Бир пайтларнинг машҳур Ўзбекистони ҳатто Қозоғистон соясида қолиб кетди. (Хабарлар оқимидан).
1990 йилда Ошкоралик қўмитасида ишлаганимда, “Озодлик” радиосининг мухбири қарийб бир соатлик суҳбат ёзиб олди. Кўнгилдаги ҳамма гапларни очиқ айтдим ва саволларга ҳам ошкора жавоб бердим. Радиода бу суҳбатни бир неча кун давомида бериб боришди. Ўшанда КГБ (МХХ) хорижий радиоларда Ўзбекистон ҳақида чиққан материалларнинг матнини ҳар кун брошюра-китобча ҳолида нашр этиб, биринчи раҳбарга тақдим этиб боришини билиб қолган ва бу китобчани ҳаммага тарқатишни талаб қилгандик. Ҳамма бўлмаса ҳам Олий кенгашнинг барча қўмиталари ҳам ола бошладилар.
Кейинчалик тўхтатишди. Хуллас, Каримовнинг столига қўйиладиган ана шу китобчанинг бир неча сони менинг суҳбатим матни билан тўлганди.
Ўша кунлари Каримов׃
-Одамлар жуда катта вазифаларда ишлаётганларини билишлари керак. Олий Кенгаш қўмитаси раисининг ўринбосари бу жуда катта лавозим. Бу лавозимдаги одамнинг ҳар бир гапи расмий гапдир. Баъзилар буни билмай бизни дунёга шарманда қилишмоқда. “Озодлик” радиосини бутун дунё эшитади, уни минбар қилиб олиб, бутун дунёда мамлакатимизнинг обрўйини тўкишмоқда,-деди.
Бу гап менга тегишли эди. Каримов исмимни очиқ айтмагани учун мен ҳам умумий тарзда жавоб қилдим. Ошкоралик ҳақида эслатдим. Танқидни бўғишга ўргансак, жамиятни бўғишга ҳам ўрганамиз, дедим.
Ўшанда Каримов шу қадар соддамидики, “Озодлик” радиоси бутун дунёга эмас, фақат Ўзбекистонга қаратилгани, уни ўзбекларгина тинглаши ва ҳатто Ўзбекистонда ҳам уни ҳамма эшитмаслигини, дунёнинг мана-ман деган марказларида ўзбек дастурини эшитиш у ёқда турсин, ўзбек тили нима эканлигидан бехабар одамлар ўтирганини билмаса, деб ўйладим. У биларди. Лекин мақсади мамлакатнинг обрўйини сақлаш эмас, балки танқидни бўғиш эди. Буни вақт ҳам исботлади.
Кейин ҳам у радиолар ва бу радиоларнинг мухбирлари ҳақида гапирганда уларнинг мамлакатни обрўсизлантираётганлари борасида гапириб, уларни ҳатто сотқин, дейиш даражасига қадар етиб борди. У илдизига уриб, шохини зирқиратиш режасида бўлган. Чунки хорижий мухбирларга айтган ҳар бир гапи маҳаллий телевидениеда албатта кўрсатиларди. Қолганлар бундан ўзлари хулоса чиқариб олардилар.
1990 йил эди. Назарбоев қаердадир Ўзбекистон биздан буғдой олмоқда, дея мақтанибдими, ёки нархи ҳақида гапирибдими, нима бўлса ҳам Каримовнинг қулоғига келиб етибди. У сессияда Қозоғистон ҳақида, унинг раҳбарияти ҳақида қўлини “пештахта” (Каримов “пеш” сўзини “пештахта” деб ишлатишига ишора-ЖМ) қилиб гапирди.
Биз Туркистон бирлиги учун, деб югуриб юрганларга бу оғир ботди. Мен сессияда Каримовга савол бердим׃
-Қўшниларимиз билан шундай муаммолар чиққан тақдирда ҳам уни катта минбарга олиб чиқмай, ўзаро мулоқотларда ҳал қилиш мумкин эмасми?
Каримовнинг жаҳли чиқди ва׃
-Бу мамлакатимизнинг обрўйи. Агар сиз ватанпарвар бўлсангиз, бу обрў учун керак бўлса, бошни кундага қўйиш лозим!-деди
Каримовнинг ана шу гапидан кейин “Кундага қўйилган бош” деган катта мақоламни ёзиб, марказий нашрларда эълон қилгандим. Аммо унда бошни кундага қўйишнинг бошқа муҳим талаблари борасида, яъни Каримовнинг гапларининг тескариси ҳақида гап борганди.
Каримов ўша кездаёқ ҳам ички, ҳам ташқи танқидни бўғишни бошлаган ва мамлакатни обрўсизлантириш масаласи унинг ниқоби бўлган. Мана бугунга келиб, маълум бўлдики, Ўзбекистон жаҳондаги ҳамма ҳисоботлар ва рўйхатларда шармандали ўринларда. Қайси бир соҳада бўлмасин, Ўзбекистон энг обрўсиз мамлакатлар қаторида. Мана Каримовнинг ватанпарварлиги!
Бир пайтлар Каримов менсимай, танқид қилиб юрган Қозоғистон лидери ҳам баъзи масхарабозлик жабҳаларида Каримовни қувлаб етишга уринаётган бўлсада, лекин Қозоғистонни Марказий Осиёнинг, балки МДҲ мамлакатларининг лидери, деб аташмоқда.
Яқинда Назарбоевнинг Вашингтон сафари олдидан Би-би-си га берган суҳбатида(2006, 28 Сентябр)ги мана бу гапларга энди Каримов нима дейди׃
“Би-би-си: Жаҳонда Қозоғистонни заиф ва беқарор минтақада барқарорлик ороли сифатида кўрадилар. Қирғизистонда сиёсий инқироз давом этмоқда, Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсатини Ғарбда қаттиқ танқид қилишади ва қоралашади. Сиз ўзингизнинг қўшниларингиз билан қандай муносабат қурасиз ва бу муносабатларни ривожлантириш Сиз учун нақадар муҳим?
Нурсултон Назарбоев: Минтақамиздаги сиз айтган давлатлар – Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон жуда яқин давлатлар. Бизнинг тарихимиз бир, маданиятимиз, тилимиз, динимиз бир.
Қозоғистон сиёсатида ҳар доим устун ғоя минтақани интеграциялаш бўлган. Бизнинг асосий вазифамиз – ихтилофли вазият юзага келишига йўл қўймаслик ва барқарорлаштирувчи давлатга айланиш ва биз бунинг уддасидан чиқаяпмиз.
Би-би-си: Қозоғистон иқтисодий ривожланиб бориши баробарида аксар экспертлар мамлакатингизга қўшни давлатлардан муҳожир ишчилар оқиб келиши муқаррар демоқдалар. Бу жараён ҳозирнинг ўзидаёқ давом этмоқда. Аммо келажакда балки сизнинг Ўзбекистондек мамлакатлардан чиққан сиёсий муҳожирлар муаммоси билан тўқнаш келишингизга тўғри келар. Сиз бунга тайёрмисиз?
Нурсултон Назарбоев: Биз ҳозир Қозоғистонда ишлаётган ноқонуний муҳожирларни легаллаштираяпмиз. Фикримча, уларнинг сони бир миллион атрофида. Бундан ташқари биз Ўзбекистондан ва бошқа давлатлардан яна бир миллион одамни жалб этишга тайёрмиз. Улар бизда ишлаб ўзларининг оилаларига йилига 300-500 миллион доллар юборишади…”
Каримов ўзини обрўсизлантириш баробарида, мамлакатни ва минг афсуски, халқниҳам обрўсизлантирди.
Бугунга келиб, мана шундай одамнинг ҳукумат теппасида қолаётгани халқнинг ҳам қусури, деб қаралмоқда ва бу ҳақда очиқ айтила бошланди.
Яқинда бир америкалик׃
-Қаердансиз?-деб сўради.
-Ўзбекистондан,-дедим.
-25 миллион одамни бир киши эшак қилиб миниб ўтирган мамлакатдан экан-да,-деди у киноя билан.
Мен унга׃
-Бироз адашадингиз,-дедим.
У фактларни қалаштириб ташлаш учун бармоқларини санашга чоғлаганди, мен׃
-25 миллион эмас, қарийб 28 миллион,-дедим…
Табиийки, у эшак деганда “меҳнаткаш одамлар” деган фикрни назарда тутган. Чунки эшак Америкада меҳнаткашлик рамзи.
Яна ким билсин, балки у эшакнинг биздаги рамзидан ҳам хабардордир?!
ЖМ
“Каримовнинг кирдикорлари” китобидан.
Filed under: Kundalik |
Ассалому алайкум, Жаҳонгир ака! Янги йил билан сизни муборакбод этаман. Янги йил янгидан-янги яхшиликлар келтирсин юртимизга!
Сизга бир саволим бор эди, имкон топганинизда албатта жавоб ёзарсиз деб умид қиламан.
Сиз «Ошкоралик қўмитаси»да ишлаганингизни кўп ёзасиз. Лекин мен шу жамиятнинг ёш вакили сифатида бирор ерда бу қўмита фаолияти ҳақида ҳеч қаерда маълумот учратмаганман, кейинги 10-15 йилни назарда тутаётганимни тушунган бўлсангиз керак. Билганларим фақат сиз ва ўша даврдагиларнинг бир-иккитасининг хотираларидан олинган ўлда-жўлда тасаввурлар холос. Имкониятингиз бўлганида ушбу қўмита ҳақида, унинг вазифалари, фаолияти, қачон ташкил топгани ва кейинги тақдири ҳақида батафсилроқ ёритсангиз.