ҚУЛЛИКНИНГ АЛОМАТЛАРИ
Қуллик фақат қулдорлик давридагидек бировнинг қўлида ҳайвон каби ишлаш маъносинигина англатмайди. Бугунга келиб бу калима бошқа маънолар ҳам касб этмоқда. Масалан, кимнингдир йўлидан чиқа олмаслик, подшоҳларга тобе бўлиш, ўз фикрига эга бўлмасдан ўзгаларнинг чизиғидан чиқа олмаслик, мустамлакада бўлиш зеҳниятидан қутула олмаслик ва ҳоказо ҳолатларда ҳам қуллик калимаси ишлатилмоқда.
Ана шундан келиб чиқадиган бўлсак, Совет даври ҳам қулдорлик жамияти эди. Бу жамиятнинг услуб ва усуллари кишиларнинг онгига, ҳаётига шу қадар сингиб кетган эканки, мана Ўзбекистон мустақил бўлганига 11 йил бўлаяпти ҳали ҳам қуллик аломатлари гуркираб яшамоқда. Масалан дейсизми?
-Каримовга тобе бўлганлар…
-Каримовнинг режимини қўллаб-қувватлаётганлар…
-Каримовнинг сиёсатини кўр-кўрона тарғиб қилаётганлар…
Булар чин маънодаги қуллардир.
Ёки:
-Мустақиллик йилларида ўзбек тилини давлат тили қилиш учун ҳайқириб, ўзлари бугунга қадар рус тилида ёзаётганлар…
Яқинда Интернетда “Усмон Ҳақназаров”деган “ватанпарвар”нинг номи билан Ўзбекистон ҳақида бир қанча мақолалар эълон қилинди. Агар у ватанпарвар бўлса нега мақоласини рус тилида ёзди?- ҳеч ким сўрамади ҳам. Ваҳоланки ёзишдан мақсади ўзбек халқини огоҳ этиш эканлигини бир нечамарта такрорлайди. Энг қизиғи уни танқид қилганлар ҳам рус тилида ёздилар. Яна ҳам қизиғи тортишувларда рус мустамлакаси, унинг асоратлари ҳақида тўлиб-тошиб гапирилар экан, яна ёзувлар рус тилида эди.
Туркманбоши жаллод, лекин унинг ўрнига кўз тиккан Борис Шихназаров (укаси Константин, опаси Лариса) рус зеҳниятли, туркман тилини билмагани ҳолда уни қўллаганлар кўп бўлди. Мен эса ҳар иккаласига ҳам қарши эдим. Каримов ҳам Туркманбошидан қолишадиган жойи йўқ. Аммо унинг ўрнига миллатни самарқандликлару тошкентликлар ва фарғоналикларга бўладиган “ҳақназаров”лар келса нима ўзгаради?
Яна ҳам ачинарлиси ўзларини келажакнинг “реформаторлари” деб таништираётган ёшлар ҳам инглиз тили бир ёқда турсин, рус тилида ёзмоқдалар ва гапирмоқдалар. Булар мустақиллик йилларида улғайган ниҳоллардир.”Ҳақназаров”лар эса уларни рус тилида ёзишга ва гапиришга рағбатлантирмоқдалар.
Шу боис бугунга қадар тўла ўзбекча бўлган веб саҳифалар йўқ ҳисоби. Чунки ўзбекчани қойиллатадиган, қуллик аломати бўлган кирилни бир четга суриб қўйиб лотинда ёзадиган ўзбек бугун анқонинг уруғи. Ҳатто ҳукумат ташкил қилган веб саҳифаларда ҳам бу ишни йўлга қўя олишмаяпти.
11 йилдан бери мустақил бўлиб ўз она тилида гапира олмаган, ёза олмаган одамлар чин маънодаги қулдирлар. Рус тилининг қулларидирлар.
Истасалар рус тилида, инглиз тилда ёзсинлар, бу ҳам ҳунар, дейдиганлар бўлади ва уларни ҳам қўллайман, лекин, аввало ўз она тилларида қойил қилиб ёзсинлар, ана ундан кейин бошқаларида.У ҳолда бундай инсонларни қобилияти одамлар дейиш мумкин.
Агар бир америкаликка “Мен фалон-фалонтилларни биламан” десангиз, ” Бу сен учун яхши, мен эса фақат инглиз тилини биламан” деб жавоб бериш одати бор. Бунинг остида катта киноя ҳам ётади.
Бу: “Мен ўз тилимни мукаммал биламан!” дегани.
Бу “Бошқа тилларни билганим билан мақтанмайман, мен ўз тилимни билганим билан ғурурланаман!” дегани. Бизга ҳам ана шундай шуур касб этармикан?!
Бугун ўзбек тилини, ўз она тилини билмаган ҳолда бир-бирини сен “ўзбек эмас” деб айблашлар кўпайиб қолган. Бу худди ”Мен қул, сен нега қул эмассан” деганга ўхшайди.
Зиёлилардан бири радиода юқоридаги мавзуда гапириб, булар қулликнинг асоратларидир деди. Ана шу гап мазкур мақолани ёзишимга сабаб бўлди.
Йўқ булар қулликнинг асоратлари эмас!
Булар ҚУЛЛИКНИНГ АЛОМАТЛАРИ дир!
(Вашингтон, 28 Январ, 2003 йил).
“Тарихни титратган кунлар” китобидан.
ЖМ.
“Қулликнинг аломатлари ёки рандаланган тахтадан чиққан зирапча!”
Ҳурматли Жаҳонгир ака!
Яна тил борасида Сизни безовта қилмоқдаман.
Биламанки, Сиз тил масаласани кўтарган азиз инсонларимиздан бирисиз, яъни ўзбек ҳалқининг чинакам олимисиз!
Гарчи бошқа дўстларимизнинг фикрларига зид келсада ўз фикрларимни баҳсга тақдим этсам!
Бизлар собиқ СССр вақтида бир нарсани кўрдик, яъни миллатларнинг тинч ва тотув, бахтли саодатли яшаганларни шоҳиди бўлдик. Бир муҳитда бир неча турли халқлар яшаркан, улар ўзаро маданиятлари ҳамда тиллари билан бир бирларига ўрнак бўлишга интилдилар ва бунинг натижасида миллатлар орасида юксалиш кўрсаткичи ошиб борганди.
Ҳозирда бир бирига ўрнак бўлаётган кўп тилли халқ Ўзбекистонда мавжудми?
Ҳурмат билан Мистер Қалампир.