Ўзгармаган мавзулар

essiya_jm_nutqМаънавият йўқолди, тафаккурни занг босди

Инсоннинг киндик қони оққан ерни Ватан дейдилар. Бу тор маънодаги тушунча ва бу Ватан ҳақидаги ҳақиқатни тўла қамраб ололмаган тушунча. Инсоннинг бешик ва тобут орасидаги йўлини Ватан дейдилар. Бу кенг маънодаги тушунча ва Ватан ҳақидаги ҳақиқатни унуттиришга қаратилган тушунча. Хўш, ундай экан аслида Ватан нима?

Ватан бир миллатнинг ўзлигини, кимлигини,тилини , маданиятини яшатган ҳудуд. Ватан бир миллат тоғларининг салобатига маҳлиё бўлган, ирмоқларининг оқишидан мусиқалар тинглаган, қушларининг сайрашига маст бўлган, тупроғининг тафтидан умид олган муборак заминдир. Ватан болаликдан онанинг кўзлари каби тийран ва дарин осмон бўлиб кўнгилларга ерлашган, отанинг пешонасидаги реза-реза терларининг қуёшда жимирлашидан камалакка айланиб, дилларда иморат солган ва момоларнинг уйқуларини тонгнинг этагига боғлаб сўзлаб берган ривоятларидаги қаҳрамонларнинг сиймосига айланган чексиз борлиқдир.

Шу маънода биз учун гиёҳлари олтинлардан устун, дарёлари денгизлардан афзал, адирлари дунёнинг не-не кенгликларидан муқаддас бўлган Ватан- Ўзбекистон, Туркистон, Турондир!

Мирзо Улуғбекнинг муборак боши қиличнинг учидан осмоннинг бир бурчига кўчиб, шафаққа айланган кунларда Самарқанддаги минг-минг китобларни нортуяга юклаган Али Қушчи Табризга келиб ерлашаркан, уни Фотиҳ Султон Истанбулга даъват этади ва “Ватанингизни нечун тарк этдингиз”, дея сўрайди. Ўшанда Али Қушчи: “Сиз не замон бошим узра қилич ўйнатсангиз ва бу қилич майсаларни қоним билан суғорса, мен ўшанда Ватанни тарк этаман. Ҳозир эса, Аллоҳга шукрки, Ватандаман”, дея Турк дунёсининг бир бутун Ватан эканлигига ишора этганди.

Ватан қаврами, Ватан тушунчаси биримиз учун чор девор билан ўраб олинган ҳовли, яна биримиз учун эса далаларнинг ўртасида қолган қишлоқ, яна биримиз учун чегараларига сим тортилган кенглик…

Ўзбеклар… ўзига бек, ўзлигига соҳиб ўзбеклар, туркнинг энг қадим ва энг буюк қавми бўлмиш ўзбеклар.

…Холида момо улардан бири. У Самарқанду шарифда яшарди. Умр йўлдошини “Озодбек босмачининг жосуси” дея отиб ташлашди, большовойлар. Холида момо “Ватан хоинининг беваси” деб эълон қилинди. У етти боласи билан тарки ватан айлаб йўлга чикди. Йўллар… Холида момонинг жигаргўшаларини тортиб олавердилар. У Машҳадга етгунга қадар йўл четига икки боласини кўмди, Табризга қадар яна икки нафарини тупроққа берди, Табриз Истанбул орасидаги йўллар яна икки боласини унинг бағридан узиб олдилар. У ёлғиз зурриёди билан Истанбулда яшади. Холида момонининг зурриёди ва унинг қанча-қанча фарзанду -неваралари Америка, Индонезия, Арабистон… дунёга сочилиб кетдилар.

Турсунбой қаҳрамон эса онаси, қариндош- уруғлари билан Андижондан Чинга, Шарқий Туркистонга ўтиб кетди. Унинг ҳам отасини ўққа тутишганди. Қашқар сўнгра Хиндистон ундан кейин Покистон, Афғон, Эрон ва Туркия. Эҳ-ҳе, не азоблар, не айрилиқлар кўрмади бу оила, аммо Ватанни қалбида сақлади.

Бугун Истанбулу Коня, Аданаю Риёд, Вашингтону Ню-Йоркда шундай ўзбекларнинг, туркистонликларнинг ворислари яшайдилар.

Саид Амир Олимхон, Худоёрхоннинг ҳам сулолалари бор бу ерларда.

Кўплари ўзбек калимасини сулола номи қилиб олганлар: Рифат Ўзбек, Ҳасан Ўзбек, Мирза Ўзбек…

Бир қисмлари Туркистон шаҳарларини ва Ватан бағридаги жой номларини танлаганлар: Бурҳониддин Самарқандий, Аҳад Андижон, Усмонбек Тошкандий, Саидхўжа Бухорий, Солиҳ Ойнурал…

Улар Ватаннинг чироғини ёқиб туриш, соғинч алангасини сўндирмаслик, Ватан номини байроқ қилиб кўтариш туйғусини ўз сулолалари номида ифода этмоқни истаган минг-мингларнинг бир неча нафари, холос.

Узоқларга борманг, фақат 1982 йилда Афғонистонда яшаган ўзбеклардан тўрт минг беш юз нафари Туркияга кўчди, яна қанчаси Америкага ерлашди. Американинг биргина Виржиния вилоятида бугун юздан зиёд оила яшайди.

Ҳа, бобоюртнинг ариқларида нон оқизган, шамолларида варрак учирган, баҳор кунларида қўлида чучмомо кўтариб, “Бойчечак” ашуласини айтган болалардан тортиб, тоғлардан териб келинадиган ривожу–пайкаллардан узиб чиқиладиган “Обинаввот”га қадар бу инсонларнинг соғинчи.

Не дариғ бир коса тариқдек сочилиб кетдилар дунёга йигирманчи аср аввалида Туркистондан қувилган боболар, момоларимиз…

Бир ҳовуч буғдойдек сочилиб кетдилар курраи заминга Иккинчи Дунё уруши йилларида Ватандан айро тушган салафларимиз.

Бир тутам ушшоқ каби Эл аталмиш дастурхонидан силкиниб- силкиниб учиб кетдилар дўстларимиз зулм, таъқиб, қувғин дастидан жаҳоннинг етти бурчига.

Турк эдилар… Ўзбекка, Қозоққа, Қирғизга, Туркманга, Озарбайжонга ва Тожикка айландилар. Парчаландилар, парчалангандан сўнг ҳам бирлашмоқ насиб этмади уларга. Душманнинг эмас, бир-бирларининг кўзини ўйишни ўргандилар.

Албатта, бу сатрларни ўқиган муҳожир ўзбекларнинг, тўғрироғи туркларнинг қалбида йиллардир ухлаб ётган дард депсинади. Лекин қанчалик оғир ботмасин бу хусусда сўз айтмоқ зарур. Америкага отланар эканман, шу ерда яшаётган ўзбек биродаримизга Туркиядаги ўзбекларнинг тарқоқлигидан сўз очдим, шунда у жилмайди-да:

-Ҳамшаҳарлар кўп ҳам тарқоқ эмас. Ҳафтада ёки ойда бир марта гапга, яъни гаштакка тўпланадилар, аммо Ватан ҳақида сўз очилса, дарров қўлларини фотиҳага тортиб, қандайдир юмушни унутганларини баҳона қилиб, даврани тарк этадилар. Узоқ йиллар олисдаги КГБдан қўрқиб яшадилар, бир-бирларини КГБ жосуси деб ўйладилар. Энди эса узокдаги Каримов ҳукуматидан қўрқадилар. Бир-бирларини Каримовнинг жосуси, деб ўйлайдилар. Ҳақиқат ва адолат ана шу қўрқувнинг соясида йўқ бўлди, – деди.

Дарҳақиқат, камина ҳам шундай ҳолнинг гувоҳи бўлганим учун унинг мийиғида кулиб қўйишини англадим. Сўнгра у бирданига жиддий тус олиб:

-Сиз Америкага келяпсиз. Бу ерда ҳар ким ўзи учун ўзи яшайди. Ватан, миллат тушунчалари бойлик, пул билан ўлчанади. Бой бўлсангиз ватансевар ҳисобланасиз, оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин қоидаси Америкада ҳукмрон,- деди.

Бу мантиқни радиода ишлайдиган дўстимизга гапириб берганимда, у: – Биласизми, Америкага ўзбеклар асосан Афғонистон ва Туркия орқали келдилар. Ўқимагандилар. Ўқиганлари ҳам бу ерда қайта ўқиш учун имконсиз қолдилар. Натижада фақат кичик тижорат билан банд бўлдилар. Юқорироқ лавозимларга ўтиб ишлаганлар ва ўзбекларнинг бошини қовуштириб, даврасини тузадиганлар,деярли бўлмади, – деди.

Америкага келганимдан кейин бу ерда бошқа халқларнинг яшашига разм солдим. Қарийб ўттиз миллион муҳожир яшайдиган ва Президентининг ибораси билан айтганда “Муҳожирлар мамлакати ” бўлган Америкада,унинг ҳар бир шаҳрида “Хитой қасабаси”, “Испанлар бирлиги”, “Эрон хонадони”, “Ироқ кулбаси”, “Араб иттифоқи”, “Яҳудийлар жамоаси”, “Арманилар ҳамкорлиги”… сингари бир қатор номлар билан турли- туман ташкилотлар тузилганини кўрдим.

Айниқса украинларнинг “Бандера” ташкилоти катта кучга айланган. Улар нафақат бир миллатни бутунлаштиришга, балки унинг дини, маданияти, анъаналарини Америкада яшатишга хизмат қилади. Улар ҳар бир муҳожир оиласи билан иш олиб борадилар. Унинг дарди, ташвиши, муаммолари билан бир қаторда унинг ўз Ватанига муносабати билан ҳам қизиқадилар, яъни Америкада ўзларининг асл Ватанлари ва ўз миллатларининг келажаги учун қайғурадилар.

Ўзбеклар эса йилда бир тўпланиб, жамият тузиш ўрнига ғавғо билан тарқалиб кетар эканлар. Буниси ҳам ҳолва. Истанбулда бир пайтлар “Туркистон” номи билан жамият тузилган бўлса-да, бугунга келиб қозоқлар, шарқий туркистонликлар, қирғизлар, туркманлар ундан ажралиб кетишганини унинг бирлаштирувчи кучини

йўқотганида, деб биладилар. Худди шу манзара Америкада ҳам мавжуд. Қизиғи шундаки, ким билан суҳбатлашманг, шу ҳакда сўз юритади.

Боши йўқнинг оши йўқ деган мақол бор. Америкадаги ўзбекларни ҳам бирлаштирувчи бош, яъни марказий куч йўқ. Тўғрироғи, бундай бош ва куч жуда ҳам кўп, яъни ҳар бир ўзбек, ўзини бек, ўзини хон деб ҳисоблагани учун бошқа бирини на қўллайди ва на бошқа бирининг ёрдамини олади.

Америкада яшаётган зиёли ўзбеклардан бири :

–Илгари ҳамшаҳарларимиз (Улар ватандош сўзи ўрнига “ҳамшаҳар” сўзини қўлланишади – Ж.М.) Ватан дея куйиб-пишиб сўз юритардилар. Мана Ўзбекистон мустақил бўлганига бир неча йилдан ошди, лекин шунга қарамай ҳалигача аксарият ўзбеклар Ўзбекистонни зиёрат этмадилар. Уларнинг иқтисодий имкониятлари етарли, аммо юракдаги имконият ожиз, – деди афсус тортиб.

Мен унга қўшилишдан ва фикрини қўллашдан бошқа бир нарса дея олмадим, чунки у Америкадаги ўзбекларни мендан яхшироқ танийди.

Туркистон тарихининг ўлмас сиймоларидан бири Боймирза Ҳайит жаноблари Каримов ҳукумати томонидан Ўзбекистондан қувилганларидан кейин 1993 йилнинг 21-мартида Анталия шаҳрида учрашганимизда “Биз халқмиз, аммо Миллат бўлолмадик” дегандилар.

Гарчи Боймирза отани Ўзбекистондан қувиб чиқаришганининг ўзи бизнинг кимлигимизни ўртага қўйса-да, ўша пайтда негадир бу гапни оғриниб қабул этдим. Аммо кейинчалик унинг ортидаги ҳақиқатни ўргандим. Дарҳақиқат, биз ҳалига қадар ўзимизни миллат деб ҳисобламас эканмиз. Руслар бизни етмиш йил ўзбек халқи дея атади. Биз ҳам бунга кўникдик ва халқлигимизча қолдик. Миллат бўлишимиз учун эса, асримиз аввалида қўлимиздан тортиб олинган Турклигимизни қайтадан танишимиз керак эди. Бунга имкон бермадилар ва бермаяптилар. Шу боис Туркистон деганда ғурурланиб, Турк деганда ийманиб “Туркий” калимасини қалқон қилиб юрибмиз.

Хўш, ғурбатда яшаётган ўзбекларни, яъни туркларни ким, қачон ва нима учун ана шундай туйғудан маҳрум этди?

Нега улар бу қадар тарқоқ қолдилар? Бунинг жавоби аниқ: қаерда бўлмасинлар улар Ватаннинг бир парчаси, унинг руҳи билан яшашга мажбурдирлар.

Менинг бу оғир сатрларимни ўқиган муҳожир ўзбеклар дарҳол шу саволни ўртага қўядилар:

-Бугунги ўзбек мухолифати ҳам ғурбатда бўлишига қарамай, тарқоқ эмасми?

Дарҳақиқат, мен ғурбатдаги ўзбеклар ҳақида фикр юритар эканман, бугунги ўзбек мухолифатини ҳам ундан айирганим йўқ. Улар ҳам шу дарахтнинг мевалари.

Ватанда тарқоқлик бор экан, унинг сояси ватандан олисда ҳам ўзини кўрсатади. Ватандан олисдаги инсонлар орасида тарқоқлик бор экан, бунинг асорати ватанда ҳам яшайди.

Биз бугунга қадар тарқоқлигимизнинг илдизларини ҳеч таҳлил этдик-ми? Табиийки йўқ. Назаримда бунинг сабаблари бор.

Миллатнинг зиёли-ойдинлари иккиюзламачилик қилиб келдилар ва бу шоҳлар, тўралар томонидан рағбатлантирилди. Бутун бошли тарих уларнинг соясида ёлғонга айланди.

Миллат мафкурасиз қолди. Ислом динининг умумбирлик қудрати мазҳаб, турли -туман оқимларга бўлиб юборилди. Дин қоидалари амалдорларнинг майлига кўра шарҳланди.

Камчиликларни айтганлар душман қилиб кўрсатилди. Қаҳрамонлар хоин, хоинлар қаҳрамонга айланди.

Натижада ботирлар қўрқоқ, қўрқоқлар эса ботир бўлдилар. Хиёнат қилганлар ҳақида гапириш хиёнатга ўхшаб қолди.

Шоҳларни мақташ, амалдорларга ҳамду-сано ўқиш анъанага айланди. Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан қабилида иш юритилди ва бу жамиятнинг қон томирига қадар сингиб кетди.

Миллатга ҳамма вақт қора куч сифатида қаралди. Уни бутунлаштириш эмас, парчалаш, бир-бирига душман қилиш анъанаси туғилди ва бу чуқур илдиз отди.

Фақат ўтмишни гапириш одатга айланди. Бу эса келажакни унутишга қадар олиб келди. Бугун ва келажак ҳақида гапирмаслик учун фақат ўтмишни ёдлаш миллатни турғунлик ботқоғига етаклади.

Миллатни ҳар доим қорин ташвиши билан рўбарў қолдирдилар. Оқибатда маънавият йўқолди, тафаккурни занг босди.

Жаҳонгир Муҳаммад,
1999 йил.
“Ўзлигим” китобидан

Advertisements
%d bloggers like this: