АРОСАТ
Аросат – яхши ва ёмон орасидаги илон йўли.
Аросат – аниқ ва ноаниқликнинг бели.
Аросат – бешик ва тобут ўртасидаги бўшлик.
Аросат – курашдан курашсизликка, курашсизликдан курашга қўйилган ҳолсиз қадам.
Аросат- ҳаммани ва ҳар кимни адаштирадиган жангалзор.
Яхши ва ёмон орасидаги илон йўлидан тез-тез ўтамиз. Гоҳида оёғимиз қаваради, гоҳида дилимиз эзилади. Гоҳида бу йўлни сезмай ҳам қоламиз.
Аросатни сезмаслик мумкин…
Аросатни унутиш мумкин эмас.
Аниқ ва ноаниқликнинг хипча белини тутмаган қўл йўқ. Гоҳида қўлимиз куяди, гоҳида роҳат олади.
Аросатни сезмаслик мумкин эмас…
Аросатни унутиш мумкин.
Башик ва тобут ўртасидаги бўшлиқда кезамиз.
Мазмунли – мазмунсиз. Мантиқли – мантиқсиз.
Аросат шамол бўлиб, изғирин бўлиб, жазирама бўлиб, саррин бўлиб ёнимизда юради.
Аросатдан қочиш мумкин эмас…
Аросатни енгиш мумкин.
Курашдан курашсизликка, курашсизликдан курашга қўйилган ҳолсиз қадамга илинган аросатни баъзан кўрамиз, баъзан кўрмай қоламиз.
Аросатни кўриш шарт.
Аросатни кўрмаслик ўлим.
Ҳаммани ва ҳар кимни адаштирадиган жангалзорда вужудимиз тилинган, қон сизиб чиқиб, зардоб оққан юракдан.
Шундан кейин ҳам аросатни англамаслик аросатга айланишдир.
Аросатга айланиш эса яхши ва ёмон, аниқ ва ноаниқлик, бешик ва тобут, кураш ва курашсизлик орасида дунёга халақит бериш, ҳаётни ҳолсизлантириш, камолотга ғов бўлишдир.
Аросатга айланмаслик эса мушкул, жуда ва жуда мушкул.
Танла!
ОЛОМОН
“Қачон халқ бўласан, эй, сен оломон!” Коммунистик ғояларга шилта бу сатрни машҳур бир шоир ёзган.
Ҳа, бу ҳақорат!
Одамларнинг онгли бир қисмини ҳақорат қилиш.
Оломон – одамларнинг энг онгли қисми.
Оломон – одамларнинг халқ бўлган қисми.
Оломон – бошқарилишни истамайдиган, бошқаришни истайдиган халқ.
Оломон – эътиқоди, фикри, дунёқараши яқин, уйғонган кишиларнинг бирлиги.
Оломон – ҳақсизлик, адолатсизликка исён.
Оломон ҳамма гапга қарсак чалишни, қўл кўтаришни истамайди. Унинг эътирози ёрқин.
Қарсак чалади – ҳақ учун …
Қарсак чалади – эътиқоди учун…
Оломон ғалаба қилиши мумкин. Бу унинг енгилиши.
Оломон мағлуб бўлиши мумкин. Бу унинг ғолиблиги.
Ғалабага эришса, у ишонган одам уни ё сотади, ё отади, ё хароб этади, ё ундан узоқлашади.
Мағлуб бўлса, бир қисми қирилади, қонга бўялади, бироқ қонхўрнинг қўли қонга ботганини исботлайди.
Исбот – мутлоқ ғалабадир!
Миллат бўлиш учун оломон мактабини ўтамоқ лозим.
Оломон мактаби очлик, изғирин, жазирама, ўқ-оловдан қўрқмаслик – жасорат мактаби.
Оломон мактаби – алдовга, ёлғонга, хиёнатга қарши ишонч, диёнат, ўзликка даъват мактаби.
Қайдасан оломон – миллатга айланаётган эрк.
Мен сенга, ҳа, сен онгли оломонга қўшилишни истайман.
Сени бошқариш мумкин эмас, дейдилар. Шунинг учун ҳам сенга қўшилишни истайман …
Бошқариш мумкин – подани…
Бошқариш мумкин эмас ОЛОМОНни …
МАВҲУМЛИК
Дунёнинг энг оғир юки мавҳумликдир.
Мавҳумлик ўлимданда, дарбадарликданда, етимликданда оғир. Ўлим – аниқлик.
Дарбадарликнинг ниҳояси бор.. Кимдир эшигини очади.
Етимликнинг иссиқ кунлари бўлади.
Бошингни силайдиган қўл топилади.
Мавҳумликнинг на сарҳади, на кўриниши, на эшиги ва на қўли бор.
Мавҳумлик ўзингни йўқотганингда …
Калла қолиб бошдан ажралганингда …
Қайиқ чўкиб кетиб, уммон ўртасида қолганингда ҳукмронликни бошлайди.
Ўзини йўқотган одам ўзини топиши мумкин агар аввалдан ўзи бор бўлса …
Бошини йўқотган одам бошини топиши мумкин, агар аввалдан боши бор бўлса…
Денгиздан қутилиб чиқиши мумкин, агар халоскори топилса…
Бироқ мавҳумлик маккор шоҳ. Ҳийлагар.
Ўз қулини озод этмаслик учун курашади. Ўз қулини на сотади, на инъом этади. Ундан фақат жанг, кураш йўли билан халос бўлиш мумкин. Бу кураш беомондир, жонни, қонни талаб қилади. Яккаю-ягона мантиқ – мавҳумлик қўлига тушмаслик…
Яъни ўз-ўзини …
Ўз бошини …
Ўз халоскорини йўқотмаслик.
Жаҳонгир Муҳаммад
“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан
You must be logged in to post a comment.