МИЛЛАТ
Миллат – юксак тоғлардан юксалган алп қоядир. У тоғларга қараганда хуршидга, ойга яқин.
Қуёш тафтини энг аввал сезади, қуёш тафтида энг аввал куяди…
Миллат – мусаффоликданда юксак қоядир.
Уни йиқита олмайдилар. Уни парчалашлари мумкин.
Бироқ йўқолмайди. Парчаланса-да, бўлакларга бўлиниб яшайди.Миллат беш бармоқли муштдир:
Бошмалгоғи – алифбоси …
Кўрсатгич бармоғи – тили…
Ўрта бармоғи – кучи …
Ўрта бармоқнинг жуфти – давлати …
Чимчалдоғи – сарҳади …
Алифбосини ўғирласалар, бошмалдоқсиз мушт бўлиб…
Тилини кессалар, кўрсатгичсиз мушт бўлиб …
Кучини синдирсалар, ўртаниб, ўртаниб …
Давлатини, сарҳадини олсалар бармоқларсиз мушт бўлиб яшайверади.
Унинг кафти заминдир. Унинг кафти муштдир.
Кафти бору бармоқлари йўқ миллат мушт ейди мудом ўзи мушт уролмай.
Кафти бору бармоқлари йўқ миллатнинг алами, қайғуси, умиди бармоқларидир.
Шу боис у бармоқлари учун курашади, уни авайлайди, асрайди…
Милат – воҳид бирликдир.
Миллат одамларсиз миллат бўлолмайди. Милатсиз одамлар бўлиши мумкин.
Миллат Ватансиз бўлолмайди. Ватан миллатсиз бўлиши мумкин.
Миллат шансиз, шарафсиз бўлолмайди. Шан, шараф миллатсиз бўлиши мумкин.
Миллат – чақалоқ учун она кўкраги..
Миллат – болакай учун ота меҳри…
Миллат- йигит учун танҳо муҳаббат…
Миллат – одам учун, инсон учун муқаддас оила.
Миллатфурушлар бор …
Ҳароми болалар бўлганидай, миллатбилмаслар бор.
Ташландиқ болалар бўлганидай, миллатсевмаслар бор…. Оқпадар болалар бўлганидай …
Агар миллатнинг куни уларга қолса, қоя қораяди, мушт синади, оила хароб бўлади.
Хайриятки, миллат уларга тобе эмас. Миллат мутлоқ мустақилдир. Уни тобе қилиш мумкин эмас. Уни севиш, уни севдириш мумкин. Уни ёндириш мумкин эмас, уни деб ёниш мумкин.
Тангри кўкдаги муҳаббат бўлса, миллат ўздаги муҳаббатдир. Бу икки худолик эмас, яккахудоликдир!
БАҲС
Баҳс – ҳурфикрлик маҳсули.
Баҳс – фикрсизлик маҳсули.
Баҳс – ўжарлик маҳсули.
Ҳурфикрли одамлар ҳақиқатни қидириб баҳс майдонига тушадилар.
Ҳурфкирли одамлар ҳақиқатни ҳимоя қилиб баҳс майдонига тушадилар.
Ҳар икки ҳолда ҳам ҳақиқат билан қоладилар майдонда.
Фикрсиз одамлар ҳақиқатни тан олмай баҳс майдонига кирадилар.
Фикрсиз одамлар ҳақиқатни билмай баҳс майдонига тушадилар.
Ҳар икки ҳолда ҳам ҳақиқат олдида лол қоладилар.
Ўжар одамлар ҳақиқатни билиб унга қарши майдонга отланадилар.
Ўжар одамлар ҳақиқатдан енгилиб ҳам майдондан чиқмайдилар.
Ҳар икки ҳолда ҳам ҳақиқат ожиз.
Сиёсат баҳс майдонидан йироқ экан, у ҳақиқатга яқинлашмай ўтади.
Ҳаёт баҳс майдонини сиғдирмас экан, у ҳақиқатниннг орзуманди бўлиб қолаверади.
Инсон баҳс майдонида мардона енгилиб, мардона ғолиб келишни ўрганмас экан у ҳақиқатнинг нафратига дучор бўлаверади.
Ҳақиқат – ойдинликдир.
Баҳс унинг қуёши.
Жаҳонгир Муҳаммад
“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан
You must be logged in to post a comment.