СИЁСИЙ ЛАТИФАЛАР

БИРДАМЛИК
-Афғонистонда ҳамма бир-бирини “душман жосуси” деб айблар экан,-деди сафардан қайтиб келган маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Ҳмм, улар ҳам ривожланиб кетибди-ку!

-Ҳа, биттаси иккинчисини “Американинг жосуси” деса, иккинчиси учинчисини “Покистоннинг жосуси” дейди, яна биттаси бошқасини “НАТОнинг шпиони” деса, уни наригиси “Эроннинг айғоқчиси” дер экан. Бу жуда ҳам кенг тарқалиб кетибди. Ҳаммаси бир-бирини еб ётибди.
-Шундай демайсан-ми? Уларда ҳеч қачон бирлик-бутунлик, бирдамлик бўлмаган. У халқ тарқоқ. Бизда эса бирдамлик, ҳамма бир-бирини фақат “МХХ жосуси” деб билади.

ҒАЙРАТ
Янги Туркманбоши меҳмони-эски Алдаркўсага от ҳадя қилди.
Алдаркўса отга беписанд қараб׃
-Аҳалтекинми, бу ҳам? Бундан илгари ҳам олгандим,-деди.
-Буниси Ғайрат, сизда бўлмагани учун атайлабдан танладим,-деб жавоб қилди мезбон.

ОТСЕВАРЛАР

-Нега меҳмонларингизга доим от ҳадя қиласиз?-деб сўради бир журналист янги Туркманбошидан.
-Ҳаммасига ҳам эмас… Отсеварларига.
-Отсеварлигини қандай биласиз?
-Жа, қизиқ экансан-ку, ука? Нима, Екатрина ҳақида ўқимаганмисан?

“Обама Нобелни олди!”

АҚШда ҳар бир даврнинг ўз латифаси, сатираси – оғиздан тушмайдиган ибораси бўлади.Ўтган ўн йилнинг энг кучли сатираси бу׃“Буш президент бўлди!” деган ибора эди.

Мана, янги даврга  янги ибора топилди׃ “Обама Нобелни олди!”

ТАСДИҚ
-Бу “Озодлик”ми?
-Ҳа, адашмадингиз бу “Озодлик”!
-Менда жуда муҳим хабар бор эди.
-Марҳамат, “Эркин минбар”дасиз, гапингизни айтаверинг.
-Тоҳир Йўлдош ўлди!
-Кейинги пайтда у бир неча марта ўлиб-тирилди. Шунинг учун хабарни текшириб, тасдиқлаб, кейин шов-шув қилмоқчимиз. Тоҳир Йўлдошнинг ўлганига қандай тасдиғингиз бор, ким айтди буни сизга?
-Ким бўларди, ўзи айтди!

ЭРКИНЛИК
-Алло бу қаер?
-Гапираверинг, бу “Озодлик”!
-Йўқ, менга “Эркин минбар” керак.
-“Эркин минбар”дасиз, нима ҳақда гапирмоқчисиз?
-Истаганимни гапираман.
-Бу ерда истаганингизни гапира олмайсиз…
-Сиз менга тўсинлик қила олмайсиз, бу эркинлик, мен истаганимни қилиб келган одамман!
-Бу ер сизга ишратхона эмас-ку истаганингизни қилсангиз.
-Уят-е! Гапингизга қаранг, шу ҳам эркинлик бўлдими?!

ЛАҲЖА
-Мен “Эркин минбар”да бир гапирмоқчи эдим. Фалончи акамни бир мақтамоқчи эдим.
-Кимсиз! Исмингиз нима?
-Исмимни айтмасам-чи!
-Келинг айтақолинг, нимадан қўрқасиз?
-Мен-ку қўрқмайман. Лекин сиз ўзингиз “Айтманг” деган эдингиз-ку! Бошқа бир вилоятдан биттаси сим қоқди қилиб ҳамма нарсани ўзгартириб қўямиз деган эдингиз!
-Лекин лаҳжангизни ўзгартириб бўлмаслигини ҳозир тушуниб қолдим-да.
-Шунга ҳам каллангиз ишламайдими, ўша ёққа кўчиб борган деб айтасиз!

КАФОЛАТ
-Ҳар куни Ўзбекистондан сим қоқиб Каримовни ёмонлаганларнинг сон-саноғи бўлмаяти,- деди Алдаркўса бошлиғига.
-Демак, Ўзбекистонда телефонлар эшитилади деган гап ёлғон экан-да?
-Ўзбекистонни билмадим-ку, лекин Чехияда телефонларни биров эшитмаслигига кафолат бераман!

СУННАТЧИ
-Сиз “Эркин минбар” деган эдингиз, лекин гапиришга қўймаяпсиз-ку,-деди “Озодлик”ка телефон қилган бир киши.
-Эркин минбар сиз учун эмас, биз учун. Биз нимани истасак гапираверамиз ва сиз фақат жавоб берасиз, кейин биз истаган жойини қирқиб оламиз.
-Бўлмаса суннатчи экансиз-да!

ТЕЛЕФОН
-Сиз яна пахта қўйишни бошлаб юбордингиз-ку,-деди радио раҳбари Алдаркўсага..
-Мен эмас, пахтани халқ қўймоқда. Олис-олислардан телефон қилмоқда мақташ учун.
-Кечагина олис-олисларда телефон ишламаяти, деб айтган эдингиз-ку?
-Лекин йўлини қилса ишлайди.
-Мен ўша олис-олисларга борганимда қўл телефонимдан бу ёққа чиқа олмагандим. Ҳеч йўлини қила олмагандим.
-Менга айтмабсиз-да, ўзим сизни улаб қўярдим.

АЖДАҲО
-Қашқадарёда ўн метрлик илон топилибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Ўн метр бўлса, демак илон эмас, аждаҳо! Уни тезда олиб келларинг! Ҳайвонот боғига қўямиз!
-Ўлган экан. Чегарада электр симига ўралиб, ўлиб қолибди.
-Чакки бўлибди-да. Одамлар нима дейишмоқда? Яна бошқаси бордир?
-Йўқ, улар “Бошқа аждаҳони 20 йил олдин кўрганмиз, лекин бу ердан кетиб янада юҳо бўлди” дейишмоқда.
-20 йил олдин? Унда ҳеч қанақа аждаҳо чиққан эмас! Ахир ўшанда мен Қашқадарёда раҳбар эдим-ку!

НУРЧИЛАР ва ИСЛОМЧИЛАР

-“Нурчилар”ни нима қилдинг?-деб сўради Каримов маслаҳатчисидан.
-Баъзиларини қамадик, баъзиларини қамаяпмиз, баъзиларига халқаро қидирув эълон қилдик…
-Тезлаштир!
-Уларни халқаро қора рўйхатга ҳам киритдик. Лекин Нурсултон Назарбоев хафа эмиш. “Энди адашиб менинг издошларимни ҳам ушлашади ва бизда Нур-чилар камаяди” деган эмиш.
-У бир пайтлар Исломчиларни қора рўхатга киритганда биз хафа бўлмагандик, у нега хафа бўлади? Айтиб қўй, ўшандан кейин аксига бизда Исломчилар кўпайиб кетди!

ПЕС

-Атрофда нима гап? – деб сўради Каримов маслаҳатчисидан.
-Раҳмон қўл остидагиларга ўзи билан суратга тушишни таъқиқлабди.
-Ҳм… менимча пес-мес бўлиб қолгандур?
-Кўрнишидан ўхшамаяпти…
-Ундайлар ичидан пес бўлади!
-Тўғри айтасиз. Мана биз қачон истасак сиз дарҳол биз билан суратга тушишга розилик берасиз.
-Бўлди, бас! Энди мен билан ҳам суратга тушиш йўқ!

ИРСИЯТ
-Ҳа, қизим, мен иқтисодчи эдим, энди бу касал сенга ҳам тегдими?-деди Алдаркўса қизи ёзган мақолага кўз югуртириб.
-Ирсият! Отада бўлган ҳар қандай касаллик боласига ҳам юқади.
-Ҳеч бўлмаса аввал иқтисодни ўқиб олсанг бўлармиди?
-Дипломим бор-ку!
-Дипломинг сохта. Бунинг устига иқтисоднинг “и” ҳарфини ҳам билмайсан!-Ирсият!

АРҚОН
-Америкада катта-катта миллионерлар ўзларини осиб қўяётган эканлар,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Нега осишади?
-Халқнинг ҳақини еганлари очилиб қолаётганмиш…
-Устини яхши ёпишмагандан кейин очилаверади-да! Мана қара, бизда ҳеч нарса очилмайди.
-Бизда ҳам очиларди. Лекин бизда арқон тақчил!
-Жа, қизиқсан-а? Нимадан гап очилса, тақчил дейсан? Энди арқон тақчил бўлиб қолдими?
-Сизга керак бўлса, дарҳол топамиз!

БУЧАРА
-Сан ҳам манга ўхшаб ўзбек тилини билмас экансан-ку?-деди Алдаркўса иккинчи қизига.
-Нага билмес эканмиза, нима девотсиз ўзи, вой! Ман сув қиб ичворганман-ку!
-Этайлик… мана сайтингда “Бечора” деган сўзни “Бучара” деб ёзибсан. И..и… тўхта… тўхта.. сен ҳам мухолифият бўлдинг-ми? Нега “Бу шаҳри азимнинг номи Бучарадир” деб ёздинг?
-Ўзиз ҳам жа гаппи обқочвоссиз-да, папа!  Бу “Бучара” эмас, “Бухара”, город Бухара!

ТАЛАБГОР
Хазинабон Алдаркўсанинг ҳузурига келди׃
-Ҳамма ёқда битта гап. Катта шов-шув! Сиз уруш фахрийларига пул бериш ҳақида Фармон чиқарибсиз…
-Ҳа, фақат Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига!
-Лекин хазинада ҳеч вақо йўқ.
-Биламан! Аммо менга фахрийлар қолмади деб айтишган эди-ку!
-Битта-ярим топилади. Улар ҳам тўқсондан ошди.
-Ундай бўлса бироз кут, талабгор қолмайди.

ОМБУДСМАН
-Омбудсманга қўшимча ваколатлар берибсизларми?- деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Ҳа, Жиноят кодексининг 18-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, эндиликда у шикоятларни ўрганиш ёки ўз ташаббуси билан маҳкумлар турмушини текшириш учун бемалол жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда ўзингиз топшириқ берган эдингиз-ку!
-Санларга нима бўлган ўзи? Салла деса каллани олиб келасизлар! Мен уни қамоққа доимийга кирадиган қилиб қўйинглар эдим.

ЖАЗО
-Хорижга кетганлар ўзларига яна битта Инсон ҳуқуқлари ташкилоти тузиб олишибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Ҳа энди, тирикчилик, тузаверсин, қорни тўқ бўлса, қулоғимиз тинч.
-Лекин улар биздаги масала билан шуғулланмоқчи эканлар.
-Қандай масала?
-Болаларни пахтга олиб чиқиш масаласи…
-Ҳм.. ундай бўлса, энди болаларни пахтага олиб чиқма! Шу билан ана уларни жазолаган бўласан!

ДАЛИЛ

-Мана орадан тўрт йил ўтди, лекин Андижонда тинч аҳолини ким отгани ҳақида далил топилмади,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Ҳа, нега тиржаясан? Ҳаммасини йўқотиб юбордим деб мақтанаяпсанми?
-Қаёқда? Ҳаммасини йўқотиб бўладими?
-Нега йўқотмадинг шу пайтгача?
-Бошлиқларини йўқотдик, лекин шунча аскарни қандай қилиб йўқотаман?

СОКИНЛИК

-Молдовада мухолифатчилар президент саройи ва парламент биносини босиб олишди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Молдова билан нима ишинг бор, ўзимиздан гапир!
-Бизда Худога шукур, сокинлик!
-Ундай бўлса, энди Молдова ҳақида гапир!

ПУФ, САССИҚ!

-Амриқо пошшоси Туркия сафарини тугатиб, Ироққа ўтибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Биламан…
-Шунча уриндик, аммо жиловини бу томонга бура олмадик…
-Буриб нима қилардинг?
-Халқнинг оғзига уриб қўярдик, кўрдингми, дегандек.
-Ураман десанг уришнинг йўли кўп.
-Ҳа-я?!
-У келаман деб кўп ёлворди, лекин мен қабул қила олмаслигимни айтдим!

ЛАҚАБЛАР

-Мана ҳаммасини дабдала қилиб ташлаяпмиз,-деди маслаҳатчи баъзи сайтлардаги изоҳларни Алдаркўсага кўрсатар экан.
-Булар нима?
-Постинглар, яъни изоҳлар. Ҳаммаси душманларингизга, халқ душманларига қарши.
-Лекин бирортасида ҳам исму шарифларинг йўқ-ку! Ҳаммаси лақаблар билан ёзилган-ку!
-Ўзингиз “Гапирадиган ҳам, ёзадиган ҳам, буйруқ берадиган ҳам, сўкадиган ҳам битта бўлиши керак!” деган эдингиз…
-Тўғри! Аммо бу сайтларда лақаблар битта эмас, мингта-ку?!
-Бу ёғидан хавотир олманг, ҳаммаси сизнинг лақабларингиз…

ЎЛИК

Алдаркўса ётган жойида хаёлга ботганди. “Ҳар кун уйғонганимда етмиш икки суягим зирқираб оғрир эди. Туролмасдим. Укол қилиб турғазиб қўйишади. Бугун эса ҳеч қаерим оғримаяти. Ўлиб қолдиммикан?” .
Шу пайт хотинининг у ёқ-бу ёққа юрганини эшитиб қолди.
-Хотин тирикмиз-ми? Ёки ўликмиз-ми?
-Мен тирикман. Аммо сиз ўлик!
-Жиннимисан, ахир сен билан гаплашиб турган бўлсам, агар сен тирик бўлсанг, мен қаёқдан ўлик бўламан? Фақат жойимдан тура олмаяпман. Турғазиб қўясанми?
-Менга нега айтасиз! Ана Хитойдан келтирган массажчиларингиз бор-ку! Уларга айтинг, ўликни ҳам, сўликни ҳам турғазиб қўйишади.

СОПОЛАК
Алдаркўса бир кун сафарга борганида мезбонга бир учи тешилиб, ўша жойидан чиройли-рангли ип ўтказилган сополакни ҳадя қилди.
Мезмон қўлидагини айлантириб кўриб׃
-Бу қандайдир сополнинг синиғи-ку!- деди.
-Бу сопол эмас, бу қадимий Хиванинг бир неча юз йиллар олдин қурилган минорасидан қўпориб олинган, бу жуда ҳам қимматбаҳо ҳадя.
-Ундай бўлса тарихий қимматга эга экан. Бундай нарсаларни авайлаб-асрашимиз керак. Бизда бундай нарсаларни мамлакатдан четга олиб чиқиш жиноят эканлигини қонунларга тиркаб қўйилган.
-Бизда ҳам шундай. Ҳатто ”Шундай нарсаларни четга олиб чиққан одам маданиятимизнинг душмани” ҳисобланади деб ёзиб қўйилган.

ОНА ТИЛИ

-У ёқда қайси тилда сўроқ қилишади? Билиб қўйганимиз яхшида,-деди Aлдаркўса хотинига.
-Қайси тил бўларди? Она тилимизда-да…
-Она тилимизда?
-Ҳа-да! Масалан, мени рус тилида сўроқ қилишади.
-Демак, сенга осон экан.
-Нега? Ҳеч кимга осон бўлмайди!
-Сен она тилингни биласан, лекин мен нима қаламан?

СЎРОҚ

-У ёқда қайси тилда сўроқ қилишади? Билиб қўйганимиз яхшида,-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Албаттаки инглиз тилида…
-Жиннимисан, нима Худо фақат инглиз тилини биладими?
-О, сиз нариги дунё ҳақида ўйлаётган экансиз, мен бўлсам Ҳаага халқаро суди ҳақида ўйлабман.

ПАЛПИЗ

-У ёқда қайси тилда сўроқ қилишади? Билиб қўйганимиз яхшида,-деди Алдаркўса муфтини чақириб.
-Валлоҳи аълам, бисёр ва дуруст қилибсиз ул дунё ҳақида ўйлаб. Бул ҳар бир ожиз ва сизу биз каби палпиз бандасининг бурчи эрур. Энди магарки, саволингизга келсак, тақсири олам, уламолар дебдуларким, бу хусусда аваллик араб тилиға берулғисидир.
-Жиннимисан! Араблардан бошқа биров араб тилини билармиди?
-Лекин яратган билғувчидир!
-Яратган билгувчи, буни биламан! Лекин сен менинг саволимга қониқарли жавоб беролмадинг!
-Хўб айттинғиз, Сиз билғувчисиз! Боз устиға яратган магар сизни яратган бўлса, сиз бизни яратгансиз!
-Хато қилган эканман, хато! Қаёқда мен тушунмайдиган чулчут тилда гапирадиган одамни танлаган эканман. Ялпиз деганинг нимаси?
-Ялпиз эмас, тақсири олам, палпиз! Магар луғатға боқсак, пок ва нопокнинг фарқига бормайдиғон, ишни эплай олмайдиғон ва яна ношуд ҳам дегани…

БИРИНЧИ АПРЕЛ
-Акангиз ўлиб қолдилар,-деди Алдаркўсанинг хотини маслаҳатчига лабда табассум билан.
-Э, Худога шукур…
-Нима депясиз? Секинроқ гапиринг!
-Нима қипти?
-Ахир бу биринчи апрел ҳазили эди. У киши тирик.
-Э, Худога шукр-ки, бугун биринчи апрел !

ИТАЛИЯ ФИЛМЛАРИ

-Бугундан бошлаб 17 апрелга қадар пойтахт кинотеатрларида Италия филмлари фестифалини ўтказаяпмиз,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Италия филмлари?
-Ҳа, замонавий Италия филмлари.
-Эҳтиёт бўл, мафия ҳақидагиларини кўрсатишмасин.
-Нега?..
-Нега эмиш? Нима, ўзингни кўрсатмоқчимисан?

БАШОРАТЧИ

-Қўёш чиқибди бугун,-деди хотини Алдаркўсага.
-Мен айтгандим-ку “Чиқади” деб!
-Эшитдингизми, Америка мусулмонлар билан дўст бўлаётганмиш!
-Ҳа, мен айтгандим, “Шундай бўлади” деб.
-Бечора, акангизни хотини кеча боласини туширди.
-Буни мен олти ой олдин айтгандим-ку!
-Боласи бир ҳафталик бўлса, олти ой олдин қаёқдан башорат қилгандингиз?
-Айтгандим-ку бу аёлнинг қорнида бола турмайди деб.
-Жиннимисиз, у гапни менга айтгандингиз!
-Демак, сен ҳам яқин кунларда туширасан!
-Вой ўлмасам, қаёқдан биласиз?
-Башоратчи бўлганимдан кейин ҳамма нарсани биламан-да!
-Унда унинг отаси кимлигини ҳам биласизми?
-Кимнинг отаси?

ДУНЁ

-Дунёда нима гаплар?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Дунё лидерлари Лондонда тўпланиб, экономикани муҳокама қилмоқдалар…
-Кимлар?
-Дунё лидерлари…
-Кимлар?!
-У дунё лидерлари!
-Ҳа, мана шундай – ўликлар демайсан-ми?

ЎҒРИ

-Нега Қирғизистонда президент сайловида ҳамма номзодлар бирин-кетин чекинишмоқда?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Ҳа, ҳамма таниқли шахслар ўйиндан чиқмоқдалар!
-Буни билиб турибман, лекин “Нега?” деб сўраяпман сендан.
-Билмасам…
-Ким билади сен билмасанг? Мен айтганим йўқ, Саддам бўлса ўлиб кетди, сен ҳам айтмаган бўлсанг, бу ўйиннинг сирини улар қаердан олишди? Қароқчилик қилишни ўрганишдимикан?
-Балки! Ўғрини қароқчи урди деган гап бор-ку!

ФОЙДА

-Биз ҳақимиздаги танқидлар камайди, шекилли, мамнун юрибсан?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Ҳаммани ҳар томонга овора қилиб қўйдик. Бир тўдаси дин ҳақида жанжаллашиб ётган бўлса, бошқа тўдаси душманларингиз ҳақида. Унисиям, бунисиям бизга ғирт фойда.
-Жуда яхши. Фақат бундан кейин “ғирт фойда” бўлса иккига бўламиз. Шерикчилик. Яъни фойда меники! Ғирти эса сеники!

БОШ РИЭЛТОР

Маслаҳатчи янги қонун лойиҳасини Алдаркўсага кўрсатди.
-Бу нима?- деди Алдаркўса.
-Риэлторлик ҳақида янги қонун лойиҳаси…
-Қонун лойиҳаси эканлигини билиб турибман, лекин риэлтор дегани нима?
-Уй сотувчи билан уй олувчи орасида пул қиладиган одам. Яъни ўртада турадиган одам…
-Ҳа, даллолми?
-Даллол десак ҳам бўлар эди… Аммо бу соҳанинг хўжайинларига бу сўз ёқмаслиги мумкин-да!
-Зато менга ёқади…Билиб қўй, хўжайин мингта эмас, битта бўлади.

МАСЛАҲАТ

Ўринбосари Байден Оқ уйда Михаил Горбачевни қабул қилиб, у билан чақчақлашиб ўтирганди, бирдан Обама кириб келди.
-Сизни кўраман деб ўйламагандим,-деди Горбачев.
-Мен эса Сизни албатта кўраман деб ўйлагандим..
-Йўғ-е, мен қариб қолган чолни кўриб, мендан нима ҳам олардингиз?
-Тажрибангиз катта. Сиз каби тажрибали инсонларнинг маслаҳати асқотади.
-Ундай бўлса, битта шарт билан, ҳозирча бу ҳақда ҳеч ким билмасин!
-Бизда сир йўқ.
-Ҳаммаси сир йўқлигидан бошланади. Сир…кейин колбаса… кейин нон… кейин…

ТЕЛЕВИЗОРДА

Алдаркўса Наврўз байрами арафасида телеведение ходимлари билан учрашувга вақтидан олдинроқ келди ва уни кутиб оладиган раис ташқарига чиққунча бир зум қаққайиб қолди. Ана шу бир зумда у томонга ўтган ҳам, бу томонга ўтган ҳам׃
“Ҳе, падарингга лаънат!”
“Ҳе, афтинг қурсин!”
“Ўле, чўтир!”- деб, кейин шу томонга тупуриб кетишаверди.
Раис пайдо бўлиши билан Алдаркўса унга ўшқирди׃
-Санларда тарбия деган нарса борми ўзи? Катталарга ҳурмат борми? Нега ҳамма одамларинг сўкиниб, бу томонга қараб тупуриб ўтмоқда…
-Ахир электрон реклама экранига яқин туриб қолибсиз, сизни ҳақиқий одам эмас, телевизорда кўраяпмиз деб ўйлашган-да,-деди.

ЭРКАК

-Бизда эркаклар бошқа жойлардагига нисбатан оз умр кўриши ҳақида ёзишибди,-деди вазир Алдаркўсага.
-Қанча умр кўрар экан?
-63 ёш…
-Бекорнинг ўн бештасини ебсан!
-Мана, шундай деб ёзишибди-ку? Билмасам…
-Нимага билмайсан?! Мана мен саксонга қараб кетаяпман ёки мен эркак эмас-ми! Ҳамма билмаса ҳам сен билишинг керак!

63 ЁШ

-Бизда эркаклар бошқа жойлардагига нисбатан оз умр кўриши ҳақида ёзишибди,-деди вазир Алдаркўсага.
-Қанча умр кўрар экан?
-63 ёш…
-Етиб ортади! Нима пайғамбардан кўп яшашмоқчими?

ИСБОТ

-Бунчалик берилиб, нимани ўқияпсан?-деди маслаҳатчининг хонасига кириб келган Алдаркўса.
-Американинг тиббиёт журналида “Қариш нейробиологияси” деган бир мақола чиққан экан, шуни ўқиб тургандим.
-Нимани ёзишибди?
-Шу соҳадаги илмий текширувлар ҳисоботи. Унда айтилишича, инсон 22 ёшга киргунча ақли ривожланади, 27 ёшдан кейин эса, бу ривожланиш тўхтайди, 37 ёшга келиб, хотира бузила бошлайди. Айниқса мантиқ, фикрлаш қобилияти ва тасаввур қилиш борасида сустлик бошланар экан.
-Бўлди, бўлди, бас! Бу биз ҳақимизда эмас, бу америкаликлар ҳақида экан. Бизда ёшлик – бебошлик, қари билганни пари билмас… Мен Ғарб ва Шарқ бошқа-бошқа десам танқид қилишганди. Мана исботи!

ТОЗАЛАШ

Шанбаликка чиққан одамларнинг ишини назорат қилиш учун Алдаркўса стулни йўл четига қўйиб, ўтириб олди ва ҳаммага иш буюриб турди. Вақт тушдан оғганда одамлар ҳамма жойни тозалаб бўлдилар.
-Атроф ойнадек топ-тозза бўлди, энди кетсакмикан?- деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Ишни битирмай қаёққа кетасан?
-Битди-ку хўжайин.
-Ҳали ҳамма жой тозаланмади.
-Яна қаер қолди?
-Мана, масалан, менинг тагим тоза эмас!

КУНДА

-“Ҳар йилги Шанбаликда биттадан янгилик қилиш керак”, деган эдим, бу йилгисига нима ўйладинг?-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Биласиз, Ленин бобомиз Шанбаликда болор кўтарганлар. Ўтган йил сизга ғўла кўтаришни таклиф қилган эдик. Бу йил энди, кўтаришингиз учун кунда ҳозирламоқчимиз.
-Аҳмоқмисан? Мен ўзимни аранг кўтариб юрибман-ку, кундани қандай кўтараман?
-Сиз кўтармайсиз, биз кўтарамиз. Зотан сизни ҳам биз кўтариб юрибмиз. Фарқи нима?

ИНТЕРНЕТ

-Яна бизни Интернет душмани деб эълон қилишибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Ўтган йил ҳам қилишганди, нима бўпти?
-Ундан олдинги йил ҳам..
-Ундан ҳам олдинги йил…
-Парво қилма, келаси йил қилишади.
-Шу кетишда ундан кейинги йил ҳам…
-Ҳар доим деявер! Абадий!
-Йўғ-е, менимча Интернет абадий турмайди.

“ЁМОН” ВА “ЗЎР”

-Бизни “Ёмонларнинг ёмони” рўйхатига киритишибдими?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.
-Ҳа, бу ҳақда сизга айтгандим, шекилли?
-Лекин сен яхши рўйхат ҳақида гапиргандинг. “Ёмон зўр!” деган эдинг.
-“Ёмоннинг зўри” деган эдим…
-Бу ерда ёмоннинг ёмони деяпти-ку?
-Тилимиз шунақа, баъзан “зўр”ни ҳам “ёмон” деб ёзишади.
-Бўлмаса “ёмон”ни “зўр” деб ёзиш ҳам мумкин эканда.
-Бўлмаса-чи, зотан шундай…

ТАНҚИД

-Сиз нега Американи бунча ёмон кўрасиз?-деди бир мухолифатчи иккинчисига.
-Сиёсати нотўғри, қаранг дунёда қаерда уруш бўлса, Америка ўша ерда.
-Лекин сиз учун Америкадан ҳам Россия хавфлироқ, нега руспарастларни танқид қилмай, америкапарастларни сўкасиз.
-Америка ҳатто руслар билан ҳам келишмай қолган.
-Лекин яқиндан бошлаб Россия билан муносабатларини яхшиламоқда-ку?
-Шунақами? Ундай бўлса энди грантлар русларга кетаркан-да. Айтдим-ку сиёсати нотўғри деб.

БИРИНЧИ

-Аҳоли сони 27 миллион 555 мингдан ошибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Биз 28 миллион деган эдик-ку!
-28 миллион норасмийси. Бу расмийси.
-Кетганлар ва ўша ёқдаги мардикорлар билан биргами?
-Ҳа-да, уларни ҳам ҳисобга олганмиз.
-Улар қачондан бошлаб аҳоли бўлиб қолди?
-Агар уларни чиқариб ташласак, умуман одам қолмайди.
-Нима биз одам эмасми? Биз ҳайвонмизми?
-Йў.., сизни одам деб ҳисоблаб, рўйхатга биринчи қилиб киритдик.

ҲАММОМ

-Осиё футбол федерациясининг раҳбари Муҳамммад бин Ҳаммом кутиб ўтирибдилар, қабул қиласизми?
-Қабул қилиб нима қиламан, у билан футбол ўйнайманми?
-Унга ваъда бериб қўйгандик…
-Нега мендан рухсат олмай ваъда берасан?
-Жоним нечта! Ахир Сиздан кеча уни қабул қиласизми деб сўрагандим, сиз “Бўлмасчи!” деган эдингиз.
-Ёлғон гапирма! Сен мендан “Эртага ҳаммом қабул қиласизми?” деб сўрагандинг, мен “Бўлмасачи” дегандим…

АХМОҚМИСАН!

Алдаркўса аёлларни байрам билан табриклаб, нутқ сўзлади. Уйига келгач, хотини унга юзланди׃
-Яна шу гапни такрорладингиз-а?
-Қайси гапни?
-“Ҳаммангизни қўлтиғимни тагига босиб қучоқлайман” деган гапингизни-да!
-Хўп нима дейишим керак эди?
-Қучоғимга босаман, дейиш керак…
-Ахмоқмисан! Ундай десам, мен чолга ким ишонади?

МУЖДАГИРОН

Матбуот котиби Беруний Олимовни ишдан ҳайдаб, 8-Март байрами билан хотин-қизларни табриклашга тайёргарлик кўраётган Алдаркўсага Раҳмон телефон қилиб қолди׃
-Сизга бир муждам бор! Биз 8-Март байрамининг номини ўзгартирдик.
-Нима деб ўзгартирдингиз?
-Тарихий илдизларни тиклаяпмиз. Бундан кейин бу байрамнинг номи бизда ”Муждагирон”…
-Бу нима дегани?
-Билмайсизми? Бу ҳақда ахир Беруний ёзган…
-У болани мен кеча ишдан ҳайдадим, аллақачон сиз ишга олдингизми?

ЎСИШ

-Бутун дунёда ҳамма соҳада орқага кетилаётган бир пайтда сиз ўсиш ҳақида китоб ёзибсиз-а?-деди бир чет эллик журналист Алдаркўсага.
-Ҳа, биз ҳамма соҳада ўсишга эришдик.
-Ростдан-ми?
-Кўрдингизми, дарҳол қизиқиб қолдингиз. Биз ҳатто бошқалардаги камайиш туфайли ҳам ўсишга эришдик!
-Йўғ-е?
-Бўлмасачи, масалан, бошқаларда бизнинг муҳожирлар сони камайди. Бизда эса қайтганлар сони ўсди.
-Ҳмм…
-Биз ҳатто бир ўсиш билан икки ўсишни таъминламоқдамиз.
-Бу мутлоқ янглик-ку!
-Бўлмаса-чи! Масалан, амнистия йўли билан қамоқдан чиққаналар сони у мартага ўсди. Бу эса қамоққа кирувчилар сонини ҳам уч мартага ўсишини таъминлади.

НАТИЖА

-Жаҳон экономикаси қаттиқ буҳронга учраган пайтда менинг сиёсатим натижасида биз кризисдан четда қолдик,-деб ёзибсиз янги китобингизда деди бир журналист Алдаркўсага.
-Ёздим! Нима қипти? Четда қолдик. Тўғри!
-Фақат эконимкада эмас, бошқа соҳаларда ҳам четда қолдингизлар, шекилли?
-Бунинг шекилли-пекиллиси йўқ!
-Ахир ёшларнинг Шимолга қараб ёппасига мардикорликка кетиши экономикани қутқазиб қолди-ку!
-Ҳа, бу узоқ йиллик, ўйлаб қилинган сиёсат!
-Улар Шимолдан қайтиб келишса нима бўлади?
-Ҳеч нарса. Жанубга жўнатамиз!

300 ДОЛЛАРДАН

Мажлисдан қайтган Алдаркўсанинг ҳузурига маслаҳатчи кирди׃
-Тақсир, “Ҳар бир кишининг даромади 300 доллардан ошди” деб юбордингиз-ку…
-Ҳа, айтдим, нима қипти? Яширадиган жойи йўқ бунинг!
-Бу унчалик…
-Нима унчалик, бунчалик… мени ҳеч нарсани билмайди дейсанми? Мен иқтисодчиман ва ҳисоб-китобни ҳаммангдан яхши биламан. Мана, ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб борганман, келтириб берганларингни ҳисоблаб, аҳоли бошига чаққандим 300 доллардан тушди.

АРЗОНГАРЧИЛИК

-Халқимиз бозорга чиққанда шуни кўриб, яна қиш пайтида, оғир пайтда, гўшт, сут маҳсулотлари, картошка, сабзавот маҳсулотлари қишда доим топаяпти. Лекин у ëғини ўйламайдики, бу осмондан тушмайди, ойдан тушмайди. Бунинг устида ишлаш керак, бир йил эмас, кўп йил ишлаш керак. Бунга тайëргарлик кўриш керак. Гўшт¸ сут қаердан пайдо бўлади? Мол боқмаса¸ бу маҳсулот қаердан бозорда пайдо бўлади? –деди Алдаркўса катта мажлисда.-Бозоримизда нима учун бугун гўшт арзон¸ сут маҳсулоти арзон?

-Э, ўчир товушингни, одамларда пул йўқ, мана шунинг учун олмаяти, нимақилайлик, чириб, айниб кетгунча неча пулга бўлса ҳам сотаяпмиз-да!-дедителевизор кўриб ўтирган қассоб. Эшик ёнида турган хотини унга тўнғиллади׃

-Ҳов эр, деворнинг ҳам қулоғи бор, тағин сизни товушингизни ўчиришмасин? Телевизор кўргунча ўтин топиб келинг, газ ўлган!

Шу пайт лип этиб чироқ ўчди.

-Ана санга арзонгарчилик! Жойни тўшаганмидинг?

-Тўшагандим! Бунинг учун ҳам унга раҳмат! Агар светни ўчириб қўймаса, ҳали бери жойга ҳам кирмасдик!

ШОҲЧА

Маслаҳатчи вилоят ҳокими вазифасини бажариб, жиноятлар қилган кимса ҳақидаги “Шоҳча” деган фелъетонни Алдаркўсага кўрсатди. Алдаркўса ўқий бошлади׃

“У вилоятда коррупцияни авлж олдирди, ҳамма вазифаларни пулга сотди, таъмагирликни ривожлантирди, порахўрликни оддий ҳолга айлантирди, инсонларнинг энг оддий ҳуқуқларини ҳам топтади, истаган одамини қамади, истаган одамидан қаҳрамон ясади, одамларни тепкилади, тарсакилади, аёллар ҳузурида эркакларни қўпол сўзлар билан ҳақоратлади, кимки уни танқид қилса, албатта ўч олди, қувғин этди…”

-Агар шоҳчаси шу бўлса, шоҳи қандай бўлар экан?-деди Алдаркўса кўзини газетадан узмай.

-Акси…Шоҳи қандай бўлса, шоҳчаси ҳам шундай бўлади!

АНЧА

Алдаркўса ҳисоботларни қараб чиқар экан, маслаҳатчини чақирди׃

-Бутун дунёда ишсизлар сони кўпайиб кетмоқда, бизда эса мана бу рақамларга кўра, анча камайибди.

-Ҳа, бу ерда бор гапни ёзганмиз, хўжайин.

-Ундай бўлса, нега бу хабарни дўмбира қилмаяпсан?

-Сал пастроқдаги рақамларни ҳам кўрдингизми?

-Қайси бирини?

-Шу даврда ўлганлар сони ҳам анчадан анчага ошган…

КАСАНАЧИЛИК

-Мана бу ерда мамлакатда ишсизлар сони касаначилик билан шуғулланувчилар кўпайиши ҳисобига 16,5% га камайган деб ёзибсан-ку!-деди Алдаркўса Маслҳатчига.

-Ҳа, касаначилик ҳисобига-да! Бу даврда тобутсозлик, қабр тоши ясаш, гўрковликшунчага кўпайди!

АНЪАНА
Алдаркўса ҳар куни учта рюмкани қаторлаштириб қўяр ва кейин конякни бирин-кетин ичарди.

“Битта рюмкада кетма-кет, истаганча ичаверса бўлади-ку?”
Бу савол ҳар куни хаёлидан ўтавергач, маслаҳатчи охири Алдаркўсадан бунинг сирини сўради. Алдаркўса бамайлихотир жавоб қилди׃

-Хорижга кетган икки ошнам бор. Улар билан келишганмиз. Ҳар куни садоқатимиз рамзи сифатида уч рюмкадан ичамиз. Мана бу рюмка биттаси. Мана буниси иккинчиси. Бу анъанини қарийб йигирма йилдирки, бузмаяпмиз.
Шундай деган Алдаркўса эртасига битта рюмкани олиб ташлаб, фақат иккитасида ича бошлади.Маслаҳатчи яна ҳайрон. Охири бу ҳақда ҳам сўради.

-Нима бўлди? Ошналарингиздан бирортаси ўлиб қолдими!

-Ҳа, йўқ, мен ўламан, улар ўлмайдилар! Кўрмадингми, муфти келиб кетди. “Бу ёғингиздан у ёғингиз яқин. Энди мусулмончилик ҳақида ҳам ўйланг”, деб ҳоли жонимга қўймади. Унинг гапида жон бор. Шунинг учун мен ўйиндан чиқдим, мусулмон бўлдим.

СПАМ
Конгресдан дунё ва Америка тарихида мисли кўрилмаган миқдорда пул талаб қилган Обама Оқ уйнинг иш юритувчиси Эмануэлни чақирди׃

-Янги талабимизга конгресменлар нима дейишмоқда?

-“Ҳали бир ой бўлди иш бошлаганига, шунча пул керак бўлишини қандай ҳисоблаб чиқди!” каби гаплар.

-Бизни қўллаган халқ нима демоқда?

-Бир кунда 50 миллионта электрон хат олдик.

-Ана кўрдингми, сайловда ҳамма билан электрон ёзишма ўрнатганимизнинг натижасини. Жуда зўр!

-Ҳаммасида деярли айни гап!

-Қани гапирчи, нима гап экан?

-“Туғилмаган неварамизнинг ҳисобидан олаяпсизми, бу пулни?”-деб сўрашмоқда.

-Аҳ, Эмануэл, Эмануэл!!? Мен сенга неча марта айтдим׃ “Спамга блок қўйгин” деб.

ОВ

Раҳмон билан Оқпошшо овга чиқдилар. Қайтишларида қўлларида ҳеч нарса йўқ эди. Буни телевизордан кўрган Алдаркўса маслаҳатчидан׃

-Нима бўлди? Овлари бароридан келмадими?-деб сўради.

-Ов жуда зўр ўтибди, бароридан келибди.

-Улар нима овлашдики ўзи, бароридан келсин?

-Улар бир-бирларини овлашди-да!

-Қармоқлари узилиб кетмабдими?

-Йўқ, бир учи сизга илинган-ку қандай узилсин?

-Бўлмаса уч каллалик қармоқ экан-да!

-Менимча ҳам шундай!

-Нима, бир каллалик қармоқ билан уч каллани ушлаб бўлмайди демоқчимисан?

-Йўқ, ушлаб бўлади, агар бу каллалар хум бўлмаса!

БАЛАНС

Обама қасамёдидан кейин орадан бир ой ўтиб, Конгресс ва Олий Суд мансублари ҳузурида халққа мини-ҳисоб берди. У мажлисга кириб келар экан, олқишлар оғушида қолди ва бирдан қаршисида пайдо бўлган Ҳилларини бугунгача кўрилмаган ва кутилмаган ҳолда жуда қаттиқ ўпиб олди.

Кейин минбарга чиқиб нутқини бошлади׃

“-Мадам, Спикер!

-Жаноб, Сенат раиси!

-Мадам, биринчи хоним!…”

Шу зайл нутқ бир соат давом этди ва олқишлар билан якунига етди.

Эртасига эрталаб нутқёзар Обаманинг ҳузурига кирди׃

-Ҳамма мени танқид қилмоқда,-деди у.

-Нега қанқид қилишади?

-Бундай расмий нутқда “Мадам, биринчи хоним!” деган жумла бўлмаслиги керак эди, президент хотинига уйида ҳам ҳисоб беравериши мумкин эди, дейишмоқда.

-Сен парво қилма! Уни мен қўшдим. Мажлисдан кейин уйда хотинимга ҳисоб бермаслигим учун балансга эҳтиёж туғилиб қолди-да!

ОТ

-Аҳалтекин отларидан олиб келмадингми?-деди Алдаркўса Туркманёшига.

-Яқинда Оқпошшога олиб боргандим, қабул қилмади.

-Ахмоқ экан-ку! Мана биз ўзимиз сўраб турибмиз. Ўлиб кетган аканг келганда албатта от ҳадя қилиб, ўргатиб кетди.

-Лекин Оқпошшо “У даврлар ўтди” деб кесатиқ ҳам қилди-да.

-Қайси даврлар?

-Екатерина даври-да!

ҲАМДАРДЛИК

Фалончи Фалончиев бизнинг энг фаол аъзоларимиздан биридир. У киши билан ҳар куни боғланиб ёки учрашиб турамиз. У киши бизнинг ишимизга тинмай ёрдам бермоқдалар. Қимматли маслаҳатларини аямаяптилар. Бошқа ишларини ҳам ташлаб доим биз билан биргалар.

Лекин бугун билиб қолдикки, қирқ кун олдин у кишининг хотини оламдан ўтган экан. Бу фаолимизга бошига тушган оғир кулфат муносабати билан ҳамдардлик билдирамиз.

Яна шуни билиб қолдикки, у қишининг қирқ кун муносабати билан ўтказган маъракаларига ҳукуматдаги казо-казолар келишибди. Демак, бизни тан олишмоқда.

ҒАНИМАТ

Алдаркўса Бош вазирни чақирди׃

-Нарх навони кўтармасанг хазина қуриб қолди.

-Мен кўтарганим билан сиз ортидан маошларни кўтариб қўясиз.

-Ҳа энди сиёсат шунақа. Хуллас, нарх навони қачон оширасан?
-Навбатдагиси Апрелда. Кейинги квартал бошида.
-Ҳали анча бор экан…Олдинроқ эълон қилавер!
-Хўп…

-Биринчи апрелда эса маошларни ошириш ҳақида қарор эълон қилармиз. Одамларни бир кулдирамиз! Бир марта кулган иккита тухум еган билан тенг экан! Бир тухумхўрлик қилишсин! Бу ҳам ғанимат!

ВАҚТ

Оқпошшо Алдаркўсага сим қоқди׃

-Бошинг тошдан бўлсин дўстим!

-Раҳмат!

-Худога шукур эсон-омон қолибсан! Бундан кейин эҳтиёт бўл. Ҳар доим ҳам эсон омон қолинмайди. Айниқса бизнинг йўлимиздан .рмаганларга қийин. Бу воқеа сенга дарс, Худонинг огоҳлантириши бўлсин. Суиқасдчилар бир марта хато қилади. Иккинчисида…

-Э, тўхтанг, нималар деяпсиз ўзи? Қанақа суиқасд ҳақида гапираяпсиз.?

-Тўхта.. тўхта! Соат неча бўлди ўзи? Наҳотки адашдим?

МА! НАС!

-Дунёда нима гаплар?- деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.

-”Манас”ни ёпиш ҳақидаги қонун тасдиқланди.

-Нима қипти? Шу ҳам хабар бўлдими? ”Манас”ни ёпишса, бошқаси очилади. Нима кўп, жой кўп.

-Лекин ”Манас”…

-Бунча менга қараб, ”Манас”, ”Манас” дейсан, ундан кўра бошқа ”Манас” очиш ҳақидаги таклифларни кўриб чиқдингми, шундан гапир! Бўлмаса ма, яна бир марта кўр!

-Кўрдим… лекин бир марта тупурган тупугни яна қайтиб оламизми?

-Нима деяпсан ўзи? Тупук деганинг нима? Ким тупурди? Галварс, бунақа гапларни гапиргунча ма, ол, таклифларни яна бир марта кўриб чиқ. Ма! Нас!

КЎЗ

Алдаркўса ишга келиши билан маслаҳатчини чақирди׃

-Нега одамлар кўз дўхтирига навбатга тизилган? Баъзи жойларда навбат 2-3 километрга чўзилиб кетган. Нима гап? Бирор юқумли касаллик тарқалдими?

-Э, йўқ? Эсингиздами, қайси кун катта мажлисда ”Ҳаётимиз фаравон, йўлларимиз равон, пештахталарнинг устида ҳамма маҳсулот бор, арзонгарчилик, ҳаммаёқда залворли қурилишлар кетмоқда, лекин нонкўр одамлар буни кўрмаяти”, деган эдингиз.

-Ҳа, айтгандим…

-Шундан хулоса қилиб, одамларни кўз дўхтирига жўнатдик-да!

ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ

-БМТ резолюциясига кўра, 20 февралда дунёда илк бор Ижтимоий адолат куни нишонланмоқда. Биз ҳам қўшиламизми?

-Қанақа кун?

-Ижтимоий адолат куни!

-Бу гапни қаердан топишди?

-Буни Қирғизлар таклиф қилган экан, БМТ қўллади ва саксондан зиёд мамлакат нишонламоқда.

-Ким? Қирғизлар? Ҳмм..ахмоқлар! Ижтимоий адолатни бўғишмоқчи, шекилли. Шундай катта масалани бир кунга боғлаб қўядими? Мана биздан ўргансин-биз Ижтимоий адолат кунини эмас, Ижтимоий адолат йилини нишонлаймиз! Келаси йиллардан бирини шундай деб номла!

КЎК…

-Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машиналарни ўз пулимизга эмас, долларга сотинглар дебсан. Бунга сенинг қандай ҳаддинг сиғди?-деб Алдаркўса янги ишга олинган ёрдамчисига ўдағайлади.

-Фақат машинларни эмас, балки бошқа нарсаларни ҳам… Масалан, электроника дўконларидан тортиб, кийим-кечак магазинларигача ҳаммасидан маҳсулотини “кўк”ига сотишни сўрадик.

-Мен ҳам шуни айтаяпманда галварс! Нега бу масалага аралашасан?

-Ахир ўзингиз ҳар кун эрталаб ишга келишим билан “кўк”идан келтириб қўясан дедингиз. Банкирга айтсам, хазинада қолмаган деди. Кейин…

-Ҳа, ахмоқ калла! Менинг сирларимни дунёга ёймоқчимисан? Менга доллар керак бўлса, келиб-келиб сенга айтаманми? Уни олиб келадиганлар қандай топишни ўзлари билишади.

-Ахир..

-Нима ахир? Мен сенга “кўк”идан деганимда кўкноридан келтириб қўясан деган эдим.

ПРОБКА

Алдаркўса маслаҳатчига юзланди׃

-Эшитишимча кўчаларда ҳаммаёқ пробка экан…

-Сиз ўтадиган кўчалардами?

-Йўқ, ана у бечоралар юрадиган кўчаларда.

-Ҳа, у жойларда ҳақиқатдан ҳам пробка кўп. Чунки тўқчилик, тўкин сочин, ҳамма вино ичадиган бўлган.

ЙЎЛ

Мухолифатчи Алдаркўсанинг олдига келди׃

-Ўйлаб кўрсам кўп хато қилган эканман. Тузатишга қарор қилдим. Уй жойимни сотдим. Пулини ҳалиги…етимхонага бердим. Озгина бизнесим бор эди, уни ҳам сотдим. Пулини ҳалиги…етимхонанинг хўжайинига бердим.

-Шу билан гуноҳларинг ювилдими?

-Йўқ. Шунинг учун ўзим чет элга кетишга қарор қилдим…

-Ҳа, шунақами ҳали… Бўлмаса анъанамизга кўра, йўлга чиқишдан олдин ўтириб чиқишинг керак.

МУЖДА

Янги Туркманбоши Алдаркўсанинг ҳузурига келди. Улар анча суҳбатлашиб ўтирганларидан кейин Алдаркўса׃

-Ука, сен эски Туркманбошининг васиятларини бажараяпсанми?-деди.

-Қанақа васиятлар?

-Мендан яширмасанг ҳам бўлади. Бир учини эшитгандим.

-Биласизми, шу гапингиздан кейин хаёлимга икки тахмин келди.

-Қандай тахмин экан?

-Биттаси яхши, аммо биттаси ёмон.

-Бунинг чораси бор. Аввал ёмонини эшитамиз. Кейин яхшиси билан уни текислаб юборамиз. Қани ёмонидан бошла.

-Менимча… сиз эски Туркманбошининг васиятлари нималигини мендан билиб олиб, ўзингиз ҳам шундай бир нарса қолдирмоқчисиз.

-Ҳей, гапингни оғзингдан шамол учирсин! Мен ҳали васият-пасият ҳақида ўйлаганим йўқ. Кайфиятимни бузидинг, қани бўл яхши тахминингни айт!

-Ҳм… менимча, васиятлари қандай бажарилаётгани ҳақида эски Туркманбошига мужда олиб бормоқчисиз!

БАЛО

-Мана пенсиялар ҳақидаги янги талабингиз яхши ишламоқда. Ҳамма ёқда шунинг гапи,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.

-Менинг қайси талабим яхши ишламаган-ки, бунисида муаммо бўлсин?

-Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим-да…

-Ундай бўлса эшит, энди пенсияга чиқишни ҳам 70-75 ёшга кўтаравериш ҳақида ўйла!.

-Аммо тақсир, бу ёшга етишнинг ўзи қийин, етганда ҳам бу ёшда одам эмаклаб қолади..

-Лекин мана мен сизларни эмаклатиб юрибман-ку! Тўғрисини айтганда, баломан-да бало!

-Ҳа, бошимиз устидаги ўлмас бало!

ИМКОНИЯТ
-Камбағалларнинг рўйхатини қилинглар ва уларга бойлар биттадан сигир берсин,-деди Алдаркўса Бош вазирга.
-Бизда камбағал ҳам, бой ҳам йўқ деган эдингиз-ку?
-Жиннимисан? Мана сен…Ўзингни мен билан тенглаштириб қўйдинг-ми? Бой бўлиб қолдингми?
-Йўқ…ҳали камбағалман.
-Кўрдингми, сенларга имконият яратиб бераяпман!

СИГИР

-Камбағалларга бойлардан олиб берилаётган сигирларга бир ном топиб берсангиз,-деди Бош вазир Алдаркўсага.
-Номни нима қиласан?
-Эсингиздами, гилам берганда ном қўйган эдик, зўр бўлганди.
-Бўлмаса, “Алдаркўса сигири” деб қўявер …
-Унда одамлар сигирга ишонмай қоладилар-да!

ШОИР
-Ҳар йил 9-февралда Навоийнинг туғилган куни нишонланади. Нима қилсамки, келажакда менинг ҳам туғилган кунимни мана шундай байрам қилишса,-деди Алдаркўса маслаҳатчига.
-Шеър ёзиш керак…
-Мен қандай қилиб шеър ёзаман?
-Тақсир! Шеър ёзиш сизга нима деган гап? Китоблар ёздингиз, шаҳарлар қурдингиз, машиналар ихтиро қилдингиз, хуллас, қайси соҳада қандай янгилик бўлса, ҳаммаси сизники, ҳаммаси сизнинг номингиз билан боғлиқ.
-Ундай бўлса, бир икки яхши ёзадиган шоирни саройга ишга ол!

ЯНГА

-Чўчқа гўшти ейишни таъқиқлаб берсангиз, тақсир,-деди Муфти Алдаркўсага.
-Нима учун?
-Чунки бу ҳаром қилинган…
-Нега ҳаром қилинади?
-Инсон зотига зарар!
-Ундай бўлса бу гўштни нега дунёнинг ярмидан кўп одами ейди ва нега буни энг кўп еганлар энг кўп яшамоқда?
-Кўп яшашнинг бошқа сабаблари бор… Қолаверса, бу гўшт жуда ҳам ёмон касалликлар тарқатади…
-Бекор айтибсан. Мана янганга қара, етмишга кирса ҳам жин чалгани йўқ!

ДОЛЛАР

-Биласиз, Америка иқтисодида катта кризис юз бермоқда,-деди Оқ пошшо.
-Баттар бўлсин,-деди Алдаркўса,- Мана бизда фақат ўсиш ва ҳеч қанақа кризис йўқ!
-Ростданми?
-Нима, етмишдан ошиб ҳам ёлғон гапиранми?
-Ундай бўлса нега бозорингизда доллар қимматлашиб кетмоқда?
-Сизда ҳам қимматлашмоқда-ку?
-Тўғри, лекин мен ёлғон гапирганингизни эслатиш учунгина буни айтдим.
-Унда сиз ҳам ёлғон гапираяпсиз. Агар сизда ҳам, бизда ҳам доллар қимматлашаётган бўлса, Америка қандай қилиб кризига киради?
-Демак Америка бизни алдаяпти. Шунинг учун мен долларни биргалашиб уришимиз керак деб сизни чақирдим…
-Биз зотан уриб ётибмиз!

УНИВЕРСАЛ

-Қирғизлар “Манас”ни ёпишар экан-ми?-деди Нурсултон Алдаркўсага.
-“Манас”ни эмас, Американинг “Манас”даги ҳарбий базасини ёпишмоқчи,-деб жавоб қилди Алдаркўса.
-Булар ёпса, балки Сиз яна очарсиз, улар учун!
-Керак бўлса, очамиз ҳам, керак бўлса, ёпамиз ҳам! “Кўки”дан узатса бас!
-Бу ёғи ювилерсал денг?
-Нима қипти, агар Сиз ҳам узатсангиз сизга ҳам очамиз!
-Бўлмаса универсал экан-да!

ИМОМ
Улар бугун Москвада учрашиб қолдилар׃
-Салом! Мен Исломман!
-Салом! Нима қипти? Сиз Ислом бўлсангиз, мен Раҳмонман!
-Раҳмон бўлсангиз ўзингизга! Мен ахир Каримман!
-Нима деяпсиз ўзи? Мен Имомман-ку! Менинг ўрним олдинда! Сизники эса орқада! Қани орқага ўтинг!
-Орамизда Путин бор-да, бўлмаса ростдан ҳам ўтардим!

ТЕЗАК
-Бўм-бўш қопдан иборат бўлган Имом аввалига “Московга бормайман” деди. Кейин “Бораман!” деб қолди. Унда тутруқ борми ўзи?-деди Алдаркўса Нурсултонга.
-Ким билади? Мен уни Сизнинг шогирдингиз деб ўйлардим.
-Бу замонда шогирдлар устозларидан ўзадиган бўлган.
-Йўғ-е, камтарлик қилаяпсиз, у ҳеч қачон Сизга тенглаша олмайди.
-Аслида тўғри айтасиз, тенг тенги билан, тезак қопи билан!

ВОРИС
-Туғилган кунингиз муборак бўлсин отам,-деди Бош вазир Алдаркўсага.
-Ие, мен онангни танимасам, қаёқдан сенга ота бўламан!
-Узр…-деди Бош вазир ўлган онаси кўз олдига келиб.
-Ҳар бир туғилган кун у томонга яқинлаштиради. Шундан севиниб, табриклашга келдингми?-дея сўзида давом этди Алдаркўса.-Сен жойимга кўз тиккансан! Унутма, ворис бўлиш учун онангни кўрсатишинг керак.
-Агар сизга ворис бўладиган бўлсам, майли онам сизники! Кутиб турибдилар!

ТОМОРҚА
Алдаркўса Оқпошшо билан тарихий шаҳарни айланар экан׃
-Бу ернинг ҳавоси менга жуда ҳам ёқди,-деди Оқпошшо.
-Ундай бўлса, Сизга шу ердан битта томорқа ажратишимиз мумкин,-деди Алдаркўса кулимсираб.
Оқпошшонинг авзойи бузилди ва׃
-Жа қизиқ-ку, менга томорқамнинг ичидан қандай қилиб томорқа ажратасиз?-деди.

ҚАБРИСТОНДАН
Оқ пошшога томорқа ажратаман деб хижолат бўлган Алдаркўса нимадир деб унинг кўнглини топишга уринарди׃
-Аслида мен сиздан томорқа сўраш учун шундай дегандим. Яъни мен Сизга шундай десам, Сиз ҳам менга шундай жавоб қиласиз деб ўйлагандим.
-Мендан олдинги пошшо сизга томорқа ажратган-ку?
-Йўғе…Қаердан?
-Новодевичевадан…
-Новодевичева? Бу ахир монастир-ку?!
-Э, йўқ, монастиридан эмас, қабристонидан!

КУЧ
Оқпошшо билан Афғонистон масаласида гаплашар экан, Алдаркўса׃
-Нега Толибон ўртадан йўқолмаяти? Нега шунча йиллардан бери бутун дунёнинг калласини гаранг қилмоқда? Нега унга ҳеч ким бас кела олмаяти? Нега у гўрмазор бўлиб кетмаяти? Чунки кучни халқдан олмоқда,-деди.
Оқпошшо бир зум ўйлаб турдида, кейин киноя билан жавоб қилди׃
-Ҳа, тўғри айтасиз. Мана сиз ҳам кучни халқдан олаяпсиз!

ҲУҚУҚ
Очлик эълон қилган Гуантанамо маҳбуслари ҳузурига келган расмийларга бир киши׃
-Саволим бор,-деди.
-Марҳмат, жаноб маҳбус!
-Президент Омаба қийноқлар қўлланилмасин деган Фармон чиқарибдими?
-Ҳа! Мана сизларга ўқиб бергани олиб келдик…
-Бу Фармон бизнинг мамлакатларда ҳам кучга эгами?
-Э, йўқ, сизнинг мамлакатларингизда ўз президентларингиз бор ва уларнинг Фармони кучга эга.
-Ундай бўлса, биз мана шу ерда ўтираверамиз! Бизнинг инсоний ҳуқуқларимизни топтаманг!

ҚАЙТМАЙМИЗ
Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбуслар очлик эълон қилдилар. Казо-казолар уларни тинчлантириш учун оролчага ташриф буюрдилар.
-Мана қўлимизда Президент Обаманинг фармони. Бу қамоқхона бир йилда ёпилади. Президентимиз бутун дунёнинг талабини инобатга олдилар,-деди улардан бири.
-Э, биз шунинг учун очлик эълон қилдик, бутун дунё бизни ўлдирмоқчими?-дейишди маҳбуслар.
-Нега ундай дейсизлар, мана яқинда ҳар бирингиз ўз Ватанингизга қайтасиз.
-Қайтгандан кўра ўлганимиз яхши. Бизни эмас тобутимизни жўнатинг?
-Нега ахир, хурсанд бўлмайсизларми, ўз Ватанингизга қайтасизлар? Қолаверса, у ерда тобутингиз эмас, сиз кераксиз!
-Ана шу керак бўлганимиз учун ҳам қайтмаймиз!

ИТ
-Дунёда нима галар?- деб сўради Алдаркўса маслҳатчидан.
-Амриқонинг янги Давлат котиби Ҳиллари Клинтон телефон қилса, Россиянинг Ташқи ишлар вазири Лавров жавоб қилмабди.
-Хабарим бор, у телефон қилганда Лавров менинг ёнимда эди. Менга унга гаплашиш учун рухсат бермадим,-деди Алдаркўса.
-Бугун гаплашар экан…
-Бугун энди бир ўзи, ёнида ити ҳам бўлмаса керак-да!

ОБАМАЧИ ЎЗБЕК

-Сиз одамларга хат ёзиб, “Обама билан учрашдим, яхши одам экан, сизни масалангизни унга айтдим, қасамёд қилишим билан биринчи галда шу масаланинг устига боришга ваъда берди” деб хат ёзиб юрган экансиз, деди бир америкалик ўзбек иккинчисига.- Ахир сизни Обаманинг яқинига ҳам йўлатишмайди, буни биз яхши биламиз-ку!
-Ким ўша йўлатмайдиган? Онасини кўрсатаман! Бир хонага тиқиб қўяман, миқ этмай ўтиради. Мен истасам ҳар куни Обама билан учрашаман. Лекин ҳозир экономика ёмонлиги учун кўпроқ ишлаяпман ва ҳафтада бир марта учрашаяпман. Вақтим бўлганда уйга кирдимми, Обама қаршимида пайдо бўлади. Менга қараб гапираверади. Қайси канални қўйсам, у менга гапираётган бўлади.
-Сизга нима дейди у?
-Мен унга одамларнинг дардини айтаман, у албатта устига бораман дейди. Буни юзидаги ифодалардан ҳам тушуниб тураман. Аммо қизталоққа тезроқ ўзбекчани ўргатсам эди, ана унда суҳбатимиз яна ҳам қуюқ бўларди!
-Ундан кўра сиз инглизчани ўрганинг…
-Ўзбекистон билан мен эмас, у шуғулланиши керак. Демак, мен инглизчани эмас, у ўзбекчани ўрганиши керак!
-Э, бу қийин масала…
-Ҳеч қийин жойи йўқ. Уни ўзбекча гапиртираман. ЎзТВни улаб олсам, бас!

ОЁҚЯЛАНГЛАР

-Бир журналист Ироқда Бушга қараб туфлисини отгандан кейин бу бошқа жойларда ҳам модага айланмоқда. Масалан, Украинада ҳам биттаси НАТО вакилига туфлисини отибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага матбуот конференцияси олдидан.
-Бир чорасини қўриб қўй, тағин бизникилардан ҳам шундай ахмоқ чиқиб қолмасин!
-Ҳаммасини огоҳлантираяпмиз, лекин бировнинг калласидагини билиш қийин-да!
-Мен сенга калласидагини эмас, оёғидагини бил деяпман. Ана, керак бўлса мажлисга оёқ яланг кирит.
-Яхши… Лекин пайпоғини отса-чи? Бу ундан ҳам ёмон…
-Ўша оёқялангларингга айтиб қўй! Бирортаси пайпоғини отса, биз уни отамиз!

2008-2010 йиллар.

%d bloggers like this: