Ўзбек тили

jm_2014-05Мухолифат-ҳуқуқбузар, мухолиф-душманми?

Ҳукумат назорат қилмаслиги тилнинг эркинлигидир. Агар тил ҳукумат назоратига ўтса, халқ ўзининг муқаддас бойлигидан ажралади. Шунинг учун тил эркинлиги учун кураш муҳим вазифадир.

Ўзбек тилининг эркинлиги  учун нима қилиш керак, дейилганда уни қутқариш керак деган бўлардим. Биринчи галда ҳукумат ва ҳукуматпарастларнинг зулмидан. Тилнинг ривожи билан мустақил олимлар, мустақил мутахассилар шуғулланиши керак. Ҳукумат уларнинг ишига аралашса, калтак кўтариб, бошларида турса, у ҳолда оддийгина луғатлар ҳам сиёсий китобга айланади.

Ҳукумат тилга қоровул бўлганда нималар юз беришини қуйидаги сўзлар таҳлилида кўриш мумкин.

Мухолифат – Бу сўзнинг этимологиясига қарасак арабчадаги “мухолафат”  калимасидан келиб чиққан бўлиб, келишмовчилик, тескарилашиш  маъносини беради. 1981 йилда нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (З. Маъруфов таҳрири остида)да “мухолафат”  сўзи “қарама-қаршилик, хилофлик, зиддият” деб тавсифланган.

Айни китобнинг  2006 йилда қайта нашри (А. Мадвалиев таҳрири остида)да мазкур сўзга изоҳ берилар экан, юқоридаги маънодан кейин ҳуқуқбузарлик деган маъно ҳам қўшиб қўйилган. Бу мутлоқ сиёсий.

Бугун “мухолафат” амалда ишлатилмайди, балки унинг ўрнига “мухолифат” деб айтилади ва ёзилади.

Баъзилар буни “мухолиф” сўзининг кўплиги дейишади.  Бу фикр ҳам тўғри. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “мухолифат” ҳали “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га киритилмаган. Шунинг учун келгусида бу сўзга ҳам ҳукумат нуқтаи назаридан туриб изоҳ берилмаслиги учун бугунги маъносини эслатиб қўймоқчимиз.

Бугун мухолифат сўзини ҳукуматга, унинг режимига, сиёсатига қарши фаолларнинг бирлашмаси деб изоҳлаш мумкин. Бу бирлашма партия, ҳаракат  ва бошқа тарздаги гуруҳлар ҳолида бўлади. Мухолифат расмий ёки норасмий тарзда фаолият кўрсатади, ўз дастури, мамлакатнинг келажаги билан боғлиқ планлари, ўз идеология-мафкура йўлини танлайди. Худди шу нарса мухолифатни бир-биридан ажратиб турадиган белги.

Мухолифатчи –  бу сўз ҳам 25-30 йилдан бери тилимизда ишлатилсада, ҳали “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кирмаган. Шунинг учун унга ҳам қисқача изоҳ бермоқчимиз.

Мухолифатчи – бирор бир мухолифат гуруҳининг аъзоси. У ўз партияси, ҳаракати ёки гуруҳининг қарашларини ҳам ифода этади. Чунки у ўша гуруҳга унинг йўлини, сиёсатини, дастурини қўллагани ва айни йўлда бўлгани учун қўшилган шахсдир. Мухолифатчи бўлиш шахснинг сиёсий иродасидир ва топталишига йўл қўйилмайдиган ҳуқуқи бўлиши керак. Бу умумжаҳон қонун ва қоидаларида тан олинган ҳақиқат.

Мухолиф – бу калима “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ҳар икки нашрига ҳам киритилган.  Фақат биринчи нашрида унинг маъноси “қарама-қарши фикрда бўлган, қарши чиқувчи, қарши” деб таърифланган. Аммо кейинги нашрда бу сўзга ҳам сиёсий маъно юкланган׃ “итоатсиз; душман”. Бу ерда “душман” маъносини қўшиб қўйиш баъзи олимлар ҳукуматнинг “лаббайчи”сига айланганларидан далолатдир. Чунки “мухолиф” сўзи бугунги тилда ҳукуматнинг, унинг раҳбарининг сиёсий йўли ва дастурини қўллаб қувватламаган ёки бунга қарши ўз мустақил фикрига эга бўлган шахсни англатади.

Мухолиф бирор бир партия, ҳаракат ёки гуруҳга қўшилмаган, ўз фикрларини шахсий тарзда билдирадиган фаол кишидир. Ҳукумат бундай шахсни душман деб ҳисоблагани учун юқорида номи келтирилган луғат сиёсийлаштирилган.

Айни пайтда биринчи нашрда бўлмагани ҳолда иккинчи, янги нашрда душман” сўзининг изоҳига мухолиф ва душманлик” сўзига “мухолиф бўлишлик” маъноси қўшилган. (2-том, 671 бет).

Бошқача айтганда, “мен мухолиф” дегани “мен душман” деганига тенглаштириб қўйилган. Бу билан ҳукумат ўз сиёсатига норози бўлган ҳар қандай шахсни душман сифатида қоралаши ёки жазолашига илмий асос яратиб берилган. Айни пайтда тилни ўрганадиган янги авлодда ҳам бу сўзга нафрат уйғотиш назарда тутилган бўлиши мумкин.

Ана шу мисоллар ҳам кўрсатмоқдаки, ҳукумат тил масаласига ҳам аралашса, қўмиталар тузса, луғатлар нашр этса, унга қоровул қўйса, бу жуда ёмон оқибатларга олиб боради.

Тил эркин бўлиши, эркин ривожланиши ва тилшунослар эса бу ривожланишга ҳисса қўшишлари, тилни эркин тадқиқ қилиб, ҳужжатлаштириб боришлари керак.

Тилни бу томонга ёки у томонга буриш, айниқса сиёсийлаштириш – тилга, миллатга душманликдан бошқа нарса эмас.

Жаҳонгир МАМАТОВ

19 ноябр, 2014 йил

Advertisements
%d bloggers like this: