Китобдан боблар(2)

jm_2014avgustҚИЁМАТ КУНИ

Тарихий-замонавий роман

-2-
Мериланд штати. Эликот шаҳри.

Лекин…
Бундан кейинги бўлимларгача, Каримовни ўз хаёллари билан ёлғиз қолдирамиз. Кекса одам. Баъзи нарсалар эсидан чиққан бўлиши мумкин. Қолаверса, шу лаҳзада Нью Йоркдан Саиджон деган йигит сим қоқмоқда. Саиджон асли ўшлик. У билан тўрт йил олдин танишганмиз.

Ўшанда ярим тунда телефон жиринглади׃
-Бу қўлга тушган чет элликларни сақлаш маркази, агар телефон чақириғини қабул қилсангиз, минутига тўрт доллар тўлашингиз керак бўлади…
Одатда қамоқхоналарда ётганлар уйларига ёки танишларига телефон қилсалар ана шундай олдиндан огоҳлантиришларини билардим. Лекин телефон ҳақи бунча қиммат бўлмасди. Шунинг учун ҳам бир лаҳза ўйланиб қолдим. “Йўқ, қабул қилмайман” десам, балки бирор танишим ёки мени ғойибдан таниган бирор киши қийин шароитга тушиб қолган бўлсачи? Бегона одам телефон номеримни қаердан билади? Умуман бундай пайтда инсон кўп мулоҳазага бормас экан, “Қабул” дедим. Телефоннинг нарёғидан׃
-Оссоломалайкум,-деган овоз келди. Унинг гапидан олдин андижонлик бўлса керак деб ўладим.
-Манга телефонингизни Алишер берган эди…,-деди у титроқ товуш билан.
-Қайси Алишер?
-Алишер Соипов, ман ҳам Ўшданман. Бу ёққа келувдим, қўлга тушиб қолдим. Депорт қилишмоқчи.
-Нега келган эдингиз? Ўқишгами, мардикорликками?
-Ака ўқиганман. Алиш билан курсдош бўганмиз. Кегин бирга проектлар ҳам қилдик. Эшитган бўлсангиз Тошкандан келиб, битта ўшликни обқочиб кетишганди.
-Ҳа, эшитгандим…
-Ана ўша менинг акам бўлади. Шундан кейин Алиш менга “Кет бу ерлардан!” деди. Мени ҳам Тошканга олиб кетишлари мумкин эканда. Шунақа сигнал бўлибди.
-Диний масалага аралашганмидингизлар?
-Баъзи диний гуруҳлар ҳақида танқидий нарсаларни интернетга чиқарувдим. Секретлар кетиб қолган экан. Кейин мафия ҳақида ҳам бир-иккита нарса узатувдим. Ботиров билан “Қора Ойбек”нинг орасида қолдим.

Мен тушунмаган гаплар кўпайиб бораверди. Ботиров деганини эшитган эдим. Депутат бўлган. Лекин “Қора Ойбек” деганини билмас эканман.
-“Қора Ойбек” ким бўлди?
-Билмийсизми ака! Уни Ботирив қаматиб юборганди. Лекин отига қамоқда эди. Аммо кучи котта. Ботиров ҳам бас келмайди. Унинг яқинларини битта-битта йўқ қилмоқда…

Хуллас, шундан кейин телефон ҳар куни жиринглайдиган бўлди. Қўл телефонига жуда қиммат экан. Уй телефонининг номерини берганимдан кейин минутига олинадиган ҳақ ўн бараварга арзонлашди.

Саиджонни депортациядан сақлаб қолиш қийин бўлди. У туристик виза билан келиб, вақтни ўтказиб юборган экан. Алишер унга менинг телефон номеримни бериб׃
-Фақат бошингга бир иш тушганда телефон қил,-деган экан.
Ўша кунлари Ўшда Алишерни отиб кетишди. Бу эса Саиджоннинг жонига ора кирди. Кимнингдир ўлими кимнидир қутқаради, деганлари рост чиқди.

Бунинг устига Ўшда номаълум икки киши Саиджоннинг уйига бостириб кириб, хотинини “Эрингни топиб берасан” деб қийнашгани маълум бўлди. Бу воқеа Саиджоннинг сиёсий бошпана олишига йўл очди. У озодликка чиқди ва доимий яшаш учун рухсат олди. Ҳозир олийгоҳда мастерлигини қилмоқда. Оиласини ҳам олиб келаяпти. “Ҳужжатлари тўғри бўлган, элчихонага суҳбатга бориши қолган” деганди.

Саиджон бекордан-бекорга телефон қилмайди. Ҳар доим телефон қилганида баҳслашиш учун қандайдир “масала” бўлади. Шунинг учун ҳам Каримов ҳақидаги ҳикояни кесиб, диққатни Саиджонга бурдик.

Телефонни очсам, у ҳатто салом-аликни ҳам насия қилиб׃
-Ака, ўқияпсизми, видеоларни кўраяпсизми, даҳшатку, чидай олмаяпман, ака, айтинг нима қилай? Бошимни қаерга урай? Ҳозироқ билет олиб Ўшга учайми?-деб қолди.

Ғарбда кинофилмлар ёки телекўрсатувларда қонли манзара бўлса, аввалидан огоҳлантириб қўйишади. Чунки бу инсон асабига жиддий таъсир қилиши мумкин. Уни ақлдан оздириши, девона қилиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Кейинги пайтларда интернетдаги баъзи видео-ёзувлар аввалида ҳам “Асаби мустаҳкам бўлмаганлар кўрмасин” деган ёзувлар пайдо бўлди. Бундай олганда бу анча қизиқ ҳол. Чунки инсоннинг бошқарув маркази жуда ўжар бўлади. Сизни ”Қилма!” деган ишни қилишга зўрлайди. Чунки ким ҳам “Асабим бўш” деб айтади. Шуни билганлар атайлабдан “Асаби мустаҳкам бўлмаганлар кўрмасин” деб ёзиб қўйишмоқдами, деб ҳам ўйланиб қоласан, киши.

Лекин шундай видео-ёзувлар ҳам пайдо бўлмоқдаки, кўриб ҳар қандай асаби бутун одам ҳам уйқусини қочирмоқда.

1990 йилда Ўш воқеалари пайтида ОМОН гуруҳининг раҳбари бўлган генерал ўша кунларни эслаганда׃
-Кўчанинг ўртасида бир қизнинг жасади бор эди. Уни зўрлаб, оёқларини икки томонга йириб, “йиртиб” ташлашган экан. Йигитларимдан биттасининг “теппаси кетиб қолди”,-деганди.

“Тепаси кетиб қолди” деган иборани тушунасиз. “Ақлдан озди” демоқчи. ОМОНга қанақа одамларни олишларини ҳам биласиз. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан бақувват йигитнинг “тепаси кетиб қолибдими”, демак ҳар қандай одам бундай манзара қаршисида тентак бўлиб қолиш ҳеч гап эмас.

Саиджоннинг гапларида ваҳимадан ҳам кўпроқ тентак бўлиб қолиш оҳанги кучлилик қилмоқда эди.

“Ака, ҳозир ана шу телефонни отиб юбораман! Шартта самолетга миниб, Бишкекка бораман, қирғизларнинг ҳаммасини бир бошдан қонга белайман!”

Бу гап унинг“тепаси кета бошлагани”дан дарак эди. Демак, у билан “жангимиз” бошланади. Мен уни тентак бўлиб қолишдан асрашга уринаман. У эса ўзи билмай мени тентак қилишга интилади. Бу жуда ёмон “жанг”. Асабни эговлайди. Аммо яқин кишингизни қутқазиш учун асабни ҳам қурбон қиласиз. Саиджон менга яқин кишига айланган. Мана тўрт йилдирки, бирор “масала” чиққанда у билан соатлаб суҳбатлашамиз, тортишамиз, дард-ташвишларимизни баҳам кўрамиз.

Қолаверса, ҳозир унга бир нарса дейишим керак-ку, ахир?! Мен эса ҳали ҳам индамай турибман. Ниҳоят ўзимни қўлга олиб׃
-Агар ёнимда бўлганингизда бошимизни бошимизга уриб йиғлар эдик,-дедим мен ўзимнинг ҳам ҳолим уникидан яхши эмаслигини англатган бўлиб. У бирдан гуриллатиб йиғлаб юборди. Буни кутмагандим. Ишим яна ҳам оғир кечадиганга ўхшайди.

Унинг яқинларига бир нарса бўлиб қолдими? Қандай сўрайман? Паҳлавондай йигит ҳунграб йиғлаб турибди. Унинг қулоғига гап кирадими, бундай пайтда. Кутдим. Менинг ҳам дилимдаги муз бирдан эриб кўзим ҳалқаланди. Секин титроқ товуш билан׃
-Уйдагилардан хабар борми,- дедим?

Телефоннинг нарёғида бирдан жимлик ҳукмрон бўлди. Балки бир сония, балки бир соат. Бундай пайтда вақт сизни алдайди. Балки вақтнинг ўзи ҳам сизнинг ҳолингизга тушиб қолиб, нима қилаётганини билмай қолади. Вақт жарликка айланади.Тушиб кетаверасиз, тушиб кетаверасиз…Туби кўринмайди. Нафасингизни ҳам ютиб юборади ўзингизга қўшиб.

Анча сукунатдан кейин вақт жарлигининг тубидан бир овоз келди.

“Телефонлар ишламаяти. Ҳеч кимга туша олмаяпман. Ака нима қилай?”

Унга нима дейман? Шу дамда унинг саволига менда жавоб йўқ. Лекин бояги қарорим нима бўлди? Уни қутқазмоқчи эдимку?! Ёки билганингни қил дейманми? Йўқ, унинг шу дамда тентак бўлиб қолмаслик учун сўнгги чораси бу менга қўнғироқ қилиш бўлган. Демак, бир нима дейишим керак.
-Бундай пайтда умидни узмазлик ва умидни яратганга боғлаш керак,-дедим мен анча жим қолгандан кейин.
-Ака, умид қолдими, ҳамма ўлиб-қирилиб кетмоқдаку?!
-Ҳамма эмас, ваҳима қилишмоқда, агар ҳамма ўладиган бўлса, унда қиёмат куни дегани бўлади. Сиз ҳам, мен ҳам ўлишимиз керак.
-Ахир видеоларни кўраяпман. Бу ваҳима эмас, ҳақиқат!
-Ўша видеоларни ҳам кимдир олганми, кимдир интернетга қўйганми? Демак, суратга олиш учун имконият бор, интернетга кириш учун имконият бор. Демак, ҳали қиёмат эмас. Мана мен ҳам видеоларни кўрдим. Юз минг одам Ўзбекистонга ўтибди. Яқинларингиз ҳам ўшаларнинг ичида бўлишса, табиийки боғлана олмайсиз. Улар телефонларни ҳам ташлаб кетишган бўлишлари мумкин. Мен ҳали бирор жойда кекса оналар ёки кекса оталар ўлдирилгани ҳақидаги видеони кўрмадим.

Ўлай агар ёлғон гапирдим. Чунки бундан беш дақиқа олдин кўрганим – видео-тасмада Ғофир ота деган кекса киши ерда қонга буланиб “ҳиқ-ҳиқ” қилиб ётганди. Унинг ёнидан ўтиб кетаётган ёшлар худди ўқ еб, думалаб ётган қуённинг боласига ажабланиб қараган каби бир қиё боқиб, индамай ўтиб кетишаётганди. Фақат биттасининг “Ҳа, Ғофур ота-я” дегани эшитилиб қолган. Лекин шу дамда ёлғон гапиришим керак эди.

Гапиришга гапирдиму, бу видео-ёзувни у ҳам кўрган бўлса-чи?! Йўқ кўрмаган. Чунки гапларим унга таъсир қила бошлади, шекилли, унинг “гуп-гуп” нафас олишлари пасайгандек бўлди. Мен уни яна ҳам сокинлаштиришга уриндим׃
-Биласизми Ҳитлер нима қилган?
-Йўқ. Нима қилган?
-Урушдан олдин немисларнинг жажжи болаларини ўғирлатиб, ваҳима солган. “Чет эллик душман ўғирламоқда ва топамиз” дея бақир-чақирлар қилган. Кейин болаларни бир челга қатор қилиб ўтқазиб, руслардек кийинган одамларга оттирган ва суратларни чоп эттирган, кўпайтириб уйма-уй тарқаттирган. Сталин ҳам шунга ўхшаш усулларн қўллаган. Ҳатто 1990 йиллар бошида ўзбек ва месхети туркларини ҳам шундай қилиб уриштиришган. Тошлоқда бир йигитни ўлдиртириб, унинг суратини тарқатишган. Охирида маълум бўлдики, ҳатто ўша йигит ўзбек ҳам эмас экан. Лекин иш ишдан кечганди. Шунга ўхшаб бу видео-ёзувларнинг ҳам қайсиси ҳақиқий ва қайсиси сохта ҳали билмаймиз.

Бу гапларни айтишга айтдиму, лекин ўзим мутлоқ ҳақиқий ёзувларни кўрганимни айтмадим. Ҳатто БМТнинг сунъий йўлдош орқали олган суратларини кўрганимни ҳам унга айтмадим. Чунки…

МУХТАСАР МАЪЛУМОТ

Ойбек Мирсидиқов
1974 йилда туғилган, ўзбек. “Қора Ойбек” лақаби билан машҳур бўлган.
“Свобода” радиосига берган суҳбатида Ўзбеклар жамоасининг етакчиси Қодиржон Ботировни 2010 йилнинг 14 май воқеаларини уюштирганликда айблади. Унга кўра, “Қодиржон Ботиров ўз тарафдорларини тўплаб, Бакиевларга қарши чиқди. У халқнинг номидан гапирмасин. Оиласи ва болаларини Дубайга олиб бориб қўйган. Ўзи ҳам қочиб кетади. Лекин бу ерда бегуноҳ одамларга жабр бўлади”.

Қодиржон Ботировнинг Бишкекда чиқадиган “Лица” газетасига берган суҳбатидан׃
”Президент Бакиевнинг укаси Аҳмад Бакиев “Қора Ойбек” лақабли, хавфли жиноятчи Ойбек Мирсидиқовга ҳомийлик қилмоқда. “Қора Ойбек” кучайтирилган режимдаги колонияда ўтирганди. Уни аввал Ўш шаҳридаги тергов изоляторига, кейин Жалолободдаги психодиспансерга, ундан кейин урология касалхонасига ўтказишди. Бугун у шаҳарда ялло қилиб юрибди. Анави “чойнак” эса (вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тимирбаевга одамлар шундай лақаб қўйишган) доимо “Қора Ойбек”нинг хизматини қилиб келади.

Мен билан битта маҳаллада яшаган ”Қора Ойбек” бир неча бор қонунларни бузганди, лекин доим жазосиз қолиб келганди. У бир милиционерни уриб қўйгандан кейин одамлар кўрсатма беришдан қўрқиб турганда, менинг аралашувим билан у 11 йилга қамалганди.”

2010 йилнинг 6 июндан 7 июнига ўтар кечаси Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида Ойбек Мирсидиқов ва у билан бирга бўлган 3 киши номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилди.

(ДАВОМИ БОР)

2010.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: