади.

Хабарларни ўқиш жараёнида талаффузни тузатиб кетишга уринардим. Аммо акси ҳам бўларди. Бир куни “Фаластиндаги жангларда тўрт киши шоҳид бўлди,” деб ўқиб юборибман…

Жаҳонгир Муҳаммад.

 

%d bloggers like this: