ШАХС
Ўзининг ўзлигини англовчи …
Ўзининг ўз фикрини асословчи ёки ўзгартира олувчи …
Ўзининг ўз қарашини ўлдиришга қодир …
Ўзининг ўз дунёсига ҳукмдор киши Шахс бўла олиши мумкин.
Фақат ўз жонидан кеча билсагина.
Жонини севар экан махлуқ бўлиб қолаверади. Жон унинг ўз мулки эмас. Жон унга берилган омонат. Омонатни эса севмайдилар, ундан керагида фойдаланиб, сўнг эгасига қайтарадилар.
Жондан эса шахс деган мулкни қозониш учун жонни севиш эмас, ишлатмоқ талаб этилади. Шахс бўлиш имконияти йўқ эмас. Шахс бўлмаслик имконияти эса мавжуд.
ШУҲРАТ
Шуҳрат касалликми? Шуҳрат орзу, илинжми? Балки мақсаддир?
Назаримда, шуҳрат пулга ўхшайди. Ҳамма пулни, пулдорни, пулга меҳрни қоралайди тил учида. Аслида, пулни севадилар, пулдорни ҳурмат қиладилар, пулга меҳр қўядилар.
Пулни қора меҳнат эвазига …
Қора мансаб эвазига …
Қора ишлар эвазига қозониш мумкин.
Шуҳрат-чи?
Қора меҳнат…
Қора мансаб…
Қора ишлар… эвазига келади.
Пул фоний экан, шуҳрат ҳам фонийдир.
Пул боқий экан, шуҳрат ҳам боқийдир.
ҲОЗИРЖАВОБ БОЙЎҒЛИ
Бойўғли тепаликдан оёғи остидаги харобаликка боқиб роҳатланаётганди. “Пир-р” этиб ёнига читтак қўнди.
– Менинг салтанатимда нима қилиб юрибсан? – ўдағайлади мезбон.
– Бойўғли ака, беш йил олдин бу ерлар обод эди, ё мен адашиб қолдимми?
– Адашмадинг, – керилди бойўғли, – беш йил бурун бу ерда мен йўқ эдим.
ҲАЙКАЛЛАР
Лойдан…
Оғочдан…
Темирдан…
Ва Одамдан тикланади ҳайкаллар…
Болакайлар лойдан…
Дарвешлар оғочдан…
Ўқимишлилар ранго-ранг темирлару ганчдан ясайдилар ҳайкалларини. Қолганлари сиғинишади ҳайкалларга, дину Худони тарк этиб.
Одам ҳайкалларни эса сайлайдилар, танлайдилар одамлар ичидан одамлар… Сўнг сиғинадилар унга.
Ҳайкаллар юраксиз, қалбсиз, қонсиз вужуд.
Ҳайкаллар юраксиз, қалбсиз, қонсиз вужудларнинг ёлғон худоси…
Жаҳонгир Муҳаммад
“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан.
You must be logged in to post a comment.