Ўзгармаган мавзулар

 Гулноранинг қора шарпаси

Гулнора Каримова Ўзбек тилини ўрганишга киришибди. Бу хабарни йўллаган – олдин Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида ишлаган ва ҳозир ҳам элчихона билан яқин алоқада бўлган манбанинг таъкидлашича, илгари Кремл коридорларида Россияда устидан иш қўзғатилган Тимошенконинг Украинада туришига жавобан АҚШда судланган Гулноранинг Тошкентда Бош вазир сифатида майдонга олиб чиқиш ҳақида ўйлаб келинган. Аммо бугунга келиб, бу вариантдан воз кечилган ва бошқа режа устида ишланмоқда.

“Озодлик” радиосининг 2005 йилнинг 17-18 июлда ҳавога узатилган “Қурултой” дастурида тингловчиларнинг диққатини бугун энг катта кураш Гулнора Каримова ва президентнинг собиқ қудаси Мақсудийлар орасида кетаётганига қаратгандим.

Гап шундаки, Андижон воқеаларидан кейин Гулнора “мухолифатнинг фаоллашгани ортида Мақсудийлар турибди” деб ҳисобламоқда. Гарчи Мақсудийлар мухолифатнинг озчиликни ташкил қилган қисмининг ортида турган бўлсаларда, Гулнорага маслаҳат берувчилар пашшани фил қилиб кўрсатишлари турган гап. Бундан у қуйидаги таҳликаларни сезиши мумкин:

Биринчидан, мухолифат ҳокимиятга келгудек бўлса, у нафақат болаларидан ажралиб қолади, балки қочадиган жойи ҳам бўлмайди. АҚШ судининг қарори бажарилишини Вашингтон билан бирга Тошкент ҳам қаттиқ талаб қилгандан кейин Москва учун унинг аҳамияти қолмайди ва бугун Каримовнинг мухолифларини тутиб бераётгани каби уни ушлаб беради.

Иккинчидан, Гулнора ва отаси орасида муносабат совуқ. Гулнора Америка ҳавосини олиб, отасига икки уч марта бетга чопарлик қилгани боис, тилёғламаликка ўрганган Каримов ўзидан кейин бошқани қўйиб кетишни мўлжаллаётганига ишонади. Бунга Тошкентдан чиқиб кетган “олигарх”лар ҳам ишонадилар. Масалан, Мирзиёевга ўхшаган биттаси келса, яна уларга ва Гулнорага дунё тор бўлиши мумкин. Зотан Мирзиёев ҳозирча Каримовга Гулнорадан кўпроқ таъсир қилмоқда ва бу уни жунбушга солмоқда.

Шу боис Гулнора икки фронтда ишламоқда. Бир томонда мухолифатнинг Мақсудий қўллаган қисмига қарши юрагидан келган кураш ҳиссига диққат қилаётган бўлса, иккинчи томонда Тошкентни кўздан қочирмасликка уринмоқда. Ҳар ҳолда бизга қадар етиб келган бу маълумотлар Каримовнинг ҳам қулоғини қизитдики, у Гулнора “қарта”сини қўйган “бўлажак президентлар”нинг танобларини тортиб қўйди. Бу эса Мирзиёевнинг шундай ҳам айланиб турган тегирмонига қўшимча сув бўлди. Номзодлар рўйхатида у олдинга ўтди.

Демак, Гулноранинг ишқига ўт тушибди, унинг ҳирсини отасининг ўзи босиб қўйибди, иш битибди-ку, дейишингиз ҳам мумкин.

Аммо  манба кейинги кунларда Кремлга яқин коридорларда яна Гулноранинг номи айланаётгани ҳақида хабар беради. Украина, Гуржистон ва Озарбайжонда латта тишлаб қолган Путин Ўзбекистонда байроқни қўлга олмоқчи.

Нима қилиш керак? Путиннинг бу саволига илгарироқ маслаҳатчилари Санжар Умаров каби бир номзод топишни ва Бош вазир сифатида Гулнорани ушлашни маслаҳат қилганлар. Аммо бошқа маслаҳатчилари Гулноранинг янги президент билан чиқиша олмаслиги, қолаверса, янги президент Каримовдан кейин вужудга келадиган “емрилган миноранинг қулаши”ни тўхтата билмаслиги, Каримов даврида билдирмасдан куч тўплаган минтақавий “қўрбоши”ларни боса олмаслигини, диний радикализм кучайиб кетишини рўкач қилмоқдалар. Буни фақат Каримовнинг ўзига ўхшаган диктатор уддалаши мумкинлигига шаъма қилмоқдалар ва Ғарбни бунга ишонтиришга уринмоқдалар.

Маълумки, ҳозир энг кучли гуруҳ бу Мирзиёев гуруҳи ва уни фақат Гулноранинг ўзи босиб қўйиши мумкин деб билинмоқда. Аммо қизидан кўнгли қолган Каримов ҳокимиятни унга беришни истмайди. Бугунча. Оёқ бир этикка тиқилгач ёки Кремлдаги акахонининг босимига учрагач, бошқа йўли қолмайди: Россиянинг бу таклифини қабул қилишга мажбур бўлади.

Бугун АҚШни Ўзбекистондан чиқарилишини Андижон билан боғлашга уриниш ҳам Кремлдан чиқаётгани сир эмас. Ваҳоланки бу иш Андижон воқеаларидан анча олдин бошланган эди. Сорос жамғармасининг Ўзбекистондан қувилиши (бу жамғармага қарши кураш олдинроқ Россияда бошланганини эсланг-ЖМ) ва бир қатор АҚШ ташкилотларининг фаолияти чекланиши Гулноранинг Москвада ин қургани, “де-факто” элчи этиб тайинланганидан кейин юз берди. АҚШнинг Хонободдан чиқиб кетиши ана шу кампаниянинг интиҳоси бўлади ва мана кимнинг манфаатига хизмат қилади.

Каримов ҳали Содиқ Сафоевни, ҳали Рустам Азимовни “чертиб” қўйгани, Мирзиёевнинг тегирмонига сув қуйгани билан Гулноранинг ҳам унга таъсир қилиш доираси торайиб қолган эмас. Чунки отасининг жаҳли чиққанда ақли кетишини яхши билган қизи уни қандай қилиб ўйнатишни Мирзиёев даражасида бўлмаса ҳам шунга яқин даражада амалга оширмоқда.

Айни пайтда ер остидан илон ўтса, дарахтга осиладиган Каримов буни ҳам билиб турганига шубҳа йўқ. Кўнглининг бир четида буни охирги вариант сифатида сақлаётган бўлса керак. Акс тақдирда Гулноранинг одамларини аллақачон Жаслиққа жўнатган бўларди. Лекин охирги вариант биринчи вариантга айланиб кетмаслигига ҳам кафолат йўқ.

Худо кўрсатмасин, бу вариант ишга тушса, Ўзбекистонни янада даҳшатли кунлар кутмоқда.

Ушбу мақолани ёзиб бўлганимда, худди ғойибдан фикримни уқиб тургандек, Тошкентдаги бир талабадан мактуб келди ва уни ўқиб кўрсангиз масаланинг моҳиятини фикри қилич, зеҳни оташ талабалар, биз эътибор қилмаётган истеъдодли ёшлар аллақачон тушунганларини сезасиз.

“Ассалому алйкум Жаҳонгир ака!  Бугун Каримовга қарши Ўзбекистонда ҳеч ким гап айта олмайди. У бировни тавсия қилса, бугунги маддоҳ акаларимиз ўша одам “бахт қуши” эканлигини исботлаб ташлайдилар. Озарбайжонда ҳам шундай бўлди. Ваҳоланки мухолифат уларда бизникидан кучли эди.

Бунинг устига Каримов озгина фикрлайдиган одамларни мамлакатдан чиқариб юбормоқда. Матбуот уники. Интернет ҳам жиловланган. Жуда оз одам ўқиш имкониятига эга. Хорижий радиоларни ҳам деярли бўғиб ташлаган. Четдагиларга эса қайтиш имкониятини бермаяпти. Ҳали бизнинг бошимизга бугунгидан баттар кунлар келиб қолмасмикан деб қўрқиб қолмоқдаман”.

Бутун Ўзбекистон узра бўлмасада, баъзи жойларда Гулноранинг машъум, қора шарпаси айлана бошлаганига бу ҳам кичик бўлсада бир далил.

Ҳа, Ўзбекистон икки реал “куч” билан юзма-юз қолмоқда. Бири Гулнора, иккинчиси Мирзиёев. Бугун Каримовни кетказмоқчи бўлган куч ҳатто Гулнора бўлса, уни ҳам қўллаш керак, деганлар бор. Бу 90 – йилларнинг бошини эслатмоқда. Ўшанда “Аввал мустақилликми ёки аввал демократиями?” деган тортишув чиққан ва оқибатда катта демократик куч парчаланиб кетганди. Бир тараф “Биз аввал мустақил бўлайлик, кейин ўзимизнинг диктаторга қарши ўзимиз курашиб, уни йиқитамиз” деган ва Каримовга хайрихоҳ бўлганди. Иккинчи тараф эса, “Олдин демократияни мустаҳкамлайлик, кейин мустақиллик” деганди.

Вақт ҳар икки қарашга ҳам ўрин қолдирмаганди. СССР ҳеч ким тасаввур қилмаган тарзда ўз-ўзидан йиқилган ва диктатор ҳалига қадар тахтда, ҳалига қадар уни йиқита олмадик, демократия ҳам ҳалига қадар ўрнатилмади.

Шу боис Гулнора шарпаси кимнингдир кўнглига соя ташлаган бўлса, қаерлардадир қора режалар тузилаётган бўлса, “бундай муҳим масалаларда чуқур ўйлаб кўрайлик” деб уни диққатдан қочириш эски хатоларни такрорлаш бўлиб қолади.

8 август, 2005.

Бундан 7 йил олдин ёзилган ва ўшанда анчагина баҳсларга боис бўлган бу мақолага бугун- 2012 йилда шуни қўшимча қилиш мумкинки, сиёсий саҳна ўша ҳолича турибди. Фақат тахтни олиш Гулноранинг кўнглида кучайгандан кучаймоқда. Лекин отаси тахтни унга қолдирмаслигини ҳам билади. Агар Каримовнинг бундай режаси бўлганда Гулнорани Мирзиёев каби бошқарув пиллапояларида “пишитарди”, унда ҳукумат бошқариш тажрибасини шакллантирарди. Бу бўлмади. Демак, Гулнора сайловда ютиб чиқишни ўйламоқда ва бугунги барча уринишлари ана шундан бўлиши мумкин. Отасидан ололмаган тахтни халқдан олмоқчи. Бу хомхаёлми ёки кейинги президент аёлми? Буни вақт кўрсатади.

ЖМ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: