Китобхонлик (11)

urxunҚарашлар

ТОШ
Ернинг бағри, вужуди куйиб, қотган бўлаги тошдир. Одамда ҳис бор, туйғу бор, вужудида қон бор. Тошда на ҳис, на туйғу ва на қон бор.
Одам тарихга гувоҳликка ё ўтади ё ўтмайди.
Тош эса тарихнинг энг боқий гувоҳидир.
Одам мансабда турганда унга сохта сиғинувчилар топилади.
Дунёнинг маълум бир қисмида тошга чиндан сиғинадилар.
Одамнинг манглайидаги битиклар узоқ яшамайди.
Тошдаги битиклар мангудир.
Одам ўзини тошдан устун санаб уни оёқ остига солди. Тош чидади.
Ундан ҳайкаллар ясаб довуллар остида қолдирди. Тош чидади.
Уни отиб бировнинг бошини ёрди. Қонга беланган тош чидади.
Ундан қасрлар солди, гунг тош чидади.
Чидам уни мутлоқ ғолибликка олиб келди.
Одам фоний дунёдан боқийликка кечар маҳали у ҳукмронликни қўлга олди. Қабр тошига айланди.
Ҳукмрон бўлиб ҳам садоқатини йўқотмади.
Туйғусиз, ҳиссиз, қонсиз тошнинг ўз фалсафаси бор.
У туйғули, ҳисли, қонли одамларда оз учрайдиган садоқат фалсафасидир.

ЯХШИЛИК
“Яхшилик қил ташла денгизга, билса балиқ билар, билмаса Холиқ”, дейдилар.
Яхшилик ўзи нима?
Кўзларимни юлиб хаёлимдаги пирларимга мурожаат қиламан.
Яхшилик нима?
Яхшилик – сен юрагингдан бир парча узиб узатган нур.
Юракнинг яхшиликка айланган қисми янгиланади, яшаради…
Яхшилик – дунё сендан безиб қолган пайтда унинг кўзидан сизиб чиқадиган томчи…
Яхшилик – сен жуда кўп олган ва жуда оз тарқатган бойлик…
Яхшилик – энг оддий ва энг мушкул иш. Қанча кўп бажарсанг, шу қадар оддий, қанча оз бажарсанг, шу қадар мушкул бўлиб бораверади…
Яхшилик – сени Тангри яратганда елкангга юклаган вазифа…
Яхшилик – сен тез унутадиган, сени эса унутмайдиган хотира…
Пирларимнинг жавоблари яна уйга толдиради.
Наҳотки, яхшиликни унутган бўлсам? Наҳотки, бировга яхшилик қилмаган бўлсам?
Кўз олдимдан кечмишим кечаверади…
Яхшилик қилганингни ўйлаш яхшилик кушандасидир!
Ички овоз ўйларимни кесади. Хулоса қиламан.
Яхшилик – умримнинг энг гўзал кечмиши, фақат уни кўриш учун ортга қайтсам, йўқотаман. Демак, уни олдиндан излашим керак!

Жаҳонгир Муҳаммад

“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан

 

%d bloggers like this: