Ўзгармаган мавзулар

ТАРИХНИ МИЛЛАТНИНГ ҚОНИ БИЛАН РЕТУШ ҚИЛАЁТГАНЛАР

Газетачилар РЕТУШ калимасини кўп ишлатадилар. Туш яъни Ҳинд сиёҳи билан расмларнинг муҳим нуқталарини қайта бўяш ишига ретуш дейилади. Бу йўл билан фото тасвирдаги одамнинг қошини қалин, лабини дўрри ва ёки ўзини суратдан бутунлай йўқотиб юбориш мумкин. Нью- Йоркда чиққан ва муаллифи Давид Кинг бўлган “Йўқолган комиссар”лар деб номланган албом-китобда Ленин ҳамда Сталин даврида юқори лавозимдаги шахслар нафақат ҳаётдан, балки “доҳий”лари билан ёнма-ён тушган суратлардан қандай йўқотиб юборилганлари кўз олдингизга келтирилади.

Китобнинг муқоваси унинг бутун моҳиятини англатиб беради. “Коммунистбошилар” Антипов, Сталин , Киров, Шверник биргаликда тушган суратлари. Матбуотда дастлаб эълон қилинган бу суратдан иккинчи марта нашр этилишида Антипов ғойиб бўлган. Учинчи марта эълон қилинган айни суратда Сталиннинг ёнида фақат Киров қолган ва бу сурат кейинги марта Киров ҳам ретуш қилингани ҳолда чиққан. Сталиннинг бир ўзи савлат тўкиб турибди.

Худди ана шундай манзарани Ленин билан бирга суратга тушган сафдошлари тақдири мисолида ҳам кўрсатиб берилган. Отилган, дом-дараксиз йўқотилган комиссарларни расмлардан ўчириш Совет режимининг оддий одати бўлган. Аммо энг диққатни тортадигани китобдаги расмларнинг аксар қисми Ўзбекистон билан боғлиқ эканлигидир.

Гап шундаки бундай ретушбозликда Ўзбекистон ўша пайтда ҳам пешқадам бўлган экан. Китобнинг “Ўзбекистон 10 ёшда” деб номланган бўлимида Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ва бошқалар ҳаётда қандай йўқотилган бўлсалар тасвирлардан ҳам худди шундай ғойиб бўлганлари тилсиз фотосуратлар гувоҳлигида кўз олдингизга келтирилади.

Яна бир диққатли нарса эса, Ленинга биринчи орденни Хоразм республикаси бергани каби унинг портретини илк бор гиламга тушириш ҳам Туркистонда “кашф” қилингани экан.

Бу анъана бугунга қадар яшаётгани эса яна ҳам қизиқдир. Ўзбекистон тарихидан тортиб, Ўзбекистон энциклопедиясига қадар очиб варақласангиз 1990 йиллар бошидаги тарих ретуш қилиб юборилганини кўрасиз. Расмларда эса Ислом Каримовнинг ёнидан дастлаб Шукрулла Мирсаидов ғойиб бўлган бўлса, кейин Мирзаолим Иброҳимов, Адҳам Фозилбеков, Пўлат Абдураҳмонов, Шавкат Йўлдошев, Раҳим Ражабов ва бошқа казо-казолар ретуш қилинганларини кўрасиз.

Мустақиллик кунларида президент бир ёш қизалоқни кўтариб расмга тушиши ҳам Ўзбекистонда анъанага айланган. Бу ҳам янгилик эмас экан. Китобда Сталиннинг байрам кунлари ёш қизалоқни кўтариб тушган расми келтирилган ва бир кун келиб бу расм ҳам ретуш қилингани айтилади.

Ҳа, бу Ленин ва Сталиндан қолган “ўлмас” мероснинг бир бўлаги, холос.

“Йўқолган комиссарлар” китобида яна бир фалсафий нуқта бор. Сталин билан бирга суратга тушган одамлар тасвирлардан бир-бир ғойиб бўлиб қолаверадилар ва барча расмларда Сталин якка ўзи савлат тўкиб кўзга ташланаверади. Бу диктатуранинг бирламчи белгиси. Шу кунларда Ўзбекистонда кланлар бор, ҳамма гап самарқандликлар, фарғоналиклар ва тошкентликлар ўртасидаги тортишувда, деб жар солаётганлар диктатуранинг анашу асосий рамзини билмайдилар, деб ўйлайсизми? Жуда яхши биладилар. Аммо уларнинг бир қисми Каримовнинг зулмини шу йўл билан оқласа, иккинчи қисми Туркистонни парчалаб, чегараларни портловчи нуқтага айлантирилишини ёпиб юбормоқчилар .Турондан Туркистонга, Туркистондан мустақил давлатчаларга ва энди самарқандликлар, фарғоналиклар ва тошкентликларга бўлиш тарафдорларининг иши бу. Бўл, парчала ва бошқар – уларнинг мақсади шу! Зиёлилар ҳам бу араванинг ортидан югуриб кетаётганлари эса энг катта фожеадир.

Мавзуга қайтадиган бўлсак, бу мақолага боис бўлган китоб охирида Сталиннинг тобутда ётган расми келтирилади ва рамзий хулоса қилинади. Яъни, у дунёга устун бўлиб қололмади. Минг афсуски, бу фалсафадан хулоса чиқариш осон иш эмас экан, акс тақдирда бугун Каримов, Туркманбоши, Лукашенко… лар зулми, тарихни миллатнинг қони билан ретуш қилиш давом этмаган бўларди!

(Вашингтон, 17 январ, 2003 йил).
“Тарихни титратган кунлар” китобидан.

ЖМ.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: