Китобхонлик (8)

aravaҚарашлар

ОЛТИНЧИ ПАЛАТА
Чехов деган машҳур ёзувчининг машҳур “Олтинчи палата” ҳикояси бор.
Девонахонанинг “олтинчи палата”сидаги жиннилар тақдири ҳақида ёзилган.
Ленин деган машҳур кимсанинг машҳур гапи бор׃ “Бу дунё олтинчи палатадир”.
Бу дунёни “Олтинчи палата”га айлантирмоқ истагида айтилган гап. Бир қисмини айлантирди ҳам.
“Олтинчи палата” кичик палаталарга бўлинди, олтинчи палата бўлмаслик учун.
Кейин яна бир оқпошшо “Олтинчи палата”ни тикламоққа киришди.
Аммо “Олтинчи палата”нинг ойналари синган, эшиклари қўпорилган, дўхтирлари иш ташлашга кетганлар.
Энди “Олтинчи палата”да фақат мажлислар ўтказилмоқда, ҳужжатлар имзоланмоқда деразаларни, эшикни тиклаш учун.
“Олтинчи палата”нинг собиқ хасталари эса ташқарида навбат кутиб турибдилар.
Балки “Олтинчи палата”ни ёзгани учун ўша машҳур Чеховни тақдирламоқ, мукофотламоқ масаласи навбатдагиларнинг гурунгида бош масаладир?
Балки “Олтинчи палата”дан қочган камина ҳали тузалмагани учун шундай хаёлларга бораётгандир?
Балки менинг ҳам “Олтинчи палата” ҳақидаги гапим машҳур бўлиб кетар. Ажабмас?!
Ахир “Олтинчи палата”дан олганим ёлғиз орзу -да!
Зотан, “Олтинчи палата”да орзудан бошқа нарсага ҳаққим йўқ эди.

ТЕННИС
Теннис столининг икки тарафида икки ўғлон, ўртада шар-тўп.
Шар тарсаки еб, бориб келаверади. Қочмоқ, қутилмоқ истайди. Иложини тополмайди.
Сарсон шар ер шарига ўхшайди. Икки четда икки жаҳонгир.
Ер айланаверади. Қуёш ва ой – бири кучли, бири кучсиз жаҳонгирлар унинг тақдирини ҳал қиладилар. Ишқилиб, “қўл”ларидан тушиб кетмасин!

ГУГУРТ
Бир қутининг ичида юзлаб “одамчалар” қамалган. Ҳаммасининг боши чақмоқ, олов.
Мустақил ҳолда ёнсалар, қутичадан ташқарида ёнсалар бир нав.
Қутича ичида биттаси ёнса, ҳаммаси ловуллаб кетади.
Ташқаридан таъсир бўлмаса, ўз соатларини кутиб ётаверадилар …

Жаҳонгир Муҳаммад

“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан