Сиёсий сатира

aldarkusa1Оқсаройнинг сўз ўйинлари
21. Жомеда
-Отахон мачит битиб қолди, ҳайитга очамиз, ўзингиз бориб оқ фотиҳа берсангиз,-дея муфтий “Катта”ни мачитга таклиф қилди.
-Қанақа мачит?
-Катта. Нақд жоме бўлди. Икки ярим минг намозхон бирданига ибодат қилиши мумкин.
-Ие…Ақлингиз жойидами, ука? Шундай қалтис даврда-я?
-Отахон бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳаммаси назорат остида бўлади. Текшириб киритамиз. Ёшлар кирмайди. Фақат қари-мурриларни киритамиз.
-Ҳа, ишқилиб кўзларингизга қаранглар-да!
-Раҳмат! Ундай бўлса, ҳайит намoзи олдидан келиб, сизни олиб кетамиз.
– Ука, икки ярим минг қари-қурининг олдида нима қиламан?-ажаблангандек гапирди “Катта”.


-Улар намозини ўқийди… сиз эса…
-Лаппи мени ҳам намозга чақиришса, нима қиламиз?
-Йўли бор. Сизнинг ёшингизда бир четда ўтириб, хаёлан ибодат қилса ҳам бўлади.
-Бир четда ўтирдик нима, олдиндан бориб хаёлан ибодат қилиб келдик, нима? Мана бугун югуриб бориб келамиз. Мухбирларингизни ҳам чақиринг. Видео қилиб келамиз.
Бир зумда йўлга чиқишди.
“Катта” мачитни айланиб, ўртасида туриб олиб ваъз ўқиди:
-Бу нарса мана шундай мард, ҳар доим бунақа қийинчилик пайтларда матонат кўрсатган, чидамлилик кўрсатган халқимиз учун қурилди. Ҳеч нарсани аяганимиз йўқ. Ким учун? Мана шу ерга, мана шу муқаддас жойга келиб тоат-ибодатларини бажарадиган мўмин-мусулмонлар учун: Ман шахсан президент бўлиб ўзимни бурчимни бажардим.
Бугун одамлар рози бўлиб яшаётганининг сабаби нимада, деб мандан сўраса, ман ҳеч иккиланмасдан айтаман бу- Оллоҳнинг буюриши. Ўзи асраяпти, Ўзи очиб бераяпти бизларнинг йўлимизни. Эрталаб туриб, тозаланиб, сўраса беради, манга бизга шунинг учун бермоқда!

“Катта” бу гапларни айтиб, мухбирлардан ёзувнинг сифатини ҳам суриштириб қўйди. Кейин ташқарига чиқаркан, муфтидан сўради:
-Бу мачит кимнинг пулига қурилган ўзи?
-У ёғини тўғри айттингиз …,-деди муфти ийманиб.
-Муфтми ахир?
-Ҳа, муфт, Оллоҳ берган пулга!
-Бўпти, лекин байрам намозига келолмадик, айбга буюрмайсиз, ука. Бирор кун жаноза намозига келармиз, балки,-деди “Катта”. Муфти қўлини кўксига қўйиб:
-Бўлди, отахон, ўшанда ўзимиз бориб, олиб келамиз, сизни!-деди.

Нофизий.

 

%d bloggers like this: