Ўзгармаган мавзулар

temurbek2БОШ ҚОНИМИЗ ТОЗАМИ?

Халқнинг бир қисмини алдаш мумкин, яна бир қисмини доим алдаш мумкин, халқнинг ҳаммасини вақтинча алдаш мумкин, лекин бутун халқни ҳамма вақт алдаш мумкин эмас, деганди Америка президентларидан бири. Чунки ғарбда мамлакатни идора қилишга даъвогар шахсларнинг «етти кўрпасини» ағдариб кўрадилар.

Шахснинг ҳалоллиги, ростгўйлиги, диёнатли, иймонли, инсофли, ақл-идрокли ва саломат бўлишига аҳамият берилади. Америкада сайловлар даврида Кеннеди ёшлигида қимор ўйнагани, Буш қандайдир ҳужжатли фильмни хавфсизлик идорасига сотгани, Клинтон гўзал бир хонимга кўнгил қўйгани каби ҳолатлар ҳам сув бетига қалқиб чиққан. Чунки Америка халқи фермага мудир эмас, мамлакатга раҳбар, агар мамлакат вужуд бўлса вужудга бош, агар мамлакат бош бўлса, бошга қудрат исташади. Шу боис хам Туркияда олий раҳбарни Бошқон дейишади. Америкаликлар Бошқон сайлашаётганини билишади.

Шўролар даврида эса шахснинг ҳужжатлари «тоза» бўлса бас эди. Ҳар қандай ифлослик булғаган ҳужжатни жарақ-жарақ пул бир пастда тозаларди. У пайтда шахснинг партияга садоқати, халққа қўрқмай ёлғон сўзлай олиш қобилияти устун ўрин эгалларди. Хўш, бугун нега биз мустақил мамлакатда яшаб Ленин чизиб берган йўлдан бир қадам ҳам чиқа олмаяпмиз? Нега бошқонимиз ҳақида билишни истамаймиз.

Бошимизда айланадиган қон тоза бўлса вужудимиз тетик, тафаккуримиз тиниқ бўлишини наҳотки ўйламасак? Йўқ, ўйлашга бош қоннинг ифлослиги йўл бермайди. Қандай қилиб ифлос қон бош томирларимизни чирмаб

олди?

Макр маҳоратдир, деган экан биров. Макрнинг миллион қармоғи бўлади. Биридан қочсанг иккинчисига тутуласан. Макрдан узоқ бўлишнинг йўли иккидир. Бири уни билиш, иккинчиси уни йўқотиш. Биринчисига эга бўлмай иккинчисига эришиб бўлмайди. Табиатнинг оддий қонуни бу.

Мен илк дафъа Ислом Каримовга дуч келганимда орзуларим туғён урди. Юракдаги бундай ловуллаган олов, куч-ғайрат, фидойилик билан партия идораларида қандай ишлаяпти, экан бу зот, деган савол ўртади мени.

Тасаввур қилинг, собиқ шўролар мамлакатида тўқнашувлар туфайли қуёш чизиғидан чиққан бир пайт. Ҳам фикр, ҳам мушт тўқнашувлари. Озодлик ва қуллик курашмокда эди. Собиқ комфирқа нима бўлса-да ўзини сақлаб қолиш талвасасида. Бунинг эвазига кўп нарсадан қочмоққа ва кўп нарсани емирмоққа тайёр.

Шундай кезда шўролар мамлакати таянган ва ишонган «штаб»лардан бири Ўзбекистон комфирқасининг биринчи котиби Ислом Каримов Каттакўрғон туманида сайловчилар билан (Ўзбекистон ССР Олий Советига XII чақириқ сайловлари бошланган пайтда) учрашмокда. Энди-энди ўзбек тилини ўргана бошлаган «биринчи»нинг сўзларни қўпол тарзда бузиб гапириши, кулгили иборалар ишлатиши, олди-қочди гаплардан қутула олмаслиги ҳеч кимнинг ғашига тегмас эди. Чунки у ана шу курмаклар аро пишиқ гуручлар сочаётганди.

«Қачонгача еримиз, Ватанимиз, бойликларимизга нарёғдан келганлар хўжайинлик қиладилар». Қарсаклар.

«Қачонгача ўзбек тили ҳур бўлади. Ўз тарихимиз, динимиз, тилимиз, қадриятларимиз қачонгача карам (қарам демокчи- Ж.М.) бўлади. Биз озод, мустақил бўлишимиз учун керак бўлса жонимни бераман». Гулдурос

қарсақлар.

«Биз фақат пахта, тиллолар эвазига дунёда энг бой яшашимиз мумкинлигини мана шу манбардан (минбардан, демокчи – Ж.М.) ишонч билан айтаман». Қарсақлар.

«Мен нарёғдан, келинг очиқ айтай, Московдан қўрқадиган ерим йўқ. Сизлар ҳимоя қилсаларинг, бас. Нима дейсизлар?» Гулдурос қарсақлар.

«Фарғона, Бўка, Паркент воқеаларини ким уюштирганини биламан. Очиб ташлаймиз ҳали. Олдингизда тиз чўкиб айтаманки, ҳаммаси жазосини олади». Қарсақлар.

«Сайловлар озод бўлади. Кўппартиявийликка йўл очамиз. Коммунистик партия майдондан чиқади. Московда ухлаб ётган депутатларимизни ишга соламиз». Қарсақлар.

«Пахта иши» билан қамалганларни, иншоллоҳ озод қиламиз». Қарсақлар.

«Ерни деҳқонга берамиз, Горбачёв қўлини пештахта (пеш демоқчи-Ж.М.) қилмасин кўп. Сиз қўлласангиз, биз ҳам қўлимизни пештахта қиламиз». Гулдурос қарсақлар.

Қарсак урганлар ва Каримовни қўллаб гапирганлар сафида камина ҳам бор эди. «Биринчи» бемалол ёлғон гапириши, халқни алдаши, бугун айтиб эртага қайтиши мумкин деган фикрдан йироқ эдим. Таассуфки, ана шу мен йироқ бўлган фикрлар ҳақиқатнинг ўзгинаси экан. Ҳа, ҳақиқат олис-олисларда, етганлар бор, етмаганлар бор!

Кунларнинг бирида қўшнимиз Тамара опа билан баҳслашиб қолдим.

-Каримов билан бирга ўқиганмиз – деди у. –Тўполончи бола эди. Баҳони паст қўйган муаллимнинг шўри қурирди. Кўпинча «Сиёб» колхоз бозоридан қовун ўғирлаб келишарди. «Ўзбакларни доғда қўйиб келдик. «Ҳа, тожик бола», деб қувганди, қовунларининг устидан сакрадим. У ҳам сакрайман, деб оғзи билан қопишди. Қовунлари юмалаб кетди», деганда бир қиз нимадир мунғиллади. Қўлидаги пўчоқ билан башарасига уриб, онаси-ю отасини буғдойзордан олиб арпазорга солди.

Ҳа, энди болаликда нима бўлмайди,- дея қаршилик қилдим. Орадан икки йил кечиб «Останкино» ойнаижаҳони «Халқ сайлаганлар» туркумидан Ислом Каримов ҳақида фильм намойиш қилди.

«Болаликдан баландга сакрашни яхши кўрардим» деди «халқ суйган» бошқон. Кўз олдимга қонталаш бўлган қовунчи бобо келди.

Тошкентда гап тарқалди: «Каримов Олий кенгаш раисини тепа-тепа хонасидан қувибди. Унинг бақириб қочганини атрофдагилар томоша қилишибди. «Бўлмаган гап деб ўйладим. Оғизга келганини гапираверишарканда!», деган фикр ўтди кўнглимдан.

Хастахонада эдим. Ҳамкасбим, таниқли журналист дўстим кириб келди. Ранг-рўйида қон йўқ.

– Мени тепди, – деди у.

Дарров англадим. Президент тепган. Чунки дўстим Ислом Каримовга ёрдамчи эди.

-Айтинг, нима қилай? Истеъфо ёзайми, кетайми? – деди у.

-Нима бўлди ўзи? – сўрадим киноя билан.

Жигаристонга бориб қишлоқни тупроқ босиб қолишини ўргандим. Мутахассислар бир неча марта юқорига хат ёзиб хавфдан огоҳ этишган экан. Агар олди олинса шунча одам ўлиб кетмасди. Президентга кириб «Жиноятчи шу ерда экан, сиздан хатни яширишган» деганимни биламан. «Жаҳонгирни душман дер эдим, сен етти марта зиёд душман экансан! Онангни…» деб сўкиб тепа кетди. Айтинг нима қилай?

Чидаб юраверинг, – деб пичинг қилдим.

Ўзим ҳам…

Кейин бу воқеани у ҳамкасбларимизга кўп гапириб юрди, самимият билан. Мен эса қовунчига ачинган қизалоқни ўйлардим.

Бир куни сайловдаги ишончли вакилим Ҳафиз ака Азизов тўйга айтди. Алоҳида уйда Каримовнинг акаси – Ибод ака ва оқсоқоллар ўтиришган экан.

– Ибод Ғаниевич ён қўшнимиз бўладилар, – дея таништирди бағри дарё, бировга ёмонлик истамайдиган инсон Ҳафиз ака, –

– Бизнинг болаларнинг тоғасига ўғил бўладилар.

Ҳафиз ака ташқарига чикди. Биз анча суҳбатлашдик. Ибод ака очилмади. Укаси ҳақида сўз айтмади. Яқинда тўй қилгани, тўйга Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов келганини тожик тилида қистириб ўтди. У узр истаб чиқиб кетгач, дўстлари иғво бошлашди. Балки мени тожик тилини тушунмайди деб ўйлашдими ёки сессияда Каримовга қарши гапирганим учун атайлаб сурпани очишдими, ҳарқалай тушунолмадим.

-Акасининг тўйига келмади. Шундан оғринган бу, – деди оқсоқоллардан бири.

-Йўғ-е, Исломни билмайдимики, хафа бўлсин, – деди бошқа бир оқсоқол.

Нариги акаси ўлганда соат тўртгача тобутни кўтаришмади. Бир вақти келди-ю, «комиссия бор» деб орқасига қайтди. Ўшанда хафа бўлмаган, энди ранжийдими?

-Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Қурғур отасини ҳам зор қақшатган.

-Отасида ҳам бор эди-да…

-Ҳе, отанг гадой бўлса тўрва ушла, дейишган. Уйда отамиз ўтирганда томга чиқармидик? У отасини ҳам, онаси Санобар холани ҳам хўрлади. Охири уйдан қувиб қутулишди шўрликлар…

Бу гапларга ишонмасамда вужудимда титроқ бошланди. Титроқ саволларга айланди, Наҳотки, она Ўзбекистоннинг пешонасига шундай бир ўғил битган бўлса? Ўзбекистон охирати Абдуғани ота ва Санобар аяларнинг такдирига ўхшамасмикан?!

Ў шўрлик юртим, шунчалар азият чекканинг етмасмиди?

Лаънат шайтонга, деб саволларни қувдим. Кейин бу гапларни бот-бот суриштирдим. Ҳатто қамокдаги укаси Арслон озодликка чиқиб Тошкентга келганида Каримов қабул қилмагач, бу гапларни ошкор қилганини айтишганда ҳам «деди-деди» деб ўйладим. Аммо, ҳақиқат ўлмайди. Барибир ўзини кўрсатади. Каримовнинг энг яқин қариндошлари ҳам буни тасдиқлашди. Улар ҳам унга ишонмас эдилар. Юртга ачинишарди.

Мен эса кузатаман. «Халқ сўзи» ёзади: «Ўзбекистоннинг бошига бахт қуши қўнди… Подшоҳ Аллоҳнинг ердаги сояси… Ислом Каримов меҳрибон отамиз… Лутфихоним ая оламдан ўтганда қабристонга қадар тобутни кўтариб борди». Кўз олдимга Чорраҳа маҳалласи, Ислом Каримовни интиқ кутган қариндошлар. Бели боғлиқ акаларнинг унинг ортидан мунғайиб қараб қолиши, сўппайган тобут келаверади.

Умуман подшоҳ қандай бўлиши ҳақида маълум бир йўриқ борми? Албатта йўқ. Агар «қолип» доирасида иш кўрадиган киши учун зарурат туғилса роботдан яхшиси борми? Демак, подшоҳ, яъни бугунги сўз билан Президент сизу бизнинг орамиздан чиққан киши. Табиийки, унинг ўзига хос нуқслари, қусурлари, камчиликлари бўлади. Лекин унинг яхши томонлари заррадек кўриниб, манфий жиҳатлари бўртиб турса, бу сиз ва бизнинг ҳам шўримиз, ҳам хатоимиз, ҳам жазоимиз.

Инсонларга раҳнамо бўлишим ўн икки фазилатга эгалигим туфайлидир, деб ёзганди буюк бобокалонимиз Амур Темур. Гарчи тарих, давр орқага эмас, олдинга айланган бўлса-да, жуда катта истиҳола билан муқояса қилиш… Ислом Каримов номини улуғ бобомиз номлари билан ёнма-ён ёзишни гуноҳ деб ҳисоблайман, лекин таассуфки, баъзи ўзбек нашрлари безбетлик ила Ислом Каримовни соҳибқиронга тенглаштирди.

Шу боис жаҳонгир Кўрагоннинг ўн икки қоидаларига назар солайлик-чи, қайси бири Ислом Каримовда мужассам экан?!

Амир Темур: «Биринчи. Мен сифатларимнинг аввали деб беғаразликни тушундим…»

Юзлаб ва ҳатто минглаб мисоллардан фақат биттасини келтираман. Еттинчи сессияда(1991 йил кузида) талабчан депутатлардан бир гуруҳи Ислом Каримовнинг камчиликларини бетига айтишди. У қўлини кўксига қўйиб «Ҳаммаси тўғри, тан оламан, имкон беринглар тузатаман» деб онт ичди. Ваҳоланки, ундан қасам ичиш талаб қилинмаганди.

Хўш, орадан йил ҳам кечмай нима юз берди? Ўша еттинчи сессияда сўзга чиққан депутатларни «халқ вакилликдан олабошлади». Сайлов жойларига саноқли одамлар келиб, қоғозда бутун халқ «овоз берди». Қувғин устига қувғин бошланди. Ғараз илони чақмаган жой қолмади. Еттинчи сессия қаҳрамонлари Ҳамза Эшназаров, Ринат Бурхонов, Алижон Қўчқоров, Отажон Полвонов, Ойгул Маматова, Тойиба Тўлаганова, Бахтиёр Қодиров ва бошқалар Олий Кенгашдаги ишларидан четлатилдилар. Кимдир бўшатилди, кимдир қисқартиришга тушди, кимдир қувилди. Халқ депутатлари Мурод Жўраев, Иномжон Турсунов, Шовруқ Рўзимуродов, Насруллоҳ Саид, Имом Файзи, Отажон Полвоновларнинг қисмати нима бўлди? Улар миллатнинг гули эдилар. Каримов «қиличи» бу гулларни кесиб ташлади.

Ажойиб қаламкаш, драматург Иномжон Турсунов Каримовдан бўлак фикрлагани учун ҳибсга олинди. Мурод Жўраев ҳам жиноятчи деб топилди ва ҳоказо.

Ғараз асосий фазилатга айланди. Ҳар кун, ҳар соатда кимдир ғараз йўлида қурбон бўлди.

Амир Темур: «Иккинчи. Мен ҳар доим Исломга қатъий риоя қилардим».

Ислом Каримов доим Исломга қуллуқ қилади. Сўзда. Каломни «Иншоллоҳ»дан бошлаб «иншоллоҳ» билан тугатади. Қўлини каломуллоҳга қўйиб қасам ичгани ҳали ёдимизда. Аммо Холландияга борганда «Бизда Ислом хавфи бор, шу боис қаттиққўлман» деган ҳам у. Мисрга бориб эса Ал-аҳзар дорилфунунининг илоҳиёт борасидаги юксак хизмат учун бериладиган унвонини олиб қайтган ҳам бизнинг Бошқонимиз.

Тожикистонда озодлик истаганлардан қўрқиб дунёга жар солди: «Исломпарастлар, динпарастлар одамларнинг бошини кесишмокда». Маккага бориб қайтганда эса катта мажлисларда «Мен худонинг уйига бориб келдим, ҳожиман, билиб қўйинглар» деди. Бир тарафда халқни Қурбон ҳайити билан табриклаб, иккинчи тарафда мадрасалар, мачитлардан одамларни қувишга амр берди. Мусулмонман, деган зот учун бу дунё зулматга айланди. Дин арбоблари қатағонга учрадилар. Эътиқод, иймон, ишонч, диёнатни асраган, авайлаган кишилар хавфли шайтон, тилёғламачилик, алдов, қасдбозлик, манфаатпарастлик, рушватхўрлик қуллари эса раҳмон бўлиб кўриндилар.

Амир Темур: «Учинчи. Мен камбағалларга кўп хайру эҳсон қилдим, ва муаммони диққат билан текширдим, ва уни мумкин қадар тўғри ҳал қилишга бутун жаҳдимни сарфладим».

Ислом Каримов улуғ Жаҳонгирга содиқ йўл тутишни истади. Муаллимларга текин уй-жой бериш, ёлғиз қарияларга имтиёзлар, уруш ногиронларига машиналар тарқатиш каби фармонларни эсланг. Ойлаб, йиллаб бу «доно» фармонлар тарғиб қилинди.

Амалда эса муаллимлар текин уй-жой олишгани учун ўзгалардан етти марта кўп ижара пули тўлашга гирифтор қилиндилар. Ёлғиз қариялар… Миллат ичида ёлғиз қария йўқ эди. Улар фарзандлари билан яшардилар. Бу фармон ўзга миллат вакиллари ҳимояси учун яратилганди. Уруш ногиронларининг машина олиш уч ўн миллионлари топилмади. Дарвоқе, камбағалларга «ер берилди». Аввалдан курилиш материаллари жамғарилмагани учун бу борада қимматчилик юз берди, тақчиллик бошланди. Бу эл-улусга аён ҳақиқат…

Бугун фақат ҳодисаларни эслашнинг ўзи кишини ваҳимага солади.

Паркентда ўлдирилган йигитлар руҳи ҳамон осмонимизда чинқирмокда.

Фарғонада шаҳидлар ҳақорат қилиндилар.

Андижонда май кунлари ҳибсхоналарда йигитлар қийноққа солиндилар.

Наманганда аскарлар тинч аҳолини қирғин-барот этдилар. Диндорларга қотил тамғаси босилди.

Самарқандда митингга чиққан йигитлар саваландилар, қамоққа олиндилар.

Қашқадарёда таҳқир бош тутди. Тошкент талабалар шаҳарчасида адолат истаганлар отилдилар…

Фақат санаш учун соатлар керак. Соатнинг ҳам юраги бўлганда портларди… Можароларни «ҳал қилишда» «қассоб»ликни ерига етказган Темур Алимов, Ғулом Алиев, Бўритош Мустафоев, Зокир Алматов, Алишер Мардиев, Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умрзоқов ва бошқа «миллий қаҳрамон»ларнинг боши вақти-вақти билан силаб турилди. Бу Бошқоннинг содиқ «лашкарбоши»ларига муҳаббати рамзи эди. Кундага қўйиш учун силанган бошлар.

Амур Темур: «Тўртинчи. Халойиққа раҳм қилдим, барчага нафъ еткурдим. Бунда бировга ноҳақ озор етказмадим ва мендан ёрдам сўраб келганларнинг кўкрагидан итармадим…»

Раҳм-шафқат… Не не оналар ўғиллари Каримовга мухолиф бўлгани учун изтиробга чўктирилди. Не не болалар отаси мухолифатда бўлгани учун етим қолдилар. Ўлган оналаримиз, тирик бўлиб руҳан ўлган оталаримиз… Қариндош-уруғларимизда не айб деганлар қанча?! Биргина таниқли ва истеъдодли журналист Аҳмаджон Мухторовнинг Каримовга шафқат сўраб ёзган ўндан зиёд хатидан хабардорман. «Ҳали бу кам, унинг онасини…» дея ҳақорат қилганини ҳам кўпчилик билади. Авазхон Мухторовнинг 90 ёшли онаси унга эмас, арзини нега Клинтонга ёзди?

Жиззах вилоятидан келган оқсоқоллар ҳокимнинг ғаройиб қилиқларидан нолишди. «Бу қурумсоқ чолларни фельетон қилиш зарур» деди Президент. Шароф Убайдуллаевнинг «Ўзбекистон овоз»ида босилган «Автобус ҳокимияти» «асари» шу зайл дунёга келди. Фельетонларнинг саноғи бормикан?

Раҳм-шафқат…

«Равил, қария Қудратни инфарктгача олиб бор, билдингми?»

«Равил, ана у данакчи қўқонлик Юсуфни эмаклат, ҳамма кўрсин!»

«Равил,…»

Ҳар куни котибият бошлиғи Равил Абдуқодиров хонасидаги аппаратдан Президентнинг ғазабли топшириқлари, яъни раҳм-шафқати «тараларди». Ҳеч вақт ўтмай у бот-бот ижросини суриштирарди.

Амир Темур: «Бешинчи. Исломга тааллуқли ишларни мен ҳар доим кундалик ва дунёвий ишлардан устун қўйиб келдим…»

Каримов ҳам исломга тааллуқли ишлар билан доим шуғулланди. Мачит ва мадрасаларга қатновчилар кузатув, таъқиб остига олиндилар. Оддий хатми Қуръон мажлисидан Маккаи Мукаррамадаги йиғинчиларгача айғокчи қўйилди. Диндорлар Тожикистонда ноҳақ қамалган биродарларини ёқлаб етти сўзли шошилинчнома юборишса, Ислом Каримов уч ой матбуотни, ойнаижаҳонни уларга қарши «сайратди». Мабодо Маккаи Мукаррамадаги йиғинларда унга қарши бир сўз айтилса борми… маслаҳатчиси Бахтиёр Назаров вазифасидан жудо бўлар, ҳофиз Шерали Жўраевнинг «овози ўчарди».

Айниқса, диний идоранинг молиявий аҳволи унга тинчлик бермасди. Даҳшатли империя даврида, атеизм «гуллаган» пайтда ҳам ҳуқуқ тартибот ходимлари бу муқаддас идорага бостириб киришмаган. Лекин Каримов у ердаги ҳар қоғозни ўзи кўргиси ва ундан душман бармоқлари изини топгиси келарди. Бош прокурор Бўри Мустафоев эса бу ерда жиноятчилик илдиз отгани ҳақида матбуотга жар солди. Лекин йиллар кечиб бирор жиноятчи топилмайди! Демак, у Аллоҳ йўлида содиқлик кўрсатганларни ўзига бўйсундириш учун қўрқув, таҳлика оловини сочарди.

Вақти-вақти билан мадрасалар, мачитлардан хайри-эҳсон ҳисобига келган аудио ва видео аппаратларни тортиб оларди. Уларнинг «тили»дан ҳадиксирарди.

Саудия Арабистондан келган диндор мачитлардан бирида ваъз айтиб, бу ердаги халқ оғир кун кечираётганини таъкидлагани боис 24 соат ичида мазкур мамлакатдан келган барча меҳмонларни қувиб чиқарди. Ҳатто уларнинг элчихоналари ёпиб қўйилди.

Диний идораларга ўзига содиқ кишиларни «сайлаб» қўйиш ҳам унинг доимий ишларидан бири эди.

Амир Темур: «Олтинчи. Барча сўзларимда доимо ҳақиқатгўйликка риоя қилдим».

Ислом Каримовнинг ҳақиқатгўйлиги у тахтга келган илк кунданоқ бошланди… «Матбуот эркин бўлади» деб бот-бот айтди. Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонуннинг «Ўзбекистонда цензура бекор қилинади»деган бош жумласини рўкач қилди. Амалда ҳар бир газет «боши»га тўрт-бештадан соқчи қўйди. Юрагидаги гапини ёзган қаламкашларни озодлик, мустақиллик душмани деб эълон қилди. «Эрк», «Бирлик»нинг газеталари таъқибга учради.

Катта минбардан туриб, Ўзбекистон гуллайди, деди. Амалда хазон бўлди бу юрт. «Пулингизни омонат кассасига қўйинг, бўлмаса куйиб қоласиз»деди. Халқ ҳафталаб омонат кассалари эшигида сарғайди. Пул қўйганлар хонумони куйган кишиларга айландилар. Миллионлар тийинга айланиб қолди.

«Тошкент талабалар шаҳарчасидаги воқеаларда «Эрк» ва «Бирлик»нинг қўли йўқ» деди халққа. Сўнг қонли воқеалар «Эрк» ва «Бирлик»нинг бўйнига ағдарилди, уларнинг устидан иш қўзғатилди.

Шароф Рашидов масаласида энг олий ҳақиқатни мен айтаман, деб минбарга кўтарилди. Бироқ Шароф Рашидовни қоралаш, гўрма-гўр қилиш ҳақидаги ҳужжатларда ўзининг имзоси ҳам борлигини унутди.

Ўзбекистон ўз миллий армиясини сақлашга қудрати етмайди, деди. Аммо Ўрусиянинг юз минглаб аскарлари Ўзбекистонда туриши учун хазинанинг оғзини очди.

Мамлакатда ҳамма ўз она тилида сўзлайди, ўзбек тили давлат тили, деб такрорлади. Ўзи эса ўзбек тилидаги ҳужжатларни четга суриб, рус тилидагиларни ўқиш одатини тарк этмади.

Паркент воқеалари, Фарғона фожеаси муносабати билан тузилган комиссиялар ҳақиқатни ойдинлаштирганларида Ислом Каримов бу ҳужжатларни ғаладоннинг «мулки»га айлантирди.

Ҳақиқатгўйларни қатағон қилдирди, алдов усталарини атрофига жамлади. Ёлғон, ёлғон ва ёлғон сиёсий қуроли бўлди.

Амир Темур: «Еттинчи. Мен ҳар кимга ваъда берсам, унга вафо қилдим»

Ислом Каримовнинг ваъдалари чексиз, «Ўзбекистонни олти ойда жаннатга айлантираман» деб ваъда берди. Олти ойдан сўнг халқ жаҳаннамга рўбарў келди.

«Ўзбекистонда кўп партиявийлик шароитини яратаман» деди. «Эрк» демократик партияси тошбўрон қилинди. Озод деҳқонлар, «Бирлик» ва бошқа кўплаб партияларни тўлғоғида бўғди.

«Ўзбекистонда ҳурфикрлилик йўлини очаман» деди. Аммо бир фикрлилик, фақат Ислом Каримовни мақташ йўли очилди. Фикри борларнинг боши ёрилди.

Баҳром Ғойиб, Пўлат Охунов, Шовруқ Рўзимуродов, Каримовни «Каримов» қилган Шукрулло Мирсаидов, Ўзбекистонда биринчи бўлиб компартиянинг бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган Самандар Қўқонов бошига кулфатлар солинди.  Улар туҳмат, бўҳтон билан қораландилар.

«Ўзбекистонда қишлокда яшовчиларни бадавлат қиламан» деди. Қишлокда яшовчилар бир бурда нонга зор бўлдилар.

«Болалар пахта далаларига олиб чиқилмайди» деди. Мактаблар ёпилди, Олий ўқув даргоҳлари бутун куз давомида фаолиятдан тўхтади. Қаҳратон кунларда ҳам болалар оч-ночор пахтазорда ишлатилди.

«Ўзбекистонда демократия ўрнатилади» деди. Аммо якка ҳокимлик, зўравонлик ўрнатилди. «Туркия йўлидан борамиз» деди. Ой ўтмай Хитой, Корея йўлига ўтилди. Русияни, Елсинни аёвсиз қоралади. Амалда Русиянинг, Елсиннинг этагидан ажралмади.

Ҳали Ўзбекистонда бирор киши Ислом Каримов фалон ваъдасининг устидан чикди, деб айтолмайди. Ҳатто унинг атрофида гирдикапалак бўлганлар ҳам.

Амир Темур: «Саккизинчи. Доимо ўзимни Аллоҳнинг ердаги мулкининг посбони деб билдим»

Ислом Каримов ўзини Аллоҳнинг ердаги мулки соҳиби деб билди. Истаса, юрт тиллоларини Швейцарияга, Англия, Фарангистонга олиб бориб қўйди. Истаса ўзбек тиллоларидан ясалган буюмларни, тилло симли тўнларни дунё мамлакатлари бўйлаб сочиб юборди.

Мухолифатдагиларнинг шахсий уйларини тортиб олди.

Ҳатто одамларни ҳам шахсий мулким, деб билди. Ўзбекистонда қатағон қилингач, бош олиб чиқиб кетганларни тутиб келтира бошлади. Истаса урди, истаса ўлдирди.

Унинг зулмидан Ватандан кетиб қолиш анъанаси бўлмаган юртда ватансизлик оқими бошланди.

Эллик йил хорижда яшаб, умрининг сўнгги палласида Ватанни зиёрат қилишга отланган, умр бўйи Туркистон озодлиги учун курашган етук тарихчи Боймирза Ҳайит келиши биланоқ Ўзбекистондан қувиб чиқарилди. Озодлик йўлида умрини аямаган Вали Қаюмхон юртига келолмай хорижда қазо қилди.

Бутун тарихимиз кўзгуси археологик қазилма бойликлари Россияда қолди. Пахта арзон нархларда ташиб кетилди. Қуролли кучларга тегишли барча техника Россия ҳисобига ўтказилди.

Ўғрилик, порахўрлик авж олди. Президент тайинлаган ҳокимлар халқни аёвсиз таладилар. Самарқандда Пўлат Абдураҳмонов, Термезда Ҳаким Бердиев, Бухорода Дамир Ёдгоров, Хоразмда Маркс Жуманиёзов, Тошкентда Адҳам Фозилбеков ва бошқа ўнлаб ҳоким ва ҳокимчалар унинг поспонлигида зуғумни қурол қилиб халқ бошини янчдилар. У жаллодларни тез-тез янгилаб турди.

Амир Темур: «Тўққизинчи: Нопок ишлардан бутун вужудим билан ўзимни тийдим».

Ислом Каримовнинг энг севган машғулоти атрофидаги одамларни бир-бирига душман қилиб қўйишдир. Вақтининг кўп қисмини иғво, «деди-дедига» сарфлайди. Шу боис маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов бошқа маслаҳатчиси Темур Алимов устидан ҳужжат тўпласа, Темур Алимов Мавлон Умурзоқов ортидан айғоқчи қўйдирди. Ниҳоя қамокда «ёзилди». Президент маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиёмов, Ташқи ишлар вазирлари Шаҳло Маҳмудова, Убай Абдураззоқов, Содиқ Сафоев (қаранг-а, қанча тез алмашган), давлат котиби Раҳим Ражабов, Вазирлар маҳкамаси раиси муовинлари Эркин Самандаров, Пўлат Нўъмонов, Алихон Отажонов ва бошқалар ана шу ўйинда ўйнаб, шу ўйиннинг гирдобига тушиб кетдилар.

Ислом Каримов нопок йўллар билан одамларни бадном қилишнинг ҳам устаси эди. Шукрулла Мирсаидов, унинг рафиқаси, сўнг Рафиқ Нишонов ва бошқалар ҳақида фельетонлар ёздирди.

Президентнинг бундай йўлга ошуфталигини сезганлар у ҳакда мадҳияномалар бита бошладилар.

Ҳар бир йиғин, воқеа олдидан ўнлаб кишиларни мансаб, унвонлар билан тинчитиб туриш ҳам Каримовнинг севган ишларидан.

Унинг халқ орасида латифага айланган сўкишлари ҳам кўп нарсалардан дарак беради. Атрофидаги раҳбарларни «онангни…» деб ҳақоратлаши, тепиши, таҳқирлаши на қозонда ва на чўмичда туради.

Нопоклик кун сайин, соат сайин ёйилиб боряпти. Бу хасталик – давоси йўқ хасталикка дучор бўлганлар, бўлаётганларнинг саноғига биров етса етарди, лекин кўпчилик етмасди…

Амир Темур: «Ўнинчи: Мен иймон билан қудрат бир онадан туғилган деб ишонганман».

Ислом Каримов иймонни эмас кучни яхши тушунади. У қудратни муҳофаза ва ҳужум деб билади. Минглаб чиниққан йигитлардан ўзига қўриқчи танлади. Ҳатто Олий Кенгаш мажлисларига депутатларни тинтувдан сўнг киргизди. Унинг ҳузурига белгиланган 5-10 кишидан бошқа ҳеч ким киролмайди. Халқ билан учрашмай, кўришмай қўйди.

Ўзи ишлаган ва яшаган биноларни темир панжаралар билан ўраб олди. Лазер нурлари билан қўриқхона яратди. Хавфсизлик қўмитасидан телефонларга қулоқ тутиш бошқармасини ўзига олди. Ички ишлари, Прокуратура, Хавфсизлик қўмитаси штатларини икки-уч баравар оширди. У ерда ишлаётганларнинг маошларини энг юқори қилиб белгилади. Уларга ҳамма имтиёзларни берди. Ўқитувчи, шифокор каби касб соҳибларига сариқ чақа «инъом этди».

Тўпланган одамларни тарқатиш, дўппослаш, мухолифатни тор-мор этиш бўйича батальонлар тузилди. Уларга афғон уруши қатнашчилари ва ғайридинлар жамланди. Не-не ёстиқларни қуритди бу куч? Абдували Мирзодан Абдулла Ўтаевга ва бутун йўқолганларга қадар.

Чет мамлакатдаги ишбилармонларни сотиб олиб, улар орқали ўша мамлакатларга ташриф ҳозирлади. Оқибатда ўз туристик сафарларини қудрат деб кўрсатди.

Ўзбекистон бўғзигача қарзга ботди. Ҳатто Туркманистондан 25 миллиард сўм қарз олишгача етди. Буни халқдан яширди. БМТга борганда «Останкино» орқали чиқиш қилиб «Биз қарзи йўқ давлатмиз» деди. Ваҳоланки, фақат Россиядан Ўзбекистоннинг қарзлари триллионга етиб қолганди.

Ислом Каримовнинг бундай «қудрати» юртни оғир кунларга бошлади. Вақтида миллий пул киритилмади. У ягона рубл зонасига имзо чекди. У ердан ҳайдалгандан кейин ҳам Ўзбекистоннинг пулини чиқаришни орқага сурди. Иқтисод емирилди, у эса «қудратини» тутиш билан овора. Этик тор келгач, пул чиқаришга қарор берди.

Амир Темур: «Ўн биринчи: Мен доимо саййидларга эҳтиром билан қарардим, уламо ва шайхларни эъзозлардим».

Саййидлар, Пайғамбар авлодлари, ҳақни ҳақ дегувчилар… Уларнинг бошида қай булутлар айлангани, айланаётганини бутун дунё кўриб турибди.

Уламоларга келсак… У уламоларни эъзозларди. Агар уни чўлпиллатиб ўпиб туришса, мақташса,  мадҳия ўқисалар,  оқловчилик қилсалар эъзозларди.

Ислом Каримов уламолар – фозилу фузалоларни фақат мадҳиягўйлар деб билади. Улар унинг «Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт ва истиқлол йўли» китобини ёзиб бердилар. Сўнг ўзлари мажлислар, илмий конференциялар ўтказиб, уни мақтадилар, кўкларга кўтардилар. Аммо халқ аҳволидан сўз очмадилар.

Уламоларнинг «кашфиёт»лари шу даражага бориб етди-ки, Ўзбекистонда яшаётган юз ёшдан зиёд умр кўрганлар номидан Президентга узоқ умр тилаб мурожаат битдилар. Исми-шарифини ёзолмаган, остонадан ташқарига чиқолмаган қашқадарёлик, бухоролик, сурхондарёлик, қорақалпоғистонлик онахонлар, боболарнинг устидан кулдилар.

Ўзбекистон фани, адабиёти, санъати эса орқага кетди. Ислом Каримов замонида дунёга татигулик қандай асар ёки янгилик яратилди? Фақат Наманганда нефт қазишдаги катта фалокатни улкан янгилик деб жар солдилар, мукофотлар олдилар. Катта бойлик эса 60 кун ёнди. Уни тўхтатиб бўлмади. Олов ўзи тингачгина, «Олов бўйсундирилди» деб хитоб қилинди. Кашфиёт шу қадар эди. Аммо Каримов академик бўлмаган академия қолмади. Брежнев тирик бўлганда балки унга ҳасад қиларди.

Баъзи олимчалар эса «Ислом Каримов дунёда янгича йўл яратди. Уни Нобель мукофотига такдим қилиш керак» дейишгача бориб етишди. На илож, эъзозни қуллик калтаги деб тушунганлар хато қилишмади. Агар шундай тушунишмаса, эъзоз калтаги уларни синдириб ташларди.

Амир Темур: «Ўн иккинчи: Мен ўзимнинг икромиятим ва раҳмдиллигим туфайли кишиларнинг энг паст табақаларининг ҳам, ҳатто бошпанасиз гадоларнинг ҳам раҳматига сазовор бўлдим».

Ислом Каримов раҳмат олишнинг бошқа йўлларини яратди. Боласига «Ислом» деб, унинг исмини берганлар гиламли, уйли, болалари эса қўғирчоқли бўлишди. Ҳатто тили чиқмаган болакайларга фахрий ёрлиқ ва Президентнинг мактуби топширилди. Раҳматлар ёғилди унга.

Гадолар шу қадар кўпайиб кетдиларки, жой талаш жанжали билан овора бўлиб Ислом Каримовни мақташни ҳам унутдилар.

Бироқ, газеталар, радио, ойнаижаҳон уларнинг ўринларини тўлдириб турди. Раҳм-шафқат ҳақида афсоналар тўқилди, қўшиқлар айтилди, аммо биров уни кўрмади…

Бизнинг ниҳоятда қисқа таққосимиз будир! Уммондан қатра. Бугун даҳшатли уммоннинг барча кулфатларини санашнинг ўзи азобдир. Фақат, унинг қатрасида шу қадар жиноятлар, қабиҳликлар яширин. Шу боис ҳам Каримов номи айтилганда улуғ соҳибқирон номларини ёнма-ён келтириш бобомиз руҳига ҳақоратдир.

(1993-1994 йил, Боку)

Жаҳонгир Муҳаммад.
“Ўзлигим” китобидан

Advertisements
%d bloggers like this: