ТАРИХ
Энг ростгуй ва энг ёлғончи донишманд – тарих.
Сен ростгўй бўлсанг, ҳақиқатни сўзлайди у.
Ёлғончи бўлсанг сени алдайди.
Унинг эртакларисиз яшай олмайсан, қулоқларинг битиб қолишидан қўрқасан.
Ростгўй бўлсанг, ўзинг ёлғон тарихга айланасан ҳақиқатни тинглайвериб.
Ёлғончи бўлсанг, рост тарихга айланасан ёлғонни ўрганавериб.
Биринчи йўлни танлаш ҳуқуқи йўқ. У мажбурийдир ростгўйларга.
Иккинчи йўлни танлаш ҳуқуқи бор. У ихтиёрийдир ёлғончиларга.
Бу ҳам тарихнинг ҳукми.
ЭРКИНЛИК
Бутун дунёни бирлаштирувчи ягона дин бор. Бу эркинлик дини.
Уни сақлаб қолиш учун кураш боради диндорлар ичида.
Уни йўқотиш учун жанг боради динсизлар жабҳасида.
Эркинлик динининг душманлари кўп. Улар тиш-тирноқларигача қуролланганлар, кучлидирлар. Енгиб бораётирлар, фақат, фақат, эътиқод чалажонлигидан.
Бу динни истагувчилар бир қадар оз.
Бироқ ғолиб келмоқдалар эътиқод бутунлигидан.
Эркинлик динига киришдан чўчиётган учинчи тоифа ҳал қилади қолганини.
ШОҲ
Дунёда икки мутлоқ озод этилмайдиган қул бор. Бири ота ва она. Улар фарзандларининг қулларидирлар. Болаларининг ташвиш, дардлари бошларида ҳукмрон. Ташвиш, дард сарҳадсиздир. Ота-онани бу қулликдан Тангри ҳам озод қилмайди. У дунёда ҳам уларни фарзанд ташвиши, дарди тинч қўймайди.
Иккинчиси шоҳдир. У ўз ўзининг қулидир.
Айтган гапи, сўзи унга ҳукмрон.
Ташлаган ҳар бир қадами унга ҳукмрон.
Қилган-қилмаган ишлари унга ҳукмрон.
Тахтсизлик ҳам уни бу қулликдан озод эта олмайди.
Айтган гапи, сўзи, ҳар бир қадами қилган-қилмаган ишлари қиличини ялонғочлаб тураверади.
Қиличли ҳукмрон уни қабрда ҳам таъқиб этаверади.
Шоҳ бўлишдан аввал буни ўйлаб кўрармиканлар?
Бу саволим, ота бўлишдан аввал ўйлаб кўрармиканлар, дегандек мантиқсиз туюлади ўзимга.
ДЎСТ
Тасодиф сенга кимнидир дўст айлайди.
Тақдир сенга кимдир дўст этади.
Ўзинг ўзинга кимнидир дўст деб биласан.
Тасодиф топиб берган дўст тасодифдан йўқолади.
Тақдир инъом этган дўстни тақдиринг қочиради.
Ўзинг топган дўстинг ё хоинлик қиладию ё ишончингни ўғирлайди ё ўзингни тарк этади.
Сен ўйлаб кўрдингми?
Бу дунёда дўст борми? Албатта бор.
Энг содиқ дўст ўзинг.Ўзинг-ўзингни тарк эта олмайсан.
Энг содиқ дўст ғаминг, дардинг. Улар сени тарк этмайдилар.
Энг содиқ дўст сен яратган дунё.
У ҳатто сендан кейин ҳам сенга содиқ бўлиб қолади.
Жаҳонгир Муҳаммад
“Ватан мансиз, ман ватансиз”
(1994 йил) китобидан
You must be logged in to post a comment.